Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 5-қисм

Кун оғди. Ботиб бораётган қуёшдан оташин ҳарорат ёғилар, унга кун бўйи қизиб ётган ердан кўтарилаётган  тоқат  қилиб  бўлмайдиган иссиқ  ҳовур  қўшилар  эди.  Қуёш  ва  чўл  азалдан муқоясада:  кунга  қараб  чўлнинг — офтоб  ўз  сепларини  ёйган  маконнинг  қанчалар  чексиз эканлиги билинади. Чўл осмонининг бепоёнлиги эса калхатларнинг баланд парвозларидан аён.

 

Ўша кунботар чоғи Мўйинқум чўллари узра кўз илғамас юксакларда бир тўп айридум калхатлар учиб юришарди. Улар ҳеч нимани мўлжалга олмай, қанотларини кенг ёзиб, билинар-билинмас укпар парда билан қопланган, доимо салқин кўк денгизида роҳатланиб сузишарди. Улар худди ушбу вақт ва ушбу осмоннинг азалийлиги ҳамда ўзгармаслигидан хабар бергандек, бирининг орқасидан  бошқаси  давра  солиб  айланишарди.  Ўша  онларда  калхатлар  ўзларидан  узоқда, пастда,  қанотлари  остида  нималар  бўлаётганлигини  жимгина  томоша  қилишарди.  Уларнинг кўзлари  ўткир,  ҳамма  нарсани  кўради (ҳа,  аввал  кўради,  сўнг  эшитади).  Худди  мана  шунинг учун  ҳам  улар  чўл  осмонининг  энг  буюк  йирткичлари  ҳисобланишар,  гуноҳкор  ер  узра  эса факат ўлжа олиш ва тунаш учунгина қўнар эдилар.

 

Афтидан,  ўша  дақиқаларда  ўша  кўз  етмас  баландликдан  уларга  чоғроқ  тепа  устида  ола-қуроқ бўлиб ўсган жилғинлар ва тилладай жилвиллаб ётган чийлар орасида жойлашган арлон бўри,  серка  бўри  ва  уч  бўри  боласи  аниқ-тиниқ  кўринган  бўлса  керак.  Бўрилар  юксакда калхатларга  томоша  бўлаётганларини  ҳаёлларига  ҳам  келтирмай,  иссиқдан  тилларини осилтирганча дам олиб ётишарди. Тошчайнар ўзига жуда ёқадиган ҳолатда, олдинги оёқларини чалиштириб,  бошини  баланд  кўтарганча  чўзилган.  Бу  ғажир  бўри  бошқалардан  пот-ҳайбати, келбатининг зўри билан ажралиб турарди. Унинг ёнида калтабақай, йўғон думини тагига босиб, худди тошдан йўнилган санамдай бўлиб серка Акбара чайир қўлларини ерга маҳкам тираганча узала  тушган.  Қанжиқнинг  оқариб  кўринган  кўкраги,  энди  анча  шалвираб  қолган  эмчаклари, ичига  ботиб  турган  икки  биқини  унинг  куч-қудратга  тўлганлиги,  бели  жуда  бақувват эканлигидан  дарак  беради.  Бўричалар  эса  учовлон  шу  атрофда  ғужғон  ўйнашади.  Уларнинг тиниб-тинчимасликлари,  энтак-тентак  шўхликлари,  ҳадеб  суйкалиб  осилаверишлари  катта бўриларнинг зиғирча бўлсин ғашига тегмасди. Майли, тўйиб-тўйиб ўйнаб олишсин, дегандай қарашарди…

 

Калхатлар эса, ҳамон кўкда парвоз қилганча, пастда, Мўйинқумда, кунботар чоғида нималар бўлаётганига совуқ назар ташлашарди. Бўрилар тўдаси жойлашган ердан бир оз нарироқда кенг жилғинзорлар оралаб оққуйруқ сайғоқлар ўтлашарди. Бу сурукдан пича нарида бутазорлараро яна  бир  каттакон  пода  ёйилганди.  Калхатлар  кийикларга  қизиқиб  қараганларидами,  ўнлаб чақиримга чўзилган чўлнинг икки томони ҳам юзлаб, минглаб сайғоқларнинг подалари билан тўлганлигини  пайқашар  эди.  Сайғоқлар  ярим  саҳро-ярим  чўл  мана  шу  ўнғай  ерларни  қадим-қадим замонлардан бери ватан қилиб кўпайишиб келадилар. Сайғоқлар кечки иссиқ қайтишини кутиб,  кеча  салқинда  олис-олисларда  жойлашган  булоқлар  сари  йўл  оладилар.  Айрим  сайғоқ подалари ҳозирнинг ўзида тўп бўлиб сув ичгани йўлга тушмоқда эди. Сув деб улар жуда узоқ масофаларни босиб ўтадилар.

