Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 21-қисм

II

Ўшанда  Қуддусда  ҳаво  эрталабдан  қизиб,  кун  иссиқ  бўлишидан  дарак  берарди.  Ирод саройининг  Арк  айвонида  мармар  устунлар  тагида  прокуратор  Понтий  Пилат  ўзига  курси қўйишни буюрди. Бу ерда пастдан эсаётган елвизак унинг сандал кийган оёқларини билинар-билинмас  елпиб  ўтарди.  Катта  боғдаги  адл  теракларнинг учлари  шабадада  эринчоқлик  билан қимирлар, уларнинг япроқлари бу йил барвақт сарғая бошлаганди.

Саройнинг Арк айвони жойлашган шу тош тепаликдан шаҳар кафтдек кўриниб турар, ҳозир ҳаво  тобора  қизиб  бораркан,  шаҳар  манзаралари  оқ  ҳарир  парда  ичра  жимирлаб  кўзга чалинар,— ҳатто Қуддуснинг доим равшан кўринадиган теварак-атрофларини ҳам оқариб ётган саҳро сарҳадларида аранг пайқаш мумкин эди.

Ўша  куни  эрталаб  худди  кўзга  кўринмас  иплар  билан  осмонга  осиб  қўйилгандай қанотларини кенг ёзиб ёлғиз бир қуш сас чикармай сузиб юрар, маълум вақт орасида ҳеч канда қилмай  катта  боғ  устидан  учиб  ўтарди.  Бургутмикин,  калхатмикин,  шу  иккисидан  бўлак  ҳеч қандай қушнинг бундай иссиқ кунда узоқ ҳамда зерикарли учишга қурби етмайди. Оғирлигини у  оёғидан  бу  оёғига  солиб  турган  назарлик  Исонинг  кўкда  айланиб  юрган  қушга  бехос  кўз қирини ташлаганлигини пайқаб прокуратор бирдан оғринди ва тутоқиб кетди. У заҳар сочиб деди:

— Сен қаёққа қараяпсан, Яҳудонинг подшоси? Бошингда ажал қуши айланяпти!

— У ҳаммамизнинг бошимиздан айланяпти,— оҳиста, худди ўзи билан ўзи сўзлашаётгандай жавоб  берди  Исо  ва  қорайиб  моматалоқ  бўлиб  кетган  кўзини  кафти  билан  пайпаслаб  қўйди:

синедрионда  суд  қилиш  учун  элтаётганларида  бозор  олдида  руҳоний  ва  оқсоқоллар  гиж-гижлаган  оломон  уни  уртўқмоқ  қилган  эди.  Айримлар  раҳмсиз  калтаклаган,  бошқалари башарасига  тупурган  ўша  дамларда  руҳонийлар  руҳонийси  Кайафанинг  одамлари  ўзини нечоғлик қаттиқ ёмон кўришларини тушунди, ҳа қуддусликларнинг судидан ҳеч кандай раҳм-шафқат  кутиб  бўлмайди,  шундайку-я,  лекин  уни  оломоннинг  айнимачоқлиги  ва  жаҳолатга миниб  қутуриши  таажжубга  солиб  қўйди,  гўё  шу  пайтгача  улар  ичидан  ҳеч  ким  унинг дародилигини билмагандай, гўё шу пайтгача улар ибодатгоҳлар ва майдонларда нафасларини ичларига  ютганча  қимир  этмай  унинг  ваъзларини  эшитмагандай,  гўё  улар  хўтигини эргаштирган  кўк  эшакка  миниб  шаҳар  дарвозаларидан  кириб  келганида  шоду  хуррам  қарши олмагандай, гўё улар умид-омол била: «Салламно бани Довудга! Салламно ва акрам!» — деб қичқиришиб, эшаги оёғи остига гуллар отмагандай.

Мана энди, у йиртилиб далва-далва бўлиб кетган уст-бошда паришон ва фаромуш алфозда тақдиримда яна нималар бор экан дегандай Понтий Пилат қошида мустар турибди.

Прокураторнинг эса шу тобда асаби ғоятда бузилган ва қизиғи шундаки, ҳаммадан бурун ўзидан — ўзининг сустлиги, бировга тушунтириб бўлмайдиган журъатсизлигидан хафа эди. На Рим қўшинларида хизмат қилиб юрганларида ва на мана ҳозир прокураторлик чоғларида у ҳеч қачон  бундай  ҳолга  тушмаганди.  Ростдан  ҳам  кулгили  эмасми,  ахир! — синедрионнинг ҳукмини  шартта  тасдиқлаш  ва  ортиқча  бошоғриқдан  қутулиш  ўрнига  у  терговга  кучи  ҳамда вақтини  сарф  қилиб  ўтирибди.  Ҳолбуки,  Байтулмуқаддас  руҳонийлар  руҳонийси  ва мушриклари  унинг  фармойишига  илҳақ,  уларни  дарҳол  чақириб,  мана,  олинглар,  гуноҳкор сизларники, нима қилсаларингиз, ўз ихтиёрларингиз, деса бўлади-ку, ахир. Шунга қарамасдан, Понтий Пилатга шундай осонгина йўл тутишга нимадир халақит бермоқда эди. Бунинг устига манови масхаравоз шунча овора бўлишга арзирмикин?..

