Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 17-қисм

Эртасига тонг қоронғусида турдилар. Субҳи содиқ эндигина оқариб келяпти. Чеккароқдаги ҳовлилар ҳали уйқуда. Уч чопар томорқалардан ўтиб, овоз чиқармай чўлга чиқдилар. Ҳатто итлар ҳам ҳуригани йўқ. Петруханинг гапига қараганда, борадиган жойлари узоқ эмас. У йўлни билар, ёввойи наша дуч келиши билан Авдийга кўрсатаман деб ваъда берган эди.


Кўп ўтмай Авдий ниятига етди. Нашанинг пояси пишиқ, қаттиқ, баланд шохлаб ўсаркан. Шохларининг уч томонига караб қорамтир япроқлар ичра гуллари майда-майда бўлиб поясига ёпишиб ётади. Осиёга Европадан мана шу ўсимликни деб келган эдилар. «Худойим-эй,— деб ўйларди Авдий наша тупларига қараб,— шўрага ўхшаган кўримсизгина ўт экан. Айримлар учун унда қанчадан-қанча кайф қиладиган лаззатли шира, банг бор, шуни деб бошларини ҳам тикиб юборадилар! Ер билан битта бўлиб ўсиб ётибди бу ерда!» Ҳа, наша дегани шу эди. Офтоб кўтарилиб елкаларни қиздира бошлади. Атрофда бир туп дарахт йўқ. Кимсасиз, адоқсиз чўл. Улар чўл ўртасида турганча ёввойи наша япроқларини бармоқларида эзиб уқалаб, унинг ёпишқоқ, ўткир, ачимсиқ ҳидини димоқларига тортар эдилар. Неча замонлардан бери гиёҳвандлар буни чекиб келадилар. Не-не гўзал рўёлар уйғонмаган уларнинг кўкнори ҳаёлларида! Авдий Ҳиндистон, Афгонистон ёки Туркиядаги Шарқ бозорларини тасаввур қилиб кўрди (улар ҳақида китобларда ўқиганди). Истамбул ёки Жайпурнинг эски шаҳар қўрғонлари
тагида, бир замонлардаги машҳур саройларнинг дарвозалари атрофида тарёк, афюнни очиқдан-очиқ сотган, очиқдан-очиқ олган, шу ернинг ўзида такяхоналарда чўккалаб ўтириб чеккан бўлсалар керак. Кейин хумор ҳаёл уларни узоқларга олиб қочган, албатта — ким бу ҳаёлга оғушта бўлиб, ҳарамларда мислсиз гўзаллар билан кайфу сафолар сурган, ким шоҳона ясатилган филларда, гулдор шодурвонларда гавжум шаҳар кўчаларини шодиёна сайр этган, ким
мерт бўлиб қолган онгнинг зулматли қаърларида туғиладиган аламангиз елғизлик қучоғига шўнғиган, сўнг шу зулмат жонидан тўйдириб, ғазаб отига минган — дунёни таг-томири билан емириб, бузиб, кулини кўкка совурмоқчи бўлган ҳозирнинг ўзида, дарҳол, ёлғиз яккама-якка!..Бир замонлар жаннатдай гуллаб-яшнаган Шарқнинг ҳалокати ва таназзулининг сабаби шунда эмасмикин? Наҳотки сувсиз чўлларда ҳар қадамда оёқнинг тагида ўсиб ётган шу нашапояда
одамнинг миясини айнитадиган фараҳ-бахш оғу яшириниб ётса?..
— Оҳ, сиз қадрдонларим! — деб ирғишларди Петруха қўлларини кенг чўлларга ёзиб кўрсатиб,— Қара, ана яна, ана, ана! Ҳаммаси ўзимизники, бизнинг нашамиз! Лекин, бу ердан йиғмаймиз. Булар ҳали нима! Ҳеч нарса эмас! Сизларни шундай жойларга бошлаб борай-ки, анқайиб қоласиз…
Улар яна ичкарилаб кетдилар ва бир соатлардан сўнг ўрмон бўлиб ўсган нашапоядан чикдилар. Атроф-тумонатни одамни маст қиладиган гуркираган наша ҳиди тутганди. Чопарлар хурсандчилигининг чеки йўқ эди. Улар наша барглари ва гулларини йиғишга тутиндилар.
Йиққанларини қуритиш учун ёйиб қўйдилар. Петруха икки соат қуритилса етади, ортиқ керак эмас дерди. Иш қизигандан қизиб борарди… ҳаммаси жойида эди. Лекин, кутилмаганда аллақаёқлардандир вертолётнинг гулдирагани эшитилди. У чўл тепасидан пастлаб учиб улар томонга қараб келарди.
— Вертолёт, вертолёт! — болаларча хурсанд бўлиб қичқира бошлади Лёнька турган жойида ирғишлаб.
Лекин Петруха ўзини йўқотиб қўймади.
— Ерга ёт, аҳмоқ! — деб қичқирди у шалоқ сўкинганча. Ҳаммалари ерга биқиниб ётишди.
Ўтлар орасида яширинишди.
Вертолёт бир оз нарироқдан учиб ўтди. Учувчилар уларни пайқамаган бўлсалар керак.
Петруха анчагача ўзига келолмади. У Лёнькани сўккани сўккан эди. Вертолёт атай бизни қидириб келган, дерди нуқул.
— Нима,— дер эди минғирлаб — тепадан ҳаммаси кўриниб туради, ҳатто сичқон ҳам кўринади. Биз аҳмоқлар эса юз чақирим наридан кўринамиз. Тепадан кўзи тушиши билан керакли жойга хабар қилади. Милиция машинада келса, қочадиган жой йўқ. Қўлингни кўтар! Ўлдинг!
Аммо сал ўтмай ҳаммаси унутилди. Ишлаш керак эди. Худди шу куни ҳеч ақлга сиғмаган ҳодиса рўй берди. Авдий бўрилар галасига дуч келди. Воқеа бундай бўлди.
Дам олишга ўтирдилар. Овқатланиб олдилар. Шунда Петруха деди:
— Менга қара, Авдий. Ўзимизнинг одам бўлиб қолдинг. Бизга киришиб кетдинг. Сенга бир нарса айтиб қўяй. Сенга ўхшаган янгилар учун бир одатимиз бор. Агар биринчи марта ишга тушаётган бўлсанг, Ўзига ҳадями, тортиқми, бир нарса қилишинг керак.
— Яна қанақа тортиқ? — қўлларини ҳайрон бўлганча ёзиб сўради Авдий.
— Э, тўхта. Мунча қўрқмасанг. Сенга биров магазинга бориб кел деяптими? Магазиннинг ўзи йўқ бу ерда. Мен нима демоқчиман. Сен гугурт қутичадай бўлса ҳам, ширачни йиғ. Нашапоя ичида бирпас чопиб юрсанг, вассалом. Нима қилиш кераклигини айтаман. Ўша ширачни Ўзи билан кўришганда қўлига тутқизасан. Дўстлигимиз учун дейсан. Ақлли одамсан-ку, биласан нима дейишни. Ҳаммасига Ўзи бош, сен унинг қўл остидаги одам. Ишончини қозонишинг керак…
Авдий ўйга толди: нима қипти, чакки эмас. Нашанинг асилини — ширачни ўзига туҳфа қилсанг, йўлинг очилади, танишиб ҳам оласан. Ниҳоят, Ўзини кўришга муяссар бўласан. Бу жуда ҳам зарур эди! Ҳаммани титраб-қақшатиб ўз ҳукмида тутиб турган Ўзи билан учрашиш!
«Ҳокимлик, ҳокимлик, иккита одам йиғилган жойда албатта бири хоким бўлади!» — аччиқ кулиб қўйди Авдий Каллистратов.
— Бўпти,— деди у,— керагича йиғиб сўнг Ўзига бераман. Қачон бериш керак? Бекатга боргандами?
— Аниғини билмайман,— тан олди Петруха.— Балки эртага берарсан.
— Эртага?

