МEҲРОБДАН ЧАЁН-ОҒАЧА ОЙИМ

Гулшан  эшикка  юриб  келиб,  рўймол-лачагини  тузатти  ва  ичкарига  қадам  бости.  Эшик ичкарисида қўл қовиштириб ўлтурган каниз ўрнидан туриб букилди.

— Сафо келдилар1.

Асл гиламлар, бахмал кўрпачалар, олтин ва кумуш асбоблар билан зийнатланган танобий уйнинг орқа ва ўнги деярлик кўзни қамашдирарлиқ шукуҳларга ғарқ бўлған эди. Танобийнинг ҳавли  томониға  қурулған учта  кичкина  теразаларнинг  ойналари  ҳам  бундаги  асл  ашёларнинг турлик навъи қабилидан ҳар кўзи ҳар рангда жилваланар ва уларнинг акси зиёси билан шипга осилған олтин қандил алвон тусда товланар эди. Танобийнинг тўрида, ипак жойнамоз устида қиблаға қараб ўлтурган ойим тизасига ясланған шаҳзодани эркалаб, ёниға қайрилди. Эшикдан кириб, қўл қовиштириб тўхтаған Гулшан икки букилиб салом берди.

— Келинг, Гулшан, — деди ойим, — ўлтуринг, ваалайкум ассалом.

Гулшан таъзим билан биринчи даричанинг юқорисиға бориб ўлтурди ва дуоға қўл кўтарди.

— Ойи хонимнинг бахт ва обрўлари зиёда, шаҳзодамнинг умрлари узун бўлсин.

Эшик  ёнида  тик  турған  каниз  дуо  асноси  ўлтуриб  фотиҳа  ўқушди.  Фотиҳадан  сўнг  яна ўрнидан туриб қадалди. Ойим ҳамон шаҳзодани эркалаб жойнамоз устида ўлтурар эди.

Жияклик атлас кўйлак, Бухоро кундалидан2 желатка на бошиға санама рўймол ўраған ўттуз беш  ёшлар  чамалиқ  бу  хоним — Хоннинг  муътамад3  хотини  Оғача  ойим  ва  шаҳзода  эса хоннинг суюклик ўғли — Ўрмонбек эди. Оғача ойимнинг хитой хонимлариникига ўхшаш қора бодом  кўзи  ва  умуман  сиймоси  Туркистон  қизи  эмаслигини  айтиб  турар,  бироқ  тилида бегоналиқ сезилмас эди. Оғача ойимнинг асли исми Масъуда хоним, аммо “Оғача ойим” деб машҳур бўлиши унинг қашқар қизи бўлғанлиғидандир. Уйғурлар биздаги “хоним, бекач” дейиш ўрнида “оғача”  дейдирлар.  Масъуда  Ўш  атрофида  турғун  бўлған  уйғурлардан  Ибодуллахўжа деганнинг қизи, Худоёр ўзининг иккинчи давлатида бунга уйланган эди.

Худоёр  тахтни  ташлаб  Бухороға  кетишка  мажбур  бўлғандан  кейин  кўб  хотинлари  унга вафосизлиқ билан эр қилиб кетканлари ҳолда, шу Оғача ойим эрининг ҳорлиқ ва муҳтожлик кунларига  шерик  бўлиб  юрған  ва  шу  вафодорлиғи  жиҳатидан  хоннинг  эътимодини  қозонған эди.  Иккинчидан,  Оғача  ойим  Худоёрнинг  ҳарам  хотинлари  ичида  ақллик,  тадбирлик  ва  шу сояда ҳарамнинг барча хонимлари ва юзлаб канизлари бунинг идорасига топширилған эдилар.

