Адигея

АДИГЕЯ, Адигея Республикаси, Кавказ тоғ тизмасининг шимолий ён бағрида, Кубань атрофидаги текисликда жойлашган.

РФ Краснодар ўлкаси таркибига киради.

Майд.— 7,6 минг км2.

Аҳолиси — 450  минг кишидан ортиқ (2018).

Пойтахти —  Майкоп шаҳри.

Фото:maikop.mger2020.ru

Табиати:  

Ер  юзасининг  аксарияти  Шимолий Кавказга  хос  ўрқирли  текисликдан  иборат,  жанубтдаги  тоғларнинг  баландлиги 3238 м (Чугуш тоғи). Газ, нефть конлари,  маъданли  булоқлар  бор.  Цемент,  оҳак,  ойна ишлаб чиқариш учун хом ашё захираларига эга.

Тоғларда кошинкорлик ва безакбоп тошлар кўп. Майкоп тупроғининг хусусиятлари ноёб. Адигея ҳудудининг қарийб 40%ни  ўрмонлар  ишғол  қилади.  Тоғ  ва  водийларда  дуб,  бук,  қайин,  шумтол,  заранг,  кавказ пихтаси, шарқ арчаси, қарағай, терак, самбит, қайрағоч, липа (жўка) ўсади.

Адигеяда 60 турдаги  сут  эмизувчи  ҳайвон,  200  хил  парранда  яшайди.  Иқлими —  мўътадил  илиқ.  Янв.нинг  ўртача  температураси  —2°,  июлда 22° атрофида.  Йилига 700  мм  гача  ёғин  ёғади.  Асосий  дарёси —  Кубань; унинг ирмоқлари — Лабой, Белой ва бошқалар Тупроғи — асосан қоратупроқ.Кавказ  қўриқхонасининг  аксарияти  Адигея ҳудудида.

Аҳолиси:

Аҳолисининг  кўпчилиги  адигейлар  ва руслар. Адигейларнинг тахминан 82%  ўз тарихий ҳудудида яшайди. Аҳолининг  ўртача зичлиги 1 км2 га 58,8 киши тўғри  келади.  Шаҳар  аҳолиси 54%ни  ташкил  этади.

Тарихи:

Тахминан 13-асрда  ғарбий  адигей  қабилалари  адигей  элати  бўлиб  таркиб  топа бошлади (антик ёзувчиларнинг далолат беришича, меотлар, синдлар ва бошқалар уларнинг аждодлари бўлган). 13-асрда адигейларни Олтин Ўрда ўзига бўйсундириб  олган. 16-асрда  турк  султонлари  ва  Қрим  хонлари адигейларни қарам қилиш учун  ҳужум  уюштирган. 1557 йилдан  Адигея Россия  таркибида. 1918 йилда Майкопда  шўро  ҳокимияти  эълон  қилинди,  май  ойида  адигейлар  яшовчи  ҳудуд  Кубань-Қора  денгиз совет республикаси таркибига киритилди. 1922 йилда Черкасия мухтор вилояти тузилди, у 1928 йилда  Адигея мухтор вилояти  деб аталди. 2-жаҳон уруши вақтида 1942  йилнинг августида немис-фашист босқинчилари Адигея ҳудудини  босиб  олдилар. 1943 йилда  озод  қилинди. 1991 йили  Адигея мухтор  вилояти  Адигея республикаси  бўлди. 1995 йилнинг мартда  Адигея конституцияси қабул қилинди.

