Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 24-қисм

— Ҳар бир одам ўзига ўхшаган бошқа бирон одам устидан ҳокимлик қилиш учун ўлиб-тирилади. Сен бундан мустасно эмассан, Рим нойиби. Ҳаммадан ёмони ҳам шунда. Сен, ахир дунё шундай қурилган-да, дейсан. Қусурни ҳар доим осонгина оқлаш мумкин. Лекин, башар қавмининг қарғиш теккан жойи шу. Аммо ким буни ўйлаб ўтирибди? Лекин, бозор фаррошларининг оксоқолидан тортиб, даҳшатли султонларгача ҳаммаси гирифтор бўлган
ҳокимиятпарастлик касаллиги — барча ёмонликларнинг энг ёмонидир. Башарият ҳали бунинг оғир жазосини тортажак. Ҳокимлик ва ер даъво қилган халқлар қирилиб кетадилар, бир-бирларини таг-томирларигача йўқ қилиб юборадилар.
Понтий Пилат мусоҳибнинг сўзини тоқатсизлик билан бўлди ва қўлини кўтарди.
— Бўлди, бас. Сенга шогирд эмасманки, ҳар бир сўзингга соме бўлсам. Етар! Тилнинг суяги йўқ. Оғизда нималар қилмайди киши. Исо, сен қанча каромат қилма, бари беҳуда. Ҳокимлар бошқарадиган дунёнинг бошқача бўлиши мумкин эмас. Унинг тамал тоши шунга қўйилган, шунга туради абадул-абад: куч кимда бўлса — ҳокимият ҳам шунда. Дунёнинг жиловини зўрлар ўз қўлларида тутадилар. Осмонда юлдузларни ўз ўрнидан кўчириб бўлмагандай, бу низом ҳам ҳеч қачон ўзгармагай. Қани, ўзгартириб кўр-чи. Одамзод учун бекор кайғуряпсан, ҳаётингни қурбон қилганинг билан уни қутқаролмайсан. Одамларни на ибодатгоҳларда войизлар ва на кўкдан тушган ваҳийлар халос этади! Худди пода чўпон ортидан боргандай, Қайсарларга эргашадилар, неъматлар ва куч-қудрат олдида таъзимда турадилар. Ҳаммадан кўра бераҳмроқ ва ҳаммадан кўра шавкатлироқ кимсани кўкларга кўтарадилар, саркардаларни ва улар инсон қонларини дарё-дарё оқизган, бировларни ҳукмрон, бошқаларни қул қилган, хўрлаган жангларни оғиз кўпиртириб мақтайдилар. Шуни шижоат руҳи деб атайдилар, авлодлардан авлодларга қўшиқлар битиб қолдирадилар, ғолиблар шарофатига яловлар кўтарадилар, карнай-сурнайлар чалиб олқишлайдилар; томирларда қон кўпиради, касамёдлар айтилади — ўзгаларга бир қарич ҳам ер бермаймиз деб, онтлар ичилади; халқ номи билан қонли урушлар оқланади, зарурат деб тушунтирилади; насллар юрт ғанимларига нафрат руҳида тарбияланади: ўз шаҳаншоҳимиз бор бўлсин, ўзга шоҳнинг кули кўкка совурилсин, тиз чўктирилсин, эли банди қилинсин, ер-сувлари тортиб олинсин, ота-бобо замонларидан то ҳанузгача ҳаётнинг, умргузаронликнинг бутун лаззати мана шунда эмасми, ахир. Сен эса, Исо, буларнинг барини қоралаб, лаънат тамғаси осмоқчисан, шўрлик-бечоралар, ғариб-ғурабонинг ҳолига ачинасан, ҳамма жойда хайру барака бўлишини истайсан, инсон — ваҳший ҳайвон эканлиги, вужудимиз туз-намаксиз яшолмагандай бу ҳайвон ҳам урушсиз кун
кечиролмаслигини унутасан. Ҳали-замон соқчилар қуршовида Ғулқоф сари қадам қўясан.
Жиллақурса, қатлинг олдидан, мана шу соатда нимада янглишиб, қайда саҳву-хатога йўл қўйганингни бир бошдан ўйлаб кўрсанг эди. Сен билан хайрлашарканман, бир нарсани айтиб қўяй! Сен ёвузликнинг томирини одамларнинг ҳад-ҳисобсиз ҳокимиятпарастлигида, халқлар ҳамда элларни зўравонлик билан тобе қилинишида кўрасан, аммо бу билан ўз гуноҳларингни янада кўпайтирасан, зеро, ким зўрликка қарши бўлса, демак, зўравонларга қаршидир. Сен
Адолат Салтанати тузиш ниятида Рум давлатига қарши чиқяпсан. Румнинг кун сайин ортиб бораётган куч-қудрати, бутун жаҳон миқёсидаги ҳукмронлигига тўсиқ бўлмоқчисан, ёлғиз шу бад ниятинг учуноқ сени яна уч карра қатл этса арзийди!
