МEҲРОБДАН ЧАЁН-НОЗИК

Гулшан  бояғи  етти  қизлар  ёнида  ухламоқчи  эди.  Нозик  билан  Туҳфа  ўрун  ёзар  эдилар.

Қумри Гулшанга шўхлиқ қилар эди.

— Сен аҳмоқсан, Гулшан опа! — дер эди Қумри. — Эрингни ёлғиз ташлаб биз “бўйдоқлар” ичида нима маъно топасан?

— Алжимай ўл! — деди Гулшан. — Сенлардан, албатта, маъно топмайман… Сенларнинг ўйлағанларинг фақат…

— Бўлмаса сен нимани ўйлайсан?

— Мен тириклик тўғрисида ўйлайман. Сенлар тўқлиққа шўхлиқ қиласанлар. Бир вақт мен ҳам хоним ойимларға чўри эдим. Бироқ сенлардек…

Ҳамма қизларнинг қулоқ-кўзи Гулшаннинг оғзида эди. Ўрунни ёзиб битирган Туҳфа сўради:

— Сен ўйламасмидинг?

Гулшан бир оз жавобсиз, кулимсираб турди.

— Ўйласам ҳам сенларча ҳар кимнинг олдида валдирамас эдим… Бу ўзи шайтоннинг иши.

Намоз ўқусанг, рўза тутсанг, хаёлингга бу нарса ҳеч келмас. Мана биттаси Зарифа, сенлардек уят сўзга оғиз очмайдир.

— Ва-ха-ха-ха! — деб кулиб юборди Қумри. — Айт-чи ўзинг, Зарифа, сен кеча қандай туш кўрдинг?

—  Қуриб  кет, — деди  Зарифа  юзини  четка  ўгуриб. — Кишини  кўрган  туши  билан айбламакчи…

Қизлар  бирин-бирин  келиб  ўрунлари  устига  ўлтурдилар.  Ўрун  қатор  ва  бир-бирига тақаштириб солинған эди. Гулшан ўзи учун четроқдағи ўрунни танлади.

— Кўйлак ешар! — деди Қумри турған кўйи ва кўйлагини ешиб ташлади. — Иштон солар!

Қизлардан  тўрттаси  Нозикни  таъқиб  этдилар  ва  шарт-шурт  бир-бирининг  яланғоч  этига уришиб шартак олишдилар. Қип-яланғач қизлар билан кулги бошланди.

—  Сенларнинг  ёнингда  ётқан  киши  гуноҳкор  бўлади, — деди  Гулшан  бошини  кўрпага буркаб. — Агар билсанглар, ҳар қайсинг иккита, учта боланинг онаси бўладиған ёшдасанлар.

— Тўғри айтасиз, айланай Гулшан, — деди Қумри яланғоч ўзини шамъга солиб. — Менга яна бир қараб кўринг-чи, балки беш боланинг онаси бўлсам ҳам арзир.

Ҳамма кулишиб юборди. Кўрпани бир оз очиб қараған Гулшан ҳам бу ҳолдан ичи қотиб кулди.

— Шамъни ўчир.

Қумри  тоқчадағи  шамъни  ўчирди.  Уй  қоронғиланди.  Энди “нари  ёт,  бери  ёт”  билан  бир-бирларини итариб, суриб кўрпани тўрт томонға тортишиб жанжаллаша бошладилар.

— Ухлатасанларми, йўқми? — деди Гулшан жекириниб.

— Жим, жим, — деди ярим товуш билан Қумри. — Гулшан бизнинг уйга ухлағали келган экан.

— Уйида эри ухлатмаған бечорани.

— Мен шунинг учун ҳам эрга тегмайман-да, — деди Қумри. — Эр деганнинг оти ўчсин, кишини ухлатмайди.

— Ухла, бечора, ухла, — деди Туҳфа, — “Қирқ қизлар”дан саранжомингни олиб кет.

Яна  кулги  кўтарилди.  Гулшан  ҳарчанд  ўзини  ушласа  ҳам  яна  қизларнинг  кулгисига

тортилди.

—  Гап-сўзда  ҳам  бир  маъни  бўлиши  керак, — деди  Гулшан, — бўшдан-бўшка  ҳиринг-ҳиринг, бундан кўра тинч ухлаған яхши.

— Маъни ўзи нима, Гулшан опа?

