Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 10-қисм

Шу вақт ичида Авдий Каллистратов Жалпоқ-Соз бекатига Инга Фёдоровна номига бир  қанча хатлар ёзиб жўнатди. Инга Фёдоровна ҳам шаҳар почтасининг «Сўраб олиш» бўлимига жавоб йўллаб турди. Чунки Авдийнинг шаҳарда ҳозир бошқа тайинли адреси йўқ эди. Авдий онадан эрта айрилди. Тул қолган дьякон Каллистратов юрагининг бутун қўрини, барча дунёвий ва диний билимларини ўғли билан қизига бағишлади. Авдийдан уч ёш катта опаси Варвара Ленинградга ўқишга кетди. Педагогика институтига кираман деб юрган эди, лекин уни черков ходимининг қизи, мактаб болаларини буларга ишониб ўлмайди деб, қабул қилишмади.


Шундан сўнг у конкурсдан ўтиб Политехника институтига кирди ва шу бўйича Ленинградда қолиб кетди. Турмуш қурди. Бола-чақали бўлди. Ҳозир қайсидир лойиҳа институтида чизмакашлик қилади. Авдийнинг йўли руҳоний улум соҳалари сари тушганди. Бир чеккаси, ўзи шуни хоҳласа, иккинчи томондан, отасининг ҳам, айниқса, Варваранинг институтга кириш воқеасидан сўнг, хоҳиши шундай эди. Авдий семинарияда таҳсил ола бошлаганлигини кўриб дьякон Каллистратов ич-ичидан ғурурланиб, ўзида йўқ хурсанд бўлиб юрди — у орзулари ниҳоят ушалганидан, меҳнатлари ва ўгитлари зое кетмаганидан, нолалари Худога етиб борганидан беҳад бахтиёр эди. Лекин, сал вақт ўтмай у омонатини топширди. Яна ҳам тақдирнинг меҳрибончилиги экан, зеро, у фарзанди қобил Авдийнинг оламнинг ўзидай кўҳна илми илоҳиёт — Тангри таолонинг боқий ва чексиз қудрати билан мангу яратилган диний таълимот соҳасида бидъатга берилиб кетишини, куфроний ўйларга йўл қўйишини кўрса, буни асло кўтаролмаган бўларди.

Авдий Каллистратов область ёшлар газетасида қатнаша бошлагандан сўнг дьякон Каллистратов узоқ йиллар ўз оиласи билан истиқомат қилган мўъжазгина квартира янги тайинланган черков хизматчисига берилиб, собиқ семинария ўқувчисидан уни бўшатиб қўйиш талаб қилинди. Энди унинг черков билан алоқаси узил-кесил узилганди.

Авдий Ленинграддан опасини чақирди. Хоҳласа, ота-онамиздан қолган ўзига керакли нарсаларни, асосан, санамлар-у сувратларни хотира учун мерос тариқасида олиб кетсин, деди. Ўзига отасининг китобларини олиб қолди. Опа-ука ўшанда охирги марта учрашган эдилар. Уларнинг ўзларига яраша ўз ҳаёт йўллари бор эди. Ўшандан бери кўришганлари йўқ. Бир-бирларига муносабатлари ёмон эмасди. Лекин, начора, умр йўллари бошқа-бошқа эди. Ўшандан бери Авдий бировларникида ижарага яшайди, пули борида алоҳида хонада, пули йўғида сиғинди бўлиб туради. Шунинг учун ҳам, унга ёзилган хатлар почтанинг «Сўраб олиш» бўлимига жўнатиларди.

Область комсомол газетаси редакцияси томонидан Авдий Каллистратовнинг Ўрта Осиёга юборилиши худди мана шу пайтларга тўғри келади. Бу фикр ҳам Авдийнинг ўзидан чиқди. У мамлакатнинг Европа қисмидаги ёшлар ўртасида нашавандлик қандай йўллар ҳамда воситалар билан тарқалаётганлигини ўрганмоқчи ва шарҳлаб бермоқчи эди. Наша эса Ўрта Осиёда, Чу ҳамда Мўйинқум чўлларида ўсарди. Наша — машҳур марихуананинг туғишган опаси, жануб даштларида ўсадиган қуврайнинг ёввойи бир тури. Ёввойи қуврайнинг япроқлари, гуллари ва чангларида одамнинг бошини айлантирадиган, чекканда ҳушини элтадиган ва хаёлини кўкларда сайр қилдирадиган, лекин меъёридан ортса, руҳни эзадиган, қийнайдиган ва охир-оқибат жинни қилиб қўядиган моддалар бўлади. Уин чеккандан сўнг одам атрофдагилар учун ғоятда хавфли бўлиб қолади.