Юзлаб кундашлар орасидағи жанжаллар оғачанинг ислоҳиға4 келиб тўхтар, ҳарамдан ҳар кимса бунинг  сўзига  қулоқ  солишға  мажбур,  ҳатто  хоннинг  ўзи  ҳам  хотинлар  орасидағи онглашилмовчилиқларни  Оғачанинг  ислоҳиға  ҳавола  қилғучи  эди.  Янги  кийим  бериш  вақти етканда,  кимга  қандай  кийимлик  лозим, ким  қандай  нарсага муҳтож — бу  масала  ҳам  Оғача ойим  тарафидан  ҳал  қилиниб,  хазиначига  буюрилар  ва  ҳозирланилған  кийимликлар  унинг томонидан  тақсим  қилинар  эди.  Бундан  бошқа,  кундалик  ошхона  овқати  ҳам  Оғачанинг белгилаши  билан  пиширилар,  ойим  ва  каниз,  доя  ва  чеварларнинг  ҳаммомга  боришлари, бекларнинг тўйиға чиқишлари ва шунга ўхшаш лозим-омадалар ҳам бу ойимнинг кўрсатишига мувофиқ  эди.  Баъзан  Оғача  ойим  мамлакат  ишларига  ҳам  оралашиб  олар,  гоҳо  ўз  фикрига хонни унатиб ҳам қўяр эди. Худоёрнинг хотинларидан кичик Шоҳ ойим5 вафот этиб, ундан бир бола — Ўрмонбек  ятим  қолған  эди.  Худоёр  Ўрмонбекни  жуда  яхши  кўрар  ва  ўзига  валиаҳд белгилаган  эди.  Кичик  Шоҳ  ойим  ўлгандан  кейин  Ўрмонбекни  ҳарамда  эътимодлик  бўлған Оғача ойимға топширди. Шундан бери ул Ўрмонбекни ўз боласидек тарбия қилиб келар ва бу сабабдан ҳам хоннинг назарида унинг қадри жуда юқори кўтарилган эди.

Оғача ойим ҳануз Гулшанга илтифотсиз, Ўрмонбек билан сўзлашмакда эди:

— Жуда шўх бўлибсан, ўғлим. Мен сени отахонингға чақиб бир урдирай.

— Будана берсангиз шўхлиқ қилмайман.

— Буданаларингни ўлдириб битирдинг-ку, золим, буданаларни яна қайдан олайлиқ.

— Мен ўлдирмадим, ўзлари ўлиб бутдилар.

— Зийракни нега урдинг?

— Зийрак менга будана топмади.

Оғача ойим эшик ёнида тик турған канизға қаради:

— Кел, Мисқол, — деди ва Ўрмонбекнинг орқасини силади. — Сен ғуманг билан ўйнаб кир, буданани эртага топдирармиз.

Каниз Ўрмонбекни етаклаб чиқа бошлади.

— Олдимға ҳеч ким кирмасин, — деди Оғача ойим. — Эшикни ёпиб чиқ.

Улар чиқғач, Оғача ойим Гулшанни ўз яқиниға чақириб, жойнамоздан кўрпачага сурилиб ўлтурди, такрор — “яқинроқ келинг, Гулшан”, деб таклиф қилди. Оғача ойимнинг бирар муҳим сўзи борлиғини сезган Гулшанбону қўл қовиштириб, ойимнинг яқиниға бориб тиз чўкти.

— Шаҳардан нима хабарлар топдингиз, Гулшанбону?

— Шаҳар хабарлари ойи хонимдан махфий эмасдир.

— Ўзингиз тинч турасизми, уй ичингиз соғмилар?

— Шукур… Онҳазратим ва ойи хонимнинг сояи давлатларида.

—  Ишларингиз  қандай? — дсди  кулимсираб  Оғача  ойим. — Бизга  кундашлар  топиб бўладими?

Бу саволдан Гулшан бошини қуйи солди, Оғача ойим кулимсиганча Гулшандан жавоб кутиб турар эди.

—  Сиз  бизга  кундаш  изласангиз  ҳам, — деди  Оғача  ойим, — албатта,  ўз  ихтиёрингизча эмас, сайиднинг амрлари билан; шунинг учун бу тўғрида мен сизни айблай олмайман.

Бу сўз билан Гулшан бир оз хижолатдан чиққандек бўлди.

— Албатта, ойи хоним…

—  Сўзимни  ерда  қолдирмаслиғингизға  ишонғаним  важидан, — деди  Оғача  жиддий  тус олиб, — сиз билан бу тўғрида махфий бир-икки оғиз гаплашмакчи эдим.

— Канизингизнинг боши устиға, ойи хоним.

Оғача ойим деворға суялған ёстиқни тирсаги остиға тортиб такя қилди.

—  Мен  бу  гапимни  ўткан  кун  Ботирбоши  холаға  ҳам  айтиб  қўйдим.  Лекин  сайиднинг қулоқлариға еткурмаслик шартдир. Бу тўғрида холадан ҳам сиз эҳтиётлироқсиз, деб ишонаман.

Чунки сизнинг мен билан эски қадрдонлиғингиз бор.

