МEҲРОБДАН ЧАЁН-ХОНИМ ОЙИМЛАР

Гулшан  эгнида  мунсаги  билан  даҳлизга  чиқиб,  ундаги  канизлар  томонидан “илтифотга лойиқ  кўрилгани”  учун  табрик  қилинди.  Кафшандозда  кийинар  экан,  кўзи  тўғридағи шаҳнишинда эди. Канизлар билан хўшлашиб ҳавлига тушди.

Юқорида  сўзланганидек,  бу  ҳавлида  хоннинг  суюкли  хотинлари  ўзларига  хос  доя,  чевар, канизлар ва қуллари билан турар эдилар.

Оғача ойимнинг қаторидағи иккинчи танобий хоннинг суюкли хотини Розия ойимға қарар эди. Розия ойим гарчи ўткан йиллардагина хонга никоҳланган бўлса ҳам, ўзининг хаёлий ҳусни билан “сайид”нинг  илтифотини  жалб  этиб,  ҳарамда  биринчи  мавқуъга  минган  хонимдир.

Хизматига тўрт каниз ва икки қул ҳадя қилинған бу ойим асли кошғарлиқ бўлған Охунджонбой деганнинг қизидир. Розия хоним қизлик чоғида Қўқон бойларидан Жонбобо отлиғ бир кишига тегиб, бир бола туққандан кейин эри ўладир. Бундан сўнг қўқонлиқ Миён Фазл Ваҳҳоб ҳазратка эрга чиқадир. Гулшанбонуға ўхшаш хуфиялар “сайид”нинг қулоғиға еткирган бўлсалар керак, бир кун хон, тўсиндан арава юбориб, Розия хонимни “меҳмонға” чақиради…

Хоннинг  ҳукмига  қарши  Миён  Фазл  Ваҳҳоб  нима  ҳам  қила  олсин.  Розия  хоним  хон ҳарамида бир кеча қўниб, эртаси уйига қайтадир. Ул уйига қайтиб келганда Миён Фазл Ваҳҳоб Розия хонимнинг қўлиға талоқ хати топшириб, етти арава мол билан ўрдаға жўнатадир… Миён Фазл Ваҳҳоб бу ишни қўрққанидан қилғанми ёки хонға аччиғ тариқасидами, ҳар ҳолда буниси ҳатто Розия ойимнинг ўзига ҳам қоронғидир1.

Гулшан Розия ойимнинг даромадига етканда икки нафар каниз даҳлиздан чиқиб, бўсағанинг икки томонида ҳўл боғлаб ва бош букиб тўхтадилар. Шу ҳолда ичкаридан гўё юзи сут билан суғорилғандек  оқ,  қуралай  кўзи  ойсиз  ва  булутлиқ  кечасидан  ҳам  қорароқ,  қадди  сарв  каби мавзун, қора сочи тақимини ўпкан, уст-боши ипак ва олтинлар билан ғарқ бир хоним хиромон чиқиб  келди.  Бошидағи  ҳисобсиз  кокилларини  санама  тикилган  оқ  ҳарир  рўймол  билан озорсизғина  боғлаған,  ёқа  ва  этакларига  нафис  жияк  бириктирган  хонатлас  кўйлак,  бухоро кундалидан  қирғоқлариға  олтин  уқа (қўр)  тутулған  енгсиз  желатка  кийиб,  ёқут  кўзлик  олтин тугмаларни бўшқина солған, ҳуснда мисли оз бу нозанин хоннинг суюкли хотини — мазкура Розия хоним эди. Розия хоним орқасидан саккиз-тўққуз ёшлар чамалиқ, кўз ва тишидан бошқа аъзосида оқи йўқ бир бола кўриниб, хонимни таъқиб этди. Бу ёш югурдак қулча хонимнинг ҳар бир майда хизматларига тайёр каби оёғ олар эди2.

Розия  хонимға  қарши  келгучи  Гулшан  букилиб  салом  қилди.  Розия  хоним  ишорат  билан жавоб бергач, “эсонми-сиз” деди ва унинг жавобини ҳам кутмай шаҳнишин то-монға қараб йўл солди.

Гулшан  Розия  ойимнинг  қуйисидағи  даҳлизга  юзланиб,  ундаги  канизлардан  Қурбон ойимнинг  соғлиғини  сўраб  ўтди.  Қурбон  ойим  танобийсидан  сўнг  ҳавлининг  кун  ботишиға мойил бино Шодмон ойимға қарашлиқ ва шу билан ҳарамнинг биринчи ҳавлисидаги ойимлар ҳисоби битадир3.