 

Сайғоқ сурукларидан бири бўрилар ётган тепалик ёнидан ўтиб борар, жилвираган қуруқ чий орасидан  оққуйруқларнинг  шувиллаб  ўтиб  турган  сағри  ва  биқинлари,  така  кийикларнинг шохлари  туртиб  чиққан,  ерга  томон  эгилган  каллалари  кўриниб  қоларди.  Улар  ҳавонинг ортиқча қаршилигига учрамаслик учун доимо бошларини қуйи эгиб юрадилар ва бир зум ичида шиддат  билан  югуриб кетадилар.  Табиатнинг  ўзи  уларни  шундай  қилиб  яратган,  улар  ҳар қандай  хавф-хатардан  бемалол  қочиб  қутуладилар.  Сайғоқларга  шу  афзаллик  ато  этилган.

 

Сайғоқлар ўзларига тинч пайтларида. бафуржа бораётганларида ҳам, бир маромда, сира чарчаш нималигиии билмай бўрилардан бошқа ҳеч бир маҳлуққа тутқич бермай йўртиб кетаверадилар. Кийикларнинг сон-саноғи йўқ, уларнинг кучи ҳам мана шунда…

 

Ҳозир улар буталар орасида ётган Акбара галасини ёнлаб ўтиб боришар, ортларидан шамол кўтарилар,  шамолга  поданинг  чанг-тўзони  ва  бадбўй  тер  ҳидлари  аралашиб  кетган  эди. Тумшуқларига урилган бу ислардан бўри болаларининг қонлари кўпирди. Учовлари ҳам ҳавони ютоқиб искашар ва нималигини ўзлари ҳам билмаган ҳолда ўша қонларни жўштирадиган пода иси  анқиётган  томонга,  чийлар  оралаб  ўтиб  бораётган  бўлиқ  таналарга  ташланмоқчи бўлишарди.  Бироқ  катта  бўрилар — на  Акбара  ва  на  Тошчайнар  жойларидан  қимирладилар. Ваҳоланки,  улар  бир  сакрашда  подага  етиб  олишлари,  унга  даҳшат  ва  қўрқув  солиб  ўтиб кетишлари, ҳаёт-мамот талашувида жониворларни буткул ҳолдан тойдириб, сўнг бир қанчасини чапдастлик билан ерга ағанатиб, бўғизлаб ташлашлари мумкин эди. Ҳа, шундай қилса бўларди. Бунинг қийин жойи йўқ эди. Лекин омад келмай ўлжани қўлдан чиқариб юбориш ҳам ҳеч гап эмасди.  Бунақаси  бўлиб  туради.  Ишқилиб,  Акбара  ҳам,  Тошчайнар  ҳам  суруклар  ортидан қувишни  ҳаёлларига  келтирмадилар.  Ўлжа  шундоқ  ёнларидан  ўтиб  бораётганига  қарамай ўринларидан  жилмадилар.  Бунинг  ўзига  яраша  сабаблари  бор  эди.  Ўша  куни  уларнинг қоринлари тўқ эди. Қорин тўқида, куннинг шу иссиғида кийикларни қувиш, қутуриб ов қилиш ўлим билан баробар эди. Лекин, гап бошқа ёқда.  Муҳими, ҳали бўричаларнинг ов қиладиган пайти келмаган эди. Улар қув-қув, чоп-чопга дош беролмай, ўлжани ололмай шаҳдини йўқотиб қўйиши мумкин эди. Юрагини олдириб қўйган, шашти қайтган бўри бўри бўлмайди. Ҳали қиш кирсин, катта овлар бошланади, ана ўшанда кучга тўлган, вояга етган бўрилар нималарга қодир эканликларини  кўрсатиб  қўядилар.  Ўзларига  ишонч  орттирадилар.  Ҳозирдан  ишнинг пачавасини чиқаришнинг ҳожати йўқ. Лекин вақт-соати келсин, ўшанда кўринг буларни! Зўр маърака бўлади ўшанда!