— Чўрингиз сўз улашдиришни ёмон кўрадир, ойи хоним.

— Албатта, шундай бўлмоғи лозим, — деди Оғача ойим, — ўзгалардан ҳам сизга айткулуги йўқ,  Гулшан.  Сайиднинг  никоҳларида  биз  ўнлаб  кундашмиз6…  Агар  канизларни  ҳам  қўшиб ҳисобланса,  кундашларнинг  саноғи  бир  юздан  ортадир.  Ботирбоши  хола,  яна  бир  нечалар  ва атрофдаги  бекларимизнинг  таважжуҳлари  соясида7  сайиднинг  ҳарамлари  уч-тўрт  йилнинг ичида  бунчалик  чўриларга  эга  бўлди…  Янги  ва  кенг  ўрдаға  келиб  яйрашармиз  деган  эдик, баракатларингизда  кундан-кун  баттарроқ  сиқилишиб  борамиз.  Ҳатто  ичкари  ҳавлиларда  бир уйга  саккиз,  тўққуз  каниз  жойлашишға  тўғри  келиб  қолди.  Бу  ҳол  давом  этса,  бирар  йиллар ичида  яна  бир  янги  ўрда  солишқа  тўғри  келадир.  Бу,  албатта,  мумкин  эмас.  Ундан  сўнг сайиднинг ҳамма диққатларини ҳарамга тортилса, мамлакат иши халалдор бўлишида ва бунинг уволини  бизлар  кўтаришимизда  шубҳа  йўқ.  Мана  шу  андишаларга  бориб,  сиз  билан кенгашмакчи эдим… Бу андишам Ботирбоши холаға ҳам маъқул тушиб, ваъда берди. Сиз ҳам шу гапларни яхши ўйлаб, ўз фикрингизни менга сўзланг-чи, Гулшанбону.

Гулшан оғача ойимнинг мақсадиға тушунмагандек бир оз ўйланиб турди:

— Муддаоларига чўрингиз тушунмадим, ойи хоним.

—  Тушунмаган  бўлсангиз, — деди  Оғача, — мундан  сўнг ҳарамга  хотин  ва  каниз келтирилмасин, дейман.

Гулшан  бошини  қуйи  солди.  Чамаси,  Оғача  ойимнинг  таклифи  унга  ёқмағансумон  эди.

Дарҳақиқат, оғиздағи ошни олдириш ҳар ким учун ҳам бир хил эмасдир.

—  Биз  каминаларда  нима  гап,  айланай  ойи  хоним…  Биз,  ҳарна  қилсақ,  онҳазратимнинг буйруқлари билан қиламиз… Биз онҳазратнинг отқан ўқларимиз.

Оғача ойим Гулшаннинг кўзига анча тикилиб қолди. Лекин Гулшан кўзини ундан қочириб ерга боқди.

— Албатта, биз сайиднинг отқан ўқларимиз, — деди Оғача ойим қизишқаннамо. — Лекин, хўжам буюрди, деб ишнинг ўнг-терсига қарамай югура бериш аҳмоқлиқдир. Агар сиз билан мен онҳазратнинг холис қуллари бўлсақ, сайиднинг давлатларига рахна солмайлиқ, дўсти нодонлиқ қилмайлиқ. Мана бу — холис қуллиқ даъвосида бўлган бизнинг қўлимиздан келадир… Зоҳиран, сайидга хиёнат кўринса-да, ҳақиқатда холис дўстлиқ, деб сизга бу таклифни қилдим. Сайидни кунчилайди8,  деб  бошингизға  келтира  кўрмангки,  ҳозир  ҳам  мен  онҳазратнинг  бир  юзинчи хотини бўламан. Юз хотиннинг биттаси бўла туриб, кундашлик қилиш ўзи телбаликдир. Лекин, орада  бир  ғараз9  бўлса,  ул  ҳам  сизга  айтканимдек,  холис  қуллиқ — чин  давлатхоҳлиқдир10, тушундингизми Гулшан.

Гулшан “биз  сайиднинг  отқан  ўқларимиз”  деб  Оғача  ойимни  аччиғландирған  эди.  Ўз хатосиға тушунган Гулшан узр айтди.

— Мен сизга бу гапни бошқа мақсадда айтдим, ойи хоним. Биз, дедим… албатта, биз…

— Агар сиз бунда ноилож бўлсангиз, мендан йўл сўранг.