— Бунча саховат не даркор, эй яхши ҳукмдор. Бир мартаси ҳам етиб ортади. Аммо гапимиз, майли, чала қолмасин. Лекин, албатта, мени Ғулқофда кутавериб, жаллодлар офтоб тиғида сарғайиб кетган бўлсалар ҳам керак, бечоралар. Лекин гапимизни тугатиб қўяйлик. Бу менинг ўлим олдидан охирги сўровим. Шундай қилиб, Рим нойиби, сенингча ҳақиқий куч-қудрат зўравонликда. Лекин дунёда бошқа бир куч ҳам бор — бу яхшилик куч-қудрати. Бунга эришиш, менимча, қийинроқ ва мураккаброқ, эзгулик учун урушдан кўра кўпроқ матонат ҳамда саъй-ҳаракат керак. Нойиб, сен ўлимим олдидан менинг энг сўнгги мусоҳибимсан, шунинг учун сўзларимга қулоқ сол. Мен сенга дилимни очмоқчиман. Лекин сен чўчима. Сендан марҳамат сўрамоқчи эмасман…
— Кулгимни қистатма.
— Шунинг учун ҳам олдиндан писанда қилиб қўйяпман, хавотир олма деб. Энди буни фақат сенгина биласан. Ўтган кеча дилимга ваҳима тушди. Аввал нега бесабабдан-бесабаб бундай бўляпти, деб ўйладим. Ҳефсиманияда ҳаво дим эмасди. Тоғлик боғда ғир-ғир шабада эсарди. Фақат мен ўзимни қўярга жой топмасдим. Дилим ғам-ҳасрат, қўрқинчга ботди. Гўё юрагимдан кўкка мусибат ўрлай бошлади. Сомеларим, мусоҳибларим ухламай менга далда бермоқчи бўлишар, аммо барибир ҳеч енгил тортмасдим. Қазову қадарда битилган соат келганлигини кўнглим сезарди. Остонага ўлим шарпаси ёнбошлаганди. Шунда даҳшатга тушдим… Ахир, ўлим ҳар бир тирик жон учун сўнгсиз зулмат.
— Нега ундай?— заҳарханда қилиб қаради Понтий Пилат маҳкумга.— Нариги дунё нима бўлади, Масиҳим? Ахир, сен айтмовдингми, ҳаёт ўлим билан якун топмайди деб?
— Яна миш-мишларни тилга оляпсан, ҳукмдор! Нариги дунёда руҳлар худди сув устига тушган соядай сассиз кезиб юрадилар. Бу билгисиз маконлараро билгисиз ҳаёлларнинг зуҳротидир. У ерларга жисм учун йўл ёпиқ. Ул ўзга коинот, ул бир ҳаётдирким, уни асло билиб бўлмас. Ул ломаконда вақтнинг ўтиши ҳам ўзга, у ер вақти билан ўлчанмагай. Ҳолбуки, гапимиз ўлчовлик ҳаёт, ер юзидаги ҳаёт устида бораётган эди. Мени ғалати бир ҳис чулғаб олди, гўё ҳамма нарсалар менга бегона бўлиб қолгандай эди. Ўша кеча Ҳефсиман боғида тинчимни йўқотиб, совуқ шамол каби кездим, соя каби паришон эдим, гўё коинот қаватларида мендан бошқа идрок эгаси қолмагандай эди, бамисоли ер узра учардим ва на ёруғ кун ичра ва на зулматли тун ичра бирон-бир тирик инсон боласини кўрмасдим,— бари ўлган эди, барини сўнган ёнғинларнинг қоп-қора кул-кўрони қоплаган эди. Замин кета-кетгунча харобазорга айланганди — на ўрмон бор, на экинзорлар, на денгизларда кемалар бор, фақат олис-олис аллақайлардан жуда ғалати, элас-элас зинғиллаган овоз келади, худди шамол хислатли ингирлагандай, худди тубсиз ер чохларида темир тинғирлагандай, худди қабрлар узра қўнғироқлар жингирлагандай, мен эсам кўк тоқида қўрқинч ва ҳасратга тўлиб ёп-ёлғиз пар каби учиб юрар, юрагимни ёмон ҳавл ва хабар изтироблари ўртар, мана, охир дунё ҳам етиб келди, деб