Лекин  бу  тентакни  ҳам  кўринг-да  ахир!  Қарангким,  у  Яҳудонинг  подшоси,  муҳибби Раббоний эмиш, Илоҳнинг одил салтанатини тузмоқ учун Худо томонидан яҳудоларга тортиқ қилинганмиш, Унинг одил салтанатида қайсару қайсарчаларга, уларнинг нойибларига ва ялоқи синагогларга  ўрин  йўқмиш,  жами  одамлар  эндиликда  то  охиратга  қадар  бир-бирларига  тенгу биродар  бўлар  эмишлар.  Неча-неча  кишилар  давлат  қушини  бошларига  қўндиришга  ҳаракат қилмаганлар,  лекин  бунақа  ақлли,  айёр  ва  бунақа  ғаддорини  ҳали  ҳеч  ким  кўрмаган  эди.

Бунақалар салтанат тепасига келсин-чи, аввал қандай бўлса, худди шундай ҳукм юритаверади, зотан, дунёга ҳаётнинг бошқача йўриғи йўқ ва бўлмайди ҳам. Аммо бадкирдор буни беш қўлдай яхши билади, лекин бари бир найрангини қўймайди! Содда одамларни янги Салтанат қурамиз деб алдайди. Ҳар бир одам ўз юрагидаги гумонига кўра бошқанинг устидан ҳукм чиқарди, деган гап ҳақ бўлса, бу ерда айни шунинг ўзгинаси эди: прокуратор юрагининг энг яширин ерларида оруланган,  лекин  амалга  ошишига  ўзи  ҳам  ишонмаган  ҳаёлларни  Исога  тақамоқда  эди.

Ҳаммасидан  ҳам,  худди  мана  шу  нарса  Понтий  Пилатнинг  ғашига  тегар  ва  шу  боисдан маҳкумга  бир  вақтнинг  ўзида  ҳам  қизиқиб  қарар,  ҳам  нафратланарди.  Прокуратор  назарлик Исонинг сирини билиб олдим, деб ўйларди: бу дайди башоратгўй ер юзида ғалаён чиқармоқчи, одамларга Янги Салтанат ваъда қилиб, эскини йиқмоқчи ва янгининг устига ўтирмоқчи. Оббо, муғамбир! Румо Салтанатининг Кичик Осиёдаги вилоятлари ҳокими бўла туриб, Понтий Пилат ҳаёлига  келтирмаган,  тўғрироғи,  ҳатто  орзу  қилишга  қўрққан  нарсаларни  наҳот  шу  ожиз  ва ночор  Яҳудо  кўкрагида  кўтариб  юришга  журъат  этса-я.  Дайди  кароматгўй  Исони  бошқача йўллар  билан  тергар  ва  сўроққа  тутаркан,  тажрибакор  прокуратор  ўзини  мана  шунга ишонтирар, шунга чоғлар, шундай хулоса чиқаришга ҳозирларди: ҳар сафар ўзини маҳкумнинг ўрнига қўйиб кўрганда, унинг ҳокимлик даъво қилаётганидан тепа сочи тик турарди. Шундан Понтий  Пилатнинг  жиғибийрони  чиқар,  шубҳалар  ўтида  қовурилар — дам  Байтулмуқаддас Синедриони томонидан Исо устидан куни кеча чиқарилган ўлим ҳукмини тасдиқлаб, ҳокимлик муҳрини  босмоқчи,  дам  буни  орқага  чўзиб,  Румо  давлати  учун  Исо  фикрлари  ва  хатти-ҳаракатлари нечоғлик хавфли эканлигини охиригача аниқламоқчи бўларди…

Унинг  осмонда  учиб  юрган  қуш  ҳақидаги  сўзига  маҳкум  дайдининг  жавоби  тўғри  ва очиқлиги,  бетакаллуфлиги  билан  прокураторнинг  энсасини  қотирди.  Ундан  кўра  индамагани ёки тилёғламалик қилгани ҳам тузук эди. Қаёқда, қайтага ўзига-ўзи таскин беряпти: ўлим гўё барчамизнинг  бошимизда  кезиб  юради. «Буни  қаранг-а,  ўз  бошига  ўзи  эран-қаран  ўлим чақиряпти-я, ростданам, қатлдан ҳеч чўчимаётгандай»,— куфр бўлиб кетди Понтий Пилат.