Гулшан  ҳавлининг  кун  ботиши — ошхона  ва  бошқа  рўзгор  уйлари  ёни  билан  бориб  бир эшик орқали бизга маълум узун йўлакка чиқди. Йўлакда сув ҳавлисидан чиқиб келган бир каниз Гулшанни кўриши он қўлидағи сувлик кашкулни ерга қўйиб югурди:

— Эсонмисиз? Мунсак муборак, аямлар соғми?

Гулшан қўл учи билан кўришди:

—  Ўзинг  ўйнаб  кулиб  юрубсанми?  Мунисхон  пошша  ойим  саломатмилар?  Биби  пошша ойим ёзилиб кетдиларми?

— Шукур, шукур, бизнинг ҳавлига киринг.

— Кирарман, — деди Гулшан ва устидаги мунсакни еша берди. — Сен маним келганимни уларга айтма. Мен ўзим бир оздан кейин чиқарман.

Каниз орқасиға бурилиши билан йўлакнинг юқори эшикларидан бири тарақ-туруқ очилиб, ичкаридан икки ёш, оёғ ялан каниз қувлашиб чиқдилар. Гулшанни мунсак билан овора кўрган қизлар шу тарафка қараб югурдилар.

— Гулшанжон, Гулшанжон! Эсонмисиз, омонмисиз? Сарпа қутлуғ!

Шўх  канизларнинг  бири  Гулшаннинг  олдидан  ва  иккинчиси  ёнидан  ўрмалаб,  бирининг оғзидан иккинчиси “Гулшанжон, эсонмисиз!” ни олиб эсанкиратдилар.

— Бўлди, бўлди! Шўх байтал ўлгурлар! — деди Гулшан, — ойимлар эшитса нима деган гап

бўлади?

Қизлар Гулшаннинг сўзига қулоқ солмай, келган тарафларига қараб уни судрадилар.

— Тўқ байтал! Гулшанжон! Тўқ байтал!

Гулшан аччиғланса ҳам яна уларнинг сўз ва ҳаракатидан кулишка мажбур эди.

— Қуриб кеткурлар… Шунинг учун ҳам сенларнинг олдингға киргим келмайди-да!

Сўзга  илтифотсиз,  ўюн  билан  борған  канизлардан  бири  Гулшаннинг  қўлидағи  мунсакни титкилаб ўзига тортди:

— Қайси гўрдан олдинг, менга берсанг-чи шуни!

— Ол, ол! — деди Гулшан мунсакни бўшатиб, — ўлимлик қиларсан!

— Албатта тобутимга ёпарлар!

Йўлакнинг бошидағи эшикка етдилар ва учиси бирдан сиқилишиб, ичкарига кирдилар.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1 Ҳарам тўғрисидаги маълумотимизнинг аксариси бу кунда ҳам ҳаёт бўлган шу Розия ойимдан олинди. Ҳозир тўқсон ёшларға еткан бу кампир ўзининг кучлик хотираси билан бизга қийматлик маълумотлар берди. Ҳануз сақланиб келган баъзи хусусиятлари билан бизни таажжубка солди. Муҳтарама Розия ойимга ва икки орада воситачи бўлиб устимга миннат қўйған қўқонлиқ дўстим Босит Қодирийга ташаккур ва раҳматлар айтишка бурчлиман (муал).

2 Қуллар аксар тожик ва ҳабашдан бўлиб етти ёшдан ўн икки ёшғача эдилар ва ҳарамда бундан юқори ёшдағи қуллар сақланмас, қул ўн икки ёшға етканда, ҳарамдан чиқарилиб, ўрдадағи бирар хизматка белгиланар эди, дейдир Розия ойим. Эрлиги олинган (бичилган) қуллар Худоёрнинг онаси Ҳоким ойим — Жорқин ойимғача (1285 нчи йилда вафот) фақат икки нафар бўлиб: (Эшмат саркор, Тошмат саркор; ҳар иккави ҳабаш) булар ҳам хондан ташқари ҳарамга киралмас эканлар. Ҳар кун эрталаб хон онасиға салом бергали кирганда ҳалиги икки нафар қул ҳам хоннинг орқасида кириб, Ҳоким ойимға салом бергандан сўнг яна хон билан бирга чиқишиб кетар эканлар (бу иккиси Шералихондан қолған, Ҳоким ойимга яқин, қадрдон қуллар бўлғанга ўхшайдир).

