Юлдузли тунлар-33

4

Сувларнинг юзи хазонларга тўлиб оқадиган сершамол куз кунлари бошланди. Самарқанддан ўттиз чақиримча шарқ-жануб томонда, Панжакентдан қуйида Зарафшон дарёсини кечиб ўтган икки юздан ортиқ қуролли суворийлар қоронғи тушганда Сиёб бўйига яқинлашдилар. Улар йўлларида учраган қишлоқларни четлаб ўтишар, ҳеч қаерда тўхтамасдан, шовқин-сурон кўтармасдан, мумкин қадар сукут сақлаб келишар эди. Уларга бирда-ярим дуч келиб қолган деҳқонлар қўрқиб ўзларини четга олар эдилар. Шайбонийхоннинг аскарлари ҳамманинг юрагини олиб қўйган эди. Ҳозир Самарқанд атрофларида хоннинг беш мингдан ортиқ қўшини бор эди. Одамлар мана бу отлиқларни ҳам шу қўшиннинг бир бўлаги деб ўйлаб, улардан балодан қочгандай қочар эдилар. Бироқ отлиқларнинг ўзлари алланарсадан хавотири бордай эҳтиёт билан бормоқда эдилар.


Қоронғида Сиёбдан ўтаётганларида, отларнинг беш-олтитаси балчиққа тиқилиб қолди. Уларни балчиқдан чиқаришга уриниб, ўзлари лойга ботган, юзларини қамишлар тирнаган навкарлар аччиқ устида баланд овоз билан сўзлашган эдилар, таниш овоз уларни уришиб берди:
— Мунча додлайсиз? Ёғийга хабар бермоқчимисиз?
Бобурнинг овозини таниган бир навкар:
— Маъзур тутинг, амирзодам, — деди. — Ҳаром ўлгур от ёмон тиқилди!
Булоқ сувларидан йиғилган Сиёб совуқ куз кечасида буғланиб оқмоқда эди. Тун қоронғиси устига сув буғлари ҳам қўшилиб, балчиқни қуруқ ердан ажратиб бўлмас эди. Лойга ботган отлар анча одамни йўлдан тутиб қолаётганини кўрган Бобур:
— Бас, чиқариб бўлмаса, қолсин! — деди.
Қосимбек дарҳол унинг сўзини қувватлади:
— Пиёда қолганлар менинг отларимдан олсинлар!
Оти лойга тиқилган навкарлардан бири Тоҳир эди.
— Тоғларда қанча оту тевалар қолди, учмалардан ўтиб келган отим энди шу балчиқда қолсинми-а? — деди Тоҳир отига ачиниб.
— Ўзимизнинг жонимиз ҳам қил устида! — деди Бобур.
Тоҳир Қосимбек учун етаклаб келинаётган отлардан бирига минди. Яна икки навкар пиёда қолган эди. Уларга Бобур ўзининг тўртта отидан иккитасини берди.
Ҳозир унинг кўзига от-улов кўринмас эди. Энг муҳими, унинг Самарқандга яқинлашаётганини Шайбонийхон мутлақо сезмаслиги керак.
Бобур ёзи билан тоғларда юрди, Шаҳрисабздан Ҳисорга, ундан Фондарё бўйларига ошиб ўтди.
Самар-қанд беклари бутун навкарлари билан Ҳисор ҳокими Хисравшоҳ томонига ўтиб кетди.
Андижондан Бобур билан келган одамларнинг кўпчилиги Искандаркўл бўйларидан Ўратепа орқали Фарғона водийсига қайтдилар.
Жангдовуллар бу хабарларнинг ҳаммасини Шайбонийхонга аллақачон етказган эдилар.
Бобурнинг бир неча юз киши билан тоғ орасида қийналиб юрганини аниқ биладиган Шайбонийхон энди унинг Андижонга қайтиб кетишига ёки Ўзгандан нарида хонлик қилаётган тоғаси Олачахон олдига боришига шубҳа қилмас эди. Шайбонийхон ёв ҳужум қилишини кутмас, шунинг учун шаҳарда беш юз кишилик қўшин қолдириб, қалъа ташқарисидаги Хўжа Дийдор деган ойни қароргоҳ қилган эди.