Хўжалиги:

Адигея халқ  хўжалигида  саноат  етакчи  ўрин  олади.  Унинг  асосий  тармоқлари — озиқ-овқат  ва  қайта  ишлаш  саноати.  Энергетикаси  иссиқлик  электр станциялари ва гидроресурсларга таянади. Консерва, виночилик, ёғ-мой, тамаки, қанд-шакар, сут заводлари бор. Ўрмон,  ёғочсозлик,  машинасозлик  саноати  корхоналари мавжуд. Асосий саноат маркази  Майкоп шаҳрида Қишлоқ хўжалигида асосий экинлар буғдой,  маккажўхори,  шоли,  кунгабоқар,  қанд  лавлаги, зиғир, тамаки, чой, эфир мойли  ўсимликлар. 250 минг  га  ҳайдаладиган  ер  бор.  Паррандачилик  қишлоқ хўжалигининг  муҳим  тармоғи  ҳисобланади.  Қорамол,  қўй  ва  эчки боқилади. Йилқичилик ва асаларичилик  ривожланган.  Асосий  транспорт  тури — темир йўл  Автомобиль  ва  ҳаво  транспорти  ривожланган.  Кубань  дарёсида  кемалар  қатнайди.  Адигеядаги  машинасозлик,  ёғочсозлик,  енгил  саноат  корхоналари  маҳсулотлари — станоклар,  турли  типдаги  редукторлар,  мебель,  картон,  озиқ-овқат,  шунингдек  қора  металлар,  мойли экинлар уруғи жаҳондаги 17 мамлакатга чиқарилади. Майкоп шаҳрида ишлаб  чиқариладиган юксак даражада тозаланган инсулин чет элда кенг тарқалган.

Маданияти:

Адигеяда ўрта умумий, ҳунар- техника  ва  олий  таълим  ривожланган.

Адигеяда университет, Майкоп давлат технология институти, Адигея халқаро ФА, тарих-ўлкашунослик  музейи,  оммавий  кутубхоналар,  клуб  муассасалари  бор.  Қадим  замонлардан  мардлик эпоси, қаҳрамонлик қўшиқлари,  оғзаки  тарихий  ҳикоялар  кенг  ёйилган.

Адабиёт  ва  санъат  арбоблари — шоирлар Л. Куэк, Р. Хочемизова, рассомлар П. Амосьян, В. Долгов, В. Мехед, Ф. Петуваш, Т. Кат, М. Тугуз, 3. Гучев, М. Гогуноковлар машҳур. Жез давридан қолган  олтин  ва  кумуш  идишлар,  ҳайвонлар  тасвирланган  ҳайкалчалар  маълум,  илк  темир  даврида  заргарлик  буюмлари  ва  керамика  пайдо  бўлган.  Амалий  нақш  санъатининг анъанавий турлари: кумуш- га гул солиш, зар ва кумуш ип билан кашта  тикиш ривожланган. Ҳозирги даврда дастгоҳ  тасвирий  санъати  урф  бўлди.  Ўрта  асрларда  Европа  билан  Осиёни  боғловчи  Буюк  ипак  йўли  республика  ҳудудидан  ўтган. Адигейларнинг аждодлари жаҳон  археологиясида  машҳур  бўлган  Майкоп  маданиятини яратганлар, маҳобатли тош  сағаналар  барпо  этганлар.  Адигеяда  симфоник оркестр, камер театри, халқ чолғу асбоблари оркестри ишлаб турибди. Майкопда  Шарқ  халқлари  санъати  Давлат  музейининг филиали очилган.

Манба:ЎзМЭ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қиролича елизавета тахтни шаҳзода чарльзга топширади

Қиролича Елизавета 1937 йилдаги регентлик тўғрисидаги қонунга асосан «аксарият мажбуриятлари»ни ўғли, Уэльс шаҳзодаси Чарльзга топшириши мумкин. Шундай тақдирда ҳам у ...

Ўзбекистонда автомобиль ташувчилар ва логистика компанияларига солиқ имтиёзлари берилди

Президентнинг «2018—2022 йилларда транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва юкларни ташиш бўйича ташқи савдо йўналишларини диверсификациялаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ...

Нотўғри «тонировка»ланган машиналар жарима майдончасига тушиши мумкин

«Тонировка» борасида тушунмовчилик юзага келаётгани сабабли Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали бу масалага аниқлик киритди. Ҳукумат қарорида олд ён ...