Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 8-қисм

«Йигирманчи, менга қара, йигирманчи! Қани, яна бир зўр бер! Яна, яна!» Тепада учиб юрган вертолётларга пастда оппоқ қор узра сел каби оқиб бораётган қутурган қора дарё яққол кўриниб турарди. Қулоқчиндан йигирманчининг чинқироқ овози келади: «Бўпти, зўр берамиз! Ҳа-ҳа-ҳа! Э,  кўряпсанми,  уларнинг  орасида  бўрилар  ҳам  бор  экан!  Ана  холос!  Қўлга  тушдинглар, калтадумлар!  Жонингдан  умидингни  уз,  баччағарлар!  Бу  сенларга  кинодаги «Ҳали  шошмай тур!» эмас!»

 

Қувғинчилар  ҳайвонларни  зўриқтириб,  ҳолдан  тойдириб  қувардилар.  Олдиндан  шундай қилиш келишилган ва кўзланган эди. Худди кўзлангандай бўлди.

Қувғинда  кийиклар  катта,  теп-текис  ёйиқликка  кириб  борганларида  уларни  қурол  тутган отувчилар кутиб олдилар. Вертолётларнинг эрталабдан бери қилаётган ҳаракатлари мана шунга эди.  Булар  овчилар  эмас,  қирувчилар.  Усти  очиқ «уазик»ларга  ўтириб  олган  отувчилар сайғоқларни  қува  кетдилар.  Улар  сайғоқларни  йўл-йўлакай  автоматлардан  ёппасига  ўт  очиб, ҳатто  мўлжалга  олиб  ўтирмай  қиришар,  жониворларни  худди  томорқада  ўт  ўргандай  ўриб ташлашарди. Уларнинг орқаларидан эса юк прицеплари борар — ўлжаларни бирма-бир унинг устига  итқитиб  ташлашар,  одамлар  мўмайгина  ҳосил  кўтаришар  эди.  Эпчил  ва  бақувват йигитлар дарҳол бу ишнинг ҳам пайховасини олишди. Улар ҳали жони чиқмаган кийикларни сўйишар, ярадорларининг орқасидан қувишар ва сўнг уларнинг томоқларига пичоқ тортишарди.

Лекин,  асосий  қиладиган  ишлари  ерда  қонга  беланиб  ётган  кийикларни  кўтариб,  оёқларидан силкитиб, кейин бир зарб билан машина тепасига кўтариб ташлашдан иборат эди. Чўл — чўл бўлгани  учунгина  худоларга  мана  шундай  қонли  солиқ  тўламоқдайди.  Хунғарқоб  кийиклар кузовларга тоғдай уюлди.

Қирғин  эса  давом  этарди.  Машиналардаги  отувчилар  ҳолдан  тойган  сайғоқларнинг  қалин тўпларига ёриб кирар, ўнгу сўлига қарамай уларни отиб қулатар, жониворларни бадтар ваҳима ва  харосонликка  солардилар.  Қўрқинч  аросат  шу  даражага  етган  эдики.  гўё  қиёмат-қойим бўлаётгандек,  отишмалардан  қулоғи  том  битган  Акбарага  гўё  оламнинг  ўзи  кар  ва  гунгга айлангандек, еру осмон остин-устун бўлиб кетгандек, ҳатто кўкда унсиз-овозсиз шуъла сочиб турган қуёшнинг ўзи ҳам улар билан бирга қутурган қувғинга учрагандек ва ўзини тўрт томонга уриб  нажот  қидираётгандек,  ҳатто  вертолётлар  ҳам  ўз  қалдираган,  гулдираган,  чийиллаган товушларидан ажраб, соқов бўлиб қолгандек туюлар эди. Улар поёнсиз зулматга чўмган саҳро узра ваҳимали қора калхатлар каби овоз чиқармай сузиб юришарди… Оммавий отувчилар эса тиззалаб ўтириб ҳам отишар, «уазик»ларнинг бортларидан туриб ҳам отишар, лекин ўқ товуши чиқмас,  машиналар  шамолдек  елар,  сакрар,  кўтарилар,  учиб  тушар,  лекин  уларнинг  ҳам овозлари чиқмас, жинни бўлиб қолган кийиклар гўё қанот чиқариб учар, лекин саслари чиқмас, дўлдай ёғилган ўқлардан қонга беланиб қулар, ағдарилар, лекин овозлари чиқмас эди… Бу охир замон  сукунатига  ўхшарди.  Шунда  Акбаранинг  кўзига  одам  қиёфаси  кўринди.  У  одамнинг қўрқинчли  башарасини  шунчалар  яқиндан,  шунчалар  аниқ-таниқ  кўриб,  шунчалар  даҳшатга тушдики, сал бўлмаса машина ғилдираги тагига кириб кетай деди. «Уазик» унинг шундоққина ёнгинасига  келиб  қолганди.  Анов  одам  белидан  ярмисини  машинадан  ташқарига  чиқарганча олдинда ўтирарди. У кўзини шамолдан эҳтиёт қилиб каттакон кўзойнак тақиб олганди. Ўпкадай қип-қизил  башарасини  ел  ялаб  кетган,  қорайиб  кўринган  оғзига  микрофон  тутган,  ўтирган жойида тинмай сакрар, бутун чўлга эшиттириб алланарсаларни бўғилиб қичқирар, лекин унинг сўзлари  эшитилмас  эди.  Афтидан,  у  қирғин  ва  қувғинни  бошқарарди.  Агарда  шу  онларда Акбара  шовқин-сурон  товушларини  эшитганда  ва  одам  боласининг  тилини  тушунганда  эди, унинг  рацияга  қичқираётган  шу  сўзларини  англаган  бўларди: «Четидан  отинглар!  Четидан! Ҳой!  Ўртасига  отманглар!  Э,  нима  қиляпсизлар!  Ҳаммаси  оёқ  остида  қолиб  кетади-ку!» Ўлдирилган кийикларнинг гўштлари ерда пайҳон бўлиб кетмасин дейди-да…