 

Авдий Каллистратов сафардан олган таассуротларини йўл очеркларида батафсил тасвирлаб ёзди. Чўлда кутилмаганда, бўри галасига дуч келганлигини, қўйинг-чи, ўз кўзи билан нимани кўрган, бошидан нимани ўтказган бўлса, барини ҳам гувоҳ, ҳам граждан сифатида алам ва ташвиш билан тасвирлади. Банг ўтнинг жамиятга қанчалар зарар келтириши мумкинлиги ҳақида куюниб огоҳ қилди. Бирок редакция бошида қучоқ очиб кутиб олган очерклар аввал кечиктирилди, сўнг бутунлай чиқмай қолди.

Иши ҳеч юришиб кетмаётганлиги, ўзи дуч келаётган қийинчиликлар ҳақида Авдий Инга Фёдоровнага ёзиб турди. Авдий уни тақдирнинг ўзига ато этган туҳфаси, дунёдаги энг яқин одамим, деб биларди. Назарида, Инга Фёдоровна бир дарё эди, шу дарёга бир чўмиб олсам, ўлиб бораётган вужудим яна тирилади, яна турмуш уринишларини енгиш учун ўзимда куч пайдо қиламан, деб ўйларди. Бора-бора Авдий Инга Фёдоровна билан ёзишлари ўз ҳаётининг энг катта воқеаси, умрининг асл маъноси ва мазмуни бўлганлигини англаб етди.

У хат жўнатгандан сўнг фақат шуни ўйлаб яшарди. Ҳамма ёзганларини хотирасида яна бир бошдан тиклаб чиқар, уларни изоҳлар, ўзича тушунтирарди. Бу ўртада жуда олис масофалар ётган ғалати бир мулоқот эди — унинг аламангиз юрагидан вақт ва макон сари узлуксиз отилаётган шуъланамолар эди.

«…Кейин мен анчагача ўйланиб юрдим. Хатимнинг бошидаги сўзлар Сизни таажжубга солиб қўймадимикин: «Падару Ўғилу Муборак Руҳ исми билан!» Ўзим шундай анъаналар ичида тарбияланганим учун уларни келтирган эдим. Ҳар бир жиддий гап олдидан уларни эслайман. Чунки шу сўзлар юрагимни қитиқлайди, тилимни созлайди ва бурро қилади, худди ибодат қилаётгандек бир аҳволга тушаман. Шунинг учун мен бу одатимни ўзгартириб ўтирмадим. Руҳонийлар табақасидан чиққанлигим ва семинарияда ўқиганлигимни Сизга яна бир карра эслатиб ўтяпман. Мен Сиздан ўзимга тегишли ҳеч нарсани яширишни истамайман. Сизга бўлган муносабатим шуни тақозо қилади. Яна шуни ҳам кўп ўйлайманки, Сиз билан хайрлашган чоғимизда яқин бўлиб қолган ва санлашиб гаплашган эдик. Энди эса яна Сиз деб ёзяпман. Мени кечиринг, хайрлашганимиздан бери ҳали кўп вақт ўтгани йўқ. Лекин менга нимадир бўлди. Инчунин, барча тентак одамлар ўзларини оқлаш учун доим бўлмағур бир баҳоналар ўйлаб топадилар. Бу омади бир гап-да. Ҳар ҳолда орамизда шунчалар масофа ётибди. Ижозат этинг, Сизни сизлаб ёзайин. Шундай қилсам, ўзимни анч ўнғай сезаман. Мабодоки, Сиз билан яна кўришмоқ менга насиб этса, юрагимдаги энг муқаддас, энг эзгу орзу-омолим шу (орзуларим менга ўз фарзандларимдай бўлиб қолганлар. Мен уларни орзулаб ўстираман. Уларсиз бир зум ҳам туролмайман. Ўз пушт-камарингдан бўлган болаларни севиш, уларни худди орзу каби севиш нечоғлик бахт-саодат эканлигини яхши тасаввур қиламан). Бу орзулар руҳнинг абадий жозиб ва сўнгсиз илоҳий баркамолликка умтилишидан туғилганлар. Шундай килиб десангиз, ўзим ҳам билмаган ҳолда шу орзулар туфайли мен йўқлик дағдағасига қарши устивор тураман. Эҳтимолки, муҳаббат ўлимнинг зиддидир. Шунинг учун ҳам, туғилиш синоати қатори у тирикликнинг асл калити бўлса ажабмас. Мен буларни Сизга худди фол каби такрорлаяпман, бизга яна дийдор кўришмок насиб этсин деб. Ўшанда, учрашган чоғимизда, Сизни хижолатга қўймасликка ваъда бераман — Сизга сен деб мурожаат этишга ваъда бераман… Ҳозирча айтиш керак бўлган гаплар шунчалар кўпки…

