МEҲРОБДАН ЧАЁН-ЙИГИТ!

Маълумки,  кеча  Султонали  мирзо  қул  болаға  Гулшанни  чақиришни  таъйинлаб,  ўрдадан чиққан эди. Шу чиқишда ўрда атрофидан силжимай, кечгача Гулшанни кутди. Аср намозидан бир оз кейинроқ ўрдадан уч-тўртта хотинлар чиқдилар, буларнинг орасида Гулшан ҳам бор эди.

Султонали мирзо хотинлар билан сўрашиб (чунки ўрдаға алоқалиқ хотинларнинг ҳаммаси унга танишдир)  Гулшанни  четка  чақирди,  унинг  билан  сўзлашиб  иш  қўлдан  кетканлигини  ва душманларнинг яна бир ифлос найрангларини онглади. Шундоғки, Гулшаннинг ёниға борғучи

мулла  Абдураҳмон,  гўё  ўзини  Солиҳ  махдум  тарафидан  юборилғучи қилиб  кўрсаткан.  Ҳатто мулла Абдураҳмон орқалиқ  Солиҳ  махдум,  қизимни  хонға махтасин,  деб  Гулшанга  бир  неча тилло пул ҳам бериб юборған эмиш…

—  Мен  қиз  топишни  икки-уч  ойлардан  бери  ташлаб  юборған  эдим, — деди  Гулшан, — кишининг  ҳожати  чиқсин,  дедим.  Кейинчалик  ўзимга  гап  тегдирмаслик  учун  аввал  бориб қизини кўрдим; қизни ёқтирғанимдан сўнг не андишалар ичида хонға келиб арз қилдим… Мен у

қизнинг мирзо Анварга айтдирилғанлиғини, ўртада адоват борлиғини туш билайми, Султонали ака… Энди иш ўтди, мен хоннинг олдиға кириб кечаги сизға махтаған қизим фалон экан, деб айта олмайман. Мирзо Анвар уйланадирган бўлса, мен кўриб қўйған яхши қизлар бор, айбонам1 учун мирзо Анварга мен бошқа бир қиз топиб берай.

Султоналининг тарбузи қўлтуғидан тушиб, Абдураҳмон ва шерикларидан ғижинған ҳолда, Гулшан  билан  хайрлашди.  Бутун  кун  зир  югуриб  юрғаниға  эмас,  ифлосларнинг  ғализ муваффақиятига  чидамас  эди.  Бу  чучмал  адоват  билан  ингичка  табиъатлик  Анварнинг не кайфиятка тушишини тасаввур қилолмас; ит феъл, қадр билмас хонға аччиғ қилиб мирзолиқни ташлаб кетмаса, деб қўрқар эди.

Гулшан  айтканча,  иш  ўткан,  гап  мазмунича,  албатта  хон  Солиҳ  махдумга  куяв  бўлмай қўймас,  ҳозир  бунинг  қаршисиға  бирар  тадбир  топиш  жуда  қийин  ва  бу  хабарни  Анварга айтиш-айтмаслик масаласи ҳам яна оғир. Султонали мирзо бу гапдан Анварни хабардор қилиш ва  қилмаслиқ  тўғрисида  кўб  ўйлади.  Қанча  мулоҳазалардан  кейин  уни  хабардор  қилишни маъқул  кўрди.  Чунки  юзда  тўқсон  тўққузға  қарши  бир  эқтимолгина  бу  фожиъанинг  бўлмай қолишлиғи тарафида эди. Анварни хабардор қилса, эҳтимолки, унинг ўзи бирар чора топар ёки масала  Султонали  ўйлағанча  унинг  учун  аҳамиятлик  бўлиб  чиқмас,  башарти  аҳамиятлик бўлғанда қам фожиъани кутиб, ўзини босиб қарши олиш ногаҳонийсига қарағанда хийли енгил кўчар эди.

Султонали  эрталаб  уйқудан  туриб,  намозни  ўқуди,  болалари  ёнида  чой  ичмай,  Солиҳ махдумнинг ҳавлисига қараб кетди.

Меҳмонхонада ўрдаға кетмакчи бўлиб турған Анвар Султоналини ранжиб қарши олди:

— Шундай ҳам лш бўладими, кеча нега мен келгунча кетиб қолдингиз?

— Бирав чақириб келди-да… Мен ўз ўрнимга Сафар. акамни ташлаб кетдим-ку.

