Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 11-қисм

Мен Москвага келдим. Бу ердан, Қозон вокзалидан наша ўсадиган чўлларга жўнашим керак эди. Гап шундаки, худди мана шу Қозон вокзалида ўсмирларнинг нашага борадиган чопарлари,— ҳа, улар наша йиққани борадиган болаларни чопар дер эдилар,— тўда бўлиб оладилар. Кейин бу нарсани ўз кўзим билан кўрдим. Чопарлар Шимол ҳамда Болтиқбўйининг турли шаҳарларидан, айниқса, Архангельск билан Клайпедадан кўп келишарди. Чамаси, бу
шаҳарларда нашани йўлга чиқаётган денгизчиларга пуллаш қулай бўлса керак. Нашаванд чопарларнинг изларига тушиш учун мен Қозон вокзалида Утюг ёки Утя лақабли кўкрагига саксон ёттинчи рақам осган юк ташувчини топишим, унга эски бир танишидан салом етказишим лозим эди. Танишининг номи бизга Паша орқали маълум эди. Утюг патта кассаларини яхши билар — андак музд эвазига йўлда кетишни таъминлар эди. Лекин, ким шундай қилади билолмадим, ундан бошқа яна кимдир шу ишларни махфий бошқариб туриши аниқ эди. Ўша Утя болаларнинг ҳаммасига бир поездга патта топиб, уларни ҳар турли
вагонларга жойлаб, жўнатиши керак эди. Нашаванд чопарлар билан яқинроқдан танишиб шуни билиб олдимки, наша олиб келиш учун борадиганлар аввало, мабодо қўлга тушиб қолсалар, миқ этиб оғиз очмаслик, бир-бирларини сотмаслик учун сўз берар эканлар. Шунинг учун улар одамлар кўз ўнгида ўзаро кам гаплашар эканлар.

Шундай қилиб, мана, Москвага илгари келган-кетган пайтларимдан яхши таниш уч вокзал майдонидаман. Одам кўп. Айниқса, метро билан вокзалнинг ўзи тиқилинч, ўтиш маҳол. Шунча одам қаердан келяпти, қаерга кетяпти — гирдобга тушган чўпдек чирпирак бўлиб айланади бу уч вокзал майдонида. Лекин барибир мен Москвада юришни, шаҳар марказига, сал кенгликка чиқиб олгач эса, кўчаларда тентираш, эски китоб дўконларида ивирсиш, афиша ва турли
эълонларни ўқишни, иложини топсам, яна Третьяковка ёки Пушкин музейига боришни жуда севардим.