Шунда  микрофонга  бақираётган  киши  машина  билан  ёнма-ён  қочқин  кийиклар  орасида битта бўри, унинг орқасидан эса яна бир нечта бўрилар чопиб кетаётганлигини кўриб қолди. У бир  силтанди,  алланарса  деб  хириллаб  қичқирди,  ҳаҳ,  шошмай  тур,  дегандай  микрофонни ташлаб, қўлига милтиқ олди ва шу заҳоти уни ўқлади. Акбаранинг қўлидан нима ҳам келарди, кўзига ойнак тутган одам ўзини мўлжалга олаётганлигини у тушунмасди, тушунганда, билганда ҳам, хўш, нима қила оларди — қувғин ичидан чиқиб кетолмасди, бошини панага ололмасди, одам эса ҳамон мўлжалга оларди. Шу Акбарани қутқариб қолди. Нимадир бўрининг оёқ остига тарсиллаб  урилди,  бўри  боши билан  ўмбалоқ  ошиб  тушди,  лекин  издиҳом остида  қолмаслик учун  дарҳол  сакраб  турди,  шунда  тўнғичи  Хумкалланинг  осмонга  баланд  сапчиб,  сўнг  ерга қулаганлигини  кўрди.  Уни  чопиб  кетаётганида  отган  эдилар.  Тўнғичи  ёнига  аста  ағдарилиб, гавдаси  чўзилиб  онтарилганча  ўз  қонига  олуда  бўлиб  тушди.  Балки  у  оғриқдан  увлаб юборгандир. Балки ўлим хавфи – фарёд кўтаргандир, лекин буни бўри эшитмади. Отган одам азбаройи хурсанд бўлиб кетганидан милтиқни боши узра кўтариб нуқул силкитарди. Яна бир дақиқадан  сўнг  Акбара  ўлиб  ётган  боласининг  лоши  устидан  сакраб  ўтиб  кетди.  Шунда  яна унинг қулоғи очилди, оламнинг бутун қийлу қолини эшита бошлади — ана шовқин, ана сурон, ана ола-тасир ўқ овозлари, машиналарнинг гувиллашлари, одамларнинг бақириқ-чақириклари, жон  бераётган  кийикларнинг  ҳирқирашлари…  Кўпгина  сайғоқлар  ерга  таппа-таппа  қулар, оёқларини  типирлатиб  ерда  ётар,  туришга  мадорлари  етмас,  ўпкаларига  ҳаво  тиқилган, юраклари ёрилиб кетган эди… Одамлар шу ернинг ўзида уларнинг томоқларига шартта пичоқ тортиб сўйишар, сўнг яна жони чиқмаган, титраб-қақшаган кийик таналарини оёғидан ушлаб, юк  машиналарга  улоқтирар  эдилар.  Бошдан-оёқ  қонга  ботган  бу  одамларга  қараш  жуда қўрқинчли эди…