Анвар ўпкалик илжайиб, ундан чой ичкан-ичмаганлигини сўради. Султонали гўё ўзини шу яқиндағи  қариндошлардан  бириникида  қолған  ва  шунда  нонушта  қилиб,  йўл  устидан Анварнинг олдиға кирган каби кўрсатди. Иккиси биргалашиб йўлға тушдилар. Кўчада йигирма қадам чамаси борғандан сўнг, Анвар кулимсиб Султоналининг кўзига қаради:

— Кеча бизнинг ҳавлига кимни сўраб келдингиз?

Султонали манглайини қашиди:

— Мен чақириб келганда сиз уйдамидингиз?

— Мен уйда эдим, — деб кулди Анвар ва бир оз жим борди. — Мен уйда бўлмасам ҳам, уйдагилар  сизни  таниғанлар.  Уйдан  шу  хабарни  эшитиб,  кечадан  бери  таажжубка  тушдим… Хўш, сиз сўраған хотин ким? Ўзи нима гап?

— Арзимаган гап…

— Қани?

Султонали масаланинг қулай кўчишидан енгил тортиб, бир оз сўзсиз борди.

— Кулги гап… Сизга бир оз тегишлиги бўлса ҳам арзимайдир… Арзимаса ҳам?

— Гапуринг… Сизнинг келиб юрғанингизни эшитканимдан бери анча ташвиш чекдим.

— Сизга бир сўзни айтиб ҳам бўлмайди, — деб кулди Султонали, — игнани туядек, хасни харидек кўрасиз.

— Менми? Хайр, дунёни сел ювса ҳам тўпуғимға чиқмасин, сўзлангиз.

Султонали  ҳикояни  Сафар  бўзчидан  бошлади.  Лекин  жиддий  эмас,  ярим  жиддий  қилиб мулла Абдураҳмон ва муфти бечораларнинг ақлиға гўё шундан бошқа пастлик ва масхарароқ фикр келмаган, шу қадар аҳамиятсиз, тубанлиқ билан гўё ўч олмоқчи бўлғанлар руҳида сўзлаб борди.  Анварнинг  бир  неча  кундан  бери  ўзи  тушунмай  чеккан  ташвиши,  кўнгил  ғашлиғи ҳақиқатка айланиб борса ҳам, Сафар бўзчининг болани алдаб йўлға солишидан, сир олишидан ва  Абдураҳмонларни  камситиб,  масхаралаб  қилинған  ташбихлардан  кўб  ўрунда  кулиб, Султонали  мирзога  енгиллик  берди.  Сўз  Гулшан  билан  учрашиш  ва  ундан  олинған  жавобка етканда, Анварнинг туси ўзгариб, кипрак остлари учиб кетди. Аммо кутилмаган равишда яна совуққонлиқ сақлади.

—  Зарари  йўқ, — деди  Анвар  бир  хил  вазиятда  қўл  силтаб. — Мен  улардан  бу  хилда ифлослик  вужудга  келишини  тасаввур  қилмаған  бўлсам  ҳам,  лекин  ҳар  ҳолда  адоват  куткан эдим… Зарари йўқ, Султонали ака.

Султонали  Анварнинг  товуш  оҳангидаги  ўзгаришка  эътибор  этмаган  бўлса  керак,  ҳануз бояғи ярим жиддий руҳидан силжимади.

—  Саллалик  эшакларнинг  диринглаши  оғилхонағача…  Улар  мирзо  Анвар  уйланмакчи бўлған қизни хонға тўғрилаб, шунинг билан гўё ўч олмоқчилар. Мирзо Анвар хотинсиз қолсин, демакчи-да,  бу  аҳмоқлар.  Ҳолбуки,  бутун  мамлакат  қизлари  мирзо  Анвар  учун  соч  тарайди.

Агар  сиз  хоҳласангиз  қозикалон  ёки  домла  шоғовул  ва  шулар  сингари  калонполарга  куяв бўлолмайсизми?  Кесак  отиб  арслонни  енгмакчи  бўлған  галварсларнинг  ишига  кулгим қистайдир…

— Зарари йўқ…

— Раҳмат, Анвар. Мен сизнинг баъзи тўғриларда юрагингиз кенглигидан аччиғланар эдим…

Дарҳақиқат,  ўйлаб  қарасам,  юрак  кенглиги  ўзи  бир  фазилат  эмиш…  Бундан  бошқа  маъно онгламангиз,  Анвар.  Муфти  кабиларнинг  паст,  бачкана  адоватининг  киши  қитиғиға  тегиши бўлмаса, сиз ва дўстларингизча ҳам қиз оти топилмайдирған матоъ эмас.

— Албатта.

Анвар ўзини фавқулодца текис ушлаб борар, ҳозир унда бояғи ўзгаришларнинғ ҳеч бириси ҳам кўринмас эди.

