МEҲРОБДАН ЧАЁН-ҚИРҚ ҚИЗЛАР

Гулшанлар  кирган  ҳавли “Қирқ  қизлар”  деб  аталар  эди.  Бунда  хоннинг  кўнгил  очишиға хизмат  қилғучи “Қирқ  қизлар”  турар  эдилар.  Бу  ҳавли  ундаги  ўюнчи,  созанда  ва  навозанда канизларнинг сонидан олиб “қирқ қизлар” аталған эди.

Худоёрнинг ҳарам канизлари сони бир юз эллий беш нафар бўлиб, булардан ўн тўрт нафар оқ  саройда,  саккиз  нафар  шаҳнишинда,  яъни  хоннинг  ётиш  туришиға  махсус,  саккиз  нафар Ўрмонбекка қарағучи, ўн нафар доялар ҳузурида, йигирма беш нафар шу “қирқ қизлар”да ва қолғанлари ҳар қайси хоним ойимларнинг хизматида эдилар.

Ҳавли  юзида  тўп (копток)  ўйнағучи “қирқ  қизлар”дан  етти-саккизи  Гулшан  олдиға югурдилар.

— Эсонмисиз!

— Елиб югуриб ҳорманг!

— Эрингиз ўлмадими!

— Шаҳар йигитлари омонми!…

Бу  қизлар  ҳалигилардан  қолишмайдирған  шўх  эдилар.  Гулшан  ҳам  энди  жиддият  сақлаб турмади:

—  Зерикмай  ўлтурибсанларми?  Ичларингда  туғиб  қўйганларинг  йўқми?  Уйнаш  қилиб тутилмадингларми?

Бу ҳавли тўртта кичик ва битта зўр танобий уйдан, ҳам “қирқ қизлар”ға махсус ошхона ва бошқалардан  ташкил  топиб,  қизлар  кичик  уйларга  жойлашқан  эдилар.  Уларнинг  ясаниға келганда,  юқоридағи  канизларда  кўрилгандек — қизил  шол  кўйлак,  сариғ  гуллик  қизил  шол рўймол,  шуваматос  ёки  адрас  желатка  эди.  Ҳозирги  тўп  ўюниға  иштирок  этувчи  қизларнинг ҳаммаси  деярлик  ялан  оёғ  бўлиб,  юмишдаги  ва  ошхонада  ош  пиширғучи  қизлар  дуранглик бедона кафшлар кийган эдилар. Аксарият, йигирмадан ошқан қизлар, ичларида ўн олти, ўн етти ёшлиқлари  ҳам  кўринар  эди.  Бу  қизлар  мамлакатнинг  ҳар  тарафидаги  беклардан  хонға  ҳадя тариқасида  юборилғанлар,  шунинг  учун  улар  терма  дўндиқлар  эдилар.  Чўри  исми  билан ҳарамга келган кунлари ҳар бирлари ҳам хоннинг “илтифоти”га бир-икки мартабагина “лойиқ” кўрилиб,  сўнгра “қирқ  қизлар”  ичига  ҳавола  қилинған  эдилар.  Улар  ҳануз  ҳам  шаҳарнинг машҳур хотинлари бўлған Нусрат ҳофиз, Ботирбоши хола, Тилло ҳофиз, Тожи ҳофиз, Мисқол ҳофиз,  Хон  оғача,  Мисоқ  оғача,  Улуғ  ўюнчи,  Шоҳбачча,  Ражабхон,  Тош  ҳофиз  ва  ҳатто марғилонлиқ Зебихонлардан ўюнга, созға, ашулага таълим олиб келарлар ва шунинг учун ҳар бирлари ўз ҳунарларида яхши санъаткор бўлған эдилар. Жумъа куни етканда бу ҳавлидаги катта танобий  тартибка  солинар, “қирқ  қизлар”  янги  кийимлар  кийиб  упа-эликлар  қўярлар,  турли зийнатлар  тақиб,  ажойиб  суратда  базмга  ҳозирланарлар  эди.  Жумъа  намозидан  кейин  хон баъзан  ёнида  Розия  ва  Оғача  ойимлар  билан  бу  ҳавлига  ўтар  ва  катта  танобийнинг  тўрига қўюлған махсус курсига ўлтуриб, “қирқ қизлар” базмини кўрар эди…