ўйлардим. Мени босган ҳасратга сира чидаб бўлмасди: одамлар кайда қолдилар, ахир? Мен бошимни энди қайга қўяйин? Жонимга ғалаён тушди: мана, Раббано, охир кун, уни барча инсон насллари интизор кутган эдилар, мана, Қиёмат, мана, идрокнинг интиҳоси, ақлли хилқатнинг итмоми… Нега бундай бўлди, қайдан бу ҳалокат, қайдан бу тубсиз чоҳ, нега ўз томиримизни ўзимиз қирқдик, куйдирдик, ҳаёлимга келган фикрдан дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетди: мана, одамларни севганингнинг жазоси дедим, мана, ўзингни қурбон қилганинг учун ажир. Наҳот одамзоднинг қаҳрли дунёси қутуриб ўзини маҳв этди, худди ўз заҳри қотили билан ўзини ўлдирган чаёндай. Наҳот одамларнинг одамлар билан чиқишолмаслиги, салтанатларнинг салтанатлар билан чиқишолмаслиги, ғояларнинг ғоялар билан чиқишолмаслиги, такаббурликлар ва ҳокимиятпарастликларнинг чиққишолмаслиги, мутлақ ҳукмронлик нашъасини сурган буюк Қайсарлару тиш-тирноғигача қуролланган, сон-саноқсиз ўзаро қирғинларда қозонган ғалабалари билан кериладиган, мунофиқона ҳамду санолар ўқийдиган ва қул каби кўр-кўрона бўйин эгиб, эргашиб борадиган халқларнинг чиқишолмаслиги шу ваҳшиёна хотимага олиб келди? Ўзига ато этилган илоҳий ақл туҳфаларини олам даштига олиб кетган юнонларнинг ер юзида қолдирган нарсалари ҳали шуми? Худоё, дилимга исён тушди, нега уларга ақлу идрок, тил-забон бердинг, нега уларнинг қўлларига эрк ато этдинг, ўзларини ўзлари қийратсинлар дедингми, жаннатдай заминни бошдан-оёқ шармандагарчилик мозористонига айлантирсинлар, девдингми! Мен шундай йиғлар, гунг-соқов дунёда якка-ёлғиз фарёд чекар, қисматни қарғар ва Худога нола қилиб айтардимки, Сенинг журъатинг етмаган ишни Одамнинг ўзи гуноҳ ичра адо этди… Ҳа, билиб қўйки, Рум ҳукмдори, охир дунё мен туфайли эмас, табиий офатлар туфайли эмас, одам болаларининг душманчилигидан келади. Сен ҳокимиятингдан маст-аласт бўлиб шарафлаётган ўша ғалабалар ва ўша душманчиликлардан келади…
Исо нафасини ростлаб, сўнг давом этди:
— Ўтган кеча кўзимга шундай нарсалар кўринди. Уйқум қочди, узоқ-узоқ ўйга ботдим, дуо ўқидим, ибодат қилдим, имон камарини маҳкам боғладим, сомеларимга Падарим иноятидан етган сурат ҳақида сўйлаб бермоқчи эдим, шу пайт Ҳефсиман боғида ифрот кўп халойиқ пайдо бўлди, улар ичида Иуда ҳам бор эди. Иуда тез келиб мени қучоқлади ва ўпди, унинг лаблари жуда совуқ эди. «Хушвақт бўл, Равви», деди у менга. Халойиқ билан олдиндан келишиб олган экан: «Мен кимни қучоқлаб, ўпсам, ўшани ушланглар», деб. Шунинг учун улар мени тутдилар.
Мана энди, мен сенинг қошингда амрингни кутиб турибман, Рум нойиби. Биламан, энди Ғулқофга боришим керак. Илло, менга марҳамат кўрсатдинг. Мен бир нарсадан розиман. У ҳам бўлса, ўлимим олдидан сенга кеча Ҳефсиман боғида бошимдан кечганларни айтиб бера олдим, ҳукмдор.
— Рост, ҳамма гапларингни эшитдим. Лекин ҳаммасига мени ишонди деб ўйлайсанми?
