Бекободда кесак кўтарган олтовлоннинг бири қамоқда, яна бири прокуратурада сўроқда, учтаси дом-дараксиз. Гапиришга ҳадди сиққан олтинчиси эса «оққўрғончаси»га тушунтиряпти

Оққўрғондаги ариққа тушган олтовлон суратидан сўнг ижтимоий тармоқларда катта-катта кесакларни кўтариб олган бошқа бир олтовлоннинг сурати пайдо бўлганди. Кейинроқ сурат Бекободда олингани айтилди. Оққўрғондаги воқеа натижаси ўлароқ бош вазир ўринбосари Зоир Мирзаев ишдан кетди, унга Президент ҳам, Бош вазир ҳам муносабат билдирди. Бироқ Бекободда айнан нима бўлгани ноаниқ эди. «Кун.уз» ушбу ҳолат юзасидан суриштирув олиб борди.

Суратдагилар (ўнгдан чапга қараб) — Бекобод тумани қишлоқ хўжалиги бўлим бошлиғи Фарҳод Ҳотамов, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши туман бўлими раиси Улуғбек Худойбердиев, Тошкент вилояти сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Қурбонов, Бекобод туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Қосим Бозорбоев, Бекобод тумани Ер ресурслари ва кадастр бўлими бошлиғи Абдулла Умаров ҳамда Бекобод туман сув хўжалиги бўлими бошлиғи Иброҳим Бердиқулов.

 

Маълум бўлишича, ушбу воқеадан сўнг Абдулла Умаров ўз ихтиёри билан ишдан бўшашга қарор қилган; мухбирлар у билан боғлана олмаган. Бошқа кесак кўтарганлар ҳам, «Кун.уз» таърифи билан айтганда, «қумга сингган томчидек йўқолган, уларни на иш жойидан, на уйидан топиш мумкин».

 

Масалан, улардан бири — Фарҳод Ҳотамов ўша куни уйига қайтмаган. Турмуш ўртоғининг айтишича, орадан икки кун ўтиб туман прокуратурасидан телефон қилишган. «Туман прокуратурасидан қўнғироқ бўлиб, эримнинг иссиқ кийимларини келтиришимизни сўрашди. Шундан сўнг биз унинг қаерда эканидан хабар топдик», дейди Ҳотамовнинг рафиқаси.

 

Туман прокуратурасидан маълум қилишларича, Ҳотамов Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми (« ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш»), 205-моддаси («ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш») ва 211-моддаси («пора бериш»)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда ва бу жиноят ишининг «кесак кўтариш» воқеасига алоқаси йўқ. Кесак кўтарганлардан яна бири — Улуғбек Худойбердиев ҳам прокуратурада сўроқ қилинмоқда.

 

Журналистлар барибир воқеанинг бир иштирокчисини топишган. Лекин у ҳам бор гапни айтмаган: «Мен воқеа жойига сал кеч қолиб келдим. Улар кесакни нега кўтариб олганига тушунмай, қаторга қўшилдим. Мен ҳам кесакни қўлга олдим». Суҳбатдошнинг таъкидлашича, «гап эшитиб қолишдан қўрқиб», у ҳам кесакни кўтараверган (Оққўрғондаги бечораларнинг  гапларига ўхшайди-а?).

 

Аслида эса… «Воқеа тафсилотлари билан таниш бўлган ҳокимлик вакилига кўра, бу ‘яхши тайёрланмаган майдонга буғдой уруғини қадалиши’га йўл қўйган масъуллар учун тайинланган жазо бўлади», — деб ёзади «Кун.уз».

Манба: Daryo — LIVE

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Жаҳон тарихида энг кам миқдордаги пора ўзбекистонда олинган!

Навоий вилояти Учқудуқ шаҳар ИИБ тергов бўлинмаси бошлиғи вазифасида ишлаган Ифтихор Авазов 100 минг сўм пулни пора сифатида талаб қилиб, 20 минг сўм олаётганда қўлга ...

Коронавирус хавфи: постларда нега қуролланган ҳарбийлар турибди?

Ўзбекистонда коронавирусга қарши чора-тадбирлар доирасида қатор шаҳарлар ёпилиб, назорат постлари ўрнатилди. Уларга қўриқлаш учун қуролли ҳарбийлар жойлаштирилди. Постларда ...

Ўзбекистонда қийноқ қўллаб олинган кўрсатмалардан далил сифатида фойдаланилмайди…ми?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ...