АРҚИШ (туркийча) — 6 — 14-асрларда туркий халқларда узоқ юртларга савдо-сотиқ ишлари билан қатновчи тожирлар, от-уловлар, аравалар ва уларни бошқарувчи мутасадди шахслар гуруҳи, яъни карвон маъносини англатувчи истилоҳ. Арқиш Култегин битиктошида, Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билик», Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида ишлатилган, сўнгги бор 14-аср обидаси Рабғузийнинг «Қисаси Рабғузий» асарида қайд этилган. Ҳозирги ўзбек адабий тилидаги «Карвонбоши» маъноси қадимда Арқиш улуғи сўз бирикмаси ёрдамида ифодаланган.
Манба:ЎзМЭ