Шайбонийхоннинг бехавотир юрганидан хабар топиб, Самарқандга таваккал қилиб бораётган Бобур жуда қалтис бир ишга бел боғлаганини сезарди. Шайбонийхоннинг жосуслари кўплиги унга маълум эди. Хон ўзини сезмаганга солиб, Бобурни шаҳарга яқин келгунча қўйиб бериши, кейин қуршовга олиши мумкин эди. Шаҳар ичидаги қўшин ҳам Бобурнинг одамларидан икки-уч баробар кўп. Бобур Шайбонийхоннинг қўлига тушса, тирик қутулолмаслигини билади.
Навкарлар, беклар омон қолиши ва хон аскарлари сафида хизмат қилиб кетиши мумкин — Султон Али мирзонинг кўпчилик бек ва навкарларини хон ўз лашкарларига қўшиб олгани ҳаммага маълум. Аммо янги бир сулолага асос солмоқчи бўлган Шайбонийхон темурийларни аёвсиз ўлдиришга қасд қилганини Бобур билар эди. Шунинг учун агар бирон фалокат бўлса-ю, қутулиб кетолмаса, охирги нафасигача жанг қилишга, хоннинг қўлига тирик тушмасликка аҳд қилиб бормоқда эди.
Қоронғида яна бир талай ариқлардан ўтдилар, куз кириб, эгалари кўчиб кетган кимсасиз боғотларни оралаб бориб, Самарқанддан берироқдаги Пули Мағоқ кўприги олдида тўхтадилар.
Бундан икки кун олдин тўртта ишончли навкар деҳқон кийимида шу ерга юборилган, улар қалъа деворига қўйиб чиқиш учун улкан шотилар тайёрлаган, шу билан бирга, вазиятни ўрганган эдилар. Олдиндан тузилган режага биноан, навкарлардан етмиш саксонтаси шу ерда отдан тушдилар ва шотиларни кўтаришиб, секин Ғори Ошиқон деб аталадиган баланд жарликка томон пиёда кетдилар.
Бобур қолган навкарлар билан Феруза дарвозасига яқин бориб, дарахтзор тепалик панасида тўхтади.
Атроф жимжит. Узоқдан хўрознинг биринчи қичқириғи эшитилди. Осмон ола булут. Қорайиб турган баланд қўрғон кўзга зўрға чалинади. Бобур ёнидаги Қосимбекнинг ютоқиб, титраб нафас олганини сезди-ю, ўзининг ҳам эти уча бошлади.
Қалъадан ажал совуғи эсаётгандай туюларди. Бундан тўрт ой олдин мана шундай қоронғи тунда Хўжа Яҳё шаҳар дарвозасини яшириқча очиб беришига ишониб душманнинг масхарасини эшитиб қайтгани эсига тушди. Ундан олдин Ғори Ошиқонга кечаси борган йигитларнинг алданиб, қўлга тушиб ҳалок бўлгани кўз олдига келиб, қалбига таҳлика солиб ўтди. Бобур бу гал яна алданмаслик учун шаҳар ичидаги тарафдорларнинг ҳеч бирига хабар бермасдан, фақат ўз кучига ишониб, таваккал қилиб келди. Аммо унинг икки юз қирқ кишилик бир даста қўшини Шайбонийхоннинг беш-олти минг кишилик лашкарларига қандай бас келиши мумкин? Яна хон қўшини мустаҳкам қалъа ичида. Тарихда бунчалик таваккалчилик бўлганмикин?
Қўрғонга пинҳон етиб олдилар. Агар Шайбонийхон ичкарига «қопқон» қўйган бўлса-чи? Бобур бу «қопқон»га ўз оёғи билан кириб борадими?
Баъзи беклар мана шу андишаларни айтиб, Бобурни қалтис ниятидан қайтармоқчи ҳам бўлдилар.