Бу сафар электричкадан Ярославский вокзалида тушиб Қозон вокзали томон одамлар издиҳоми ичра ўтиб борарканман, бир фикр миямдан ўтди. Буни қаранг, илгари ўзимга ўзим хўжайин эканман. Камсуқум хоҳиш-истакларим ўзимга тобе, зиммамда ҳеч қандай юк йўқ, ҳеч қандай иш-ташвиш вақтимни банд қилмайди. Москва кўчаларида қанча хоҳласам ва қандай хоҳласам, шундай тентиб, ўйнаб юраман. Бундан ортиқ бўлиши мумкинми, ахир. Хўп, замонлар
экан-да, ўша замонлар. Ҳозир эса, чумолининг уясидек, одамлар ғужғон ўйнаб ётган улкан Қозон вокзалида кўкрагига саксон еттинчи рақам осган Утюг лақабли алоқачи ва юк ташувчини зудлик билан топишим керак. Оҳ, Худойим, бунинг рақами саксон еттинчи бўлса, Қозон вокзалида унга ўхшаган арава судраганларнинг ўзи қанчайкин, юздан кам эмасдир ҳар ҳолда.
Чиндан ҳам, бу издиҳом ичидан уни топиш осон бўлма-ди. Ярим соат вақт сарфлаб юк ташувчилар юрадиган ҳамма жойларни айланиб чиқдим. Ниҳоят, уни Тошкентга жўнаётган поезд перронидан топдим. Утюг аллакимнинг юклари — жомадонлари ва қутиларини аравадан вагонга жадал ортиб берар, дам-бадам проводниклар билан хазил-мазаҳ қилар, ўзига жуда ёқса керак, вокзалларда кенг тарқалиб кетган битта майнавозчиликни ҳадеб такрорларди: «Пулим бор — Қозонга бораман, пулим йўқ — Чашмага бораман». Мен бир чеккада унинг бўшашини, йўловчилар вагон-вагонларга жойлашиб, кузатиб келаётганлар эса состав бўйлаб купеларнинг  ойналари қаршисига тарқалишларини кутиб турдим. Ниҳоят, у олган чойчақасини чўнтакка суққанча, ҳарсиллаб чиқиб келди. Девдек малла йигит экан, кўзлари тўрт томонга аланглаб туради. Сал бўлмаса ишнинг иачавасини чиқариб қўяй дебман. Унга сизлаб сўзлашим, устига-устак, безовта қилга ним учун узр сўрашимга оз қолди.
— Бормисан, Утюг, ишларинг қалай?— дедим иложи борича ўзимни бепарво ва бетакаллуф тутиб.
— Ишларимиз худди Польша. От-арава кимники — панники,— мени худди юз йилдан бери танийдиган одамдай чечан жавоб берди у.
— Пан ўзинг экансан-да,— дедим унга аравасини кўрсатиб.
—Бўлмасам-чи! Биз ҳам оғайни, биламиз пулнинг сассиғига чилолмаётганларни. Ўзинг
нима қилиб юрибсан, чавағим? Обориб қўяйми юк-пукинг бўлса, ё нима дейсан? Хўш!
— Обориб қўйиш ўзимнинг ҳам қўлимдан келади,— ҳазил қилдим.— Сенда ишим бор.
— Айт, нима иш экан.
— Бу ердамас. Сал четга ўтайлик.
— Юр унда, чавағим, нарироқ борайлик.
Узун перрондан ўтиб, вокзал биносига қараб юрдик. Тошкент поезди жилди, ёнимиздан қатор-қатор ойналару ойналарга бурниларини тираган башаралар ўта бошлади. Қўшни йўлга аллақайдан бошқа состав келиб тўхтади. Поездлар саф-саф туришар, одамлар шошилишар, югур-югур қилишар, радиокарнайдан дам сайин келаётган ва жўнаб кетаётган поездларни эълон қилишарди.

Вокзал биносига етганимиздан сўнг, Утюг аравасини бурчакка бурди, бу ерда ҳеч ким йўқ эди, атрофга сарасоф ташладимда, унга Пашка айтган одамнинг дуойи саломини етказдим. Унинг оти Игорь бўлиб, чопарлар ўртасида Морж лақаби билан танилган эди. Нега Морж
эканлигини бир Худонинг ўзи билади.
— Моржнинг ўзи қани?— сўради Утюг.
— Етиб келади,— жавоб бердим.— Ичакдаги яраси қийнаб юборди бечорани.
— Ўзим айтувдим-а,— ачиниб пешанасига урди Утюг. Бир чеккаси айтгани тўғри чиққанидан мамнун ҳам эди.— Унга айтганман, чавағим, ўтган гал айтганман, тентаклик қилма, деганман. Аввал ўзингга боқ, кейин ногора қоқ. Экстрага зўр бераётган эди, бели синадида. Ичак чақа бўлмай, мен чақа бўлайми шундан кейин.
Мен ачиниб қулоқ солгандай бўлдим. Лекин очиғи, экстра дегани нима — ароқми ё бошқа нарса — билмасдим. Аммо Худога шукур, ундан буни сўраб  ўтирмадим. Кейин билишимча, экстра дегани наша чангидан қилинган мум-сақич экан. У худди пластилинга ўхшаркан. Нашадан олинадиган энг қимматли нарса ана шу экан (мен пластилин ҳақида Виктор Никифоровичдан эшитган эдим). У қорадорига ҳам ўхшайди. Кимёгарлик тажрибахоналарида
экстра героинга ўхшаш суюқликка айлантирилиши мумкин. Бунга Моржга ўхшаганлар ё бошка чавақ нашаванд чопарларнинг қурби етмайди. Лекин жуда кўнгиллари тусаб қолса, экстрани тиллари тагига ташлаб сўриш, чайнаш, ароққа қўшиб ичиш, нонга қўшиб ейиш қўлларидан келади. Улар экстрага хумор бўлсалар, миямизни бир чалғитайлик, дейдилар. Лекин энг қўлболаси — нашани чекиш. Бунда ҳам ҳар ким ўз ҳолига яраша: ким тозасини чекади, ким
тамакига қўшиб аралаштиради. Чекканда ҳам мия анча чалғийди. Лекин бунда нашанинг кайфи бошқа усулларга қараганда тезроқ тарқайди.
Буларнинг ҳаммасини ва яна нашаванд чопарлар ҳаётига оид бошқа кўп нарсаларни мен «Халхингол»га борганимда аста-секин билиб олдим. «Халхингол» деб ўша наша ўсадиган жойларни айтишаркан. «Халхингол»и қурсин, сал бўлмаса, чув тушай дебман.
— Сен ҳам чавағим, «Халхингол»гами?— сўради Утюг гап орасида. Олдин тилим тутилиб қолди, тушунмадим «Халхингол» деганига, кейин бирдан фаросатим ишлаб кетди:
— Шундай десак ҳам бўлади. Умуман олганда менга бу…
— Унда гап бундай. Билет тўғрисида чавағим, ташвишланма. Ҳаммаси жойида. Қолган гапларни ўт-мўт олиб келганларингда Догнинг ўзи ҳал қилади. Бу менинг ишим эмас.