— Бўпти, яна аввалги гапимизга қайтамиз. Шўрлик, биласанми, сени нима кутаётганлигини? — сўради прокуратор товуши хириллаб. У боядан бери тез-тез йилтираган башараси, тепакал боши ва ғўладек бақувват бўйинларидан рўмолча билан терини артарди. Прокуратор Исонинг жавобини кутиб, терлаб кетган бармоқларини бирма-бир қасирлатиб қайириб чиқа бошлади. У шунга ёмон одатланганди.— Сендан сўраяпман, нима бўлишингни биласанми?

Исо бошидан нима кечишини ўйлаб, ранги ўчди ва оғир хўрсиниб, деди:

— Шундай, Румо нойиби, мени бугун қатл қилишларини биламан,— базўр оғзидан чиқди унинг.

«…  Биламан!» — масхараомуз  такрорлади  прокуратор  ва  қаршисида  турган  шўрлик пайғамбарга ҳам раҳми келиб, хам аччиғи қистаб, мийиғида кулганча бошдан-оёқ назар солиб чиқди.

Қовушмаган,  бўйни  узун,  ўсиқ  сочлари  патила-патила  тўзиган,  либослари  йиртилган, сандали оломон талаганда тушиб қолган бўлса керак, оёқ яланг Исо прокуратор қошида бошини хам қилиб турар,— унинг орқасида сарой Аркининг тўсиқлари оша олис тепаликларда шаҳар уйлари  элас-элас  кўзга  чалинарди.  Шаҳар  прокуратор  тергаётган  одамга  муштоқ  эди.  Қабиҳ шаҳар  қурбон  истарди.  Бугун  мана  шу  жазирама  иссиқда  шаҳарга  қонли  томоша  керак  эди, унинг  қоронғу,  сим-сиёҳ  истаклари  жунбушга  тушмоқни  хоҳларди — худди  қаҳрли  йўлбарс Ливия саҳроларида зебрани тилка-пора қилаётганда чиябўрилар тўдаси алам билан акиллашиб, увлашганидай  оломон  ҳам  кўчаларда  нола-фарёд  чекиб  кўксини  тиғлайди  ўшанда.  Понтий Пилат бундай воқеаларни одамлар ўртасида ҳам, жониворлар ичида ҳам кўрган эди. Шунинг учун,  чорчўпга  михлаш  қандай  бўлишини  бир  зум  кўз  ўнгига  келтириб,  ич-ичдан  эти жимирлашиб кетди. Ва юраги ачишгандай ўкиниб деди:

— Биламан, дейсан! «Биламан» ҳам гапми? Сени у ёққа олиб чиқишгандан кейин биласан…

— Шундай, Румо нойиби, мен буни биламан, ўйласам, этим сесканиб кетади.

— Сен гапимни бўлма ва нариги дунёга кўпам ошиқаверма, борасан ҳали,— деб тўнғиллади прокуратор гапи чала қолганидан норози бўлиб.

—  Афв  эт,  ҳукмдор,  беихтиёр  оғзимдан  чиқиб  кетди,  гапингни  бўлмоқчи  эмасдим,— узрхоҳлик қилди Исо.—- Мен ҳеч ерга шошилаётганим йўқ. Мен ҳали яшасам девдим.

—  Эса  сен  куфроний  сўзларингдан  воз  кечиб  қўя  қолмайсанми? — тиккасига  сўради прокуратор.

Исо қўлларини ёзди, унинг кўзлари болаларникидай маъсум эди.

— Менинг қайтиб оладиган сўзим йўқ, ҳукмдор. У сўзлар қисматда бор. Падарим дилимга  солган. Унинг иродасини адо этиб, сўзларини одамларга етказмоғим керак.

—  Айтганингдан  ҳеч  қолмайсан,—  норози  бўлиб  овозини  кўтарди  Понтий  Пилат.  Унинг қийғир  бурунли,  қайишдай  қаттиқ  лаблари  атрофига  чуқур  чизиқлар  тортилган  юзи нафратангиз совуқ тусга кирди.— Мени чалғитаман деб, овора бўлма, ҳаммасини шундоқ кўриб турибман,— деди у эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда.— Падаримнинг сўзлари, уларни одамларга еткизаман дейсан. Аслида бу нима? Аслида бу қора халқни лақиллатиш. Уни қўлга олиш! Авомни бузғунчиликка бошлаш. Балки унинг сўзларини менга ҳам етказмоқчидирсан — мен ҳам одамман-ку!

— Ҳозирча. Румо ҳукмдори, сенга бу ҳожат эмас. Билъакс, сенда изтироб йўқ. Сен бошқача ҳаётни орзу қилмасанг ҳам бўлади. Сен учун ҳукмронлик бу — Худо ва диёнат. Ҳукмронлик эса тамомила ўз қўлингда. Сен учун шундан юқори ҳеч нарса йўқ.