— Ишонсанг ҳам, ишонмасанг ҳам, ўзинг биласан, Рум нойиби. Тўғриси, ишонмаган бўлсанг керак. Сен билан мен бутунлай бошқа-бошқа ўйловли одамлармиз. Аммо шунга қарамай, менга қулоқ солдинг. Сен ўзингга ўзинг мен ҳеч нарсани эшитмадим деёлмайсан-ку ва ўз-ўзингга бу ҳақда ўйлашни ман этолмайсан-ку. Мен эсам, ўзимга қаноат бераманки, Ҳефсиман боғида менга очилган кароматни гўрга олиб кетмай, аён қилиб кетмоқдаман.
Виждоним ҳам энди ризолик топди.
— Айт-чи, Масиҳо, сен одам ҳодис бозорларда фол очмовдингми?
— Йўқ, ҳукмдор, нега ундай деб сўраяпсан?
— Ажабо, сенинг ўйин қилаётганингни ҳам, ёки бўлмаса, умуман ҳеч нарсадан қўрқмаслигингни, ўлим азобига тик бораётганлигингни ҳам билолмайман. Наҳот, нимани айта олдим-у, нимани айта олмадим, ким қулоқ солди-ю, ким солмади, деган нарсалар ўлимингдан кейин ҳам сени шунчалар қизиқтирса? Кимга керак буларнинг бари? Ўткин-чи гаплар эмасми булар, ўша-ўша, эски ҳаммом, эски тос?
— Ундай дема, ҳукмдор. Бу ўткинчи гап эмас! Ахир, ўлим олдидан ўйларинг тўғри Худо даргоҳига етади. Худо одам боласи ўлим олдида нима деб ўйлашига қарайди. Барча тирик жонлар ичра энг олий хилқат каби яратилган одамзод ҳакида Худо шу ўйларга қараб ҳукм чиқара-ди. Зеро, ўйлар ичида энг сўнгги ўй доимо мусаффо ва ҳаддан зиёда самимийдир. Унинг турган-битгани ҳақиқатдир, муғамбирликдан ҳолидир. Йўқ, ҳукмдор, маъзур тут, лекин мен сен
ўйлаганча ўйин қилаётганим йўқ. Сабий чоқларимда ўйинчоқлар ўйнаганман, холос. Менинг қийноқлардан қўрқиш-қўрқмаслигимга келганда, яширадиган жойи йўқ, мен боя айтдим.
Қўрқаман, жуда қўрқаман! Мен Раббил оламиндан, архамар-роҳимин Падаримдан илтижо қиламанки, тақдирда борини кўргали менга сабру тоқат ато этгай, онгсиз махлуқотлар каби дод солмагайман, жон топширар маҳалда шармисор қилмагай мени… Мана, мен тайёрман, Рум нойиби, мени ортиқ тутиб турма, андармон қилма. Вақт етди…
— Ғулқоф сени кутяпти. Неча ёшга чиқдинг, Исо масиҳим?
— Ўттиз учни тўлдирдим, ҳукмдор.
— Жуда ёш экансан! Мендан йигирма ёш кичик,— раҳми келиб деди Понтий Пилат бошини чайқаганча ўйга толиб:— Билишимча, сўққабошсан, ўзингдан кейин қоладиган етимчалар йўқ. Во дариғо…— У жим бўлди. Яна нимадир демоқчидай оғиз жуфтлади-ю, лекин фикридан қайтди шекилли, индамади. Андиша қилди. Аёл зоти билан қовушганмисан?— деб сўрагиси келди унинг. Лекин сўролмади. Хотин киши каби эзма-чурук кўринишдан истиҳола қилди. Эркак одамнинг гапи эмас бу.
Шу асно кўзи Исонинг кўзига тушди. У нима деб сўрамоқчи бўлганлигини фаҳмлабди. Лекин бундай саволга жавоб беришни ўзига ор деб билади. Исонинг милдираган сувдай тиниқ кўк кўзларига шарпа тушгандай бўлди, у тумтайди. «Кўринишдан шунчалар ювош, мўмин, лекин тоғдай қудрати бор!»— ҳайратланди Понтий Пилат ерга сирғалиб тушган сандалини оёғи билан қидираркан.
— Майли эса,— деб гапини бошқа ёққа бурди у аёл хусусидаги савол ўрнини бошқа нарса билан қоплаш тараддудида.— Қулоғимга чалинган эдики, сенинг отанг йўқ эмиш, тўғрими?
Исо оппоқ текис тишларини кўрсатиб, очиқ юз, оқкўнгиллик билан жилмайди.
— Бир чеккаси ростдир балки.
— Аниқроғи-чи?