Бизга билетлар олиб берадиган Догнинг кимлиги, у нимани ҳал қилишини мен билолмадим, охиригача ҳам буни аниқлай олмадим. Лекин Утюг билан ўртамиздаги гап-сўздан «Халхингол»га бугун эмас, эртага юришимизни билдим. Маълум бўлишича, ҳали барча чопарлар етиб келишмаган. Мурманскдан икки чопар тунги поезд билан келади. Яна биттаси, қаердан экан билмайман, эрталаб шу ерда бўлади. Лекин энди буларнинг менга сира дахли йўқ.
Бир кун ҳам ҳарна Москвада турганга не етсин.
Эртага тайинланган вақтга Қозон вокзалига келадиган бўлдим (келсам-келмасам, барибир, шу вокзалдан бўлак ётадиган жойим йўқ). Мен билан хайрлашаркан, Утюг гиёҳ соладиган юкхалта ва елим пакетларинг борми деб сўради. Жомадонимда юкхалта ва пакетлар бор эди. У, магазинларни қара, агар қопқоғи махкам, зич ёпиладиган шйша ёки пластмасса қутича топсанг, сотиб ол, ўшанга нашанинг ширасини йиғасан, деди.
— Шалпангқулоқ бўлма. Жуда қийин иш-ку, лекин бир озгина ширач тўпла,— деб шипшиди у.— Ўзим ҳеч бормаганман, лекин кўп эшитганман. Шу ерда бир Лёха дегани бор.
Икки марта сафар қилиб келдию, дарров «Жигули» олди. Москвада маза қилиб юрибди, шаталоқ отиб… Одам узоғи билан ўн кунгина қийналади, холос…
Шундан сўнг ҳар қайсимиз ўз йўлимизга кетдик. Мен жомадонимни сақлаш жойига топширдим-да, Москвани айлангани отландим.

Май ойи охирлаб қолган. Ёз бошланиши олдида Москва жуда бошқача бўлиб кетади. Ундай десам, куз-чи, ҳаво беҳад мусаффо, япроқларнинг тилларанг шуълалари ҳатто одамларнинг кўзларида акс этадиган эрта куз палласи ҳам мислсиз чиройли. Лекин, мен кўпроқ ёзга кириб бораётган Москвани яхши кўраман — унинг кундузги кўчалари гаштли, сутдай оппоқ кечалари гаштли, бундай чоғларда шаҳарнинг ўзи ҳам, шаҳар узра юлдузли осмон ҳам то тонгга қадар тун ёғдуси шуълаларига чўмилиб ётади.

