БИР ГАЗЕТА БОШ МУҲАРРИРИНИНГ АЧЧИҚ ҲАҚИҚАТЛАРИ

«Мен ҳар доим ҳақиқат тарафида бўлганман. Мен ҳар доим ҳақиқатни гапираман, нима бўлган тақдирда ҳам, ҳақиқатни гапириш керак!..» – авваллари шу гапларимдан сўнг отамнинг, онамнинг юзларида ажинлар кўпайиб кетгандек бўларди. Хавотир олишарди. Ҳақиқат деб, бир балога йўлиқишимдан қўрқишарди. Бундан бир неча йиллар аввал шундай эди…

Иллюстратив фото

Лекин ҳозир ҳам қўрқишади – яна бир кўнгилсизликка, йўқ, бундай атасак бўлмас… яна бир ҳақсизликка йўлиқишимиздан қўрқишади. Чунки бир марта боплаб таъзиримизни еганимизни кўришди; адолатсизлик туфайли хонавайрон бўлганимизни; ҳақиқатни айтганимиз учун бошимизга не кунлар тушганини кўришди!

Ҳозир ҳам онам газетамизнинг ҳар бир сонини хавотир билан ўқийдилар, «Эҳтиёт бўлинглар…» – энг кўп эшитадиган насиҳатим шу. Мен энди уларга ҳақиқат деб лоф урмайман, ҳақиқатдан оғиз очмайман, эҳтиёт қиламан.

Ўзим ҳам эҳтиёт бўламан, лекин ҳақиқатдан эмас – ҳақиқатни ёмон кўрадиганлардан ҳақиқатни эҳтиёт қиламан!

…Билмадим, биз шу иш учун туғилган бўлсак керак. Шу иш бизнинг қисматимиз бўлса керакки, бошқасига кўнолмаймиз. Эртадан қора кечгача ишлаймиз, изланамиз. Минг машаққат билан пул топиб, яна шу ишга сарфлаймиз. «Маънавият учун шунча жон койитяпсизлар, бирор ёрдам керак эмасми?» дейдиган марднинг ўзи йўқ. Э, ёрдам бермаса ҳам майли, ишимизга халақит бермаса бўлди, деймиз. У вилоятга борамиз, бунисига борамиз, учрашувлар уюштирамиз:

– Одамлар, мана шу газетанинг биттагина сонида аллақанча бойлик бор, олинглар, шу газеталар текинга, маънавиятингизни бойитинг, келаси йил учун обуна бўларсизлар, – деймиз. Минг-минглаб газета сонларини текинга тарқатамиз. Қайтганимиздан кейин телефон қўнғироқлари бошланади: газетани мақташади, қойил қолишади, раҳматлар айтишади, дуо қилишади… Кичкинагина, («ёнғоқнинг шақиллашига ишқибоз») жамоамиз билан хурсааанд бўп қоламиз.

Шу кунларда, ўша одамлар таассуф билан қўнғироқ қилишни бошлашган: «Биз сизларнинг газетингизга обуна бўлишни истаймиз, лекин бизни яна илгаригидек бошқа газеталар обунасига мажбурлашяпти…». Ҳақингизни талаб қилинг, дейман, лекин уларга осонмаслигиниям биламан. Ҳақини талаб қилса, бошлиғи кўпам жонини олмасаям, бирор важ-корсон топиб, ишини олиши ёки ишидан камчилик топиб, таъзирини бериши мумкин. Тайин маошли иш жондан ҳам ширин бўп турган бунақа пайтда шўрликларга қийин бўлади.

Уларга «Ҳозир мажбурий обуна тугатилган» ҳам деёлмайман. Чунки амалда илгаригидек аҳвол давом этяпти, фақат энди (айрим газеталар обунасидан тушадиган пуллардан нафланиб ўрганган) айрим ҳоким бувалар «партизанча ишлаш»га ўтиб олишган. Айрим сайтлар бу ҳақида ёзиб ҳам кўрди, фақат умумий қилиб. Айнан фалон идоранинг ёки фалон маҳкаманинг нашрига мажбурий обуна қилиняпти, деёлмайди. Десинам-чи! Чаканаям идора ёки маҳкамами улар! Қаёқдаги битта ҳақиқатпараст журналистга ўзларини хафа қилдириб қўйишарканми?!

