Ўзбекистон молия вазири ўринбосари Дилшод Султоновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда биринчи тоифадаги 800 минга яқин ишчи 500 минг сўм атрофида минимал ойлик маош олади.
«Биринчи тоифа ишчилар энг кам иш ҳақининг 2,5 баробарида ойлик маош олади. Улар, одатда, халқ тили билан айтганда ‘ёрдамчи ишчи’ деб номланадиган қуйи малакали ишчи кучи ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, кўплаб юқори малакали мутахассисларнинг расмий иш ҳақи ҳам ушбу суммага тенг. Биринчи тоифадаги энг кам иш ҳақи оладиганлар орасида йирик ресторанларда фаолият кўрсатувчи олий тоифали ошпазлар, ҳатто йирик ташкилот директорлари ҳам бор. Эҳтимол, ҳақиқий ойлик маоши ‘конверт ичида’ тўланар», — деди Дилшод Султонов.
Шунингдек, бюджет ташкилотларда биринчи, иккинчи ва учинчи тоифада 370 мингга яқин киши кам миқдордаги ойлик маошида ишлайди. Уларнинг иш ҳақи 500 дан 600 минг сўмгача.
Вазир ўринбосари 2019 йилда ишчиларнинг ойлиги уларнинг тоифаларига мос равишда оширилишини маълум қилди. Шундай қилиб, биринчи тоифа ишчиларининг иш ҳақи 15 фоиз, иккинчи тоифа ишчиларники 10 фоиз, учинчи тоифа ишчиларники эса 5 фоиз оширилади.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 2018 йилнинг дастлабки тўққиз ойи давомида ўртача ойлик иш ҳақи барча солиқлар билан 1 684 500 сўм (бир миллион олти юз саксон тўрт минг беш юз сўм)ни ташкил этган. Энг кам иш ҳақи соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳа ходимларида белгиланган — 1 085 700 сўм.