Мен вокзалдан тезроқ тоза ҳавога чиқмоқчи эдим, лекин шаҳар марказига метрода бориш қулайлигини эсладиму, яна одамлар оқимига қўшилдим. Ҳали кечки тиқилинчга вақт бор. Кўз ўнгимда қоронғулик ва ёруғлик липиллаб ўтаркан, марказга бемалол етиб олдим. Свердлов майдонида ўзим яхши кўрадиган боғчага қарадим. Боғча худди сўлим оролга ўхшайди. У кўм-кўк яшнаб ётади, атрофида машиналарнинг тинимсиз оқими ва зич қуршаб келаётган ғуж
бинолар. Мен беихтиёр йўловчилар тўлқинига қўшилиб, Манеж томонга юрдим. Бирон кўргазма очилган бўлса кўраман, дедим. Аммо Манеж берк экан. Шундан сўнг эски университет биноси олдидан, Пашков уйидан ўтиб, Валхонкага ва ундан Пушкин музейига бордим. Негалигини билмайман.. Лекин дилим жуда осуда ва фараҳли эди. Балки бу ҳали тиқилинч бошланмаган Москва марказининг кўчалариданмикин ёки балким, шаҳарнинг бу қисми узра гўё нурамас тоғ тизмаларидай ястаниб турган Кремлнинг ғиштин деворлари ташлаган сояларданмикин, руҳимга ажиб бир фароғат ёғиларди. «Нималарни кўрмаган бу
деворлар ва ҳали яна нималарни кўрмайди?» деб ўйлардим. Кўчаларда ўзидан-ўзи ёпирилиб келаётган ҳаёлларга берилиб кетиб, соқолимни куни кечагина қириб ташлаганимни ҳам унутиб, ўзим сезмаган ҳолда тўхтовсиз яланғоч иягимни силардим. Шунда Қозон вокзалида уя қуриб олган кулфатнинг сирига етмоқчилигимни ҳам вақтинча эсдан чиқардим.

Йўқ, ҳар қалай, тақдир деган нарса бор, яхшилик ҳам ундан, ёмонлик ҳам. Пушкин музейи томон борарканман, омадим юришганини қаранг, ҳеч ҳаёлимга келмаган иш бўлди. Мен музейда жиллақурса, янги экспозицияларни кўрарман деб, ният қилгандим. Агар у ҳам бўлмаса, залларни яна қайта айланиб чиқаман, кўп нарсаларни эсимга тушираман, таассуротларимни янгилайман, дегандим. Буни қаранг-ки, музейга кираверишда, боғча олдида қиз билан йигит рўпарамдан чиқишди-да, мени тўхтатишди:
— Менга қара, ошна, сенга билет керакмасми? — деди ялтироқ кўк галстук таққан, оёғига малла туфли кийган ва туфлиси оёғини қисаётганлиги шундоққина кўриниб турган аллаким.
Ҳар икковлари ҳам жуда зерикиб кетганга ўхшардилар, башараларидан бетокатлик акс этарди.
— Нима, билетлар йўқ эканми? — деб сўрадим навбат гурган бирон кимса йўқлигини кўриб.
— Э, йўқ, бу концертга. Фақат иккаласини оласан.
— Қанақа концерт? — сўрадим яна.
— Ким билади дейсан, черков хори дейишяпти.
— Музейда-я? — ҳайрон бўлдим.
— Оласанми, йўқми? Иккита билет уч сўм, ол.
Мен иккала билетни олдиму музейга шошилдим. Пушкин музейида концертлар қўйилишини эшитмагандим. Администратордан сўраб билдим. Кейинги вақтларда музей қошида классик музика лекторийсига ўхшаш бир нарса ташкил этилган экан, кўпроқ машҳур музикантлар томонидан камер куйлар ижро қилинаркан. Бу сафар — во ажабо — Итальян саҳни деб аталған залда эски булғор ибодат куйлари концерти бўларкан. Ҳатто тушимга ҳам кирмаган
эди бу! Наҳотки, славян ибодат музикасининг отаси Иоанн Кукузель ижро этилса? Афсуски, администратор хотин тафсилотларини айтиб беролмади. Ҳурматли меҳмонлар кутиляпти, болгар элчиси келса ажаб эмас, деди у. Менга буларнинг ҳеч кандай алоқаси йўқ эди, барибир, хурсанд бўлганимдан тўлқинланиб кетдим. Булғор ибодат куй-қўшиқлари ҳақида илгари отамдан эшитган эдим. Буни қаранг энди — шундай ажойиб тортиқ, яна хатарли сафар олдидан.
Концерт бошланишига ярим соат вақт қолган. Мен музейни айланиб ўтирмадим-да, ўпкамни босиб олай деб, тоза ҳавога чиқдим.