…Мен ҳам, битта шу обуна балосини деб, яна битта маърифат дурдонасини топиб, менга суюнчилаш учун кўзлари ёниб кутиб турган ходимимнинг руҳини туширгим келмайди;

одамнинг юрагини титратиб юборувчи, долзарб мавзудаги мақолалар ёзадиган, мақоласи газитда чиққач, менга қўнғироқ қилиб, ғариб товуш билан: «Мақолам одамларга ёқдимикин, Дилфузахон?» дея сўрайдиган, кексайиб, чекка бир қишлоқда унутилиб қолиб кетган КАТТА ЖУРНАЛИСТимизни хафа қилгим келмайди;

тарих ҳақиқатларини бўяб-бежамай ёзадиган; унутилган забардаст инсонларнинг ҳаёт-фаолиятини тадқиқ қилиб, оммага илиниб юрадиган, пулни эмас, тарихий ҳақиқатларни кўпайтиришни ўйлайдиган фидойи тадқиқотчимизнинг кўнглини чўктиргим келмайди;

ўзи фақиргина талаба бўлса ҳам, бадавлатларда топилмайдиган жўмардликка соҳиб, «Опа, нима юмуш бўлса, айтаверинг, бунақа газета учун хизмат қилиш бизга шараф» дейдиган талаба ўғилларимнинг ҳафсаласини пир қилгим келмайди.

Худога шукр, фидойи муаллифларимиз кўп, қалам ҳақи ҳам сўрамай, ёзишади, «Бунақа газетани тезроқ оёққа қўйишимиз керак, пул бўлса, кейин топилаверади», дейишади. Мен уларни ноумид қилолмайман!

Газетанинг ҳар бир сонини кутиб ўтирадиган мухлислар бор, мен уларнинг ишончини сўндиролмайман, шу лаънати обуна ғалваларини деб!

Биз шунинг учун ҳам оёқда турибмиз. Нон топиш учун эмас, дажжолий замонда ҳам маърифат деб юрганлар нонсиз қолмаслиги учун оёқда турибмиз! Одамлар дунёвий васвасалар дарёсига чўкиб ўлиб кетмасин, дунёда пулдан ҳам аҳамиятлироқ, моддиятдан ҳам азизроқ тушунчалар борлигини унутмасин деб, оёқдамиз! Буни анави ҳокимлар қаёқданам тушунсин! «Маънавият, маърифат» десангиз, юзингизга энсаси қотиб, тентакка қарагандек қарайдиган раҳбарлар қаёқданам тушунсин!

…Бугунги ҳақиқатим шуки, хориж матбуотига, айниқса, (ҳамма зўравон дейдиган) Америка матбуотига ўлгудек ҳавасим келади. Мутлақ демократик матбуотга, ўшандай матбуот ичидаги журналистларга ҳавасим келади! Ноннинг ғамини қилмай, жоннинг ғамини қилмай, ҳақиқат учун курашадиган, ҳақиқатни ёзадиган журналистларга ҳавасим келади! Президентини-ю, мэрларини аёвсиз танқид қилсаям, ҳукумати пул билан таъминлаб қўядиган газитларга ҳавасим келади! Аҳолиси 99,9 фоиз тезучар интернет билан таъминланган бўлсаям, ҳар куни миллиардлаб тиражда босиладиган, ҳар куни қўлма-қўл бўлиб ўқиладиган газитларда ишлайдиган журналистларга ҳавасим келади!

Қаранг, битта газета («The New York Times») 167 йилдан буён; бошқаси («New York Post») 217 йилдан буён ҳақиқатни ёзса-ю, ҳеч ким тегмаса, ёпиб қўйишмаса-я! Боз устига, эгалари «долларовый» миллионер! Булар ўз ишларини бажаришяпти – одамларга ҳақиқатни айтишяпти.  Булар обуна деб бир-бирининг гўштини емайди, чунки XXI асрда яшашяпти!

Мен ҳатто шу ҳавасларимни ҳам ота-онамга айтолмайман, улар шундан ҳам ёмонлик қидирадиганлар чиқиб қолмасин деб, хавотирга тушишади. Мен отамга, онамга ҳозир XXI асрда яшаётганимизни ҳам эслатмайман – улар буни унутишган. Бундай аччиқ ҳақиқатни кўтара олишмайди деб қўрқаман…

 

Дилфуза Комилнинг телеграм каналидан олинди

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Дайджест: марказий осиё терроризмнинг уруғими?

АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон мусулмон-рохинжаларга нисбатан зўравонликлар қўллангани, бунинг оқибатида 600 мингга яқин киши қўшни Бангладешга қочиб ўтишга мажбур ...

Жамшид каримов: ислом каримов ўғлини урушга юбормоқчи бўлган (интервью, 3-қисм)

Ислом Каримовнинг жияни Жамшид Каримов билан суҳбат (3-қисм) (more…)

Етмиш икки кунлик озодлик!

Марказий Осиёда демoкратик ва дунёвий давлат сифатида тақдим қилинган Туркистон мухторияти тузилган кунига 100 йил тўлиши муносабати билан, 23 феврал 2018 йил Ўзбекистон ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400