МEҲРОБДАН ЧАЁН-ҚИЗИҚЛАР

Зокир-гов хонға қуллиқ қилди ва икки-уч қадам бордон томонға юриб, бутун товши билан чақирди:

— Баҳромбой! Ҳов, Баҳромбой!!!

Бордон  ичидан  бир  оёғида  кафш,  иккинчиси  кафшсиз  олди  очиқ  кир  яхтагидан  бадани кўринган, бир қўли билан елкасини қашиб, иккинчиси билан иштонбоғини ушлаган, бош ялан бир йигит чиқди.

— Эшак ҳанградима! — деди Баҳром ва уёқ-буёққа алонғлаб олғандан кейин, яхтагининг чокини ахтарди. — Сингли талоқ битни қочирдим-да! (Кулги.)

— Баҳром деяпман, менга қара!

— Э-эй, Зокир ака, сен чақирдингма… Ҳа, нима гап?

— Хонни кўндирдим!

— Кўндирдингма?.. Мен ҳам айтдим-ку, хон ўзи лақма эмиш, деб. (Кулги.)

— Улар қани?

— Уларингма? Уларинг ичкарида ятипти.

— Нима қилиб ятипти.

—  Қўй  десам  бўлмади,  бир  пой  кафшимни  икави  ҳузур  қили-и-иб  еб  ятипти!  (қаттиғ кулги.)

Зокир-гов аччиғланди.

—  Сенларга  ҳеч  бир  ақл  кирмади-да…  Энди  хоннинг  олдиға  бир  пой  кафш  билан чиқасанми?

Баҳром ўйланиб бошини қашиди.

— Чиқсам чиқавураман-да. Хонинг ҳам менга ўхшаған бир одам-да, ака! (Кулги.)

— Кир, кир, падарлаънат, даррав уларингни олиб чиқ!

Баҳром елкасини қашиб, кафшлик оёғи билан кафшсиз оёғини “тапчип, тап-чип” ерга босиб ичкарига кириб кетди. Бир оздан сўнг икки ҳамроҳини бошлаб чиқди. Чиққанлардан бири пак-пакана,  юм-юмалоқ,  лўп-лўнда  бир  махлуқ  эди.  Унинг  гавдаси  бу  қадар “келишкан”  бўлиши устига, башараси ҳам шунга монанд тушкан, томоғининг остида чўгури қовундек бўқоқ ғовлаб ётар  эди.  Унинг  гавдаси  мисоли  бир  гупчак  бўлса,  шу  гупчакнинг  юқорисиға  катта  бир  сув қовоқни бош бўлсин, деб ўрнатқан эдилар. Ва бу ялтир қовоқнинг бетида кўз бўлиб, қуёшда қовжираган иккита ғўлун туршак, оғиз ерида бир кафш, бурун ўрнида юқориға қараб ўрмалаған баҳайбат  бир  қурбақа  ва  қулоқ  мақомида  сув  қовоқнинг  икки  бағрига  тиралған  икки  ошлов турар эди. Қош ва бошдағи соч тўғрисида оғиз очиб бўлмас, аммо беш-ўн тук, яъни соқол-мурт ғира-шира кўзга чалинар эди. Сепкил ва чечак доғи бу бетни “музояқакор” қилиб кўрсатканидек оёғидағи чориқ, устидаги қисқа, эски алак чопон, белидаги беш-ўн айлантириб боғланған бўз белбоқ, бошининг учдан бир қисмигагина қўниб ўлтурган тор пилта тўппи бир “ҳусн”га яна бир юз “ҳусн” қўшиб арз қилар эди. Бу махлуқ доимий ўрдада турадирған хоннинг кундалик қизиги мулла Бахтиёр эди. Иккинчиси мулла Бахтиёр билан ўчакишкандек, жуда узун бўйлиқ, ғилай кўзлик, ажина қошиқдек юзлик, қотма, ўзининг бўйидан ҳам узунроқ тўн ва бошиға қаландар кулоҳи кийиб, ялан оёғ, ўрта яшар Давлат исмлик яна бир қизиқ эди. Зокир-гов буларни қарши олди.

—  Э,  ҳаромзодалар, — деди  Зокир-гов  қўлини  пахсалаб, — андак  нафсларингни тийсанглар, хотинларинг талоқ бўладими?! Бунинг бир пой кафши қани?

Баҳром  маъюс  бўйин  солиб  турди,  Бахтиёр  билан  Давлат  лабини  артиб,  бир-бирига қарашди: — Айт! — Сен айт.