— Шундай. Вақт бўлди. Кетамиз. Етади. Эртага йигирма биринчи. Эртага соат тўртгача албатта айтилган жойда бўлишимиз керак. Йўлга тушамиз.
— Қаерда?
— Қаерда бўларди,— билағонликдан керилиб деди Петруха.— Борайлик. Ўшанда биласан. Уч юз ўттизинчи километрда.
Авдий бошқа сўраб ўтирмади — уч юз ўттизинчи километр Чу темир йўлидаги жой эканлигини тушунди. Ҳаммадан, Ўзи билан учрашув эртага ўша ерда бўлиши мумкин. Шунинг учун вақтни бой бермай тезроқ ширач йиғиш керак эмасми?
Бу ишнинг ўзи қийин эмас экану, лекин одамни жуда чарчатиб юбораркан. Ишнинг усули ҳам ёввойиларча. Қип-яланғоч бўлиб нашапоя ичида чопиб юриш керак. Шунда баданга наша гулларининг чанглари ёпишади. Кейин уларни аста уқалаб олинади. Ўша куни Авдий Каллистратов тоза ҳалак бўлиб югурди. Умрида бундай чопмаганди! Нашанинг шира чанги кўзга базўр чалинади. Рангини билиб бўлмайди. Лекин, жуда ёпишқоқ ширачдай бўлади. У баданга ўрнашиб ёпишиб қолади. Аммо, уни сидириб олиш осонмас. Кўп уриниб озгинагина ширач йиғиш мумкин. Лекин Ўзи билан кўришмаса бўлмайди. Бу мамлакатга жар соладиган, оғир дард-касалликдан огоҳ этадиган, бонг урадиган газета мақоласи учун ғоятда зарур. Авдий буни жуда яхши ҳис қилади ва шунинг учун жавзонинг сўхта қилиб юборадиган офтобига қарамай у ёқдан-бу ёққа чопгани чопган.