Оҳ, Москва, Москва! Москва-река яқинидаги етти катта баландликнинг бири, май ойининг охирлари! Юрагингда ғубор йўқ, борлиқда муваққат уйғунлик ҳоким, ана шунда шаҳар жуда серфайз ва ҳамма нарса жуда маънодор бўлиб кўринади. Кўкрагимни тўлдириб, чуқур-чуқур нафас олар, осмон тиниқ, ер-ҳаво — мўътадил, мен музей олдидаги боғнинг чўян панжараси бўйлаб нари бориб-бери келардим.
Кутадиган ҳеч кимим йўқлигидан ўкинардим. Эҳтимол, чўнтагимда иккита билетим борлиги учун шундай ўксингандирман. Канийди, у ҳозир келиб қолса, бу қанчалар табиий ва ажойиб бўларди-ку. Унга кўчанинг нариги бетида хурганида кўзим тушади, ишқилиб, кечикиб қолмай деб, кўчанинг бу томонига ўтмоқчи, у шунчалар гўзал, шунчалар тентак ва эҳтиётсиз, мен уни деб қўрқаман, юрагим ҳовлиқади, ҳаприқади, унга зўр бериб, ҳаяжонланиб ишоралар қиламан,
шошма, ўтмай тур, ҳовлиқма дейман,— ана, кўряпсанми, машиналар келяпти, одамлар кўп ҳамма ёқда, лекин ёлғиз сен, сен менинг бахти-иқболимни ўзинг билан бирга олиб юрасан, дейман. Шунда у менга қараб табассум қилиб қўяди, ахир у юзимга қараб, юрагимдаги барча сўзларимни уқиб олардида. Ўшанда мен ундан олдинроқ кўчанинг нариги бетига унинг олдига чопиб ўтаман, мен ўзим учун қўрқмайман, чаққонлигимни биламан, чопиб ўтиб шартта унинг
қўлларидан ушлаб олардим-да, кўзларига термулиб қарардим. Нима учундир шу манзараларни кўз ўнгимга келтирарканман, ҳақиқатан ҳам, юрагимда муҳаббат интизорлигини ҳис қилдим ва нечанчи маротаба пешонамга ёзилган суюкли қизни ҳали-ҳанузгача учратолмаганлигимни ўйладим. Лекин ўша менга аталганнинг ўзи бормикин, буни мен ўзимча тўқиб чиқармадиммикин ва жуда оддий нарсаларни чигаллаштириб юрмаганмикинман? Бу ҳақда мен
кўп ўйлардим ва ҳар гал ҳаммасига ўзим айбдорман деб, ўкинар, маъюс тортардим,— ё ҳаддан ортиқ кўп нарсаларни кутяпман ёки, менда қизларни ўзига тортадиган ҳеч нарса йўқ. Ҳар ҳолда тенгқурларим бу борада мендан кўра омадлироқ ва кўнгилнинг кўзини биладиганроқ одамлар чиқишди. Диний семинария ёш кўнгилнинг ўз хоҳишига қараб яшашга йўл қўймасди, деб баҳона қилишим мумкин эди. Лекин семинариядан кетганимдан кейин ҳам, мен бу борада бирон-бир муваффақиятга эришганим йўқ. Нега? Агар ҳозир мен севишни истаган одам чиндан ҳам бу ерга келиб қолса, унга ҳаммадан бурун бундай дердим: юр, бирга-бирга ибодат мусиқасини тинглаймиз ва ўзимизни шу мусиқадан топамиз. Лекин, кейин мени шубҳалар кемира бошлайди: мабодо, буларнинг бари унга ғоятда зерикарли ва туссиз кўринса, унчалар тушунмаса, ана унда нима бўлади? Ахир, ибодатхона ичидаги ибодат, само мусиқаси бошқа, оддий бинонинг оддий залида не турфа одамлар ичида айтилган куй-қўшиқ бошқа. Чунончи, Бах хоралларини физкультура майдонида ва ёки жўшқин маршларга одатланиб қолган авиа-десантчилар казармасида ижро этилгандек таассурот қолмасмикин?