— Пир бўлиб қўлимдан тутсангиз, онҳазратимнинг ўгурларида бошим фидо бўлсин.

—  Гап  шундай  бўлса,  иккимизнинг  бу  ишка  кўмаклашувимиз  ёки  сукут  қилишимиз давлатхоҳлиқ эмас, душманликдир, — деди Оғача ойим. — Маним сизга кенгашим — бундан сўнг устингиздаги хизматка бир оз ўйлашиб қадам босишдир.

— Мени итобга11 тутсалар?..

— Бунинг тадбири осон, — деди Оғача. — Аввал шуки, сайиднинг кўзларига оз кўрининг, кўринган чоғингизда сулук чўри тополмадим, деб узр айтинг. Сизни, тополмабсан деб қийин-қистоққа олмаслар, жазога тортмаслар. Муҳтожликдан қўрқсангиз мен бор, мен сизга қўлимдан келган ёрдамни қиларман. Маъқулми, Гулшанбону?!.

Кейинги жумла билан Гулшаннинг чеҳраси очилиб кетди.

— Хўб, айланай ойи хоним.

— Аҳсан!

Даҳлизда санама тикиб ўлтурган канизлардан бири — хазинадор югуриб кирди.

— Лаббай.

— Опангға икки тилло бер, устига мунсак ёп!

Аҳсан икки қўлини кўкрагига қўйиб, таъзим қилғандан сўнг, чиқиб кетди.

—  Шундай  одатингизча  маним  олдимға  келиб  туравуринг,  керагингиз  бўлса  тортинмай айтинг.

Гулшан бош букиб қуллиқ қилди. Эшик очилиб, қўлида адрас мунсаги билан Аҳсан кирди ва  Гулшаннинг  устида  тўхтади.  Гулшан  ўрнидан  туриб  ойимға  бош  эгди.  Шу  ҳодда  Аҳсан мунсакни унинг устига ёпиб, қўлиға икки тиллони ҳам узатди. Гулшан устида мунсаги билан оҳистағина  ўлтурди.  Аҳсан  ҳам  турған  жойиға  чўккалади.  Гулшан  дуоға  ҳўл  кўтарди.  Аҳсан омин, деди. Дуодан сўнг Гулшан ва хазинадор — Аҳсан оҳиста-оҳиста орқалари билан юриб, Оғача ойимнинг ҳузуридан чиқдилар.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


 

1 Сафо келдилар—хуш келдилар.

2 Кундал— зар иплар билан тўқилган қимматбаҳо мато.

3 Муътамад— ишончли, эътимодли.

4 Ислоҳ — тузатиш, тўғрилаш.

5 Шунгон бегининг қизи (муал.).

6  Шариъатда  тўрттадан  ортиқча  хотин  олиш  йўқдир.  Худоёрнинг  расмий  никоҳидаги  хотини  тўрттадан  ошмас,  яъни, янги хотин оладирган бўлса, тўртинчи хотинини канизликка кечириб, ўрнига янгисини қўйиб турар эди. Оғача канизликка кечирилганларни ҳам бунда қўшиб ҳисоблайдир (муал).

7 Атроф ҳокимлари хушомад тариқасида чиройлик қизларни хонга юбориб тургучи эдилар… (муал).

8 Кунчи — рашк қилиш, қизғаниш.

9 Ғараз — мақсад, ният, муддао.

10 Давлатхоҳ — хайрихоҳ; дўст.

11 Итоб — таъна.

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-12

2 Бобур мирзонинг опаси Хонзода бегим мулла Фазлиддинни кўпдан бери ҳайратга солиб келади. Бундан тўрт йил муқаддам мулла Фазлиддин Ҳиротдан келиб Умаршайх мирзонинг ...

Чингиз айтматов:қиёмат 43-қисм

IV Ўша  куни  бўрилар  жойларидан  кўчдилар.  Уяларини  ташлаб  кетдилар,  тунда  бу  ерга қайтмадилар  ҳам,  атрофда  дайдиб  юра  бошладилар.  Дам  бирон  жойда  ғамга  ...

Чингиз айтматов:қиёмат 44-қисм

V Гулимхоннинг  аввалги  эри  марҳум  Эрназар  билан  то  у  нобуд  бўлгунгача  уч  йил  бирга ишлашган эди. Сўз йўқ, хўп ишчан йигит, ўзига пухта эди — Бўстоннинг ...