МEҲРОБДАН ЧАЁН-ЯНГИ “ҲУНАР”

Ичкаридан  чиқиб  келган  махдум  мирзобошини  кутиб  ўлтурғучилар  ичида  мулла Абдураҳмонни ҳам кўриб қолди.

— Бахайр, мулла Абдураҳмон, бахайр… Ваалайкум ассалом.

Солиҳ махдум мулла Абдураҳмон билан кўришди ва уни кишилардан айириб меҳмонхонаға олиб кирди.

— Хўш, ҳабба… Хўб саломатмисиз?

— Алҳамдулиллоҳ… ўзларининг сиҳҳатлари?

— Парвардигорга минг қатра… Хўш, қадамлариға ҳасанот?

—  Мен  тунови  кунги  марҳаматлари  юзасидан… — деди  мулла  Абдураҳмон, — башарти мирзо Анвар жаноблари мувофиқ кўрсалар, муншийликка кирсамми, деган ниятда…

— Кўб яхши, кўб яхши, — деди махдум, — не ғаройиблиғи бор, илмингиз кофий, фақат иншо…  иншодаги  нуқсонингизға  албатта  Анвар  устозлик  қилар,  қараб  турмас…  Ҳуснихат важида сизга таълим ҳожат бўлмаса керак.

— Таҳрир ва иншода ҳам устозга муҳтожлик оз, — деди бир оз нафси олинған қиёфада, — мирзо Анвар каби бўлмасамиз ҳам ундан берироқ, тақсир…

—  Яна  яхши,  яна  яхши.  Аммо,  лекин  девонхонадаги  барча  мирзо,  муфтиларга  қарағанда Анварнинг таҳрири фасиҳроқ1 эмиш, Бу, албатта, таълим хосияти… Кам-кўст ўрганилса, бешак манфаати бўлур. Хўб… Мирзо Анварга ўзлари тасодиф келмакчиларми ёки мен восита бўлсам дурустми?

— Билмадим… Ўзлари восита бўлсалар ҳам маъқулми, деб ўйлайман?

— Воситалик ҳам дуруст, зеро, хотиржамъ сўзлашармиз, соний сизнинг камолатингиздан мирзобошини қаноатландириш зарурати ҳам бор, — деди махдум ва бир оз ўйлаб тўхтади. — Ҳабба,  девонхона  қавоидича2,  янги  мирзо  малака  ҳосил  қилғунча  вазифа  емас  экан.  Бизнинг Анвар ҳам ибтидо вазифасиз хизмат қилған эди.

— Моҳонада аҳамият оз, зеро, маишатимиз имомат орқасида таъмин, тақсир.

—  Ҳабба,  бу  тарафдан  ҳам  ташвиш  оз  экан.  Иншода  чобакдаст3  бўлиб  олсангиз,  вазифа важҳи осон… Ғайраз, боби олийға алоҳа, калон ва калонзодалар билан робита ҳам кишига кўб манфаат  берадир.  Бу  жиҳати  сизга  кўб  ғанимат, — деди  махдум  ва  товшини  секинлатди. — Имомат  билан  бир  жойға  етиб  бўлмайдир…  Аммо  бу  андишангиз  бениҳоят  маъқул.  Сиз ўзимизнинг фарзандимизсиз; зеро ўз болаларимизнинг ўрда билан алоҳадор бўлишлари бизга айни  манфаат.  Хотиржамъ,  мулла  Абдураҳмон,  мен  Анварга  сизнинг  важҳингизни тушунтирурман. Албатта ўз ёниға олур.

Абдураҳмон махдумга раҳмат айтди ва кетиш учун қўзғалди.

— Қай вақт хабар олсам бўлур экан? Албатта, жавоб ўзларидан бўлса керак?

— Ҳабба, эртага баъдаз бомдод, — деди махдум. — Нега қўзғалдингиз, чой, нон, моҳазар…

— Раҳмат, тақсир.

Махдум  мулла  Абдураҳмонни  ҳавлигача  кузатиб  чиқди  ва  хайрлашиб,  Анварни  кутиб ўлтурганлар ёниға келди. Ҳар кимдан аҳвол ва кутиш учун сабаб сўради. Тўни янгироқларнинг болалари  қаерда  ўқушини,  башарти,  шу  даҳадан  бўлсалар,  нима  учун  болаларини  бошқа мактабка берганликларини текширди. Айниқса кутиб ўлтурғучилар ичидаги ямоқ тўнлик, қўли қадоқ бир деҳқон махдумнинг диққатини ўзига жалб эткан эди.

