«ТИШИНГ БОРИДА ТИШЛАБ ҚОЛ!» ёки газ таъминот идораси ходимларининг янги «ихтироси»

Шу йил 1 августдан аҳоли учун етказиб бериладиган суюлтирилган газнинг 1 килограмми учун 800 сўм нарх белгиланганидан кўпчилик яхши хабардор, албатта. Демак, фуқаро битта газ баллонини тўлдириб бергани учун (етказиб бериш хизмати ичида, манзилнинг олис-яқинлигининг аҳамияти йўқ) таъминот идорасига 16 минг сўм тўлаши керак.

Иллюстратив фото

Андижон тумани газ идораси ходимлари мана шу «имконият»дан қўшимча «даромад яратиш» йўлини топишибди: улар ҳукумат томонидан белгиланган нархга 3 минг устама қўйишган?!

«Бўлиши мумкин эмас!» дейишга шошилманг! Аниқ мисолларга эътибор қаратинг. Бўтақора қишлоғи, жумладан, «Маориф», «Беш паҳлавон», «Деҳқон» маҳаллалари аҳолисидан газ баллони учун 19 минг сўмдан ҳақ олиняпти. «Намуна» маҳалласида фуқаро Салоҳиддин Сулаймонов ҳудуд аҳолисининг баллонларини тўплаб, таъминот идораси ўртасида даллолликни йўлга қўйгани сабаб 19 минг сўмга яна 4 минг сўм «устама» қўшяпти. Бу «ихтиро» туфайли намуналикларга битта баллонни тўлдириш 23 минг сўмга тушмоқда. Газ таъминоти идорасининг ҳудудга бириктирилган вакиллари эса ҳеч қандай эътирозни қабул қилишни истамайди: «биз баллонларни Салоҳиддин Сулаймонов орқали оламиз, гап тамом». Бундан чиқдики… «Хоҳласанг шу, хоҳламасанг катта кўча!».

Таъминот идорасидан Бўтақора ­қишлоғига бириктирилган Шерзодбек, Умиджон исмли чилангарлардан изоҳ сўрадик. Улар бамайлихотир «Корхонанинг етказиб бериш хизмати 19 минг сўмга тўғри келади», дейишди. «Машинанинг биқинига «16 минг сўм!» деб ёзиб қўйиб­сизлар-ку?» деган эътирозимизга «Биз топшириқни бажаряпмиз», деб жавоб беришди.

Хўш, 16 минг сўм ўрнига 19 минг сўмдан пул йиғасиз, деб ким топшириқ берган? Туманлараро газ таъминоти 5-ҳудуд Андижон тумани бўлимининг аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш бўлими бошлиғи Отабек Эсоновга шу савол билан мурожаат қилдик.

–  Мен бунақа топшириқ бермаганман, – деди у. – Бу вазифада иш бошлаганимга икки ой бўлгани йўқ. Тўғри, эътирозлар бор. Айрим маҳаллаларда одамлар ҳатто 25 минг сўмдан тўлов қилишга мажбур бўлаётганини эшитдим. ­Қишлоқларга бориб, вазиятни ўрганишни режалаштириб қўйдим.

Белгиланган меъёр бўйича оиладаги 5 нафар жонга 1 та баллон тўғри келади. Шунга мувофиқ бир ойда бир марта таъминот идораси томонидан суюлтирилган газ билан тўлдириб берилиши зарур. Андижон тумани бўйича айни пайт­­да аҳолида 30 минг 619 та газ баллони бор. Уларни ташиш учун 5 та махсус техника хизмат қиляпти. Битта машинага 110 та баллон сиғади. Идора ходимлари бир ой – 30 кун бетўхтов ишласа, 16 минг 500 дона баллонга газ тўлдириб, етказиб беришлари мумкин. Кўриниб турибдики, оилалардаги газ баллонларининг ярмидан кўпроғига бир ойда улгурса бўлади.

Туманнинг деярли барча маҳаллаларида баллонлар битта одам томонидан тўпланади. Бунинг учун, албатта, маҳалладошлардан қўшимча хизмат ҳақи олинади. Бўлим бошлиғи Отабек Эсоновнинг айтишича, бу ҳолат ёнғин хавфсизлиги қои­даларига тамомила зид. Чунки уларнинг бир жойда жамланиши портлаш хавфини юзага келтиради. Демак, газ таъминоти идораси раҳбарлари тегиш­ли ташкилотлар билан бу масаланинг ечимини топиши керак.

Шу ўринда «маслаҳат»га ўхшаш бир мулоҳазани айтиб ўтсак. Шаҳрихон туманида нарх-навонинг сунъий ошиб кетиши юзасидан арзномалар кўпайди. Шундан кейин туманда баллон ташувчи ҳар бир автомашинага карнай ўрнатилди ва муаммонинг ечими топилди.

Ҳаммамиз яхши биламиз. Кейинги пайт­­да узоқ-яқиндан келган сотувчилар машинада қишлоқ айланиб, «ун келди», «пахта келди», «сабзи-пиёз келди», дея жар солса, одамлар дарров югуриб чиқишяпти. Андижон туманида ҳам бир ойда бир марта алмаштириладиган баллонларни шу йўл билан етказиб, «ўртакашларнинг монополияси»га барҳам берилса бўлмайдими?

Суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ кузатишлардан хулоса шуки, маҳалла фуқаролар йиғинлари қошидаги жамоатчилик комиссияси назорати ўрнатилган ҳудудларда нарх-навони сунъий ошириш борасида эътирозлар йўқ. Масалан, Хўжаобод туманида адлия идоралари ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг бўлимлари ҳамкорлигида айни масалада тартиб ўрнатилди. Аммо Андижон туманида кўплаб МФЙ раислари ва жамоатчилик комиссиялари суюлтирилган газ масаласида оғзига «тош солиб» туришибди. Бу лоқайдликми ёки?..

Андижон туманида аҳоли 30 минг 619 та баллондан фойдаланаётганини юқорида таъкидладик. Бир ойда ўртача 16 минг донаси суюлтирилган газ билан тўлдириляпти, дейлик. Ҳар бир баллон учун 3 минг сўмдан устама маблағ йиғиляпти. Демак, 48 (қирқ саккиз) миллион сўмни кимлардир ноқонуний равишда чўнтакка ураяпти.

Биз журналистик суриштирувни биргина Бўтақора қишлоғи мисолида ўтказдик. Қишлоқ туман ички ишлар бўлими бошлиғи раҳбарлик қиладиган секторда жойлашган. Ноқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўйиш учун шунинг ўзи кифоя эмасми?

Манба: «Ishonch» газетаси

Муаллиф::Нурилло НЎЪМОНОВ

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Facebook ходимларининг маоши қанча?

Glassdoor нашри берган маълумотларга қараганда, компания ўз ишчи-ходимларига қуйидагича маош тайинлаган. Ҳар қандай компания фаолиятида ўзига яраша айрим камчиликлар бўлади. ...

Аросатда қолаётган тадбиркор

Ҳозирги кунда "Тадбиркор - элга мададкор", "Тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади" деган ва бошқа сон-саноқсиз сўзлар бот-бот қулоғимизга чалиниб туради. ...

Бухорода нефтни қайта ишлаш заводи модернизацияси учун 553 миллион доллар ажратилади

2020 йилда Бухоро Нефтни қайта ишлаш заводи (БНҚИЗ)да 553 миллион АҚШ долларига тенг модернизация лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари ходимлари ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400