Розия  ойимнинг  айтишига  қарағанда,  шу  икки  қулдан  бошқаларнинг  эрлиги  йўқотилмаған  экан.  Бундан онглашиладирким, Худоёр ҳарами тўғрисида ёзгучи ўрусларнинг қул (евнух) ларни каниз ва хонимлар билан аралаш юрған ҳолда кўрсатишлари муболағадир.

Розия  ойим  яна  тафсилга  киришиб: “Хон  биринчи  мартаба  тахтдан  ҳайдалишида  ўзига  қарашлиқ  ёш  қуллардан  бир нечасини Жиззахка элтиб ўқутди ва сўнгғи даврида уларни баъзи мансабларга қўйди. Улар: Шоғулом жарчибоши, Жамил Файзулло ва Муллача хазиначилар, Давлат удайчи, Давлат саркор ва Шопсанд қўрбошилар, дейдир. Бу қуллар ҳам ҳарамга киралмаганларидек, эрликлари ҳам жойида экан (муал.).

3 Розия ойимнинг айтишига қарағанда, Худоёр ўзининг уч карра хонлиқ даврида шу хотинларға уйланган:

1). Қозоқ тўра — Розия ойим бунинг отасини аниқ айталмайдир. Лекин, ўзи қирғизлардан эди, дейдир. Фикримизча, Мусулмонқулининг қизи шу бўлсамикин?.. Хизматида тўрт канизи бўлған;

2). Анбарчик тўра — Ўратепада юзбеги бўлған Худоёрбек валламининг қизи;

3). Катта пошшо ойим — қўқонлиқ Хўжа Калон тўранинг қизи, Насриддин бекнинг онаси, хизматида етти каниз, тўрт қул;

4).  Қўқонлиқ  ойим — Қўқоннинг  Сармозор  даҳасидан,  кимнинг  қизи  эканини  Розия  ойим  билмайдир.  Хон  биринчи мартаба тахтдан қувланғач, эрга тегиб кеткан;

5). Қурбон ойим — ғума (жория) лардан, Ўрмонбекнинг хазиначиси, хизматида икки қул, уч каниз.

6). Гулзода бекач — ғумалардан, хизматида тўрт каниз. Шаҳзодахон исмлик бир қизи бўлиб, 1919 йилда Ўшда ўлган;

7).  Ширин  бекач — ғумалардан,  хизматида  уч  каниз,  икки  қул.  Тўра  пошша  исмлик  бир  қизи  бўлиб,  қўқонлиқ Кароматхон тўрага берилган;

8).  Исфаралик  ойим — исфаралик  Ҳабиб  эшоннинг  қизи.  Бундан  Моҳзодахон  исмлик  бир  қиз  туғулиб,  қўқонлик Сафохон  тўранинг  ўғли  Исохонға  берилган (Моҳзода  алҳол  тирик  эмиш).  Худоёр  иккинчи  хонлиқ  даврида  исфаралик ойимни ғарликда айблаб, баҳона билан ўрдадан ҳайдаб юборған.

Худоёрнинг иккинчи хонлиқ даврида олған хотинлари:

9). Мунисхон пошшо — қўқонлиқ Ғозихон тўранинг қизи, хизматида саккиз каниз, тўрт қул. Бундан Сайид Умарбек исмлик ўғул туғулған. Сайид Умарбек бу кунда Рошидон райўн, Тўра қишлоқда турар эмиш;

10).  Пошшобону  ойим — Қўқонда  машҳур  Баҳодирхон  тўранинг  синглиси,  Муҳаммад  Аминбек  билан  Чорсолахон пошшонинг онаси, хизматида тўққуз каниз, беш қул;

11). Масъудахон (Оғача ойим) Ибодуллахўжа қизи, Фансуруллобекнинг онаси;

12). Кишбиби (Қизойим) — Худоёрнинг  тоғаси  Гадойбой дотҳонинг  қизи.  Бу  аслда  Шомуродхоннинг  хотини  бўлиб, Шомурод ўлгандан кейин Ҳоким ойим Бухорода ўғли Худоёрга Кишбибини никоҳлаб берган, хизматида беш чўри, уч қул;

13). Кичик Шоҳойим — Шуғнон ҳокимининг қизи, Ўрмонбекнинг онаси, боланинг чилласи чиқмай ўлган;

14). Тўхтапошшо (Чиндовуллиқ ойим) — Наманган тумани Чиндовул қишлоғининг хўжа қизларидан, хизматида тўрт каниз, уч қул.