Шу  йўсун  қизлар  Гулшанни  ҳавли  ўртасидағи  тўп  ўюниға  судрадилар.  Гулшан  ўюнға иштирок этишда тихирлиқ қилиб кўрган эди, қизлар зўр келдилар. Ноилож ул ҳам ўйнамоққа мажбур бўлди. Бир чеккада ўлтуриб ешинди. Шу қизлардек ялан оёғ, бош ялан бўлди. Товор кўйлагини  аяб  липпа  урди,  енгини  тирсаги  юқорисиғача  шимарди  ва  ички  кийимини  ҳам болдириғача кўтарди.

Қизлар ўзлари ясаған катта ипак коптокни Гулшанга бердилар:

—  Марра  беш-ўн;  ҳар  ўнда  бир  айланиш;  агар  тўпни  маррага  еткармай  қочирсангиз,  ҳар биримизни апичиб, ҳавлини бир айлантириб чиқасиз! — дейишди қизлар.

Гулшан шартни эшитиб ўйланиб турди.

— Агар маррага еткарсам?

— Биз апичиб айлантирамиз!

—  Қочинглар  бўлмаса! — деди  Гулшан  ўртаға  тушиб, — тўпка  тегсанглар,  менга  ҳадук берсанглар ҳисоб эмас!

Қизлар  унинг  шартига  кўниб  ҳавлининг  теварагига  тарқалишдилар.  Гулшан  ўйинни бошлади. Тўп чиқағон эди. Гулшан биринчи ўнни муваффақият билан тамомлади. Ўн иккинчи урушда  биринчи  ўн  учун  айланган  эди,  Гулшаннинг  узун  сочлари  атрофка  тарқалиб,  ҳатто кўкраги ҳам ларзага келди… Қизлар қийқиришиб кулдилар. Иккинчи ўннинг айланиши ҳам шу йўсун  кулги  берди.  Лекин учунчи  ўннинг  ерга  саккизинчи урулишида  копток  қочти.  Гулшан коптокни ҳарчанд қувлаб юқори чиқаришға урунса ҳам бўлмади, ерда думалаб қолди. Қизлар қийқириқ  ичида  чапак  уриб  юбордилар  ва  Гулшанни  ўраб  олдилар.  Гулшан  чиқиб  қочишға хезланса ҳам бўлмади, ул кутмаганда бир қиз орқадан келиб сакраб минди…

— Хих, эшагим!

Қизлар  кулишар  эдилар.  Икки  қиз  Гулшаннинг  олд  ўрум  сочидан  ушлаб  етаклади.  Бу томошага  ҳатто  уйдаги  ва  ошхонадаги  қизлар  ҳам  қизиқсиндилар.  Биринчи  қизни  ҳавли айлантириб чиққан эди, иккинчиси минди… Шу йўсун бечора Гулшан ўнлаб қизни ўз устига миндириб, орқаси яғир бўлаёзди. Яна ўюн бошланди…

Шомга яқин ош тайёр бўлиб, қизлар ўз қўшоқлари билан уйларига кирдилар. Гулшан ҳам бир  қўшоқ  қизларға  қўшулиб,  ўртадағи  уйга  кирди.  Қизларнинг  ўзидек  уйнинг  полос  ва жиҳозлари  ҳам  бесаранжом  эди.  Унда  бир  рўймол,  бунда  бир  махси,  нарида  яна  бир  нарса…

Хулласи, уй ивирсиб ётар эди.

Гулшан бу ҳолдан ранжиб қизларни урушти: — Сенларга ҳеч сон кирмади… Қачон кўрсам, уйларинг лўлининг хуржун солған елкаси!

—  Лўлининг  хуржун  солған  елкаси  бўлса, — деди  Нозик  отлиғ  бир  қиз, — ўзинг йиғиштириб бер, Гулшан опа! — Менми, менга нима? — Менга ҳам нима?

— Сенинг турадирған уйинг, — деди Гулшан, — йиғиштирсанг, кўнглинг равшан бўлади.

—  Уй  йиғиштирилмаса  ҳам  кўнглим  равшан, — деди  Нозик  ва  ёнидағи  Туҳфага  қараб кўлди. — Туҳфа, сенинг ҳам кўнглинг равшанми?