— Маънининг маънисини сўрама, Туҳфа, — деди Қумри, — Гулшан опам жавоб берсин, бизнинг шу “қирқ қизлар”да қамалиб ётқанимизда ҳам маъни бормикин?

—  Уни  қўявур, — деди  қизлардан  яна  бири, — Гулшан  опам  эрини  ёлғиз  ташлаб,  биз маънисизларнинг ичида яна бир маънисиз бўлиб ётипти; шунда ҳам бир маъни бормикин?

— Товушларинг ўчсин.

— Бор, бор, — деди аллаким. — Бизга ҳамроҳ топиб келади.

— Бизга ҳамроҳ топиб келганида ҳам маъни борми?

— Нега маъни бўлмасин, бизга ўхшаш маънисиз кўпаяди.

Яна  кулги  кўтарилди.  Қизларнинг “маъни”дан  бошланған “пайрав”ларининг  кейинги жумласи Гулшанга ҳам гаъсир қилиб ҳиринглади.

— Қирилиб кет ҳаммаларинг… Энди маънисизни кўпайтирмайман, тинч ухлаларинг.

— Баракалла, — деди Нозик. — Ана энди сизга ҳам маъни кирипти.

— Бекор айтибсан, Нозик, Гулшан опамга маъни кирганига кўб бўлған.

— Масалан, қачон кирган?

— Анчадан бери… Эрга текканингизга қанча йил бўлди, Гулшан опа?

Қизлар яна шаққилдашиб кулдилар.

— Бемаза гапни қўйинглар, ухлайлиқ.

— Ухлашни бир оз қўйиб тур, Гулшан опа, — деди Нозик. — Мен сенга мазалик бир ҳикоя айтсам эшитасанми?

— Ҳикоянг қурсин…

— Ўзи мазалик гап. Эшитмасанг, бари бир ухлатмайман.

Гулшан минғиллаб ўрнида ағдарилди.

— Айт, лекин чўзма.

— Чўзмайман. Сенлар ҳам жим ёт, овсинлар!

Бир-бирини қитиғлаб, ҳиринглашкан қизлар Нозикнинг сўзига қулоқ солмадилар.

— Туҳфа, Қумри! — деб ҳайқирди Нозик. — Тинчимасанглар бўғаман, майлими?

Нозикнинг таҳдидига қулоқ солувжи яна бўлмади. .Нозик ирғиб ўрнидан турған эди, қизлар кўрпага яшириндилар.

— Оғзингға аямай ураман, Наврўз!

Кўрпа ичида қизларнинг пиқиллаши эшитилса ҳам, бояғи тўполон биткандек бўлди.

— Уйғоқмисан, Гулшан опа?

— Гапуравер.

Қизларға яна бир мартаба танбеҳ ясағандан кейин Нозик ўз ўрниға келиб ўлтурди.

— Бир кун эрталаб биз ҳаммомдан келар эдик, — деб ҳикоя бошлади Нозик, — бизга йўл устидан бир йигит ҳамроҳ бўлди…

— Эски дард, — деди аллаким, қизлар пиқиллашиб юбордилар.

—  Эски  гап  бўлса,  кишини  эшиткали  қўймайсанларми?..  Мен  Гулшан  опамга  сўзлаб бермакчиман, сенлар эшитмасанглар, ухлаларинг ё бўлмаса, сўзни сўзга қовиштирларинг!

— Сўзлай бер, биз тинч ётамиз, — деди Туҳфа, — Наврўз, Қумри, Ҳамроҳ, жим ёт-да, ахир!

— Шундай, Гулшан опа, йўлдан бизга бир йигит ҳамроҳ бўлди. Ўзи қандай йигит деб сўра:

сурма  қўйғандек  оҳу  кўзи  бор,  қизил  олмадек  таранг  юзи  бор,  энди  чиқиб  келган  кўк  майса мўйлаби, Розия хонимникидан ҳам нафисроқ қалам қоши… Устига кийган беқасам тўни ўзига шундай ярашқанки, биз қизлар ихтиёрсиз унга қарашдиқ, а, шундайми, Туҳфа?