Қалин ўсган нашапояларда чопа-чопа Авдий шерикларидан хийла узоқлашиб кетганди. Шунда кутилмаганда, у ўзини енгил парвоз қилаётгандай, ҳаёли кўкларда ҳаволаётгандай сезди. Бу қачон, қандай бўлганлигини Авдий пайқамай қолди. Осмонда офтоб саховат билан нур сочади, ҳаво иссиқ, аллақандай қушлар пирпираб учишади, сайрашади, айниқса, чўл тўрғайлари тинимсиз чулдирашади, капалаклар пир-пир учиб, дам қўнишади, дам кўтарилишади, анвойи
ҳашаротлар ҳам алланечук ўз куйларини куйлашади — мисоли ер юзидаги жаннатга ўхшайди.
Ана шу жаннатмаконда шимоллик оқбадан йигит Авдий наша ҳидларидан ғоятда сархуш бўлиб, худди мурвати бураб қўйилгандай у томондан-бу томонга югургани югурган. У қип-яланғоч.
Бошида панамаси-ю, кўзида ойнак, оёғида кеди ва устида кичкина иштончасигина қолган. У энг қуюқ ўсган нашапояларни топиб ўзини улар ичига уради. Унинг атрофида гуллаб уруғ боғлаётган нашанинг чанги оқариб кўтарилади. Улар ҳаво билан Авдийнинг ичига киради, бошини айлантиради, ғувиллатади, кўзига ҳар турли рангин манзаралар кўринади. Сархуш ҳаёл тасвирларга тўлади: ана, у мотоциклда учиб боряпти. Кечаги мотоциклчи хотиннинг орқасига
ўтириб олган. Одатда мотоциклнинг орқасига хотин-халаж минади. Лекин Авдий йигит бўла туриб каттакон мотоциклни ўзи эмас, аёл бошқариб бораётганидан хижолатга тушмайди. У мотоцикл ҳайдашни билмаса ва умуман, техникадан узоқ бўлса, не қилсин. Хотин билан битта мотоциклда кетишнинг ўзи маза эмасми. Аёлнинг сочлари қалпоғи остидан тўзиб чиқади, шамолда учиб, унинг юзига урилади, сирпалади, қитиқлайди уни худди шамолдай, лаблари,
кўзларига ёпишади, томоқларини қичитади, оҳ, қандай яхши, қандай соз: гоҳида жувон орқасига ўгирилиб қарайди, унга шўх-шан кулиб қўяди, кўзлари чўғдай порлайди — о, қанийди, доим-доим шундай бўлса, узоқ-узоқ давом этса, асрларча…
Шунда бирдан унинг кўзи уч бўри боласига тушиб қолди-ю, дарҳол ҳушёр тортди. Ана холос! Қайдан келиб қолдингиз, азаматлар? У кўзларига ишонмасди. Учта бўри боласи думчаларини ликиллатиб унга яқинлашмоқчи, у билан ўйнашмоқчи бўлар, лекин — юраклари тўла дов бермас, анжо, қочиб кетмас ҳам эдилар. Оёқлари ўсмирларники каби узун-узун, қулоқлари дам диккайган, дам шалпайган, тумшуқлари чўзинчоқ, жайноқланган тамтам кўзлари одамга кулгини қистатадиган даражада ишонч билан боқади. Худди шу нарса Авдийнинг дилини қитиқлаб юборди-да, бошқа ҳамма нарсани унутиб, уларни ўз олдига эркалаб, авраб, қизиқтириб чақира бошлади. Авдий бўричаларни яхши кўриб тамомила ийиб кетганди. Шу он кўз ўнгида гўё оқ йилдирим пайдо бўлди. Тишлари оппоқ йилтираган қанжиқ бўри унинг устига ўқдай отилиб келарди… Бу кутилмаганда, тез, лекин шунчалар секин ва даҳшатли тарзда содир
бўлдики, тиззалари ўз-ўзидан букилиб, беихтиёр чўккалаб ўтириб қолгани, қўллари билан бошини тўсганини билмади. Худди шу нарса унинг ҳаётини қутқариб қолди. Лекин, у бундан ҳам бехабар эди. Бўри уч қадамча нарида эди, ў бирдан шиддат билан сакраб Авдийнинг бошидан нари ошиб кетди. Авдийнинг димоғига ҳайвон ҳиди гупиллаб урилди. Шунда уларнинг кўзлари тўқнашди. Авдий бўрининг кўк олов сочган нигоҳини, мислсиз кўм-кўк ва