Инга Фёдоровна, эсингизда бўлса керак, Сизнинг юртингизга боришдан мурод — мақола ёзиш эди. Мақолаларим газетада чиқиши билан авиапочта орқали уларни Сизга юбораман деб, айтган эдим. Афсуски, нашаванд болалар, наша қидирган ўсмир йигитчалар ва шулар билан боғлиқ бўлган ҳаётимиздаги барча қайғули ҳодисалар ҳақидаги очеркларим тез орада газетада чиқишига ақлим етмай колди. Мен бизнинг кунларимизда деяпман. Чунки, наша бу ерларда жуда эски замонлардан бери ёввойи ҳолида ўсиб ётади. Бундан ўн беш йил бурун — буни ўзингиз ҳам биласиз, нега мен буни сизга, ўзи мутахассис бўлган одамга айтяпман, билмайман, лекин маъзур тутинг, мен барибир, Инга Фёдоровна, буни ҳикоя қилишим керак ва яна фақат Сизга ҳикоя қиламан ва фақат ёлғиз шугина ўша ишларнинг ҳаммасига қандайдир маъно бағишлаб туради. Шундай қилиб, ўн беш йилча бурун бу баттол гиёҳни, нашавандлар уни гиёҳ деб айтишади,— чекиш учун ёки бошқа бирон мақсадда йиғиш ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаган экан. Ўша ерлик одамлар шундай дейишади. Бу офат яқин-яқинларда пайдо бўлди. Албатта, бунда Ғарбнинг таъсири ҳам озмунча эмас. Мана энди десангиз, менга қайсидир ташкилотларга баёнот ёзишни таклиф қилишяпти. Ҳеч ақлга тўғри келадими шу гап. Тушунаман, бу масалани кўтариш осон эмас. Ёшлар ўртасида, адолат юзасидан айтиб қўяйлик, ёшларнинг онги паст қисми ўртасида, гиёҳвандликка бағишланган ўткир шов-шув тарзидаги мақола гўё обрў-эътиборимизга путур етказар эмиш. Ҳаммани дарғазаб қилармиш. Кулгига қолармишмиз. Чўчиган нарсаларини каранг. Қалбакилик эмасми бу, сиёсатда туяқушга ўхшаб қолиш эмасми бу… Оқибати ҳаддан ташқари оғир кўчадиган бундай обрўнинг кимга кераги бор!