Аммо бу ниятдан қайтиш — Андижонга шумшайиб бориб, яна Али Дўстбекка муте бўлиш деган сўз эди. Ёки уйсиз, жойсиз, куз изғиринларию қиш совуқларида хору зор бўлиб юришлари керак эди. Бобур мутелигу хор-зорликдан кўра бир ўлимни бўйнига олиб, Шайбонийхонга йўлбарсдай дадил ташланишни афзал кўрган ва бекларни ҳам шунга кўндирган эди.
Агар ишлари чаппасидан келса-ю, Шайбонийхоннинг қопқонига тушсалар, ажал сиртмоғи энг аввал Бобурнинг бўйнига тушишини ҳаммалари билардилар. Бобурнинг барча ҳаракати — ёв «қопқони»нинг қопадиган жойига тегмасдан ўтишга қаратилган эди. Шу ергача шарпаларини ёвга сездирмай келдилар. Энди бу ёғи қандоқ бўларкин?
Бобур бутун вужуди билан атрофга қулоқ солар экан тун сукунатида ўз юрагининг дукиллаб уришини баралла эшитди. Бу дукиллашда гўё тақдир отининг дукури ҳам бор эди.

* * *

Оғир шотиларни секин кўтариб, қадимий Чақардиза* қабристонини айланиб ўтаётган навкарларнинг бири — Тоҳир эди. Улар қоронғида туртина-туртина Шоҳи Зинданинг орқа томонидаги баҳайбат бир ўнгирга яқинлашдилар. Ўнгирнинг тепаси баланд жар. Унинг этагида ғор ҳам бор. Бу ваҳимали жойларга кундузлари ҳам ҳеч ким келмайди. Оёқ ости чакалакзор.
Қўрғоннинг девори мана шу жар устидан ўтади. Шотиларни девор тагига кўтариб боргунча, йигитлар қора терга ботиб кетишди.
Уларга бошчилик қилаётган Нўён Кўкалдош девор тепасига тикилиб бирпас кутди. Терак бўйи келадиган ғиштин девор жуда энли бўлиб, унинг тепасидан бир неча киши бемалол юриб ўтиши мумкин эди. Бироқ тепада ҳеч бир шарпа сезилмас, қоровуллар совқотиб пастга тушиб кетганга ўхшарди.
Шотиларни секин тикладилар, учини девор қиррасига тираб қўйдилар.
— Қани, чиқинглар! — шивирлади Нўён Кўкалдош ғуж бўлиб турган навкарларга. Аммо ўн уч газ баландликдаги девор жуда ваҳимали, ундан йиқилган одам тирик қолмаслиги аниқ эди.
Эҳтимол, қоровуллар сезиб қолишарда, чиқаётганларга тош отар, ўқ ёғдирар? Сал итариб юборса ҳам тамом. Шуни сезган навкарларга биринчи бўлиб чиқиш жуда даҳшатли туюларди.
Охири Нўён Кўкалдош ўзи шотининг поясига оёқ қўйди-ю:
— Бир ўлим бўлса ҳаммавақт бор, мардона бўлинг-лар, қани! — деди.
Тоҳир иккинчи шотидан чиқа бошлади. Шотилар кенг, мустаҳкам қилиб ишланган, ҳар бири олти-етти кишини бемалол кўтарар эди.
Йигитлар олдинма-кейин юқорига чиқар эканлар, Нўён ҳаммадан олдин девор тепасига етди.
Деворнинг усти йўлкадай кенг, отлиқ юрса ҳам бўладиган. Яқин орада ҳеч ким йўқ.
Тоҳир ҳам чиқиб, ўзини девор кунгурасининг панасига олди ва пастдан чиққан навкарни қўлидан тортиб шивирлади:
— Болта қани?
— Мана.
Иккинчи навкар белига қистирилган болтани Тоҳирга олиб берди.
— Шинакка бекин! — шивирлади Нўён кимгадир.
Кунгура ва шинаклар бўлмаса, девор устидаги одамнинг қораси пастдан кўриниб қолиши мумкин эди. Шунинг учун пастдан чиққан навкарлар шинакларга бекиниб турдилар. Ҳамма чиқиб бўлгандан кейин, секин-секин юриб, энгашиб, девор усти билан Феруза дарвозаси томонга бора бошладилар.