Агарда тубсиз осмон қаъридан бировнинг сергак нигоҳи буларнинг барини кузатиб турганда эди,  у  қирғин  қандай  бўлганлигини  ва  Мўйинқум  шундан  сўнг  нечоғлик  абгор  аҳволга тушганлигини кўрган бўлар эди. Лекин, бундан кейин нима рўй бериши, бунинг оқибати қандай тугаши, афтидан, унинг ўзига ҳам қоронғилигича қолаверарди…

Мўйинқум қирғини кечга томон тўхтади. Қувган ҳам, қочган ҳам тамомила ҳолдан тойди. Чўлга хуфтон кирди. Эртага вертолётлар базадан мойларини янгилаб келгандан сўнг қирғинни яна давом эттириш кутиларди: уларнинг чамаларича, бу ерларда иш ҳали уч-тўрт кунга етиб ортарди.  Вертолётларда  ўтказилган  текширишларга  қараганда,  Мўйинқумнинг  энг  қумлоқ ғарбий қисмида ҳали ҳеч тегилмаган сайғоқ сурувлари сон-саноқсиз эди. Расмий тилда уларни ўлжанинг  ҳали  очилмаган  резервлари  деб  аташарди.  Бинобарин,  резерв  мавжуд  экан,  уни зудлик  билан  ўлканинг  гуллаб-яшнаши  йўлида  план  оборотига  қўшиш  керак.  Мўйинқум «юриши»га худди мана шу нарса расмий асос бўлганди. Лекин маълумки, ҳар қандай расмий хулосалар  ортида,  албатта,  тарихнинг  ҳаракатини  белгилаб  берадиган  у  ёки  бу  ҳаётий  шарт-шароитлар туради. Шарт-шароит деганимиз эса, бу аввало, одамлар, уларнинг интилишлари ва ҳаяжонлари, яхшилик ва ёмонликлари, нима билан тугашини билиб бўлмайдиган ахтаришлари ва бош-кети йўқ зиддиятлари. Шу маънода Мўйинқум фожиаси мустасно бир ҳодиса эмасди. Ўша  кеча  ўзи  хоҳлабми,  хоҳламайми,  шу  ваҳшийликни  қилган  кишилар  чўлда  тунаб  қолган эдилар.

Бўри  галасидан  Акбара  билан  Тошчайнаргина  аросатдан  омон  чиққан,  энди  туни  бўйи тентираб қирғинжойлардан узоқроққа кетиб борардилар. Қиёмат қўпган дала-тузда қочавериб кўкраклари,  човлари  то  сағирларигача  лой-балчиққа  ботган  бўрилар  зўр-базўр  қадам ташлардилар.  Тилинган,  шилинган,  яраланган  оёқлари  тинмай  зи-қиллаб  оғрир,  куйгандай ачишар,  ҳар  қўйилган  қадам  мисоли  бир  азоб  эди.  Қани  энди,  тезроқ  инимизга  етиб  олсак, шўрлик бошимизга тушган бу оғир кунни тезроқ унутсак, оёғимизни ёзиб, кўзимизни юмсак — бўриларни ҳозир бирдан-бир истаклари шундай эди.

 

Чингиз Айтматов

 

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-26

2 Аммо бу маъсуд дамлардан кейин келган кунлар, ойлар, ҳатто йиллар ломаконлик ва саргардонликда ўта бошлади. Соҳибқирон бобокалонидан сабоқ олиб яшашга аҳд қилган Бобур ...

Унутма халқим, ушбу санани(ва диққат-ла ўқи ҳаммасин)!!

Икки минг-у ўнсаккизинчи йилнинг Ўн бешинчи ноябрь санасида. Ўзбегим, билгин, дунёга келди, Сенинг келажагинг кўзловчи фирқа!             Фирқага “бош” бўлди бир жасур ўғлон, ...

Устозим рауф парфи – ора- сира гаплар

Рауф Парфи   Рауф акада туғма ҳозиржавоблик истеъдоди бор эди. Бу фазилатни тарбиялаш қийин бўлса керак. Ҳар қандай қалтис ҳолатда ҳам фавқулодда бир сўз айтардилар – ...