Бу сўзларни ўқиб туриб, Инга Фёдоровна, вой боласи тушмагур-эй, мунча содда бўлмаса, мунча ёниб-куймаса деб, мийиғингизда кулиб қўйсангиз керак. Балки аксинча, ташвишланиб қошларингизни чимиргандирсиз. Ростини айтсам, бу сизга жуда ярашади. Қошларингизни чимирганларингизда Сизнинг чеҳрангиз илоҳиётнинг моҳиятига етишга уринган ёш роҳиблларнинг рухсорларидай пок ва ғоятда теран бўлиб қолади. Ўша Исо қаллиқларининг чин гўзаллиги ҳам уларнинг илҳомбахш мафтункорлигида эмасми ахир. Агар мен бу сўзларни овозимни чиқариб ва яна бошқа одамларнинг олдида айтсам, унда тилёғламалик қилаётгандай бўлиб қолардим. Лекин, боя айтган эдим. Сизнинг қошингизда менинг на камайтириб ва на кўпайтириб кўрсатадиган мутлақо хеч нарсам йўқ. Ва мабодо, Сизнинг ташвишли ҳаёл билан тўлган чеҳрангиз хотирамга Уйғониш даври санъатининг Биби Марямини тушираётган бўлса, унда бу ҳолни менинг санъат соҳасидаги тажрибасизлигимга йўйиб қўя қолинг. Ишқилиб, қандай бўлмасин, сўзларимнинг самимий эканлигига ишонарсиз деб умид қиламан… Ахир, ҳаммаси шундай бошланмадими? Сиз оғзимдан чиққан биринчи сўзимданоқ менга ишондингиз ва менинг ҳаётимда бутунлай янги бир саҳифа очдингиз…»

* * *

Бугун яна мақолам юзасидан редакцияга бордим. Аҳвол ўша-ўша, ҳеч қандай ўзгариш йўқ, ҳеч қандай силжиш йўқ, ҳеч қандай ёруғлик йўқ. Нега менинг чўл очеркларимни редакцияда аввал шод-хуррамлик билан қарши олишди-ю, нега энди бутунлай кўнгиллари совиди, буни менга ҳеч ким тузукроқ қилиб тушунтириб беролмайди. Кўтарилган масалалар қанчалар муҳимлигини ахир, ошкора тан олишган эди-ку. Газетанинг бош муҳаррири мендан ўзини олиб қочгани қочган, кошки қўнғироқ қилиб олиб бўлса уни, котибаси доим банд деб жавоб беради — дам ҳайъат, дам йиғилиш, дам юқори чақирган, улар айниқса, мана шуни рўкач қилишни жуда яхши кўришади.

Яна таниш кўчалардан ёлғиз ўзим кетиб боряпман. Бу ерга четдан келиб қолган бегонага ўхшайман. Гўё шу ерда туғилмагандай, болаликдан катта бўлмагандай, юрагим ҳувиллаган, бўм-бўш, ўзимни ёт сезаман. Гоҳи танишларим мен билан сўрашмайдилар. Улар мени диндан қайтган, муртад деб билишади, семинариядан қувилган, бидъатчи ва ҳоказо ва ҳоказо. Фақат бир нарса юрагимга ҳарорат бағишлаб туради, фақат бир ўй доим мени ўзига тортади — бу менинг хатларим. Йўл-йўлакай нимани ёзишимни ўйлаб бораман. Кейинги хатимда унга қизиқарли бўлган барча нарсалар ҳақида ҳикоя қилиб бераман. Суюкли аёл ҳақида ҳаёл суриш, унга мактублар ёзиш ҳаётимнинг асл маъноига айланади деб, сира ўйламаган эдим. Қанийди, қанотим бўлса, тезроқ унинг олдига парвоз қилсам, яна у билан биринчи учрашган жойга етсам. Тезроқ бўла қолсайди! Юриб кетяпман-у нуқул шуни ўйлаганим ўйлаган. Чоғи, бошқа одамларнинг бошларидан ҳам шундай кунлар ўтгандир, улар ҳам маълум бир вақт ҳаётларининг мазмунини фақат муҳаббатда билиб, шундан қувониб, бошлари осмонга етиб юргандирлар. Лекин улардан фарқим шундаки, мен то ўлгунча севаман ва ҳаётимнинг бутун маъноси ёлғиз шунда бўлади…

Мана, хиёбонларда япроқлар тўкиляпти. Ахир, мен ёзган нарсалар ёзнинг бошида бўлиб ўтган эди-ку. Редакция ўша кезлари менинг фикримни маъқуллаб тезроқ ёзишга қистар эди. Амалий ишга келганда, редақция ўзини орқага тортиши мумкинлиги ҳаёлимга ҳам келмаганди. Оммавий матбуот саҳифаларида фақат ўзимизга маъқул ва ёқадиган, обрў келтирадиган, ютуқларни умумлаштирадиган нарсаларнигина ёзиш керак, деган ғалати одат бунчалар кучли эканлиги ҳакида ўйламаган эканман.