— Рост, рост, яхши ҳукмдор,— деб тасдиқлади Исо Понтий Пилатнинг жаҳли чиқаётганини кўриб. Очиғини айтганда бу савол ҳукмдорга муносиб эмасди.— Мени Илоҳий Падарим Муборак Руҳга опичлатиб ер юзига қўйиб кетган.
— Баракалла, энди бошқа ҳеч кимнинг бошини бундай гаплар билан айлантиролмайсан,—
лабларини базўр қимирлатиб, ҳорғин деди прокуратор.
— Бўлмаса, волиданг кимдир?
— У Галилияда яшайди. Исми Марям. Сезиб турибман, бугун етиб келсалар керак. Кечаси билан йўл юрдилар. Билдим.
— Билмадим, фарзандининг ҳоли уни не кўйларга соладир,— тундваш деди Понтий Пилат Назаретдан чиққан девона билан чўзилиб кетган суҳбатга ниҳоят чек қўйиш ниятида.
Шундан сўнг басавлат, калладор, башараси йирик, кўз қарашлари қаттиқ, елкасига оппоқ ёпинчиқ ташлаган прокуратор Арк айвонининг равоқлари остида қаддини ростлади.
— Алқисса, охирги маротаба аниқлаб қўяйлик,— деди у қатъий қарорга келгандай.— Отанг ким эди? Оти — Юсуф, волиданг — Марям. Назаретда дунёга келгансан. Ёшинг ўттиз учда. Бўйдоқсан. Болаларинг йўқ. Халойиқни исёнга чақиргансан. Улуғ Байтул муқаддасни бузиб ташлайман ва уч кун ичида янгисини бино қиламан, деб ғалаён кўтаргансан. Ўзингни пайғамбар, Яҳудонинг подшоҳи деб гап тарқатгансан. Сенинг мухтасар тарихинг мана шундай.
— Менинг тарихимни гапириб ўтирма. Лекин сенга айтиб қўяй: Сен тарихда қоласан, Понтий Пилат,— овозини кўтармай оҳиста сўзлади, Исо ҳукмдорнинг юзига тик ва жиддий боқиб.— Буткул қолажаксан.
—Қўйсанг-чи!— энсаси қотиб қўл силтади Понтий Пилат. Барибир Исонинг бу гапи унга маъқул тушди. Аммо бирдан овозини ўзгартириб, тантанавор тусда деди:— Тарихда шавкатли император Тиверий қолади. Унга шон-шарафлар бўлсин. Биз эса унинг содиқ навкарларимиз.
— Барибир тарихда сен қоласан, Понтий Пилат,— ўжарлик билан такрорлади Қуддусдан чиқиб, Ғулқоф сари борар зот…
Кимнидир интизор кутгандай эрта тонгдан бери Ирод саройи узра чарх уриб айланаётган қарчиғай, бургутми, бир қуш ниҳоят давра ўрамоқни бас қилиб, хавфли жинояткор каби кишанбанд этилган, Яҳудонинг ҳукмдори Понтий Пилатга бунчалар узоқ мусоҳиб бўлган, ҳозир эса неча ўнлаб соқчилар қуршовида қатлгоҳ сари олиб кетилаётган зот ортидан оҳиста-секин эргашди.
Ҳукмдор эса ҳамон Арк айвонида Ғулқоф томон кетиб бораётган кимса изидан учган мутағаййир қушга ҳайрат ва қўрқув ичра тикилганча турарди…
— Бу не синоатдир?— пичирлади ҳукмдор таажжубот ва ташвиш ичида…

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-12

2 Бобур мирзонинг опаси Хонзода бегим мулла Фазлиддинни кўпдан бери ҳайратга солиб келади. Бундан тўрт йил муқаддам мулла Фазлиддин Ҳиротдан келиб Умаршайх мирзонинг ...

От кишнаган оқшом (қисса) 46-қисм

46 Қарлуқда тўй бўлди. Шу тўйга йўл олдим. Йўлда Тарлон тезак ташлаб-ташлаб борди. Ажабо, бундайчикин қилиғи йўқ эди... Бир муаллимникига тушдим. Қозиқни молхона ёнига ...

Абдулла қодирий:ўткан кунлар-2

ХОН ҚИЗИҒА ЛОЙИҚ БИР ЙИГИТ Отабек ўзи билан кўришган мундаки икки ёт кишини танимаганлиқдан бир-икки қайта уларни кўз остидан кечирди. Буни пайқаған Зиё шоҳичи Отабекка ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400