Туҳфа тасдиқ қилди, Гулшандан уйғоқлиқ жавобини олиб, Нозик давом этди:

— Ёш, уятчан йигитка ўхшади. Йигирма чоғлиқ қизнинг ўзига тикилганидан уялиб, ерга қаради…  Бизни  ҳаммомга  олиб  борғучи  Насиба  хола  билан  Ҳанифа  доя  эдилар.  Улар  бизни йигитка  айланишкан  ҳолда  кўриб,  тез  юришқа  қистадилар.  Биз  йигитка  қарай-қарай  ночор қадам  босар  эдик.  Йигитча  бўлса  биздан  қолишмай  бирга  келар  эди.  Биз  ўрда  дарбозасига етаёзған  эдик  мен  қайрилиб  орқамға  қарадим.  Ёш  йигит  ҳамон  ўн  қадам  нарида  келар  эди…

Шайтон васваса қилиб кўнглимга бир гап келди. Секин-секин сурилиб, қизлардан кейин қола бордим. Энг орқаға чиқғач, бошимдағи рўймолни олиб, паранжи ичидан ерга ташлаб юбордим…

Дарбозага  яқинлашқан  эдик,  дарбозани  очиб  дарбозабонлар  четлашдилар.  Рўймолим  ерга тушдими, йўқми — билмас эдим, лекин дарбозадан ташқарида тушиб қолишини тилар эдим…

Иш  кутканча  чиқмади,  деб  афсус  қилдим,  чунки  дарбозадан  ўн  адим  ичкарига  кирган  эдик, дарбоза ёпилмасдан яна орқамга қайрилдим. Ўзимдан беш қадам нарида тушкан рўймолимни бояғи йигит энгашиб ердан олар эди. Мен бурулиб йўлимға кета бердим…

— Опа, рўймолингиз тушти!

Юрагим  орзиқиб  тўхтадим.  Йигитча  рўймолимни  келтирди,  тусида  бир  оз  кулимсиш  бор эди.

— Сизникидир? — деб сўради.

— Меники, — деб қўлидан олдим, раҳмат айтиш ҳам эсимдан чиққан. Дўндиқ йигит бошқа сўз айтмади. Рўймолни менга бериб ўрданинг улуғ дарбозасига қараб кетди. Мен бўшашғанча қизлар  орқасидан  ҳарамга  судралдим.  Мен  йигитни  бир  адим  наридан  кўрдим,  товшини  ҳам эшитдим, қўли ҳам қўлимға тегди шекиллик. Ухламайсанми, опа?

— Уйғоқман, — деди Гулшан. — Хўш ундан сўнг нима бўлди?

— Нима бўлғанини ҳозир сўзлаб бераман… Юрагим ўйнаған ҳолда “Қирқ қизлар”ға кирдим, “опа,  рўймолингиз  тушти,  сизникими?”  жумласи  қулоғим  остидан  кетмайди  ва  суврати  кўз ўнгимга келган сайин, юрагим орзиқади. У ёқни ўйлайман, бу ёқни ўйлайман, ўйимнинг бошиға еталмайман, аммо юрагимга бир парча олов ташланған, ёнаберадир. Ичимдаги шу ўт билан гўё мен маст бўлғанман, бошим шишкан, кўзим тинған, юрғанимни-турғанимни билмайман. Нега кўрдим, нега қарадим? Нега рўймолимни ташладим, нега олиб берди, нега ўрдаға киралди? Бу ўзи жин, мени жинни қилмоқчи… Оҳ, яна бир кўрсам эди! Ҳаммом борғанларнинг ҳар биридан сўрайман: “Йўлдағи йигитни сен кўрдингми?” “Кўрдим”… “Кўрган бўлсаларинг сенларнинг ҳам юракларинг  ёнадими,  яна  кўргинг  келадими?” “Йўқ”.  Шундан  сўнг  унинг  жин  бўлғанлиғиға ишониб  қоламан:  мен  жинга  тегишдим,  жин  мени  чалди,  дейман. “Бизнинг  ўрдада  шундай йигит  борми?” “Йўқ”. “Сенлар  ҳам  унинг  орқамиздан  ўрдаға  эргашиб  кирганини кўрдингларми?” “Йўқ”.  Демак,  мени  жин  чалған…  Туҳфа  бўлса: “Сен  пари  йигитка  ошиқ бўлғансан”, деб кулади. Мен унинг сўзига ишонаман. “Балки пари йигитдир, ул ҳам мени яхши кўргандир”,  дейман.  Шундан  кейин  мен  кута  бошладим.  Агар  яхши  кўрган  бўлса,  мени  ўз юртига олиб кетар, деб ўйладим. Эрта кутдим, кеч кутдим, пари йигитдан дарак йўқ. Ўн беш кундан  сўнг  яна  ҳаммомга  бориш  чоғи  етди.  Мен  сўйиндим,  балки  бу  кун  парилар  юртига кетарман, деб ўйладим. Шу орзуда ҳаммадан илгари мен отландим. Бордиқ. Ҳаммомдан чиқиб пари  йигит  билан  учрашкан  жойға  яқинлашқан  эдик,  юрагим  ўйнай  бошлади.  Учрашилганда қиладирған  ишоратларни  ўйлаб  қўйған  эдим.  Агар  четдан  туриб  ўзига  имласа,  қизлардан ажралиб  қолмоқчи  эдим.  Маълум  жойға  етдик…  Пари  йигит  йўқ.  У  ёқ-бу  ёққа,  тор  кўча ичларига  қарадим,  яна  йўқ.  Баданимга  совуқ  тер  чиқди,  қизлардан  ажралиб,  йўлда  тўхтаб қолғанимни ҳам билмайман. Бир вақт Насиба холанинг чақирған товши билан кўзим очилди ва не  зайдда  қизларға  етиб  олғанимни  билмадим.  Ўрда  дарбозасига  еткунча  неча  қайта  орқамға қарадим, — деди  Нозик  ва  узоқ  тин  олиб,  бир  оз  тўхтади. — Шундай,  мен  пари  йигитка ошиқман. Уч ойдан бери ошиқман, Гулшан опа.