Султонали  мирзо  бу  бемаза  гапни  Анварнинг  кўнглидан  чиқаришқа  тиришиб  ҳалигидек юпатишларни оғзидан қўймас, эшиткучи эса қисқағина жумла билан унинг фикрига қўшулар ёки илжайиб, тасдиқ ишорасини берар эди. Иккиси бирга девонға кирдилар. Ишка илгарироқ

келган мирзолар ёзув билан машғул эдилар. Анвар мирзолар билан саломлашиб сўрашди, ҳатто ҳеч гап бўлмаған каби Шаҳодат муфтилардан ҳам аҳвол ва соғлиқ сўради. Муфтиларни кўриши ҳамоно нафрати жунбушка кирган Султоналининг бу ҳоядан таажжуби ортиб Анварга қаради ва кўнглидан “йигит” деган сўзни кечирди. Султонали айтканча, шубҳасиз, бу йигатнинг кўнгли ёлғиз муҳаббаткагина эмас, муҳаббатдан ғайри фазилатларга ҳам қобил эди.

Султонали  мирзо  ҳам  нариги  хонадан  Анварнинг  ҳузурига  ўткан,  Шаҳодат  муфтилар қаторида  ўлтуриб  ишлар  эди.  Анвар  бу  кунги  нома  ва  аризаларни  йиғиштириб  удайчига топширди, девоннинг ўзига тегишлик бўлғанларини мирзолар орасида тақсим қилди. Ҳар ким

ўз  вазифасига  берилиб,  ораға  жимжитлик  кирди.  Фақат  бу  тинчликни  савоғич  қаламларнинг қоғоз устида қириллаши ва гоҳо букланган қоғозларнинг шилдираши бузар эди. Шу ҳол бир соат  чамаси  давом  эткандан  сўнг,  онда-сонда  сўз  ҳам  қўзғалди.  Анвар  ҳузуридагилардан Шаҳодат муфти қоғоз-қаламни ёнига қўйиб, сандалда исинди.

— Мулла Наврўз кўб паст одам-да, — деди муфти — унинг иши кечадан бери менга ажаб таъсир қилади-да….

— Паст, паст, — деди Калоншоҳ.

Султонали Анварга қараб қўйди. Анварнинг эса кўзи ёзувда эди.

— Шунча кишининг илтижосини ерда қолдириши ўзи ярамаслиқ… Қазоси етиб ўлган экан, келиннинг молиға нима дахлинг бор? Бу одамият эмас-да.

— Паст кишида одамият нима қилсин.

Султонали кулимсираб бир-икки қайта муфтиларга қараб олди.

— Уйингга икки арафдан шунча одам йиғилди, сўзга кирмай, уларни овора қилдинг, лоақал бир лаган ош билан уларни жўнатсанг ўлиб қолармидинг… э, ҳайф сендек мумсукка!2

— Мен ҳам мулла Наврўзни бунчалик билмас эдим, — деди Калоншоҳ, — одамиятни еб қўйған киши экан.

Султоналининг ранги ўчиб, қовоқ остлари пирр-пирр уча бошлаған эди.

— Қизиқ баҳсни қиласиз, тақсирлар, — деди бирдан Султонали, — шу замонда одамият қолдими? Агар озғина андиша қилиб кўрсак, сиз ҳам, биз ҳам одамиятни пок-покиза еб қўйған чиқамиз. Бу замонда ўзгани қўя туриб ҳатто ўзларингиздан ҳам одамият кутмасангиз бўлади,

тақсирлар!

 

Юраги тор — асабий Султоналиинг бу сўзи “ширин суҳбат” устидаги муфтиларни ҳайрон қилиб қўйди. Анвар Султоналига қараб унинг кўзини учраталмади. Чунки ул ҳалиги сўзларни айтиб, қўлидағи таҳрирга берилган эди.

— Сиз ажаб одамсиз-да, Султонали, — деди муфти. — Биз нима теяпмиз-ку, сиз нимадан ўтлайсиз.

—  Сизлар  одамиятдан  баҳс  қилаётибсизларми,  ахир?  Мен  ҳам  бу  вақтда  одамият йўқлиғидан зорландим-да…

— Сизнинг сўзингиз ажаб, Султонали. Сиз бизнинг одамиятимиз йўқлиғини бирар жойда кўрганмисиз ёки димоғингизға футур етиб қолғанми?

Анвар  Султоналининг  кўзини учратишка урунди, аммо  Султонали  муфтиларга  юз  ўгуриб ўлтурди.