Пушкин музейига ялтир-юлтир машиналар келиб тўхтай бошлади. Ҳатто битта интурист автобуси ҳам келди. Вақт бўлганга ўхшайди. Итальян залига кираверишда одамлар тўдалашиб туришарди. Кишилар жам ҳолида бир нарсани кутаётганларида шундай туюлади. Кимдир ортиқча билет йўқми, деб сўради. Мен ортиқча билетимни ўзига ярашмаган кўзойнак таққан талаба йигитга бердим. Кейин пушаймон қилдим. У одамлар ўртасида чўнтагидан барча танга-
чақаларини чиқариб санашга тушди. Тангалар қўлидан ерга тўкила бошлади. Мен, бўлди, бас қилинг, бу билетни менга совға қилишган эди, мендан сизга туҳфа десам ҳам, ҳеч қўймайди, ниҳоят, залга кириб бораётганимизда тангаларни бир ҳовуч қилиб курткамнинг чўнтагига ташлади. Рост, пулим ошиб-тошиб ётгани йўқ, ўз кунимни ўзим бир амаллаб кўриб юрибман.
Лекин шундай бўлса ҳам ҳар ҳолда… Пойтахт одамлари концертга мос кийинганларини кўриб, яна бир ҳижолатга тушдим. Ўзим сийқаси чиққан жинси, олди очиқ куртка, беўхшов бошмоқ кийиб олган, бунинг устига соқолим қирдирилганди. Бунга эса сира кўниколмас, худди бир нарсамни йўқотиб қўйгандай эдим. Мен ўзим билмаган узоқ, номаълум ўлжага, нашазор чўлларга отланган, ҳамроҳларим эса аллақандай худобехабар банги чопарлар… Лекин булар
бари ҳатто гапириб ўтиришга арзимайдиган майда-чуйда нарсалар…