Ўша кунлари бутун фикру зикрим жануб ўлкаларига қиладиган сафарим билан банд эди. Россиянинг ичкарисида туғилиб-ўсганим учун у нотаниш ерлар менга жуда жозибали кўринарди. Борсам, нашаванд чопарларнинг бири бўлиб, уларнинг махфий тўдаларига қўшилиб бораман, деб кўнглимга тугиб қўйган эдим. Четдан туриб кузатиш билан бунда ҳеч нарсага эришиб бўлмасди. Тўғри, ёшим нашаванд чопарлардан кўра сал каттароқ, лекин ташқаридан қараганда, шубҳа уйғотадиган даражада эмасди. Редакциядагилар, агар эски жинси билан тўзиган кроссовка кийиб олсангиз, бунинг устига соқолингизни ҳам олдириб ташласангиз, сизни ўша жўн болалардан сира ажратиб бўлмайди дейишди. Бўпти, дедим-да, соқолимни қирдириб ташладим. Ҳеч қандай ён дафтар тутганим йўқ. Хотирамга ишондим. Мен қандай бўлмасин, уларнинг ичларига кириб олишим, бу йўлга болаларни нималар бошлаганлигини аниқлашим, пул топиш ва савдо-сотиқдан ўзга яна нима уларни бунчалар машғул қилиб қўйганлигини билишим керак эди. Мен бангилик ҳодисаларини шахсий, ижтимоий, оилавий, қолаверса, психологик ҳолатларини ичдан туриб ўрганишим зарур эди.

Шунга қараб, ҳозирлик кўрдим. Май ойи эди. Наша май ойидан гулга киради. Шундан бошлаб унинг гулини териш учун махсус одамлар Мўйинқум ва Чу чўллари сари отланадилар. Буларнинг ҳаммасини менга шаҳримиздаги мактаблардан бирининг тарих ўқитувчиси Виктор Никифорович Городецкий деган танишим ҳикоя қилиб берди. У билан иккимиз бир боғдан, бир тоғдан дегандай суҳбатлашиб ўтирганларимизда, ҳазиллашиб мени ота Авдий деб чақирарди. Унинг ёши ҳам мендан унчалар катта эмас, опам Варвара билан тенгқур эди. Виктор Никифоровичнинг бир жияни бўлиб, туғилганда унга ўзи Паша, Пахом деб от қўйган экан. Ана шу Пашаси тушмагур боши оғиб нашавандлар тўдасига тушиб қолибди. Буни кейинроқ билишган. На ота-онаси ва на Виктор Никифоровичнинг хабари бўлган.

Бир куни Паша ота-онасидан Рязанга, бобомнинг олдига бориб келаман деб, рухсат сўрабди. Бобосининг олдига тез-тез бориб тураркан. У жўнаб кетгандан сўнг беш кунлар ўтгач, Виктор Никифорович Қозоғистоннинг жуда узоқ бир бекатидан йўл назорат прокуратурасининг терговчиси Жаслибековдан телеграмма олибди. Телеграммада, сизнинг жиянингиз темир йўлда жиноий тарзда наша олиб кетаётганда қўлга тушди, қамоқда ўтирибди, деб хабар қилинган эди.

Виктор Никифорович Жаслибеков нега боланинг ота-онасига эмас, унга телеграмма юборганлигини дарров сезган. Паша ҳаддан ташқари қаттиққўл отасидан қўрққан. Виктор Никифорович дарҳол Олмаотага учган, у ердан поездга тушиб, бир кеча-кундуз йўл юриб, ўша чўл бекатига етиб борган. Қараса, Пашанинг аҳволи жуда чатоқ. Махсус қонун бўйича у дарҳол суд қилиниши, камида уч йилга кесилиши ва. камоқ муддатини оғир шароитли колонияда ўтказиши керак экан, Жиноят исботланган — иш судга тушиши тайин эди. Виктор Никифорович афсусланибди, жиянига бўлар иш бўлибди, энди илож қанча, аттанг, дейишдан бошқа чора йўқ, жиноят қилгандан кейин жазосини тортасан деб тушунтиришга уринибди.