— Ҳў-ўш, ким, ҳали сиз қишлоқдан келган кўринасиз, — деди махдум, — қани, айтинг-чи, касал нима?

Деҳқон махдумнинг ҳурматига ўрнидан туриб, қўл қовиштирди:

—  Ўн  уч  таноп  еримиз  бор  эди,  тақсир…  Чамаси  янғиш  бўған-да,  ўттуз  уч  танопқа  ҳақ соғанлар. Мен шунға арза ёздирайма, деб…

— Ҳиммм, — деди махдум, — қишлоғингизда оқсоқол йўқми?

— Бўған минан, тақсир, қулоқ соладиған эмас. Махдум яна бир мартаба деҳқонни бошдан-оёқ кўздан кечирди.

— Ариза ёздиришқа чақа керак бўлади, ука. Чақангиз бўлмаса, оворагарчиликка арзимайди, иним…

Деҳқон белини тимискилаб, гўё чақасини кўрсатадирғандек ҳаракатланди.

— Чақасиз арзаға келиб жинни бўлғанмизма, тақсир. Махдум деҳқоннинг чақаси борлиғиға қаноат қилса ҳам, Анвардан хотиржамъ эмас эди. Чунки “зарношунос” Анварнинг шу деҳқонға ўхшаш камбағаллар ишини битириб бериб, улардан “чақа” олмаслиғини билар эди. Ҳатто шу тўғрида  Анварга “бу  ишингиз  зарношунослиқ,  болам”  деб  насиҳатлар  қилса  ҳам  бир  натижа чиқмаған, шунга биноан “заршунос” махдум яқиндан бери қизиқ бир ҳунар ижод қилған эди.

Махдум кўпинча кишилар Анварга учрашиб тарқалғунча, йўлакда ўлтуриб олар эди. Анварга йўлиқиб чиққан ҳар бир кишини тўхтатиб, натижани билар, ариза ёздирған ёки бошқача бир кенгаш олған бўлса, ҳақ берган, бермаганлигини сўрар, Анвар берилган ҳақни олмай қайтарған чиқса, дарҳол — “сиз чақани оз бергансиз-да, мўлроқ берсангиз, албатта олар эди. Хўб, майли, борини менга ташлаб кетинг, ўзим уни кўндирарман”, деб ариза ёздирғучининг бор ақчасини қоқмалаб  қолар  эди.  Ҳатто  баъзи  вақт  икки  оғиз  сўз  билан  қайтиб  чиққан  кишидан  ҳам  бир нарса ундиришка тиришар, “мишиқ офтобга текин чиқмайдир, сиздан ақча сўрашқа ийманган-да, менга бир нарса ташлаб кетсангиз, ўзим унга бериб қўярман. Ўзингизга беришка уялибдир, деб айтарман. Ҳабба, яна ишингиз тушишига яхши-да,” дер эди.

Шу йўсун махдум бир неча ҳафтадан бери бу “ҳунар”ни ўзига касб қилиб олған, Анвар ариза ва  кенгашдан  бир  пул  ишламаган  кунларда,  ул  неча  тангаларни  йўлакда  ўлтуриб  топар  эди.

Кишиларни  жўнатиб  хотиржамъ  бўлғач,  жарақ-жарақ  ақча  билан  ичкарига  кириб  кетар, ичкарида бу кунги “даромад”ни санаб, бир пулни беш пулдан, тангани чақадан ажратиб, “ҳе, гап билгунча  иш  бил,  бачча  талоқ”,  деб  ўзича  кулар  эди.  Албатта,  бу  ҳунарни уй  ичидагилардан яширар, айниқса, Анвардан “беҳад” андиша қилар эди.

Махдум аср намозига кеткан пайтда Анвар ўрдадан қайтиб келди. Махдум шошиб ва асрни чала ўқуб келса ҳам, яна бахтлик одамлардан анчаси ишни битириб тарқаған эдилар. Махдум аттанг  ўқуб  меҳмонхона  даричасидан  қайтди,  аср  азонини  кеч  айткан  сўфидан  ранжиди.