 

Акбара ов тамайида ўйноқлаб, ирғишлаб ўзига осилаверган бўриваччалардан безор бўлганда бошқа  жойга  сакраб  ўтарди.  Чийларнинг  кумуш  укпарлари  оралаб  худди  урчийдиган  пайти дарёдан юқорига қараб сузган балиқлардай ҳаммаси бир томонга қараб бораётган кийиклардан кўзларинй узмай қараб турди. Кийикларни бир-бирларидан сира ажратиб бўлмасди. Акбаранинг нигоҳидан, майли, ҳозир ўтаверинглар, яшаганча яшаб қолинглар, лекин вақти соати келадики, саҳрода нимаики бўлса, яна саҳронинг ўзига қайтади, ундан асло қочиб қутулолмайди, деган маънони уқиш мумкин эди. Бу орада бўриваччалар мудраган Тошчайнарга осилиб, тирмашиб, ўрнидан қўзғаш пайидан бўлишарди.

 

Шунда  Акбара  бирдан  буюк  саҳрога  тушадиган  қишнинг  илк  кунларини  тасаввурига келтирди. Тонгга яқин ҳаммаёқ оппоқ қор билан қопланади. У ярим кун, узоғи билан бир кун туриб, сўнг эриб кетади. Лекин ўша қор бўриларга катта овлар палласи келганлигидан дарак беради. Шундан эътиборан бўриларнинг эс-ҳушлари сайғоқ овида бўлади. Ўша дориламон кунлар ҳали келади. Сойликларни туман ўрайди. Оппоқ, мунгли чийларни қиш қирови босади.

Жилғинларнинг қалин шохлари қор юкини кўтаролмай эгилиб тушади. Ҳарорати қайтган чўл қуёшининг  бети  ҳовурланиб  туради.  Урғочи  бўри  ўша  кунни  кўз  олдига  шу  қадар  равшан келтирдики, бирдан сесканиб кетди: ўпкасига муздай қиш ҳавоси киргандай туюлди, гўё ғуж юлдуз  каби  пишиқ  панжалари  қор  бетига  тушгандай,  ўз  таниш  изларини  ҳам,  ўсиб-улғайиб, феъл-атвори  ҳам  анча  белгили  бўлиб  қолган  болаларининг  изларини  ҳам,  буларнинг  барига ёнма-ён  йирик,  қудратли,  тирноқ  ўринлари  худди  каттакон  қушнинг  қайрилган  тумшуғидай ўйилиб  тушган  изларни — Тошчайнарнинг  омонсиз  изларини  ҳам  равшан  ўқигандай  бўлди.

Кенг ўмровли, бароқ тўшли Тошчайнарнинг панжалари қорга чуқур ботади, унинг куч-қудрати босган изидан ҳам билиниб туради. Тошчайнар сайғоқларнинг кекирдакларига қадалган ханжар, у  чалиб  ўтган  сайғоқ  қизил  қони  билан  чўл  қорини  бўяйди.  Гўё  қонга  беланган  қуш қанотларини тапирлатиб қор бетида ётгандай. Бировнинг қони — бошқа бировга ем. Бирининг қонини ичмаса, иккинчиси яшолмайди. Азал-азалдан шундай, тирикликнинг бошқа йўсини йўқ.

Бунга ҳеч ким қозилик қилолмайди. На ҳақ бор бунда, на ноҳақ. Ким бировнинг қонини ўзга биров учун ем қилиб яратган бўлса, айб ўшанда. (Фақат одам боласигина бошқача қисмат билан яралган: у нонини заҳмат чекиб топади, заҳмат чекиб эт топади. Одам ўз табиатини ўзи бино қилади).