—  Сизларнинг  одамиятингиз  йўқлиғини  ҳеч  бир  жойда  кўрганим  ва  эшитканим  йўқ албатта, — деб  заҳарханда  қилди  Султонали. — Аммо  ҳозир  ўз  нафсимдан  бир  ҳисоб  олиб кўрсам,  ҳатто  шу  ҳафтанинг  ичидаёқ  неча  жиноятка  иртикоб1  қилғанман.  Шунинг  учун  ҳам бояғи сўзни айтдим-да. Йўқса меним ким билан қанчалиқ ишим бўлсин, тақсирлар…

Муфтиларнинг ранги бўзариб, иттифоқлашқандек Анварга қараб қўйдилар ва Султоналидан зорланғандек бош чайқадилар.

—  Султонали  ака, — деди  Анвар  зорланған  оҳангда, — тақсирларим  айтканча, димоғингизға бир оз футур етканга ўхшайдир: шундай гаплар нима ҳожат, нима алоқаси бор?

Тинчкина ишингизга қарасангиз-чи, худо хайр берсин.

Сўнгра  Анвар  муфтилар  томонға  кулимсиб,  Султоналининг  гапига  аҳамият  бермасликка ишорат қилди. Шаҳодат муфти бир нарсаларни айтиб ишига қаради. Султонали ҳам кулиб, гўё Анварга итоат қилғандек, сўзсизгина, қаламини қўлиға ушлади. Ҳар ким ўз ишига қараб, орада яна бояғича тинчлик бошланди.

Кечка томон мирзолар тарқалишиб, орада Султонали ва муфтилар ҳам бирин-сирин чиқиб кетдилар.  Энг  сўнгға  қолиб  қўзғалған  Анвар  девонхона  даҳлизида  тунқотарға  учрашди. Тунқотар Анвар билан ҳазиллашкандек, унинг қўлидан ушлаб, ичкарига — девонға бошлади.

Ичкарига кирдилар.

— Хизмат, тақсир?

— Хизмат шуки, — деб кулди тунқотар, — сизнинг устингиздан бир ўктамлик қилинди?

— Яхши… Эшитсам бўладими?

— Жаноб бу кун бизни устозингиз Солиҳ махдумникига қулчилиққа юборған эдилар. Бориб эшитсамиз, фотиҳа сизга бўлған экан… Биз қиблагоҳ учун кечарсиз, деб ўйладиқ…

Анвар бу заҳарлик сўз билан илон каби тўлғаниб олса ҳам бутун кучини сарф қилиб, сир бермасликка тиришди.

— Атиги шу гапми?

— Шу гап, мирзо Анвар.

— Арзимаган гап… Буни мендан сўрамасангиз ҳам бўлар эди.

— Раҳмат, мирзо, мен сизнинг бу садоқатингизни жанобга сўзлайман.

— Йўқ, йўқ, — деди Анвар бош чайқаб, — зинҳор гапирманг, зинҳор.

— Нега ахир, нега? Жаноб ҳам ўзларининг содиқ қулларини таниб қўйсинлар-да.

Анвар  мажҳул  оҳангда  кулди: — “Айтманг,  мен  хоҳламайман” — деди  яна.  Иккиси биргалашиб девондан чиқдилар.

Ҳаво  текис  қорамтил  булут  билан  ўралған,  Қўқоннинг  машҳур  шамоли  қанот  ёйған  эди.

Қорамтил булутлардан қуйироқда олақарғалар қанот қимирлатмай саёҳат қилар ва онда-сонда ёмғур  қатралари  томчилар  эди.  Шу  вақтда  кўпрук  ёниға  келиб  тўхтаған  Анвар  қаёққа  бориб ётсам, деб тараддудланди…

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


 1 Айбона — зарар учун тўланадиган жарима.

2  Мумсук — ўтакетган хасис, бахил, зиқна.                                                  

3 Иртикоб — машғул бўлиш, қўл уриш.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-чақангиз сийқа эмасми?

Ул аксар шом ва эрталабки намозларнигина масжидда ўқуб, қолғанларини уйида адо қилар, пешин,  аср,  хуфтанларга  вақт  тополмас  эди.  Аммо  бу  кеч  жўртта  хуфтанга  ...

От кишнаган оқшом (қисса) 51-қисм

51 Шу вақт, бозор дарвозаси тарафдан овозлар келди. — Ушла, ўғрини, ушла! — деди овозлар. Ғуж-ғуж одамлар орасидан бир бола чопиб чиқди. Кетидан бир беқасам чопонлик одам ...

Мeҳробдан чаён-ғариб кўнгли

Анвар  бошқалар  каби  югурмаса  ҳам  елиб  келар  эди.  Хишткўпрукка  етканда,  катта  сув ёнидаги  ҳужра  эшигида  қўсқи1  пўстунга  ўралиб  турған  қоровул  унинг  олдиға  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400