Ўзини қандай тутиш, судга нима деб жавоб бериш кераклигини тайинлабди. Ота-онангга ўзим тушунтираман, колонияга бориб хабар олиб тураман, деб юпатибди. Жаслибеков тоға-жияннинг ҳамма гап-сўзларини эшитиб ўтирган экан. У бирдан шундай деб қолибди:

— Виктор Никифорович, агар жиянингиз бу жиноий ишга бошқа ҳеч қачон қўл урмайман, деб айтса ва сиз уни кафилликка олсангиз, мен ҳам масъулиятни ўз устимга олиб, уни қўйиб  юбораман. Менимча, бу болани тўғри йўлга солиш сизнинг қўлингиздан келади. Агар у яна бир марта наша билан қўлга тушса, худди оғир жиноятчидай қамалади. Ана энди, ўзингиз ҳал қилинг.

Виктор Никифорович хурсанд бўлиб кетиб, Пашани кафолатга олади. Жаслибековга нима деб миннатдорчилик билдиришни хам билмайди. Жаслибеков эса бундай дейди:

— Сиздан, Виктор Никифорович, бир илтимосим бор. Ўз турган жойларингизда бизга ёрдам беришингизни сўрайман. Матбуотда шу ишларни жиддий кўтариб чиқилса, жуда яхши бўларди. Сиз ахир муаллимсизку. Биз рўй берган ёки рўй бераётган жиноятларга қарши курашамиз.

Лекин, мана бунақа она сути оғзидан кетмаган болаларни бу кимсасиз овлоқ чўлларга, айниган кимсалар, ашаддий жиноятчилар орасига кимлар, қандай қилиб жўнатаётганларини бизлар билмаймиз. Ахир, биз бу ўсмирларни судга беряпмиз, суд қилишга мажбур бўляпмиз. Сиз дарров етиб келганингиз соз бўлди, менга ёрдам бердингиз. Аксар қариндош-уруғлар — улар кўпчилик — умуман, келишмайди. Кейин ўн беш яшар бола оғир шароитли колонияга тушади.

Колонияда нима бўларди дейсиз? Нимани ўрганишарди у ерда? Тубан, ҳеч нарсага ярамайдиган нобакор бўлиб чиқишади. Ўзингиз биласиз, Виктор Никифорович, мажбур бўламиз турмага ўтқазишга. Одамнинг жони куяди бу ишларни кўриб. Ишонасизми, ўтган мавсумда фақат бизнинг бўлимимизнинг ўзида юздан ортиқ ўсмирни суд қилдик. Қўлга тушмаганлари, кўзимизни шамғалат қилиб қочганлари қанча денг. Улар сон-саноқсиз. Келаверишади.

Архангельскдан тортиб Камчатка томонлардан келишади худди балиқ уруғлагандай. Охири борми ахир бунинг? Ҳаммани қамаб бўлмайди-ку. Улар наша йиғишнинг миридан-сиригача ишлаб чиқишган. Ўзларининг йўл бошловчилари бор — баъзилари шу ерликлар, баъзилари бошқа жойлардан — улар болаларни наша кўп ўсган жойларга бошлаб боришади. Биз уларни ҳам суд қиламиз. Улар поездларни нима қилаётганликларини биласизми? Пассажир поёздига чиқишмайди. Юк поездларини тўхтатишади. Пассажир поездда уларни дарров ушлаб олишади. Улар қандайдир бир махсус дори топишади. Шуни кечаси рельслар, шпаллар устига сепиб чиқишади. Узоқдан поезднинг чироғи тушганда, шу сепилган нарса худди ёнаётгандек, йўл, шпаллар, рельслар аланга ичида қолгандек туюлади. Албатта, ҳайдовчи составни тўхтатади.