— Нима деб айтаман? — Еганимиз йўқ, деб айт…

Бахтиёр  икки  қўли  билан  белбоғиға  такя  қилиб,  қаддини  ростлади  ва  бошини  бир  оз орқасиға мойил тутиб, қаққайди:

— Билиб сўзла, ака, биз еганимиз йўқ! Зокир-гов индамасдангина Бахтиёрнинг ёниға ўтди ва озорсиз қилиб унинг намойишкор кўриниб турган бўқоғини салмоқлади:

—  Кафшнинг  ўкчаси  тиқилиб  қолипти-ку,  иним! — деди  Зокир-гов,  кучлик  кулги кўтарилди.  Сўнгра  вазиятини  ўзгартириб,  уларга  уқдирди: — Биз  ҳозир  хоннинг  ҳузурига борамиз,  эшитасанларми…  Учавинг  ҳам  адаблик,  мутавозиъ1  бўлиб  кўрин.  Хонға учрашканларингда,  икки  букулиб  қуллиқ  қил,  ундан  кейин  хонни  дуо  қиласанлар.  Тузукми?

Қани, келаберларинг орқамдан!

Тўрттави, бири орқасидан бири чизилишиб, шаҳсуфа ёниға бордилар. Зокир-гов зина ёнида тўхтаған эди, орқадағилар бир-бирига туртинишиб, бири у ёққа, бири бу ёққа, учунчиси хонға орқа ўгирган ҳолда тўхталишдилар. Бу ҳолдан хабарсиз Зокир-гов уларни хонға тақдим этди:

— Қулбаччаларингиз … саломга келдилар. (Кулги.)

Зокир-гов  уларнинг  ҳолидан  хабар  топиб,  шошди  ва  ошиқиб,  уларнинг  бетини  хонға қаратди.

— Ҳай, бепадарлар, ҳай, беадаблар… тўғрингда ўлтурган кишига баробар қуллиқ қил.

Учави баробар қуллиқ қилдилар, кулги бошланди. Чунки уларнинг ҳар бири бошқа кишига қуллиқ қилиб, хон четда қолған эди.

Зокир-гов хонға узр айтиб, уларни койиди:

— Кимга қуллиқ қилдинглар?!

— Тўғримизда ўлтурганга.

— Лўнда бўл, лўнда; учавинг ҳам!.. Дуо қил, дуо!

Учави дуоға қўл очти, қўл очқанча бир неча вақт қарашиб турди, сўнгра тирсаги билан бир-бирини  туртиша  бошлади. “Сен  қил,  сен…”  (Кулги  кўтарилди).  Улардан  дам  чиқа  бермагач, Зокир-говнинг ўзи қўл очти:

— Омин де, ҳўкузлар! — деди. Улар “омин, омин” деб турдилар. — Шояд дуо қабул бўлса…

Оллоҳ  таолонинг  мулла  Бахтиёр  ва  Давлат  каби  закки  бандаларига  бизнинг  эҳтиёжимиз  йўқ.

Шунинг учун дуо қиламизки, бу учавининг жонини тезроқ олсин ва бандаларини бу фалокатдан қутқарсин, омин!

Учави ҳам фотиҳага юз сийпашкан эдилар, яна атрофни гуррр эткан кулги бости. Фотиҳадан сўнг Зокир-гов уларни йўлға солди:

— Тилак қил, тилак; бақрайиб турасанларми? Учави яна бир-бирини туртишиб, ўз ора бир нарса сўзлашиб олдилар. Давлат нимадир айтиб, суфага ўлтурганларга ишорат қилди… Орадан Баҳром тилакка оғиз очти:

— Салла — калла, шопу шалопни кўриб, ўзимиз ҳам жуда қўрққанға ўхшаймиз… Манови Давлат бўлса — “Бу ўлтурганларнинг ҳаммаси ҳам одамхўр”, деяпти. (Кулги.) Энди тилагимиз шуки,  бизларга  жавоб  берсалар,  жойимизга  тинчкина  кетсак…  (Кулги.)  Илоҳи  мана  шу ўлтурганларга худойим инсоф берсин… (Кулги.) Юрагимиз жудаям чиқиб кетаяпти! (Кулги.)

—  Ҳай,  тилакларинг  билан  бориб  ёт! — деди  Зокир-гов  ёниға  уриб. — Қочиб  қол,  еб қўяди!!

Орадан “дод”  деган  товуш  чиқди,  учави  ҳам  уч  томонға  қочар  экан,  Бахтиёр  Давлатнинг оёғиға чалиниб йиқилди. (қаттиғ кулги.) Баҳром билан Давлат олпонғ-толпонғ бордонға кириб кетдилар… Зокир-гов Бахтиёрни тутиб қолди.

— Қўй, ака, қўй! — деб йиғлади Бахтиёр, бекорга ўлиб кетмай, бала-чақам бор?

