МEҲРОБДАН ЧАЁН-НЕГА ЕРГА ҚАРАЙСАН, РАЪНО?

 Кучлик  шамол  кўтарилиб,  боқчадаги  ҳар  нарсани  тўрт  тарафка  бука  бошлади.  Кўча чанглари кўкка кўтарилиб, ой ва юлдузлар нурини хирароқ бир ҳолға қўйдилар. Чигирткалар чириллаши, кеча ҳашаротларининг нағмаси кучлик шамол товши билан кесилди. Суфа устидаги сўри ҳар  замон  тўрт  томонға чайқалиб,  ўз остида ўлтурғучиларнинг  бетларини гоҳ  кўрсатиб, гоҳ  яшириб,  улар  билан  ўйнашқандек  теваракка  ҳусайни  ғужумларини  бир-икки  бора  узиб ташлади. 

Анвар  ўзидан  нарироққа  тушкан  бир  шингил  узумни  олиб  еди  ва  бир-икки  ғужумни ҳамроҳига узатти:

— Ма, Раъно…

— Мен емайман.

— Мен ҳам сенга егин демайман.

Раъно ўз ёнидағИ ғужумларни йиғиб, Анварга берди.

— Мана узум есангиз… Менда нима юмушингиз бор?

— Баракалла… Тўкилган узумларни йиғиб бер-чи менга.

Раъно яна бир нечта ғужумларни териб узатти.

— Қани, юмишингиз?

—  Сенда  нима  юмишим  бўлсин,  Раъно.  Ҳар  кунги  ўзинг  билган  гап…  сўзлашиб ўлтурармиз; узум тўкулса, менга териб берарсан, деб чақирған эдим.

— Дадам ҳуфтандан қайтиб қолади. Гапингиз бўлмаса, мен кетаман.

—  Ҳуфтан  ҳали  ўқулған  эмас,  азон  ҳозир  айтилди.  Башарти  дадамиз  ҳуфтанни  ўқумай келиб қолса, бунинг ҳийласи осон: даррав анави гулнинг тегига яширинамиз.

— Башарти дадам бизни қидириб гулнинг тегидан топса, нима қиламиз?

— Нима қилар эдик? Сен уйингга кетасан, мен бўлсам меҳмонхонаға.

—  Иккавингиз  гулнинг  тегида  нима  қилиб  ўлтурга  эдингиз,  деб  сўраса,  нима  жавоб берамиз?

— Ўзимиз ўлтурган эдик, деймиз.

— Нима учун, деса-чи?

— Қизингиз ўялғани учун, деймиз.

Раъно кулиб ўрнидан турди ва суфадаги кўзи илғаған ғужумларни териб Анварга берди:

— Хайр, юмишингиз бўлмаса мен кетдим, шамолдан қулоғим битти.

— Гапим бор, гапим, — деди Анвар, — кел, айтаман.

Раъно қайтиб келди.

— Айтинг.

— Ўлтур.

Раъно  Анварнинг  қаршисиға  ўлтурди.  Ўлтуриши  билан  кучлик  шамол  юриб  бошидағ рўймолини учурди ва олиб бориб нварнинг бетига ёпти.

— Ха-ха-ха, шамол сиздан ўчимни олди. Қани, гапуринг.

— Анвар рўймолни қисимиға олди.

— Ҳозир гапираман, лекин шартим бор.

— Айтинг шартингизни.

— Аччиғланмайсан.

— Хўб…

— Уялмайсан.

— Раъно масалаға тушунгандек ўйланиб қолди.

— Рўймолимни беринг.

— Рўймолинг учиб кетди… Шартимга кўндингми?

Раъно  жавоб  бермади.  Анвар  Раънонинг  олачалпоқ  кўлага  ичида  хаёлий  бўлиб  кўринган юзига қаради. Унинг ҳаё ичида олийлиқ каст эткан жоду кўзи Анварнинг ҳозирги мақсадиға тушунганликни  ифода  қилар  эди.  Бирмунча  вақт  шу  кўйи  сўзсиз  қолдилар.  Шамол  дам кўтарилиб, дам босилар эди. Шамол асноси гуллар ҳам келинлар каби ҳар томонға эгилишиб салом беришиб олар эдилар.