— Рост. Румо ҳукмронлигидан ўзга олий нарса йўқ. Умидворман-ки, сен шундай демоқчи бўлдинг, шекилли?

— Сен шундай деб ўйлайсан, ҳукмдор.

—  Ақлли  одамлар  ҳар  доим  шундай  ўйлаганлар,—  илтифотли  оҳангда  уни  тўғрилади прокуратор.— Бекорга айтмаганлар,— уқдира бошлади у.

—  Қайсар(ҳукмрон) — Худо  эмас,  лекин  Худо — худди  Қайсардай.  Агар  аксинчасига  ишончинг комил бўлса, менга исбот қил. Қани! — У Исога мазах қилгандай тикилиб қолди.— Мен Румо императори  Тиверийнинг  нойиби  бўламан.  Унинг  номидан  мен  замину  замонадаги нарсаларнинг ҳолатларини бирмунча ўзгартира оламан. Сен эсанг бунга аллақандай олий кучни, гўё  сен  элтаётган  қандайдир  ўзгача  бир  ҳақиқатни  қарама-қарши  қўймоқчи  бўласан.  Шоён ғалати, шоён ғалати! Акс ҳолда сени бу ерда тутиб турмас эдим. Синедрионнинг ҳукми қачон ижро этилади деб, шаҳар ошиқмоқда. Хўш, қани, жавоб бер!

— Мен нима дей?

— Қайсарнинг Худодан кичиклигига ишончинг комилми?

— Қайсар ҳам ўладиган одам.

—  Албатта,  ўладиган  одам.  Лекин  у  тирик  экан,  одамлар  учун  Қайсардан  юқори  Худо борми?

— Тирикликнинг ўзга ўлчовини олсак, ҳукмдор, албатта, бор.

— Топган гапингни қара-я,— ўзини хафа бўлгандай кўрсатиб, қошларини чимирганча деди прокуратор.— Одамлар кулади демайсан ҳам. Сенинг бу гапларингга ким ишонади билмайман, тушунмайман.

— Зулмдан эзилганлар менга ишонадилар, адолат истаганлар ишо-надилар менга. Менинг сўзларим  азоб-уқубатлардан  тўйган  ва  кўзёшлар  билан  суғорилган  заминда  ниш  отиб, кўкаради,— деб тушунтирди Исо.

— Бас! — қўлини ноумид силкиди прокуратор.— Вақт зое кетмоқда.

Улар ўз ҳаёлларига берилиб, жим қолдилар. Исонинг бўздай манглайи терчилади. Лекин у терларини на кафти ва на узун кўйлагининг йиртиқ енги билан артди, бу ҳаёлига ҳам келмасди —  қўрқувдан  томоғига  бир  нарса  тиқилган,  кўнгли  озар,  юз-кўзларидан  тер  қуйилар,  серпай ориқ оёқлари тагига — мармар тахтачаларга чакиллаб томарди.

— Мана шундан кейин ҳам,— деб давом этди негадир овози ичига тушиб кетган Понтий Пилат,— Рим ҳукмдори сенга озодлик беришини хоҳлайсанми?

— Шундай, яхши ҳукмдор, мени қўйиб юбор.

— Кейин нима қиласан?

— Элларга Худонинг каломини еткизаман.

—  Одамларни  аҳмоқ  қиламан  де! — деб  қичкирди  прокуратор  ва  заҳраси  учиб  ўрнидан туриб  кетди.—  Ана  энди  ишондим.  Сени  ҳақиқатан  тахтага  тортиш  керак  экан.  Сени  фақат ўлим тинчитади!

—  Сен  янглишасан,  шонли  ҳукмдор,  ўлим  руҳ  олдида  ожиз,—  қатъият  билан  дона-дона қилиб деди Исо.

— Нима?  Нима дединг? — ўзига ишонмай ҳайратланди Понтий Пилат Исога яқинлашиб бораркан, унинг ғазаб ва ҳайратдан ўзгариб кетган юзи қизғимтир қора доғлар билан қопланди.

— Сўзларимни эшитинг, ҳукмдор.

Понтий Пилат нимадир демоқчи бўлиб, ўпкасини тўлдириб нафас олди, қўлларини силтаб юқори кўтарди, лекин шу пайт шаҳсуворнинг гурсиллаган қадам товуши эшитилди.

— Нима дейсан? — қовоғини солиб сўради прокуратор унинг қошига қандайдир ўроғлик қоғоз кўтариб келаётган қуролли сарой аскаридан.

— Сизга юбордилар,— деб қисқа жавоб берди аскар ва шу заҳоти кўздан йўқолди.