— Емайди сени!

— Ейди, ака, ейди! Манови бекингаинг кўзига қара…вой-воя-а-а, қўювор! (Кулги.)

— Мен сенларга аччиғ айтим-а, падар лаънат!

— Менда ўчинг борға ўхшайди, ака! Анови домланг нах одамхўрнинг ўзи, кийимингни ҳам ешдириб ўлтурмайди… Уяғини сўрасанг, хонингға ҳам ишонмай қолдим! (Кулги.)

Бахтиёр  силтаниб  Зокир-говнинг  қўлидан  чиқди  ва  ғилдирағандек  бордонға  қараб  қочти.

Зокир-гов ҳам уни қувлағанча бордонға кирди.

Бир  оздан  сўнг  тузукроқ  кийимда,  бошиға  салла  ўраб,  оёғида  сағри  кафш  билан  қўлида жойнамоз каби бир нарсани кўтариб бордондан Давлат чиқди. Хонға таъзим қилғандан сўнг, жойнамозни  ерга  ёзди.  Хонға  яна  таъзим  қилиб: “Шайхулислом  Валихон  тўра2  шу  ерга марҳамат қилар эканлар!” — деди. Хон мулла Ниёз домланинг ёнида ўлтурган шайхулислом Валихон  тўрага  қаради.  Аҳволга  тушунмаган  шайхулислом “Нима  гап?”  дегандек  қилиб, жойнамоз  ёнидағи  Давлатка  кўз  қирини  ташлади.  Давлат “Ҳеч  гап”  деган  ишорани  бериб, бордонға қайтиб кетди. Демак, ҳозир шайхулислом Валихон тўрага муқаллид бўлмоқчи эдилар.

Буни  пайқаған  халқ  секин-секин,  бир-бириси  билан  имлашиб,  кулимсишдилар  ва  барчанинг кўзи бордон уйда бўлди. Бир вақт бордон эшигидан банорас тўн кийиб, ўнг қўлиға асо ушлаган ва сўл қўлида адрас рўймолға тугиклик китоб кўтарган, шайхулислом Валихон тўра (Зокир-гов) кўринди. Шайхулислом каби қадди бир оз букик ва қадам қўйиши ҳам Валихон тўрадек икки гарафка мойил эди. Барчанинг кўзи ва диққати ҳар икки шайхулисломда бўлди. Хон ёнидағи ҳақиқий шайхулислом эса қип-қизарған ва ҳар он “тавба” деб қўяр эди.

“Шайхулислом” йўл устида тўхтади ва ерда тушиб ётқан бир нарсани асосининг учи билан текшириб кўрди ва уни туртиб четка чиқарғач, йўлида давом этди.

Кўбчилик  чидалмади,  гур  этиб  кулиб  юборди.  Валихон  тўранинг  ўзи  ҳам  тавба  аралаш кулиб  қўйди.  Чунки  Зокир-гов  ҳеч  бир  нуқсонсиз  муқаллид  бўлмоқда  эди.  Жойнамоз  ёниға етди, асосини шайхулислом асоси ёниға тиради, кафшини ешиб, жойнамозға чиқди. Ўлтуриб китобни тизасига қўйди ва пичир-пичир дуо ўқуб юзини сийпади.

“Шайхулислом” уёқ-буёқни қарағандан кейин чақирди:

— Мирзо Ҳамдам-ҳай, мирзо Ҳамдам-ҳай!

Кулги кўтарилди, айниқса, шайхулислом ёнида ўлтурган домлалар қаттиғ кулдилар.

— Мирзо Ҳамдам-ҳай…

Бордондан Баҳром чиқди, ул ҳам муллаёна кийинган эди.

— Лаббай!

Баҳром “шайхулислом”  қаршисиға  келиб,  салом  берди. “Шайхулислом”  жавоб  бериб, жойнамоз ёниға ешкан кафшига қаради.

— Ҳай, шу кафшимни бир пок қилинг, мирзо Ҳам-дам. — “Мирзо Ҳамдам” тавозиъ билан чўнтагидан  рўймолини  олиб,  кафшни  арта  бошлади  ва  шу  вақтда  бордон  ичидан,  ул  ҳам муллаёна кийимда мулла Бахтиёр чиқиб келди; “шайхулислом” қаршисиға келиб, салом берди.

— Ваалайкум ассалом! — деди “шайхулислом” ва келгучининг апти-бошиға қараб олди. — Шинед, бачча, шинед!

Бахтиёр ўлтурди.

— Хўш, писар, чи гап?