қаҳрли кўзларини кўрди. Вужуди музлаб кетди. Бўри эса зум ўтмай яна унинг устидан орқага сакради ва кучукчаларини тишлаб, турткилаб худди шамол янглиғ орқага суриб юборди. Йўл-йўлакай жар ичидан ёллари тикка-тикка бўлиб, баҳайбат калласини чиқариб қараган ваҳимали бўрини ҳам кўкраги билан уриб, тишлаб шитоб билан орқага қайтарди. Улар худди бўрон учириб кетгандай, бир зумда кўздан ғойиб бўлдилар…
Авдий эса оёғини қўлига олиб қочди, чўлда қанча чопганини билмайди, қўрқинч бўғзидан фарёд бўлиб отиларди. Чопиб бораркан, боши чириллаб айланар, оёғи чўян осиб қўйилгандек оғирлашиб кетган, чалкашган оёклари тагида ер чайқаларди. Йиқилсаму турмасам, ухлаб қолсам дерди. Шунда у ўқчиб-ўқчиб қуса бошлади. Ана энди ўлдим, деб ўйлади. Ҳоли-жони қолмаган, лекин шундай бўлса ҳам, ўзини қусуқдан нари олишга куч топар, яна югуришга тушар, яна ўқчиб, букчайиб-букчайиб қусгани-қусган эди. Қорнида чидаб бўлмайдиган оғриқ турди. Ичакларини худди биров тинмай тилаётгандек эди. Оғу ичидан ўлакайланиб тушаркан, азобдан етти букилган Авдий титраб-қақшаб хХдога ёлворарди: «Оҳ, Худойим, бўлди, бас қил!
Бошқа ҳеч қачон, ҳеч қачон, хеч қачон наша йиғмайман, о, Худо, ўзинг менга раҳм қил…»
Ниҳоят, кўнгли айниши тўхтади. У кийимларини ахтариб топиш учун ўрнидан турганда, олдига Петруха билан Лёнька чопиб келишди, Бўрилар ҳақидаги ҳикоя уларга қаттиқ таъсир қилди. Айниқса, Лёнька кўрқиб кетди.
— Ўзингни тут, ҳей! Мунча қалтирайсан? — деб қичқирди унга Петруха.— Одамлар олтин қидирганларида нималар бўлмаган, биласанми, лекин орқаларига қайтишмаган… Сен бўлсанг, қандайдир бўрилардан қўрқиб ўтирибсан. Улар аллақачон қочиб кетган…
— Олтиннинг йўли бошқа-да,— деди Лёнька бир оз жимликдан сўнг.
— Нима фарқи бор? — ўдағайлади Петруха. Авдий фурсатдан фойдаланди.
— Фарқи бор, Пётр,— деди у заиф овоз билан.— Катта фарқи бор. Олтин ҳам кўп ёмонлик келтиради. Лекин у тақиқланмаган. Наша бўлса, ҳамма учун оғу. Бошимдан ўтказдим. Ўлиб қолай дедим. Бутун чўлга қусиб чиқдим…
— Бас қил, шу гапларингни! Ўрганмагансан. Озроқ заҳарлангансан. Шунга шунчами? — қўлини норози бўлиб силкиди Петруха.— Нима, сени биров мажбур қилиб олиб келдими бу ерга? Нуқул Худо дейсан. У яхши, бу ёмон деб нах урасан. Нега бизга пишанг беряпсан? Нега сувни лойқатяпсан? Пул деса, ўзингни томдан ташлайсан. Шундан шунга пул деб келгансан.
Тағинам бўри қорнингни ёриб ташламабди!
— Лойқатмоқчи эмас, тозаламоқчиман сувни,— Авдийнинг назарида янада очиқроқ гапириш палласи келгандай эди.— Ўзинг ақлли боласан, Петр. Жиноят йўлига кирганингни билмайсанми, ақлинг етмайдими…
— Ҳа, шу йўлга кирганман! Сен-чи, сен қайси йўлга киргансан?!
— Мен қутқаришни истайман!
— Кутқариш дейди! — жаҳл билан қичқирди Петруха.— Сенми ҳали бизни қутқарадиган?