Понтий  Пилатга  хотини  хат  йўллаган  эди: «Ҳукмдорим,  сиздан  ўтиниб  сўрайманки,  ўша саргардон йўловчига оғир азоб берманг. Одамларнинг айтишларига қараганда, уни Христос дер эмишлар.  Ҳамма  уни  безиён,  тақводор  одам  дейди.  Ҳар  турли  майиб-машриқлар,  касал бечораларни тузатар эмиш, мўъжизакор эмиш. Уни Худонинг ўғли, Масиҳ, Яҳудонинг султони десалар,  қулоқ  солманг,  балки  туҳмат  қилишаётгандир.  Яна  билмадим,  бунга  менинг  ақлим етмайди.  Яҳудолар  қандай  жанжалкаш,  серғалва  халқ  эканлигинй  ўзингиз  биласиз.  Миш-мишлар  рост  чиқса-чи,  унда  нима  бўлади?  Қора  халқнинг  оғзида  юрган  гап  кейин  кўпинча тўғри  чиқади-ку.  Мабодо,  бу  сафар  ҳам,  рост  бўлса,  унда  сизни  тавқи  лаънат  қиладилар.

Эшитишимча,  бу  ердаги  синагогларнинг  кишилари  ва  шаҳар  оқсоқоллари  Исога  халқ эргашганини кўриб, қўрқиб кетганмишлар, ундан ўч олиш пайига тушганмишлар. Руҳонийлар Исони  қўролмай,  жоҳил  оломонни  унга  қарши  бўҳтон  қилиб  тезлаган  эмишлар.  Кеча  унинг этагида  ибодат  қилганлар,  бугун  уни  тошбўронга  тутибдилар.  Ожиз  ақлим  билан  бир  нима деёлмайман-у,  лекин  азизим  Пилат,  завжайи  муҳтарамим,  агар  сиз  бугун  бу  савдойини  қатл этишга муҳр чексангиз, кейинчалик фақат сизни ёмонотлиқ қиладилар. Ахир, биз ўла-ўлгунча бу  ерда  қолиб  кетмасмиз-ку.  Мен  сизни  Римга  олий  унвонлар  ва  иззат-ҳурматлар  билан қайтишингизни  истайман.  Асло  бунга  йўл  қўйманг,  азизим  Пилат.  Боя  соқчилар  олиб ўтишаётганда, унга кўзим тушди, худди ёш илоҳ каби кўркам йигит экан. Биласизми, кеча бир туш кўрибман. Кейин ўзингизга сўйлаб бераман. Жуда муҳим. Ўзингиз ва наслларингиз бошини маломатга қўйманг!»

—  Ё  Худо,  Худо!  Не  гуноҳ  қилдим  сенга? — деб  инграб  юборди  Понтий  Пилат.  Ва  яна нечанчи маротаба бу девонасор, мажзуб, ёлғон пайғамбарни дарҳол, ҳеч қандай ортиқча гап-сўзсиз қўриқчилар билан шаҳар ташқарисига, Ғулқоф қатлгоҳига жўнатиб юбормаганлиги учун афсус-надомат  чекди.  Ахир  Қуддус  ҳакаму  ҳукамолари  шуни  талаб  қилишмаяптими.  Мана энди,  ҳокимлик  идорасига  бош  кўшмаган  бир  хотини  қолган  эди.  Бунда  ҳам  у  Исо тарафдорларининг яширин қўлларини кўргандай бўлар, йўқ деганда, буларнинг барини осмон кучларининг  бу  ишга  қилаётган  қаршилигига  йўярди.  Бироқ  дунёнинг  ишлари  маъбудларни унчалар  қизиқтирмайди.  Хотини  эса,  ноқис  ақли  билан  сиёсатни  тушунармиди.  Қайсарларни беҳурмат  қилиб  юрган  шубҳали  дайди  Исони  деб,  Румонинг  содиқ  фуқаролари  бўлмиш руҳонийлар Кайафа ҳамда Байтулмуқаддас аъён-ашрофлари билан орасини бузсинми, уларни ўзига  душман  қилиб  қўйсинми?  Бунинг  унга  нима  кераги  бор?  Ажабо,  бу  нусханинг  нимаси чиройли? Ёш илоҳ каби эмиш! Ёш бўлса бордир. Шунга шунчами. Унчалар мақтайдиган жойи йўқ. Ана турибди, оломон калтаклаган итдай. Хотинининг кўзига нечук кўринди экан? Ҳукмдор хатни мулоҳаза қилиб, ўйчан кезинди. Сўнг оғир хўрсиниб, яна жойига ўтирди. Илгари ҳам шу фикр неча бор калласига келганди: бундай қарасанг, одамлар жуда пастга ўхшайдилар — бавл қиладилар, ҳўллайдилар, қўшиладилар, туғиладилар, ўлиб-қириладилар, тағин туғиладилар ва ўладилар, қанчадан-қанча ёвузликлар ҳамда тубанликларни ортмоқлаб юрадилар, мана шундай қабоҳат  ва  баттаринликлар  ичида  яна  қаёқлардандир — башорат,  каромат,  расуллар,  руҳият эъжозлари  ҳам  пайдо  бўлади.  Манавини  айтмайсизми  энди — у  ўз  қадрига  шунчалар ишонадики,  худди  осмонда  учиб  юргандай,  туш  кўраётгандай.  Лекин,  бас.  Унинг  ҳушини жойига келтириб қўйиш керак! Етар энди!

