МEҲРОБДАН ЧАЁН-“ФОТИҲА — МУҲРИ ХУДОДИР”

Махдум чувирлашиб ўқуб ётқан болаларға тўхталиш ишоратини бериб, ўзи ирғиб ўрнидан турди  ва  шошқанча  мактабхонадан  чиқиб,  саҳн  ўртасида  турған  икки  нафар  машҳур  беклар истиқболиға  югурди.  Улар  билан  энггашиб  кўришкандан  сўнг,  бориб  меҳмонхона  эшигини очди.

— Марҳамат, тақсирлар, марҳамат!

Махдум бу қадар шошиб қолишға ҳақли эди. Чунки, келгучиларнинг ҳар иккиси ҳам хон ёнида  мўътабар  ва  ҳамиша  унга  мусоҳиб1  беклардан  эдилар.  Улар  меҳмонхонаға  кириб ўлтургандан  кейин,  махдум  ўрнидан  туриб,  қўл  қовуштирди  ва “хуш  келдилар!”  деди.

Меҳмонлар ҳам махдумнинг ҳурматига қўзғалишиб қўйдилар.

—  Начук  худо  ярлақади,  тақсирлар?  Гарибхонамизни  муборак  қадамларингиз  билан мунаввар этканларингиз учун ҳазорон раҳмат.

Беклар махдумга ташаккур айтдилар. Абдурауф тунқотар ҳамроҳига қараб олғандан кейин “ташриф” сабабига тил очди:

—  Жаноби  пушти  паноҳ  бизни  зиёратларига  буюрдилар,  сизга  улуғ  меҳрибончилиқ  ато қилдилар.

Махдум  жойидан  қўзғалиб  ўлтурди,  аммо “жаноб”нинг “марҳамат”ларига  тушуналмай шошди. Тунқотарнинг сўзига Муҳаммад Шариф дастурхончи изоҳ берди:

— Ҳар кимса ҳам пушти паноҳнинг марҳаматларига лойиқ кўрила олмайдир. Пушти паноҳ ўзларини домодлиққа чоғлаб, бу башоратни бизлар орқалиқ сизга еткаришка амр қилдилар…

Махдум бояғидек яна қўзғалиб олса ҳам, аммо товши чиқмай, сукутка кетиб қолди.

—  Тақсиримда  ожиза  борлиғини  пушти  паноҳ  эшиткан  эканлар… — деди  тунқотар. — Мирзо  Анвар  каби  донишманд  етиштирган  киши  оқила  ва  жамила2  қиз  ҳам  тарбия қилмағанмукин деган андишага борибдирлар… Шогирдингизга қилған марҳаматни жанобингиз ва каримангиз учун ҳам дариғ тутмаслик ниятида, бизни хизматингизга буюрдилар. Албатта, бу марҳаматнинг нечоғлиқ улуғлиғини сизга сўзлаб ўлтуриш ҳам ҳожат эмас.

—  Қуллиқ,  раҳмат,  пушти  паноҳнинг  давлатлари  зиёда  бўлсин, — деди  махдум  узоқ сукутдан бош кўтариб. — Бир эмас, юз қизимиз бўлғанда ҳам жанобнинг канизликларига назр қйлиш вазифамиз эди… Аммо камина ва ожизамизда бир қанча гуноҳлар, нуқслар, узрлар бор, таҳсирлар.

— Беайб парвардигор, — деди тунқотар. — Банда ҳамиша маъзур ва хатоликдир, тақсир.

Махдум бош ирғатиб бир оз сукутда ўлтурди, сўнгра кўзини тунқотарнинг тизасига тикди.

—  Жанобларига  ожизона  арз…  Аввало  камина  ожиз,  нотавон,  афтодаҳол;  пушти  паноҳ жиҳатларидин содир бўлған улуғ марҳаматка сазовор ва лойиқ эмасдирман; сониян — ожизамиз олампаноҳдек улуғ зотка ҳамхоб бўлмоқ учун кофий тарбия олмаған бир қулбаччадир. Бас, биз шу кайфиятда онҳазратнинг меҳрибонликлариға арзирму, тақсирлар?

—  Пушти  паноҳнинг  сизнингдек  аҳли  илмларига  қаратилған  дарё  марҳаматлари  арзитар, тақсир.