Икки қаватли юксак итальян саҳнидаги барча кўргазмалар, чамаси, ўз жойида турар, фақат залнинг ўртасига бир-бирига зич қилиб стуллар кўйилганди. Биз ана шу стулларга ўрнашдик. Қаршимизда на саҳна, на микрофон, на парда — бунақа нарсалар йўқ. Залнинг тўр томонига чеккароққа ўртачароқ катталикдаги минбар ўрнатилган. Икки дақиқалардан сўнг барча жой-жойига ўрнашиб бўлди. Эшик олдида яна бир неча одамлар тўдаланиб колди. Афтидан,
залдагиларнинг кўпчилиги бир-бирларини танишса керак, ҳаммалари чақчақлашиб ўтиришарди. Фақат мен жимгина ҳаёл сурар, ўзим билан ўзим овора эдим.
Лекин мана, ниҳоят, ён томондаги эшикдан икки аёл чиқиб келишди. Улардан бири — Пушкин музейининг ходимаси, иккинчисини — Софиядаги Александр Невский жомеси музейидан келган болгар ҳамкасабасини таништирди. Залда ғовур-ғувур тинди. Сочлари силлиқ таралган, яхши туфли кийган, оёқлари ғоятда чиройли, негадир шунга эътибор берганимни кўринг, сипо ва ёш болгар аёл каттакон қора кўзойнак устидан залга вазмин бир нигоҳ ташлади-да, саломлашди, сўнг тузуккина рус тилида мухтасар маъруза қилди. Ўз музейларида черков меъморчилигининг бебаҳо ёдгорликлари, қадим қўлёзмалар, санам чизиш санъати намуналари ҳамда эски китобатчилик тарихи асарлари билан бир қаторда ўрта аср черков музикасини ҳам тарғиб қилаётганликларини сўйлаб берди. Улар жоменинг тагида жойлашган пастки қаватларида — буни крипт дейишар экан,— кечки концертлар уюштиришиб, уларда тирик экспонатларни қатнаштиришаркан. Хоним шундай дегач, табассум қилиб қўйди. Пушкин музейининг таклифига кўра «Крипт» капелласи мана энди Москвага меҳмонга келибди.
— Сўраймиз! — деб таклиф қилди у ичкаридагиларни залнинг қарсаклари остида.
Қўшиқчилар шу ерда туришган экан. Улар биз кириб келган эшикдан залга ўтишди. Улар жами ўн киши эдилар. Бор-йўғи ўн киши. Ҳаммалари навқирон, мен билан бир ёшдаги йигитлар. Ҳаммалари бир хилда концертбоп қора костюмда, оппоқ ёқаларида қотирма капалак галстуклар, қора ботинка. На чолғу асбоблари, на микрофон-лар, на овозни кучайтириб берадиган ускуналар, на махсус саҳна ва на кўзни қамаштирадиган ранго-ранг чироқлар. Фақат залдаги чироқларнинг ёруғлигини бир озгина пасайтиришди, холос.
Назаримда, бу ерга капелла ҳақида тушунчага эга тингловчилар йиғилган, лекин негадир барибир қўшиқчилар учун қўрқиб кетдим. Озмунча одам йиғилганми? Бунинг устига бизнинг ёшларимиз бақироқ электрон овозларга ўрганиб қолишган — қўшиқчилар жанг майдонида қуролсиз қолган аскарларга ўхшардилар.
Улар елкама-елка ярим доира ясаб туришди. Чеҳралари осуда, сердиққат, ўзларига ишонч барқ урган. Яна бир қизиқ нарсани ҳам пайқадим — уларнинг ҳаммалари негадир бир-бирларига худди қуйиб қўйгандек ўхшардилар. Юраклари шу тобда бир ташвиш, бир интилиш, бир мақсад билан ураётганлиги боисидан шундай кўринса керак.
Бундай пайтларда бошқа нарсалар, ҳатто ҳар бирининг ҳаётидаги энг муҳим нарсалар ҳам орқага чекинади, улар хаёлдан мутлақо чи-қариб ташланади — бу жангга киришдан олдин ҳамма ғалаба қозо-нишни ўйлагандай гап.
Бу орада бояги болгар жувон концерт бошланмасдан бурун қора кўзойнагидан бизга вазмин назар ташлаганча, қисқача тарихий маълумот бериб ўтди. Болгар черковининг ўзига хослиги, Византияга бориб тақаладиган илдизлари, ажралиб турадиган хусусиятлари, ибодат маросимлари ва қўшиқлари ҳақида сўзлади, болгар қўшиқчилигининг миллий анъаналарига тааллуқли айрим тафсилотларга тўхтал-ди. Сўнг концерт бошланганлигини эълон қилди.