— Ҳар ҳолда мен шу нарсани билмоқчи эдимки,— дея мурожаат қилди прокуратор ҳамон ўз жойида жимгина турган Исога қараб,— айтайлик, сен соддафаҳм одамлар ичида ғалва қўзғаб турган  ёвуз  ниятли  киши  эмас,  художўй,  тақводор  бир  кимсасан.  Айтайлик,  сен  Адолат салтанати  ҳақида  сўзлайсан  ва  Румо  қайсарининг  жаҳонга ҳокимлик  ҳуқуқини  тан  олмайсан.

Айтайлик,  хўп,  мен  сенга  борингки,  ишондим:  хўш,  менга  тушунтириб  бер-чи,  сени  ўлимга боришга  нима  мажбур  қиляпти?  Юрагингни  оч  менга,  нима  истайсан?  Мабодо,  сен  шу  йўл билан  Исроил  халқига  подшолик  қилмоқчи  бўлсанг,  унда  мен  буни  маъқулламайман,  аммо ниятингни  тушунаман.  Бироқ  нима  учун  сен  бошданоқ  ўтирмоқчи  бўлган  шохни  кесиб ташламоқчисан? Кайсарнинг ҳокимлигини тан олмай қандай қилиб Кайсар бўлмоқчисан? Сени тирик  қолдириш  ва  ёхуд  қатлга  жўнатиш  менинг  измимда.  Буни  ўзинг  биласан.  Хўп,  нега индамай турибсан? Тилинг гапга айланмай қолдими?

— Шундай, Румо нойиби, мен қийноқдан қўрқяпман. Лекин мен ҳеч қачон Қайсар бўлмоқчи эмасман.

—  Унда  шаҳар  кўчаларига  чиқ,  тавба  қил,  янглишган  эканман,  деб  айт.  Ёлғон  хабарлар қилдим,  ёлғон  башоратлар  айтдим,  мен  Яҳудо  подшоси  эмасман,  деб  жар  сол.  Қора  халқни алдама, йўлдан урма, орқангдан эргаштирма, дилларига иштибоҳ  солма, жиноятларга бошлама. Ҳеч  қандай  Адолат  Салтанати  бўлиши  мумкинмас.  Доимо  мавжуд  нарсаларгина  адолатли. Дунёда  император  Тиверий  бор  ва  у  жаҳон  биносининг  мустаҳкам  устуни.  Сен  Адолат Салтанати деб, ҳавойи одамларни йўлдан оздиряпсан. Сен айтган салтанат — йўк нарса! Ўйлаб кўр!  Ўзингни  ҳам,  бошқаларни  ҳам  бошларини  айлантирма.  Сен  ўзинг  ким  бўпсан,  Румо императорини ташвишга қўядиган,— кўча-кўйда кезиб юрган дайди, даргумон набий, бақироқ ваъзхонсан,  Яҳудонинг  ерлари  сенга  ўхшаганларга  тўлиб-тошиб  ётибди.  Бироқ  сен  ўз таълимотинг  билан  одамлар  юрагига  васваса  соляпсан,  руҳонийлар  руҳонийси  тинчини йўқотган, шунинг учун рўёларингни фош қил. Сўнг Шом ёки бошқа ўлкаларга чиқиб кет. Мен ҳам сенга ёрдам қилай. Вақт боридарози бўл. Нега яна миқ этмайсин?

— Биз бир-биримиздан жуда ҳам фарқли одамлар эканмиз, Румо нойиби, бир-бировимизни тушунишимиз  қийинга  ўхшайди,  мен  шуни  ўйлаяпман.  Мен  мунофиқлик  қилиб,  Худонинг илми-роҳидан воз кечолмайман. Унда сенга ва Қайсарга манфаат етиб, ҳақиқат завол тутади-ку?

—Гапни айлантирма. Римга нимаики фойдали бўлса, ўша нарса аъло.

— Ҳаммасидан аълороқ бу ҳақиқат — ҳақиқат эса, битта. Иккита ҳақиқат бўлмайди.

— Яна доғулилик қиляпсанми?