Ичкарида  яна  бир  неча  киши  кўрингани  учун  эски  одатича,  гўё  биравни  куткандек,  йўлакка келиб турди. Бир оздан кейин меҳмонхонадан бир мулланамо чиқиб келди. Махдум чиқувчини ёқтирмағандек ер остидан кўзини ғилайлатиб қарағач, бирдан вазиятини ўзгартди:

— Ассалому алайкум, келган эканлар, тақсирим!

—  Ваалайкум  ассалом!  Хўб  саломатмисиз,  Солиҳ  махдум?  Мирзо  Анварда  андак юмишимиз  бўлур  экан…  Яшағурингиз,  кўб  зийрак  бола:  кичкина  ариза  ёздириб  олдим…  Хўб саломатмисиз, махдум?

Махдумнинг оғзидан ҳар турлук такаллуфлар чиқса ҳам унинг нима учун ариза ёздирғанини сўрамади. Чунки бу одам шу ўртанинг эшонларидан бўлиб, гадойдан хайр кутиш маъносиз эди.

Мундан  бошқа,  эшонни  сўзга  тутса, “келаси  даромад”нинг  ҳам  қўлдан  кетиш  эҳтимоли  бор, шунга биноан махдум сўзни мухтасар қилмоқчи бўлди:

— Кўб яхши, кўб яхши, келиб турсинлар, тақсирим!

—  Келамиз,  келамиз…  Мирзо  Анварга  фотиҳа  ҳам  лозим.  Ўзингиз  бир  зиёфат  қилиб чақирай ҳам демайсиз, махдум… Мен мирзога айтдим: бу хизматингиз билан қутулмайсиз, бир зиёфат  қилиб  чақирасиз,  дедим.  Мирзо  кўб  сахий  табиъат  кўринади.  Қачон  келсангиз зиёфатимиз  тайёр,  эшон  почча,  дейди.  Болаларнинг  тўйини  қилар  эмишсиз,  деб  эшитдим.

Мирзодан  сўрасам,  кулгулик  билан  тўғри  жавоб  бермади.  Кори  хайрни  тўхтатмаған  яхши…

Хўш, тўй қачон, махдум?

Махдум  бу  дуру  дароз “бемаънилик”дан  анча  тоқатсизланған,  ичкаридан  киши  чиқиб кетмасин, деб кўзи бесаранжом эди.

— Тўйни кўкламга бошласақ, деб турибмиз!

— Фурсатни узоққа олибсиз-да. Хайр, ҳар нарса вақти соатига етиб бўладир. Тўйларингиз ҳам кичкина бўлмас деб ўйлайман. Тўрт даҳанинг казолари ҳам тўйға айтилсалар керак, ҳарам хонимларини ҳам бир кун кутарсиз… Зеро, куяв болангиз кичкина одам эмас. Бирар минг тўн кетиши  бу  ерда  турған  гап.  Албатта,  тўйға  келганларнинг  қўллари  қуруқ  бўлмас…  Ҳарам хонимлари  бўлса  юз  тиллолиқ  сарпосиз  келмаслар,  қизингизға  чўри  ҳадя  қилсалар  ҳам  ажаб эмас. Албатта даромадга яраша буромад, деган гап бор…

Махдум, меҳмонхонадан юриб келган оёқ товшини эшитиб, ёмонлаған отдек типирчилади.

Эшон бўлса ҳамон булбул каби сайраб борар эди:

—  Тўйдан  қўрқиш  керак  эмас.  Кори  хайрникини  оллоҳ  таолонинг  ўзи  еткирар  экан.

Сизнинг  тўйингиз-ку,  албатта,  бошқаларникидан  кўб  катта  бўладир.  Яна  шундай  бўлса  ҳам таваккал  билан  қулочни  кенг  ёза  бериш  керак.  Худо  хоҳласа,  тўй  кунларингиз  ўзим  келиб турарман. Тўй кўрмаган киши учун, албатта, одам кутиш қийин. Лекин менга ўхшаш одамдан иккитаси бир кунда беш минг кишини кута оладир.

Меҳмонхонадан  чиқиб  келган  бир  хотин  киши  эди,  уларнинг  ёнидан  шовиллағанча  ўтиб кетди. Махдум олазарак гоҳ эшонға, гоҳ хотинға қараб қолди.