— Пари йигитка ошиқмисан, хе-хе-хе.

— Нега куласан, Гулшан опа?.. Ишонмасанг, Туҳфадан сўра.

— Ошиқлиғингға кулмайман, — деди Гулшан яна кулиб. — Сен айткан йигит пари эмас.

Нозик ўрнидан сапчиб турди.

— Ким бўлмаса?

— Одам!

— Одам? Сен уни кўрганмисан?

— Кўрганман… Ўзи бизнинг ўрдада… Ҳозир пойгачининг ўрниға ким ўлтурган, биласанми?

— Биламан, мирзо Анвар отлиғ киши.

— Сен ошиқ бўлған “пари йигит” шу…

Туҳфа бирдан хахолаб юборди. Бу кулгидан уйқуға борған қизлардан баъзиси сўчиб кетди.

— Мирзо Анварга ошиқ бўлған экансан, Нозик.

Нозик ҳамон қотиб турар эди…

— Шу қадар ёш йигит мирзобоши бўлғанми, Гулшан опа?

— Бўлған.

— Бўлса ҳам арзийди, — деди Нозик, — ўзи уйланганмикин?

— Мен қаёқдан билай, уйланганми, эмасми?.. Уйланмаган бўлғанда ҳам сени олмас.

Нозик бир-неча вақт жим қолди…

—  Албатта  мени  олмас, — деди  Нозик,  унинг  товшида  шу  чоққача  эшитилмаган  бир синиқлиқ оҳанги бор эди. — Албатта, сен айтканча, мени олмас. Менга ит теккан, мен…

Гулшан  жавоб  бермади.  Бир  оздан  сўнг  қатордан  пишиллаган  товушлар  эшитилди  ва  бу пишиллашни ора-чора пиқ-пиқ йиғлаған товуш бузар эди.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 73-74-қисм

73 Ўзимизнинг Тарлонни миниб, уйга келдим. — Чопиб бориб, дўхтирни айтиб келинглар! — дедим. Худойқул дўхтир бир қутича кўтариб келди. Оғриқ қўлим енгини силкиб тортди. Мен ...

Мeҳробдан чаён-ҳарам

Янги ўрда юқорида ёзғанимиздек, ҳақиқатан шукуҳлик, хушманзара бино қилинған эдиким, унинг ҳозирги харобасидан ҳам кўрса бўлур.  Ўрда  қўрғонининг  ташқари  айланаси (тўрт  ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-3

Улар онаси билан хайрлашиб ҳовлидан чиқишганларида, керосин арава шақирлаб катта тошлоқ ариқдан ўтганида Султонмуротнинг юраги қувончдан ҳаприқиб, отларнинг туёғидан ...