Қандай кутқарасан, қани, айтиб бер-чи!
— Олдин — Худога тавба қиламиз. Кечиришини сўраймиз. Кейин одамларга…
Авдий уларнинг кулмаганларига ажабланди. Фақат Петруха оғзига бемаза нарса теккандай чиртиллатиб тупурди.
— Тавба эмиш! Гапини қаранг! — тўнғиллади у.— Э, сен тавба қил. Биз пул ишлаймиз.
Бизга пул керак, билдингми. Гап тамом. Сен тавбангни қилавер! Авдий, агар ҳазиллашаётган бўлсанг, сал кўзингга қараб ҳазиллаш! Бизни йўлдан ураётганингни Ўзи эшитса, чиққан жойингга киргазиб юборади, билиб қўй! Сенга жўрам деб айтяпман. Бизни ҳам алағда қилма.
Пулдан бошқасига қизиқмаймиз. Лёнька, ўзинг айт. Сенга пул керакми, Худоми?
— Пул! — жавоб берди бола.
Авдий ғиқ этмади. Гапнинг давомини бошқа пайтга қолдирди.
— Хўп, қани, гапни бас қилдик. Етар, йўлга чиқайлик,— муросага келгандай деди Петруха.— Сен ширач қилолдингми, Авдий?
— Йиғолмадим. Бўри ҳужум қилди. Қолганларини қаерга қўйганман, эсимдан чиқди. Уст-бошимни ҳам топиб келишим керак…
— Кийимларингни-ку топарсан, каерга кетарди. Лекин ширач йиғиб улгурмайсан. Бугун кетишимиз керак. Майли нима бўлганини айтсак, тушунар. Тушунмаса, келаси сафар йиғиб берарсан…

Чингиз Айтматов

 

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 54-қисм

54 Во дариғо, шундай кунлар-да бўлади! Босган қадамимиз кетимизга кетади. Жамики ишларимиз чаппасига юради. Омад деганлари саломини-да бермайди. Оғзимиздаги ошимизни-да ...

Юсуфбeк ҳожи

17. ЮСУФБEК ҲОЖИ Райимбек додхоҳнинг ёнидаги бизга таниш олабай-роқ тўнлик киши Ҳасаналини кўриши ҳамоно: — Ҳа-а-а, бизнинг Ҳасанали-ку! — деди, — кел, Ҳасан кўришайлик, ...

От кишнаган оқшом (қисса) 20-қисм

20 Кўпкари охиригача ёнбошлаб ётдим. Узанги йўлдошларим бир марта-да улоқ ололмади. Кўпкаридан қўлини бурунларига тиқиб қайтди. Шунда, узанги йўлдошларимга юз солдим. — Энди ...