— Аёллар бўлса ичкаридан хотиржамъ бўлишсин… Бизнинг аёллар тўйда хотин кутиб жуда омилкор  бўлишиб  қолған.  Тўйдан  бирар  ҳафта  илгари  хабар  берилса,  албатта,  бош  усти, аёлларни  юборамиз…  Хаёлингиз  паришон  кўринади,  махдум,  бирар  аъзонгизда  алам  борми, мулла Солиҳ?

Ҳақиқатан ҳам махдум ҳозир жуда бесаранжом бўлған эди. Чунки меҳмонхонадан иккинчи оёғ товши юриб келар эди.

— Йўқ, баҳузур.

—  Шундай,  тўйда  одам  кутишдан  хотиржамъ  бўласиз.  Тўйдан  илгари  ҳалиги  зиёфатни унутманг-чи, мулла Солиҳ. Шу баҳонада мирзо Анвар билан ҳам бир суҳбатлашайлик…

Бояғи  деҳқон  йўлакдаги  икки “ҳурматлик”  зотка  таъзим  қилиб,  дарбозага  ўтди.  Бетоқат махдум эшоннинг сўзига қулоқ солмай:

— Сиз тўхтаб туринг-чи, ука, — деди. Деҳқон нарида тўхтади. Эшон яна сўзида давом этди:

— Агар фурсатингиз бўлса, мен шу ҳафта ичи бўш эдим, мирзо Анвар ҳар қачон ҳам тайёр экан. Такаллуфнинг  унча  қам  ҳожати  йўқ.  Мантими,  сомсами,  ишқилиб,  огизға  ёқадирғанроқ  таом бўлса кифоя… Вақтини белгилаб, мактаб болаларидан бирини бизнинг уйга юборсангиз бас.

— Хўб, тақсир.

— Бўлмаса, гап шундай бўлсин. Узингиз ҳам бизни йўқлаб уйга борсангиз, қадамингиз кира тилайдими? Хайр, мулла, Солиҳ, кўргунча худойнинг паноҳига.

— Хайр, тақсир, хайр.

Махдум  эшонни  ҳатто  дарбозагача  кузатиб  чиқишға  ҳам  энсаси  қотиб,  деҳқон  ёнида тўхтади:

— Нима гап, ариза ёздирдингизми, ука?

—  Йўқ,  тақсир, — деди  деҳқон, — тақсирим  шу  қовозни  питиб  бердилар,  танопчиға кўрсатадуған қовоз экан.

— Кўб яхши, — деди махдум, — қалам учи бердигизми?

— Йўқ. Чақа берсам олмади, тақсирим.

— Озғина бер…

Махдум “озғина  бергансиз”  демакчи  эди,  бироҳ “озғина  бер”  билан  тилини  тишлаб,  дами йчига  кетишка  мажбур  бўлди.  Чунки  ҳозир  меҳмонхона  томондан  Анвар  келиб  чиққан  ва махдумга салом берган эди…

— Ваалайк… Мен, шундай, масжиддан, — деди махдум шошқан ҳолатда ва ўз оғзиға қараб турған деҳқонға ишорат қилди, — ишингиз биткан бўлса боравуринг.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1 Фосии — чиройли.

2 Қавоид — қоидалар, тартиблар.

3 Чобакдаст — чаққон, эпчил.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-рўмоннинг мавзуъи тўғрисида

Туркистон феодалларининг кейинги вакили бўлған Худоёрнинг ўз хоҳиши йўлида деҳқон оммаси  ва  майда  ҳунарманд — косиб  синфини  қурбон  қилиши,  мамлакат  хотин-қизларини ...

“меҳробдан чаён” романи инглиз тилига таржима қилинди

Самарқанд давлат чет тиллари институти ректори Илҳомжон Тўхтасинов адиб таваллудининг 125 йиллигига “Меҳробдан чаён” романини ўзбек тилидан инглиз тилига таржима қилди. Асар ...

Ой этак билан ёпилмас

4. ОЙ ЭТАК БИЛАН ЁПИЛМАС Чой тугалган эди. Отабек фотиҳа ўқуб, ўрнидан қўзғалмоқчи бўлди. — Турма! Юсуфбек ҳожи тарафидан берилган амирона буйруғ Отабекни қайтадан ўлтуриб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400