Туҳфа оғзини катта очиб, Гулшаннинг олдиға келди:

— Мана, ўз кўзинг билан қара, опа: кўнглим чилчироғ ёққандек равшан, кўрдингми?

— Кўрдим, кўрдим? — деди Гулшан, юзини четка ўгуриб. — Кўнглинг равшанлиги устига яна бир нарса ҳам тилабдир…

— Нима тилабдир, эрми? — деди учунчи ёқдан  Қумри. — Кўнгилдагини топар экансан, опа! Меникига ҳам қара-чи, кима тилар экан?

—  Сеники  ҳам  эр, — деб  кулди  Гулшан. — Буларга  бир  сўзни  айт-да,  қоч!  Ош  келди.

Нозик, дастурхонингни ёз!

Нозик дастурхон ёзди. Ўртаға икки хитой лаганда палов қўйилиб, Гулшан билан етти қиз ошқа  ўлтурдилар.  Кенгаш-пенгаш  бўлмади.  Хуфтандан  кейин  уйлардаги  қизлар  бирин-сирин катта танобийға йиғила бошладилар. Икки чилдирма қизитилди ва дутор, танбур, ғижжак, чанг каби  асбоблар  созланди.  Қизлар  ўзаро  базмга  ҳозирланар  эдилар  ва  ҳар  кеч  ҳам  базм  билан кўнгил ёзар эдилар. Дарҳақиқат, эркаклар дунёсидан алоқаси кесилган мазлума, оила ҳаётидан маҳрум бечоралар шундан бошқа нима билан ҳам овинсин? Уларнинг овинчоғи — кундузлари ўюн, кечалари базм ва тунлари уйқу ҳам туш эди.

Қизларға махсус назокат билан соз чалинар эди. Созга йўлбошчилиқ қилған чилдирма ярим товушда  гумбирлар,  қўнғуроқлари  шинғирлар  эди.  Катта  қандилдаги  чилчароғ  мури  остида ҳарам қизларининг ҳусни ял-ёнар, ўртада ўйнағучининг маммалари мақом билан силкинар ва “Қирқ қизлар”дағи кундалик базмга одат қилған бошқа ҳавли канизлари билан танобий борған сайин тўла борар эди.

Ўюнчи қуллиқ қилиб, саҳнадан чиқди. Унинг ўрниға Нозик қўзғалди. Нозик саҳнага чиқиши билан чилдирма ҳам бошқа куйга ўтди:

— Бак-баканг, бак-баканг…

Чилдирмага созлар замлангандан кейин, икки ўртадан узуқ ва шўх бир куй туғилди. Нозик ўртада хиромон бир тарафка ўткан эди, қизларнинг баъзисидан соз каби шўх ва нафис оҳанг эшитилди:

Очилғанда лолалар, териб юрғай болалар,

Айтингиз-чи, холалар, ўткан дўндиқ созмидир?

Ўткан дўндиқ созмидир?

Термулғаним билмаса, писандига илмаса,

Раҳми асло келмаса, менга қилган нозмидир?

Чеккан жабрим озмидир?

Нозик ўйнар, қизларнинг ашуласига аъзо ҳаракати билан тасдиқ ишорасини берар ва бунда нафис бир санъат кўрсатар эди.

Бағрим ўтда ёнади, ёрим мендан тонади,

Қулни йўққа санади, мендан ё аразмидир?

Мендан ё аразмидир?

Ёрим юзи гул эрур, зулфлари сунбул эрур,

Лаҳза кўрган қул эрур, ёки бул пардозмидир?

Ёки бул пардозмидир?

Хуммор кўзинг ўйнатиб, ошиқни арзон сотиб,

Исён лойиға ботиб, жабру ситам бозмидир?

Жабру ситам бозмидир?

Тирнамағил сен ярам, йиғлатма кўб, қил карам,

Турган ўрнингдир ҳарам, яъни шоҳим базмидир!

Яъни шоҳим базмидир!

Ою йиллар йиглаған. бағрин ҳар дам тиғлаған,

Ҳасратидан биғлаған1, бахтсиз бир қиз Назмидир!

Бахтсиз бир қиз Назмидир!