15). Катта Шоҳойим — Дорбоз ҳокимининг қизи, хизматида етти чўри, катта Шоҳойимдан Сайид Фансурулло исмлик ўғул туғулиб, беш ёшида экан, Марғилонда Пўладхон ўлдирган;

16). Гуландом бекач — ғумалардан, бундан Офтобхон исмлик қиз туғулиб, Худоёр вақтида, ўн уч ёшида ўлган;

17). Моҳбегим бекач — ғумалардан. Биняминбекнинг онаси, хизматида уч қул, уч чўри;

18). Гулқиз бекач — ғумалардан;

19). Асал бекач — ғумалардан. Учунчи хонлиқ даврида;

20). Қоратегинлик ойим — Қоратегин ҳокимининг қизи, хизматида етти чўри;

21). Бибипошшо экавотлиқ ойим — Наманган юқорисида Экавот қишлоғининг катта эшони Хўжам пошшо тўранинг қизи,  хизматида  уч  чўри,  икки  қул  бўлган;  бу  ойимдан  Сайид  Фансурулло  исмлик  ўғул  туғулиб,  уч  ёшида  Пўладхон ўлдирган;

22). Розия ойим — (шу маълумотларни бергувчи) Розия ойимдан Сайид Умарбек отлиқ ўғул бўлса ҳам уч ёшида ўлган;

23). Қамбар пошшо — Хўжакалон тўранинг кичик қизи, Катта пошшо ойим ўлгандан кейин болдиз олган, хизматида уч каниз.

24). Ойнисахон пошшо — Турсун оталиқнинг қизи;

25).  Туҳфаниса  ойим — Олтиариғ  қозисининг  қизи;  бу  қизга  уйлангандан  ўттуз  етти  кун  кейин  Худоёр  ўрусларга сиғиниб Тошканд келган;

26). Ҳамроҳ биби ойим — қўқонлиқ Нурматбой деганнинг қизи;

27). Саиданисо (чимёнлиқ ойим) қирғизлардан бирининг қизи.

28). Шодмон ойим — ғумалардан; хонға суюкли эмиш, хизматида уч чўри, уч қул;

29). Гулбону бекач — ғумалардан; хизматида бир чўри, бундан Озодахон исмлик қиз туғулиб, қўқонлиқ Баҳодирхон тўрага келин бўлган;

30). Руҳафзо бекач;

31). Сайқал бекач;

32). Санавбар бекач;

33). Арғувони бекач;

34). Нигор бекач;

35). Рузвон бекач. Бу олтови ҳам ғумалардан эмиш.

Бу  ерда  ёзилганлар  Худоёрнинг  тугал  хотинлари  ҳисоби  бўлмас,  деб  ўйлайман.  Чунки  Розия  ойимнинг  хотиридан баъзиси кўтарилган бўлиши мумкиндир. Биз Розия ойимнинг ёнида эканмиз, ўртоқ Босит:

— Хон неча хотин олган эди, ойи? — деб ҳазил тариқасида такрор савол берди. Розия ойим мендан ийманган қиёфада:

—  Хон  қурсин,  унинг  олған  хотинларининг  ҳисоб-китоби  йўқ,  болам, — деди  ва  манимча  жуда  тўғри  сўзни  айтди (муал).

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Абдулла қодирий:ўткан кунлар-3

3. БEК ОШИҚ Сарой тинч уйқуда, тун ярим. Ҳасанали ҳужранинг узун бурама қулуфини очиб ичкарига шамъ ёқди ва бекнинг тўшагини ёзиб унинг кириб ётишини кутиб турди. Аммо ...

Чингиз айтматов:қиёмат 47-қисм

Довонда  шикама  кечаси  тугаб,  тонг  отганда  биринчи  бўлиб  Эрназар  ўрнидан  турди  ва пўстинига ўраниб, тушовлиқ отларга қаради. —  Совуқми? — деб  сўради  Бўстон  ...

Туш… яъни ш. мирзиёев қабулида (4-қисм давоми)

(давоми. Боши бу ерда) -- Х.Т.: Айтмасангиз ҳам маълум. Ҳошимжоннинг сеҳрли қолпоғини сўраябсиз. -- С.И.: Уф-ф-ф. Мабодо сиз ҳам телепат эмасмисиз? -- Х.Т.: Бу ҳислатдан ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400