Мўйинқумнинг илк қорига тушган бояги ғужум юлдуздай катта-кичик излар — бўрининг туркум панжалари сойларнинг туманлари оралаб боради-боради-да, шамолдан пана бир жилға бўйида,  буталар  орасида  тўхтайди — бу  ерда  бўрилар  маслаҳат  маърака  қиладилар:  ким қувишга боради, ким пистирмада қолади…

Эҳ,  бир  куни  орзиқиб  кутилган  дамлар  ҳам  келади — Акбара  қор  узра  қорни  билан судралиб,  тўнғиб  қолган  ўтларга  суйканиб,  билинар-билинмас  нафас  олиб,  ўтлаб  юрган сайғоқларга оҳиста яқинлашиб боради, кўзи уларнинг ҳозирча осуда боққан кўзларига тушади ва  шунда  бирдан  соядай  сапчийди.  Ана,  энди  кўринг  бўрининг  куни  туққанини!  Акбара бўриваччаларига  сабоқ  бўладиган  ўша  биринчи  овни  шунчалар  яққол  тасаввур  қилдики, беихтиёр инграб юборди ва сакраб туриб кетишдан ўзини базўр тийиб қолди.

Оҳ,  ўша  илк  қиш  кунларидаги  чўлдаги  ов!  Сайғоқ  суруклари  ўтдан  қўрққандан  бадтар қўрқиб,  қутуриб  қочишга  тушади.  Қорнинг  оппоқ  бети  бир  зумда  қора  чўтирга  айланади.

Акбара ҳаммадан олдинда улар ортидан қувиб боради. Ёш бўрилар — унинг қонидан бўлган насл ортда қолмай чопади.  Ахир қазойу қадар уларни худди мана шу соат,  мана шу ов учун дунёга  келтирган;  улардан  сал  нарида  ҳайбатидан  от  ҳуркадиган,  елдай  илдам,  қудратли Тошчайнар; унинг мақсади битта: сайғоқларни пистирма ётган томонга ҳайдаб бориш, ана ўша ерда  у  ўғлонларига  ов  қандай  бўлишини  кўрсатади.  Ана  қув-қув,  ана  ов!  Акбара  учун  бунда ўлжа олишдан ҳам завқлироқ бошқа нарса бор. Ҳа, ов фасли тезроқ кела қолсайди, чўл бағрида ҳайё-ҳайт қувғин  солиб,  қушдай учиб  кетса…  бўри  ҳаётининг  қизиғи шунда,  лаззати, хумори шунда…

 

Табиат урғочи бўрига шундай ҳаёл ато этган. Яна тағин ким билади, шу сирли ҳаёлларни кейинчалик  аччиқ  алам,  чидаб  бўлмас  ўкинч  билан  эслар. Ажабмаски, булар  дардли  армонга айланар  ва  тез-тез  тушларига  кирар…  Ўша  ҳаёллардан  балки,  фақат  надомат  қолар,  хуноба ёшлар қолар. Ахир, ҳаёл деган нарсанинг ўзи бошида кўнгил мулкида шундай ҳаволаниб пайдо бўлди-ю, сўнг кўпинча илдиз отмай япроқ ёзгани учун муқаррар талафотга юз тутади. Худди баъзи  гуллар  ва  дарахтлар  каби…  Қуруқ  ҳавойи  ҳаёлнинг  қисмати  бошқа  нима  ҳам  бўларди. Яхшилик билан ёмонлик нисбатларини англашнинг аччиқ зарурати ана шундай…

Чингиз Айтматов

 

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 7-қисм

Бунинг  маъноси  шу.  Гўшт  етиштириш  муҳим  эмас.  Муҳими  гўшт  топшириш.  Халқ  олдида, талабчан  юқори  ташкилотлар  олдида  юзни  ёруғ  этишнинг  бирдан-бир  йўли  шу.  ...

Устозим рауф парфи – хотира дафтаримдан

Рауф Парфи Рауф ака кўп хушлайдиган гапларидан бири бу турғунлик замони (1980-йиллар охири) деб аталган пайтларни тожиклар “замони карахти” деб аташидир. Қандай зўр топиб ...

От кишнаган оқшом (қисса) 13-қисм

13 Обширга йигирма отлиқ бўлиб бордик. Сурнай навоси чиқаётган, осмонга қуюқ тутун ўрлаётган тўйхона остонасида оёқ илдим. Бизга Турди подачиникидан жой тегди. Телпаги ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400