— Аввал ҳам доғулилик қилмаганман, ҳозир ҳам. Менинг сенга жавобим шу: биринчидан, ҳақиқат  ҳақи  айтилган  сўздан  қайтиш  йўқ,  зеро,  Сен  ўзинг  шуни  истаяпсан.  Иккинчидан — қилмаган  ишингнинг  журмини  гарданга  олмоқ  жоиз  эмас  ва  қоракуя  каби  бўҳтонлардан кўкракка урмоқ билан қутулиб бўлмас. Асоссиз бўҳтоннинг умри қисқадур.

— Лекин ҳаммадан бурун сенинг кунинг битиб турибди, Яҳудонинг подшоси! Демак: сен қандай бўлмасин, халос йўлини тутмайсан ва ўлимни танлайсан, шундайми?

— Менга халос бўлмоқнинг фақат шу йўлигина қолган.

— У қандай йўл?

— Дунёни халос этиш йўли.

— Жинниликни бас қил! — тоқати тоқ бўлди Понтий Пилатнинг.— Демак, ўз ихтиёринг билан бошингни сиртмоққа тиқасанми?

— Шундай бўлиб чиқади энди, менинг бошқа йўлим йўқ.

—  О  худолар,  худолар! — ҳорғин  шивирлади  прокуратор  манглайини  чуқур  тилиб  ўтган чизиқларни  сийпаб.—  Ёндираман  дейди-я,  кун  айнимасмикин  ишқилиб? — деб  тўнғиллаб кўйди  ўзига  ўзи  у.  Сўнг  қатьий  бир  қарорга  келди: «Менга  нима  зарур?  Ўз  фойдасини билмаганнинг  ёнини  олиб  нима  қиламан?  Қизиқман-да,  ўзим  ҳам!»  Кейин  айтди: — Ундай бўлса, мен бу ишдан қўлимни ювиб қўлтиғимга ураман!

— Ихтиёринг, нойиб,— жавоб қилди Исо ва бошини солинтирди.

Улар яна сукутга чўмдилар. Шунда афтидан ҳар икковлари саройдан ташқарида соя-салқин боғлардан  нарида  Қуддуснинг  офтоб  ўртаган  паст-баланд  кўчаларида  дам  ўтмай  портлашга тайёр  теран  сукунат  чўкканлигини  баб-баравар  ҳис  қилдилар.  Ҳозирча  қулоқларига  ноаён шовқин  эласлаб  чалинар — эрта  тонгдан  одамлар,  от-уловлар  аралаш-қуралаш  бўлиб  кетган бозорларнинг  ғала-ғовури  келарди.  Паст  ва  юқори  олам  ўртадан  иккига  бўлинган  эди:  сарой деворлари  ортида  қуролли  соқчилар  айланиб  юришар,  пастроқда,  чоғроқ  дарахтзорда  эса суворийлар  қўр  ташлаган  эдилар.  Отлар  думлари  билан  пашша  қўраётганлари  шундоқ  кўзга чалинарди.

Қўлимни юваман дегач, прокуратор ўзини бир қадар енгил сезди, зеро, энди бемалол айтса бўларди: «Мен қўлимдан келганча ҳаракат қилдим. Худолар шоҳид, унга ўжар бўл, оёғингни тираб тур, омолингни ҳаётингдан баланд тут, деганим йўк. Лекин у сўзидан қайтмади, майли, у айтганча  бўлсин.  Бизга  шуниси  ҳам  маъқул.  У  ўлимига  ўзи  муҳр  босди…»  Понтий  Пилат шуларни ўйларкан, бирваракай хотинига берадиган жавобини ҳам пишитарди. Қазову қадарда ёзилган тақдирини жимгина, сирли жилмайиб кутаётган Исога қия нигоҳ ташларкан, ҳукмдор яна  шуларни  ҳаёлидан  кечирди: «Шу  тобда  нималарни  ўйлаётган  экан  бу  одам?  Ҳойнаҳой, ичида қаттиқ афсус чекаётгандир? Тўқиб чиқарган ғалати гап-сўзлари ўз бошига етганлигини балки  тушуниб  қолгандир?  Лекин  негадир  улардан  воз  кечолмади.  Ўз  тузоғига  илинди.  Ана энди, қутулиб кўр-чи: хамма-ҳамма учун — бутун замину замона, бутун бани башар учун — битта Худо. Битта имон. Ҳамма-ҳамма учун битта Адолат Салтанати. У нимага шама қиляпти?