Анвар ўзини суфанинг қоронғу қисмиға олди. Раънога айтмакчи бўлған сўзи эҳтимол унинг ўзига ҳам ўнгғайсизлиқ берар эди.

— Туғилғандан сўнг ўсиш, ўскандан сўнг икав-икав бўлиб яшаш бор, — деди Анвар ва бир оз тўхталиб олди. – Жуфтлик ёлғиз кишилар орасидағина эмас, ер юзидаги ҳар бир махлуқда ҳам бор… Масалан, тоғлардағИ оҳулар, ўрмонлардағи тўтилар, чамандаги булбуллар ҳам ёлғиз эмас,  жуфай  яшайдирлар…  Сенингча  қандай,  мен  уни  билмайман,  аммо  жуфтланишнинг, манимча энг муҳим бир шарти борким, ул ҳам икки тарафнинг муҳаббат занжири билан бир-бирларига қаттиғ боғланишларидир… Биз икав ёшлиқдан бирга яшаб келамиз, орамизда махфий сирларимиз  йўқ  ва  бизнинг  ўз  аро  сирларимизга  воқиф  бўлған  чет  кишилар  ҳам  йўқ.  Шунга биноан сен билан маним ҳар бир тўғрида ҳам очиқ сўзлашмагимизга ҳеч бир монеълиқ бўлмас, деб ўйлайман… Агар янглишмасам, иккимизнинг бир-биримизга муомалаларимиз самимий ва юракларимиз тепиши ҳамоҳангдир. Ёки янглиш сўзладимми, Раъно?

Раънонинг ерга қараған кўзи секингина Анварга кўтарилиб, яна ерга оғди. Анвар унга бир оз қараб турғач, сўзида давом этти:

— Сен эшитдингми, йўқми, билмадим, улар иккимизни жуфтлашдирмакчи бўлиб, бу кун мендан  киши  орқалиқ  тўй  вақтини  белгилашни  сўратқан  эдилар,  мен  эртага  жавоб  бермакчи бўлдим…  Сени  бу  ерда  тутишим  ҳам  сен  билан  кенгашиб,  эртага  шунинг  жавобини  уларга айтишдир… Нега ерга қарайсан, Раъно?

Раъно бошини кўтариб кулимсиди ва юзини четка ўгирди…

— Сен уял, уялма, улар бизни жуфтлашдирарлар. Марҳума Моҳларбибининг фотиҳаси ерда қолмас. Агар сен шундай юра берайлик, десанг, мен ҳам уларга сенинг жавобингни айтаман… Гапир, Раъно.

— Юра берайлик, — деди Раъно юзини четка ўгирган ҳолда, — уларга нима оғирлиғи бор?

Раънонинг бу сўзи Анварнинг устидаги юкни кўтариб ташлағандек бўлди.

—  Иккимиздан  бошқаға  албатта  оғирлиғи  йўқ…  Лекин,  сен  айтканча,  қачонғача  юра

берайлик? Уларга бир муҳлат кўрсатишимиз керак. Раъно.

— Қариғунимизча…

— Қариғунимизча, деб муҳлат сўрайми?

— Улгунимизча…

Анвар  кулди  ва  сурулиб  Раънонинг  ёниға  келди.  Гўё  уни  ўзига  қаратмоқчи  бўлғандек,

елкасига қўл юборди…

— Менга қара, тўғри жавоб бер, Раъно.

Раъно қулоғи остиға теккан иссиғлиқдан чўчиб юзини ўнглаган эди, тасодуфан лаби ҳалиги иссиғлиққа учрашди… Иложсиз каби лабини иккинчи ҳароратлик лабдан ажратолмай, бир неча соний кутиб қолди. Кучлик шамол қўзғалған эди. Шамол, гўё кўмаклашкан каби орқадан эсиб, Раънони  Анвар  томонға  майл  этдирар  эди.  Терак  орқасида  қолған  ой  ҳам  кучлик  елнинг кўмагида терак бошидан буларга мўралаб олди. Икки ёшнинг ҳозирги ҳолини яқиндан томоша қилмоқчи бўлған туссиз бир юлдуз кўк саҳнининг ерга яқинроқ қисмиға учиб тушди…

— Жавоб бер, Раъно.

— Бу ҳолда мен жавоб бералмайман…

— Жавоб бермасанг, мен ҳам сени бўшатмайман.

— Дадам келиб қолади…

— Дадангдан бу кун жавоб олдим.

Раъно Анварнинг ияги остиға сўл чаккасини қўйиб четка қаради.

— Сиз хоҳлаған вақтда бўлсин.

— Менга қолса эртага…

— Майли…

Анвар ияги остидағи мулойимлашқан қизнинг юзидан ўпти ва унинг тўзғиған сочларини тўғрилаб, ҳаётбахш кокилларнинг муаттар бўйини узоқ ҳидлади.

— Чин сўзла, мен сенинг раъйинг билан уларга жавоб айтмакчиман, Раъно.

— Кўкламга…

— Чинингми?

— Чиним.

—  Хўб  бўлғай.  Мен  эртага,  тўйимиз  кўкламга  бўлсин  деб  жавоб  айтаман…  Ерлар  кўк гиламлар билан бежалганда, ҳар тарафни бинафша чечаклари босқанда, қушлар уя қайғусини чекканда биз ҳам тўй қилармиз; чимилдиқда бахт созини тинглаб, истиқбол куйини куйлармиз…

Шундайми, Раъно?

— Шундай…

—  Ундан  сўнг  маним  оғушимда  шунинг  сингари  даданг  келиб  қолишидан  қўрқиб,  киши қўлиға тушкан қуш боласидек типирчиламассан. Шу ҳуснинг, шу малоҳатинг ва шу латофатинг билан тамом меники бўларсан, шундайми?

Раъно  жавоб  бермай,  Анварнинг  оғушидан  ўзини  қутқариб  ўрнидан  турди.  Суфанинг зинасига бориб кафсиҳни кийди ва Анварнинг қувлашидан қўрқиб, сапчиб ерга тушти…

— Жавоб айтиб кет, Раъно.

— Ҳа, шундай, — деди Раъно, гул ёнида рўймолини тўғрилаб. – Энди сизнинг олдингизга чиқмайман.

— Нега чиқмайсан?

— Негаки жуда ёмон киши бўлибсиз… Мен аямга айтаман.

Анвар кулди.

— Нимани айтасан?

— Ҳаммасини айтаман.

Шу вақт ўрта эшикдан кириб келган махдум уларнинг сўзини бўлди, ичкарига кетиб борған

Раънони тўхтатиб, “Анвар акангга чой бердингми, қизим?” деб сўради.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Депутатнинг ноласи

Олимжон Тўхтаназаров: Наманганнинг Попидан, Тошкент тамон қайтаман. Аҳолини дардини, Президентга айтаман. Мавжуд бўлган муаммолар, Ечимини топмас ҳеч. Тумандаги холатни, ...

Мeҳробдан чаён-бахмалбофда фақир бир оила

Анвар 1267-нчи ҳижрия миёналарида Қўқоннинг Бахмалбоф маҳалласида1 фақир бир оилада дуёға келди. Оналар туққан болаларини сизга “тилаб-тилаб олған фалоним” деб, оталар “худой ...

Унутма халқим, ушбу санани(ва диққат-ла ўқи ҳаммасин)!!

Икки минг-у ўнсаккизинчи йилнинг Ўн бешинчи ноябрь санасида. Ўзбегим, билгин, дунёга келди, Сенинг келажагинг кўзловчи фирқа!             Фирқага “бош” бўлди бир жасур ўғлон, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400