Кейинги байтлар оғир бир фожиъани тасвир қилдилар: ойлар, йиллар йиғлаған, ҳасратидан ҳушсиз йиқилған бахтсиз бир қизнинг жонсўз фарёдини гавдалантириб кўрсатдилар. Бу ўрунда шўх  куй  лобарғина  қилиб  бир  ҳасратка  таржимонлиқ  этди.  Юқоридан  бошлаб  ўйноқи  руҳда куйлаб  келган  қизлар  ва  доим  нозу  карашмада  бўлған  ўртадағи  ўюнчи  ҳам  бундаги  оғир маънони ўзича олишқа тиришдилар…

Ою йиллар йиғлаған, бағрин ҳар дам тиғлаған,

Ҳасратидан биғлаған бахтсиз бир қиз Назмидир!

Бу “бахтсиз  бир  қиз”  базмдаги  қизларнинг  ҳар  қаюсиға  маълум  эди.  Фақат  бу  мажлисда унинг фарёди  иштирок  этса ҳам,  ўзи  иштирок  этмас,  беҳисоб  фарёдлар,  фиғонлар,  ҳасратлар билан чарчаған бу қиз ҳозир тупроқ остида тинчиб ухлар эди. Унинг таржимаи ҳолини “қирқ қизлар”дан  ҳар  ким  билганидек,  ҳатто  уни  қўмсаб  йиғлағучилар  ҳали  ҳам  топилар  эдилар.

Дарҳақиқат, озодлиқдан маҳрум этилган мазлума қизларға неча асарлар қолдириб кеткан бир шоирани ким билмасин, кўбчиликнинг айталмаган ҳасратини куйларга солиб берган шоирани ким унутсин? Ошиқидан айрилған бир маъшуқа, номусиға тўқунилған бир мазлуманинг фарёди кимларнинг юрагига кириб ўлтурмасин?

Шундай… Мундан бир йиллар илгари шу “қирқ қизлар” ичида Назми исмлик бир қиз ўлган эди. Бу шу қизнинг тўқуған байтларидан бири эди. Қизларнинг сўзига қарағанда, Назми Қўқон қишлоқларининг биридан, чиройлик қиз экан. Назми холасининг ўғли билан севишкан, ҳатто тўй  кунлари  ҳам  яқинлашқан  экан.  Отаси  жуда  камбағал  деҳқон  бўлиб,  Худоёрнинг  неча йиллик  солиқларини  тўламаған  экан.  Худоёр  чўғоллари (золим  табиъатлик,  раҳмсиз  солиқ йиғувчилар)  қишлоққа  чиқиб,  Назмининг  отасини  сиққанлар,  урғанлар…  Қизидан  бошқа  мол тополмай,  уч  йиллик  солиқ  бадалига  Назмини  тутиб,  Худоёрға  тортиқ  қилғанлар.  Хонға Назмининг ҳусни ёққан, уни доя хотинларға қўшиб ҳаммомга юборған. Худоёр бир-икки кеч бечоранинг  номусига  тегиб,  сўнгра “қирқ  қизлар”ға  қўшқан…  Назми  шунда  икки  йил  чамаси куйлаб, йиғлаб юрган, “қирқ қизлар”ға кўб янгиликлар берган ва охирда ўзи сил бўлиб ўлган…

Назмининг охирғи икки байтидан сўнг базм битди. Ҳар ким ўз жойиға тарқади.

 

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1 Биғлаған — биғиллаған, ҳушсиз йиқилған (муал).

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Расул ҳамзатов:она тилим

Ажабо! Туш деган нарса қизиқ-да, Ўлиб қолганмишман тушда ногаҳон. Кўксимда қўрғошин, қуёш тиғида, Тоғлар орасида ётибман бежон. Узокда шарқираб сойлар оқмоқда, Борлиқда бир ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-10

Бир куни опа отхонага келди. Районга кетаётган йўловчи аравага отларни қўшгунларича кутиб турди. У ҳамон ўша дағал жундан тўқилган шол рўмолда, кексайиб қолган, ёлғиз, ...

Юлдузли тунлар-18

1 Бобурнинг қўшини Самарқандни бутун ёз ва куз бўйи қамал қилди. Бойсунқур мирзо етти ой шаҳар дарвозаларини беркитиб ётди-ю, ахири очлик ва танқисликка бардош беролмай, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400