Чўлда нималар бўлмайди дейсиз. Чопиб пастга тушади. Қараса, тинчлик, ҳеч нарсага ўт кетган эмас. Нашавандлар бўлса, шу фурсатдан фойдаланиб, сумкалари, жомадонлари, қопларини кўтариб вагонларга чиқиб оладилар. Ҳозирги составларни биласиз, бир чақиримлаб чўзилиб кетади. Минг қараган билан фойдаси йўқ. Улар поездга чиққач, катта бекатгача бориб оладилар.

У ерда эса йўловчилар кўп! Кимнинг кимлигини билиб кўринг-чи! Рост, кейинги йилларда милиция махсус ўргатилган итлар боқяпти. Улар нашани ҳидидан топади. Сизнинг жиянингизни ҳам итлар ушлаб беришди…

Виктор Никифорович ўша ерда яна бошқа кўп гапларни ҳам эшитибди. Буларнинг ҳаммасини менга у айтиб берди. Лекин ўзим ҳам тахминан шундай бир гапга ич-ичимдан етилиб қолган эдим. Ўзимга тенгқур ёшларнинг ақл ва юракларига ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаган бир йўл топсам деб, ич-этимни еб юрардим. Уларни мен эзгуликка чорлашим керак дердим. Зиммамга юқоридан худди шу нарса юклатилгандай эди. Шундай ўйлаб, эҳтимол, ўзимга ўзим ортиқча баҳо бериб юборгандирман. Лекин ҳар қалай, нима бўлмасин, чин юракдан шундай қилишни истардим. Балки буни ижтимоий келиб чиқишим юзасидан тушунтириш мумкиндир. Ким билсин яна. Мен айрим мақолаларимда, гарчи умумийроқ тарзда бўлса-да, ичкиликнинг ёшларга ҳалокатли таъсири ҳақида тўхталган эдим. Ғарбнинг фожиали тажрибалари асосида гиёҳвандлик хусусида ҳам шунга яқинроқ нарсаларни ёзгандим. Лекин буларнинг ҳаммасини ё бошқалардан эшитган ва ё китоб-газеталардан ўқигандим. Ёшлар ва айниқса, ўсмирлар ўртасида тарқалаётган, кўп қайғули оқибатларга олиб бораётган, ҳаммага маълум, шу билан бирга кўплар вабодан қўрққандай номини айтишга қўрқадиган гиёҳвандлик ҳодисалари — шахснинг ўз-ўзини емиришидан тортиб, то қийноққа солиб ўлдиришларигача — ўзимнинг ўйларим ва кечинмаларим акс этадиган ёрқин, таъсирчан материал тайёрлаш учун муаммони ичидан барча тафсилотлари билан очиб берадиган билим етишмаётган эди. Буни қарангки, шу аснода, бундай воқеалар билан шахсан ўзи тўқнашган Виктор Никифорович Городецкий менга барча бошидан кечирганлари, ўй-ҳаёлларини сўйлаб берди. Пашани нашаванд улфатлардан ажратиб олиш учун ота-она, ака-ука, бутун хонадон уйларини кичикроқ, лекин бошқа шаҳардаги квартирага алмаштириб кўчиб кетишга мажбур бўлдилар. Буларнинг барини Виктор Никифорович куюниб, хафа бўлиб ҳикоя қилди.
Шу-шу кўнглимга туккан ишимга дадил киришдим.

* * *

Чингиз Айтматов

 

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Муҳаббат

Муҳаббат — чиройли капалак, қўрқаман шўрликни тутгани. Капалак қувганим ёнимда, ёдимда йўқ аммо етганим. Юрагим ранжиган боладай на эрмак, таскинга кўнади. Муҳаббат — ...

Юлдузли тунлар-10

3 Қуваликлар тонг ёришгандан кун ёйилгунча бўлиб ўтган бу фалокатни нариги қирғоқдаги девор ва томлардан мўралаб кўриб турар эдилар. Уларнинг баъзиси «ёғий баттар бўлсин», ...

Шавкат раҳмон-ёрилган ҳаракат баёни

Бир одам изладим... изладим ғариб, жуфти йўқ бургутдай хунук қишладим. Кездим армон тўла бир жом қидириб, малаклар йиғлади, итлар тишлади... Умринг узоқ бўлсин, эй дарёжоним, ...