Қўшиқчилар тайёр эдилар. Улар нафасларини ростлаб яна бир зум жим қолдилар. Бир-бирларига елкама-елка янада жипсроқ турдилар. Шунда жимжитлик чўкди. Зал худди бўшаб қолгандек туюлди — одамларнинг қизиқишлари ортганди: қани, бу ўн йигит бизга нима бераркин, нима ҳунар кўрсатаркин. Улар ўзларининг нимасига ишонаркин. Ниҳоят, ўнг томондан учинчи бўлиб турган қўшиқчи — у тўданинг етакчиси шекилли — ишора қилди ва
қўшиқ бошланди. Овозлар парвоз этди…
Ўша жимжитлик ичида гўё самонинг порлоқ ҳавойи араваси оҳиста ўз ўрнидан жилди ва кўзга кўринмас ҳаво тўлқинларига миниб залдан чиқароқ кўкларга интилди, бу жонон араванинг ортидан руҳнинг битмас-туганмас заҳираларидан куч-қувват олароқ ва ҳар сафар қайта тирилароқ овозларнинг тантанавор ҳамда сарафроз излари ўчиб кетмай чўзилгандан чўзилиб борарди.
Сарахборданоқ капелладаги барча овозлар ўзаро жуда нозик мослашганлиги, овозларнинг ҳаракатчан ва уйғун-мутаносиблигига эришилганлиги билинди. Ўнта бир-бирига асло ўхшамайдиган одам, улар қанча вокал қобилият ва моҳирликка эга бўлмасинлар, бунчалар уйғунликка эриша олишларини ҳатто тасаввур қилиш қийин эди. Ва агарда мабодо, мана шу қўшиқ ижросига ҳар қандай музика ва айнйкса, замонавий музика асбоблари жўр бўлганда эди, ўнта мустаҳкам устун тутиб турган манавиндай ноёб иморат ҳам қулаб тушиши шак-шубҳасиз эди. Ноёб қисматгина бундай мўъжизани ярата олиши мумкин. Яъни мана шу, ҳа, худди мана шу ўнта одам қазову қадарнинг марҳамати билан бир пайтда туғилиши, вояга етиши, бир-бирларини ахтариб топиши, бир ерга тўпланиши, қачон-қачонлардир етиб ҳам, ажратиб ҳам бўлмас Руҳдан яралган Илоҳни не азоб-уқубатлар ичида излаган, ўйлаган ва ниҳоят, топган або-
боболар олдида фарзандлик бурчини ҳис қилиши керак эди — ахир, сўз билан ифодалаш қийин туғёнли, нолакор қўшиқлар фақат мана шу ҳолдагина дунёга келиши мумкин эди. Улар шу қадар зўр қудрат билан вужудан куйга айланиб, ўртаниб, ўз куйларига тамомила берилиб айтардилар-ки, бу санъатнинг сарвати унинг туганмас эҳтиросида жо бўлганди. Бунда илоҳий сўзлар баҳона эди, холос. Илоҳга қарата муножот эди.
Ҳаммасининг бошида эса, ўз улуғворлигининг мумтоз чўққилари сари умтилган инсон руҳи турарди.
Тингловчилар асиру мафтун бўлган, буткул ўй-ҳаёлга ботгандилар. Уларнинг ҳар бирларига ўзини мудом ташқаридан излайдиган ақл-идрокнинг неча-неча асрлар мобайнида фожеали адашувлар ва кароматлар ичида яратган нарсасига ўз ҳолича, якка-якка ҳолда, қўшилмоқ, бобаҳра бўлмоқ имкони туғилганди. Шу билан бирга улар бошқа ҳамма билан биргаликда, жам ҳолида Сўзни англашга муяссар бўлган, жуда кўп дилларнинг қўри қўшилган қўшиқларнинг
куч-қуввати ҳам бундан яна ўн чандон ортиб кетганди. Яна шу билан бир вақтда ҳар бир тингловчининг тасаввури инсон ҳаётининг йўлларида дуч келган хотиралар, алдамчи ҳаёллар, соғинишлар, айрилиқлар, қувончлар, армонлар, виждон қийналишлари, таънаўпка ва ёзғиришлардан иборат доим ўзингга қадрдон, лекин, ноаён ва мубҳам дунё сари тортиб кетарди.

Чингиз Айтматов

 

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Устозим рауф парфи – хотира дафтаримдан

Рауф Парфи Рауф ака кўп хушлайдиган гапларидан бири бу турғунлик замони (1980-йиллар охири) деб аталган пайтларни тожиклар “замони карахти” деб аташидир. Қандай зўр топиб ...

От кишнаган оқшом (қисса) 77-қисм

77 Милитсия машинаси эшигимизга келганини эл билди. Биродарлар, элнинг қулоғи элликта! Eл ажабланди, эл ҳадиксиради... Дув-дув гап бўлди... Биродарлар, ёмон гап, ракетадан ...

Эврил турон: эртами, кечми адолат тикланади

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасини  ўлик ҳолга келтирган, ўнлаб адибларни қатоғон этган (ўттизинчи йиллардаги каби) Муҳаммад Али ағдарилди. Буни асл адиблар байрам қилишияпти. ...