Тунқотар бу марҳаматнинг беҳад улуғлиғини шарҳ қилиб кетди. Махдум бир неча фурсат сукутда ўлтургандан кейин, тунқотарнинг муболағаларига бош ирғатиб қўйди.

— Шак йўқ, шак йўқ, мен онҳазратка мусалламман3 ва лекин… ва лекин бир узри фақирни андишага қўядир: ожизани бир важҳ билан мирзо Анварга ишонтирған эдик… мана шу масала каминага бир оз мушкил келадир…

Бу сўздан тунқотар дастурхончиға қаради, дастурхончи қўл силкиб кулди:

— Ҳеч боки йўқ, — деди дастурхончи, — мирзо Анвар пушти паноҳнинг ўз кишилари, бу хабарни мирзо эшитса, шубҳасиз, сўюнадир.

— Иншооллоҳ.

—  Биз  бориб  онҳазратка  жанобингизнинг  дуонгизни  эшитдирамиз:  ҳусни  қабулингизни, ижобатингизни  уқдирамиз…  Жанобнинг  хурсанд  бўлишларида  шубҳа  йўқ,  тақсир, — деди дастурхончи  ва  бошқа  сўзга  йўл  қўймай  ҳатто  кейинги  масалаларга  ҳам  келиб  етди. — Тўй фурсатини  таъйин  қилиш  албатта,  онҳазратнинг  ихтиёрларига…  Қани  тунқотар,  фотиҳа қилайлиқ, фотиҳа — муҳри худодир!

Тунқотар фотиҳага қўл очди, махдум саросима ҳолатда уларни таъқиб этди. Фотиҳадан сўнг “совчилар”  ҳеч  нарсага  қарамай  қўзғалдилар.  Ўн  беш  дақиқалиқ  бу  ҳодисадан  махдумнинг мияси шишди, ҳатто айтишка чоғлаб турған муҳим бир сўзини ҳам унутди. Уларни дарбозага кузатиб чиқар экан, мазкур йўқотиб қўйған муҳим сўзини хотирласам, деб кучанар эди. Беклар билан  хайрлашар  чоқдағина  бирдан “ҳабба”  деб  юборди.  Унинг  совчиларға  айтмакчи  бўлған сўзи ҳақиқатан муҳим, яъни бу воқиъа хабарини Анварга шу беклар воситаси билан етказиш эди.  Улар  бу  илтимосни  маъалмамнуният  қабул  қилдилар,  мирзога  ётиғи  билан  сўзлаб, махдумнинг маъзур қолғанлиғини унга уқдирмоқчи бўлдилар.

Махдум “улуғ меҳмонлар”ни жўнатиб, меҳмонхонаға қайтиб келди. Мияси ҳануз тузукрак муҳокамага  қобил  эмас,  кутилмаган  бу ҳодиса  ўзи учун фойдалиқми,  зарарликми — имтиёз4

қилолмас  эди.  Анварни  аяғанлиқми  ёки  ундан  уялғанлиқми,  баҳарҳол,  кўнглида  бир  хил ғашлиқ, чигаллик бор эди. Муҳокама ҳар турлик: тўйни илгарироқ қилиб қўйсақ бўлар экан, деб ўйласа, иккинчи тарафдан, “хонға падари аруслик” масаласи ораға кўндаланг тушиб, яна фикри чувалиб кетар эди. Бир тарафдан Анвар, иккинчи тарафдан хон… Шу йўсун, фикри бир йўлда тинолмай гангиган ҳолда меҳмонхонани ёпиб чиқди.

Махдумни мактабхона эшигида кўрган болалар чувирлашиб сабоқ такрорлашка тутиндилар.

Лекин  махдумга  ҳозирғи  чувур-чувур  ёқмади;  унинг  учун  ҳозир  тинчлик,  кутилмаган ҳодисанинг  ўнг-терсини  ўйлаш  керак  туюлди.  Махдум  мактабга  кириб  ўз  ўрниға  ўлтургач, болаларни  тўхташға  буюрди.  Боладар  жим  бўлғандан  кейин “озод!”  деб  юборди.  Болалар домлаға  салом  бериб,  бир  онда  мак-табхонани  бўшатиб  кетдилар.  Махдум  дарс  ўрнидан қўзғалмай яна ўйлаб қолди.