Несини  айтасиз,  ҳамма-ҳамма  шуни  хоҳлайди.  У  худди  шуни  кўзлаб  иш  тутган!  Лекин,  ҳаёт бизни  ана  шундай  ўргатади,  ҳаддан  ошиб,  муғамбирлик  қилсак,  жазолайди.  Пешонангда ёзилмаган  тахту  бахт  учун  талашсанг,  ҳолинг  ана  шундай  забун  бўлади.  Кўнгли  тахт тилаганини қаранг! Қора халққа қутқу солиб, Қайсарга қарши ғалаёнга чақирган, у тўдадан бу тўдага  ўтиб  дунё  тинчини  ўғирламоқчи  бўлган.  Одамнинг  азал  тартибот  қурилмасини  остин-устун  килишни  ўйлаган.  Бевош  тентак!  Қойил-э!  Йўқ,  бундай  одамни  сира  тирик  қолдириш мумкин эмас. Кўринишдан калтакланган, шўрига шўрва тўкилган паррихтага ўхшайди. Лекин юрагида  нималар  яширинган,  Худо  билади — кўзлаган  ишларини  кўринг,  фақат  буюк  ақл эгасигина бунақа режа тузишга қодир. Унга қараган одам сира шундай деб ўйламайди!»

Прокуратор Понтий Пилат ўзини шу каби ўйлар билан овутарди. Унга яна бошқа бир нарса ҳам  таскин  берарди.  Энди  Исо  Масиҳо  юзасидан  синедрион  ҳукмини  тасдиқлашни  очиқдан-очиқ  талаб  қилаётган  муфтилар  муфтиси  Кайафа  билан  тортишиб,  талашиб  ўтиришга  ҳожат қолмаган эди.

—  Даргумон  бўлмагилки,  эй  ҳаким  ҳукмдор,  ўз  ишингдан  ўзинг  мамнун  бўласан  ва  не қилсанг, ҳақ қиласан,— деб кўйди Исо, худди ҳукмдорнинг ичидаги фикрларни ўқигандай.

Понтий Пилатнинг фиғони ошди.

—  Менинг  ғамимни  емай  қўя  қол,—  Исони  силтаб  ташлади  у,—  мен  учун  Римнинг манфаати ҳар нарсадан юқори. Сен ўзингни ўйла, эй шўрлик!

— Маъзур тут, шавқатли ҳукмдор, менга бу сўзларни айтмасанг ҳам бўларди.

—  Айни  муддао.  Ҳали  ҳам  кеч  эмас.  Яна  ўйлаб  кўр.  Кейин  ачиниб  юрма.  Мен  ҳозир ичкарига  кириб  чиқаман.  Келгунимча  ўз  фикрингни  ўзгартирмасанг,  унда  охирги  сўзимни айтаман.  Бани  Исроилнинг  шоҳиман,  оламнинг  таянчиман,  мен  бўлмасам,  ернинг  ҳоли  не кечади,  деб  ҳаволанма.  Билъакс,  ҳамма  нарса  ўчакишгандай  сенга  қарши.  Вақтинг  ҳам аллақачон тугади. Сўзингдан қайтсанггина бошингни халос этасан. Уқдингми?

— Уқдим, ҳукмдор…

Понтий Пилат елкасига ташлаган кенг ридосини тўғрилаб, сарой ичкарисига кириб кетди, У суяхлари  йирик,  боши  катта  ва  сочи  қолмаган,  улуғвор,  ўз  шаъни-шавкати  ва  куч-қудратига ишонган  киши  эди.  Арк  айвони  ҳовлисидан  ўтиб  бораркан,  унинг  кўзи  яна  осмон  бағрида парвоз  қилиб  юрган  қушлар  шоҳига  тушди.  Бу  бургутмиди  ёки  шунга  ўхшаш  бир  қуш,  у билолмади, бунга ҳозир қизиқаётгани ҳам йўқ эди, ҳозир ҳаёлини қушга асло кучи етмаслиги, уни  ўз  измига  бўйсундиролмаслиги  тамомила  банд  этганди — рост-да,  на уни  кўрқита  ва на ҳайдаб юбора олади ва на чақириб, қўлига қўндира олади.

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 40-қисм

40 Бир сафаргисида мени-да эргаштириб жўнади. — Бошингдан ўтган савдони ўз тилинг билан ўзинг айтиб берасан, — деди. — Ўзи, қаерга бораяпмиз? — дедим. Ботир мироб шаҳодат ...

Хаёл

Дунё... дуне... кўп кадим дунё... на туби бор. на чегараси. Сомон йули бузилган зиё — сайёранинг тилло зарраси. Хаёл ўсган ёруғ лаҳзада эҳтиёт бўл фосиқ дунёдан. ...

Юлдузли тунлар-3

АХСИ АЖАЛГА ДАВО ЙЎҚ 1 Баланд тепалик устига қурилган Ахси қалъаси тун оғушида тоғ қоясига ўхшаб қорайиб кўринади. Қалъа этагида Косонсойнинг Сирдарёга гувуллаб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400