—  Тақсир…  сизга…арзим  бор  эди…  Подшоҳимиз  янги  мадраса  бино  қиғанлар,  деб  илм талабида қишлоқдан тушкан эдим; бир ҳужра берсангиз, деб сизға арзға…

— Хўб, хўб… Шумо гужойи?3

— Тақсир, Олтиариқдан…

— Аттанг, аттанг, — деди “шайхулислом”, — барвақтроқ келмабсиз-да, бачча, акун4 ҳамма ҳужраларга жой йўқ, муллабаччалар жойлашиб қолган.

— Муллаларнинг арасиға қўйсангиз ҳам бўлавуради менга, — деди тавозиъланиб Бахтиёр.

— Биз қишлоқ одами… сиқилишсақ ҳам ётавурамиз, тақсир!

— Хўб, хўб… Акун ҳужраларимиз муллабаччалар минан беҳад тўлган, ҳолонки бир тариқ ҳам сиғмайди, биз дуруғ сўзламаймиз, бошидон5

Ҳақиқий шайхулислом масалага тушуниб тер чиқара бошлади. Бахтиёр (муллабачча) маъюс фотиҳа  ўқуб “шайхулислом”  ҳузуридан  кетди. “Мирзо  Ҳамдам”  кафшни  туфлаб,  тозалаб бўлғандан  кейин “шайхулислом”нинг  қаршисиға  ўлтурди.  Нариги  ёқдан “шайхулислом” рўбарўсига Давлат келиб тўхтади.

— Ассалому алайкум, тўра почча! — деди Давлат ва кафшини ешиб келиб, “шайхулислом” билан  қўл  олишиб  кўришди. — Хўб  саломат,  офият  хастедми6,  тақсир? — Худоро  шукур, худоро шукур.

Давлат рухсат, фалон кутмай “шайхулислом”нинг ёниға ўлтуриб олди.

— Ба жаноб арз… — Бисёр хўб, арз кунед7.

— Очиқ гав: бизга бир ҳужра берсалар, деб келдик-да, тўра почча!

— Хўб… Гужойи?

—  Тақсир,  чустий,  ба  жаноби  шумо  ҳамшаҳрий8. — Яъни  писари  ки? — Писари  усто Муҳаммад собунгар. — Хўб, хўб, — деди “шайхулислом” ва “мирзо Ҳамдам”га буюрди, — ба ҳамин одам як ҳужра додан гир9!

Давлат дуо қилиб “шайхулислом” ҳузуридан кетди. Қўқонлиқ муллабачча рўлида Бахтиёр келди. Унга яна: “Биз дуруғ сўзламаймиз, мадрасамизга бир тариқ ҳам сиғмайди”, деган жавоб бериб  жўнатилди.  Давлат  яна  чустлик  бир  толиби  илм  бўлиб  келган  эди, “мирзо  Ҳамдам” орқалиқ “додан  гир!”  буйруғи  берилди.  Қаттиғ  кулги  кўтарилди.  Хон  ва  домла  Ниёзнинг кўзларига ёшлар чиқди. Аммо шайхулислом дам-бадам манглай терини артиб олар эди. Зокир-гов  хонға  қуллиқ  қилиб,  шогирдлари  ёниға  борди.  Хон  ва  раъият  янги  қизиқлиқни  кутиб қолдилар.

 

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


 

1 Мутавозиъ — кибрсиз, одобли, таъзимли.

2 Бу киши асли чустлик бўлиб, шайхулислом ва янги солинған Ҳоким ойим мадрасасининг бош мударриси (муал.).

3 Шумо гужойи — сиз қаерликсиз.

4 Акун — (акнун) — энди.

5 Бошидон — ўргулай.

6 Офият астедми — тинчмисиз.

7 Жуда ҳам яхши, арзингизни айтинг

8 Чустликман, сиз жанобларига ҳамшаҳарман.

9 Шу одамга бир ҳужра бергин.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-25

ХЎЖАНД, МАРҒИЛОН, АНДИЖОН АМИР ТEМУР САБОҚЛАРИ 1 Бобур минган ёлдор саман от эгасининг изтиробларини сезгандай юган сувлиғини асабий чайнайди, жиловни тортиб, олдинга учмоқчи ...

Юлдузли тунлар-18

1 Бобурнинг қўшини Самарқандни бутун ёз ва куз бўйи қамал қилди. Бойсунқур мирзо етти ой шаҳар дарвозаларини беркитиб ётди-ю, ахири очлик ва танқисликка бардош беролмай, ...

Мeҳробдан чаён-нозик

Гулшан  бояғи  етти  қизлар  ёнида  ухламоқчи  эди.  Нозик  билан  Туҳфа  ўрун  ёзар  эдилар. Қумри Гулшанга шўхлиқ қилар эди. — Сен аҳмоқсан, Гулшан опа! — дер эди Қумри. — ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400