Анвар тўғрисидағи кўнгил ғашлиғи бир турлик бўлса ҳам, бошқа тарафдан анчагина яхши умидлар  туғулиб  қолдилар.  Хонга  қайин  ота  бўлиш  эл  қошида  кичкина  гап  эмас  эди.  Қалин тўғрисида  подшоҳ-куявдан  кўб,  маблағ  кутилса  бўлар  эди.  Агар  худо  ўғул  набира  ато  қилса, Худоёрнинг  тахт  вориси  бўлиш  эҳтимоли  ҳам  бор  эди…  Тўйнинг  кейинга  силтаниши  эса, тақдир иши; Раънонинг тақдири хонға битилган, шунга биноан Анвар тўйни кейинги силташка, биткан ишни етиришка5 мажбур эди… Яна шу ҳолда ва шунча янги умидлар ичида кўнгилдан ҳалиги  ғашликни,  ўзига  номаълум  илинжни  ювиб  юбора  олмади.  Яна  бир  оз  шу  тўғрида қийналиб ўлтургач, Анварга қарши ўзида бир аччиғ сезди: “Тўйни кўкламга қўй, деб унга ким айтди?  Бу  ўзи  ҳар  ишда  ҳам  сустқадам.  Энди,  хон  сўратқандан  кейин  рад  қилишға  кимнинг ҳадди бор!” деб кўнглидан кечирди. Шундан сўнг ул озғина тинчиди, яна бир мунча фикрланиб ўлтургандан кейин кўз ўнгига — қалин учун бериладирған бир саноч олтин, эл қошидағи обрў, энг охирда Худоёрнинг тахт вориси бўлған хонзода келиб кечдилар. Ўзини эл сўраб турған ёш хон ёнида кўриб, илжайди…

Шу йўсун махдум ўзини босиб олди, кўкдан тушкандек бу совчилиқни ўз истиқболининг хайрлик фоли, файзи илоҳий, деб қувонди, ҳануз кўнглини ғаш қилиб турған Анвар масаласини хотириға келтирмасликка, “хаёли фосид”6дан қочишқа қарор берди. Махдум шуни ўзига маъқул қилғандан  кейин  бошқа  кишилар  андишасини,  айниқса,  уйдагилар  раъйини  ўйлаб  турмади.

Ўзича саодат бўлиб кўринган бу фожиъа хабари билан Нигор ойимни эсанкиратди, йиғлатди.

Раъно эрса танчада ўқуб ўлтурган Хайём рубоиёти устига ҳушсиз бошини қўйди.

— Ўн йиллаб бизга кийдирган, едирган бечора Анварга оқибатимиз шу бўлдими! Шўрлик Раъно бир юз хотин ёниға юз биринчи кундаш бўлиб борадими?! — деб йиғлади Нигор ойим. Раънонинг ҳозирги аҳволини биз ёзиб ўлтурмаймиз. Аммо махдум уларнинг ҳар иккисини аҳмоққа чиқариб, ўзи “оқиллар” қаториға ўтди.

 

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1 Мусооиб — суҳбатдош.

2 Жамила — чиройли, гўзал.

3  Мусалламман — хоннинг ихтиёрларидаги одамман.

4  Имтиёз қилмоқ — фарқламоқ.

5 Етмоқ — йўқ қилмоқ, барбод бўлмоқ.

6 Хаёли фосид — бузуқ хаёл.

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Отаули: заргарона зарофат, теран тагмаъно

      Она тилимизда ҳар бир сўзнинг ўз ўрни ва айтилиш оҳанги бор. Худди шундай, сўз санъатидаги ҳар бир жанрнинг ҳам ўз оҳанги, ўзига хос файзи-таровати, ...

Чингиз айтматов:қиёмат 18-қисм

Наша  тўлдириб  солинган  юк  халталарини  елкага  ортганча,  ярим кечага  довур  темир  йўл томонга  қараб  юрдилар.  Юриш  унча  қийин  эмасди.  Қуритилган  гиёҳнинг  ...

Мeҳробдан чаён-ҳаёт шамъи

Неча  йиллар  Анварнинг  кўнглини  машғул  эткан  бир  муаммо  ниҳоят  орзуға  мувофиқ  ҳал қилинғандек, яъни шубҳа ичида қизарған муҳаббат ғунчаси висол хабари билан ...