Деворнинг маълум бир жойларида қоровулхоналар бор эди. Бир қоровулхонага яқин келганларида ичкаридан кимдир найманча талаффуз билан уйқу аралаш:
— Ирисбай, келдингма? — деб сўради.
Девор устидан келаётганлар таққа тўхташди. Тоҳир қўлидаги болтанинг сопини икки қўллаб қисди-ю:
— Ҳа, — деди.
Аммо ичкаридаги қоровул унинг овозини танимай ҳадиксиради шекилли, уйқуси бирдан ўчиб:
— Кимсан? — деди.
Нўён Кўкалдош қоровулхонага қараб отилди. Қоровул ичкаридан шошиб чиқаётганда кўкрагига ғарчиллатиб ханжар санчди. Қоровул жон аччиғида чинқириб юборди. Пастдаги қоровуллар ҳам уйғониб кетди.
— Тоҳир тўхтамасдан дарвозага югур! — деди Нўён Кўкалдош. У йигитларнинг беш-ўнтасини пастда уйғонган қоровулларни бир ёқли қилиш учун қолдирди-ю, ўзи бошқа навкарларни эргаштириб, Феруза дарвозасига томон югуриб кетди.
Шайбонийхон бу дарвозани қўриқлашни Фозил Тархон билан унинг юз эллик йигитига топширган эди. Ҳозир бу йигитларнинг кўпчилиги уй-уйига тарқаб кетган, дарвоза қоровулхонасида йигирматача одам ухлаб ётар эди. Улар то уйғониб, қурол-яроғларини қўлларига олгунларича болта кўтарган Тоҳир дарвоза қулфига яқинлашди. Отнинг калласидай келадиган қулф бир-икки зарбани писанд қилмади. Уйи бу ерга яқин бўлган Фозил Тархон машъала кўтарган йигитлари билан дарвозахонага етиб келди. Уларнинг бири дарвоза қулфига болта ураётган Тоҳирга қараб найза отди. Найза Тоҳирнинг дубулғасига ёнлама тегиб сирғалиб ўтди-ю, дарвоза ёғочига қадалди. Дарвозахонада найзабозлик ва қиличбозлик бошланди. Нўён Кўкалдош бошлиқ йигитлар кўпчилик эди. Фозил тархон бўйнидан қилич еб, отдан йиқлиб тушди.
Тоҳир болтани икки қўллаб кўтариб, гоҳ қулфга, гоҳ дарвоза занжирининг зулфига урар, темирдан учқун сачрар, аммо зўр қулф, «қилт» этмас эди. Ниҳоят, зулфин синди-ю, занжир шарақлаб тушди.
Қўрғон атрофида сув тўлдириб қўйилган энли чоҳ бор эди. Чоҳдан дарвозага ўтиладиган кўприк ҳам махсус занжир билан дарвоза томонга кўтариб қўйилган эди. Тоҳир дарвозани очаётганда йигитлардан бири кўприкнинг занжирини ҳам бўшатди.
Бобур ва Қосимбеклар ичкаридаги олишув шовқинини эшитиб, чоҳ лабига келиб турган эдилар. Дарвоза очилиб, кўприк тушиши билан улар ичкарига от қўйиб, қилич яланғочлаб кирдилар. Фозил Тархоннинг тирик қолган навкарлари шаҳар ичига қараб қочдилар.
Қосимбек бошлиқ отлиқлар уларни қувиб кетди. Нўён Кўкалдошга отини келтириб бердилар.
Тоҳир ҳам, бошқа пиёдалар ҳам яна отландилар. Бобур навкарларнинг бир қисмини Нўён Кўкалдош билан бирга Чорраҳа дарвозасини эгаллашга юборди. Ўзи қолган навкарлар билан Сўзангарон дарвозасига қараб от чоптириб кетди. Агар дарвозалар тезроқ эгалланмаса, ташқаридан Шайбонийхон бутун қўшини билан кириб келиши мумкин эди.
Феруза дарвозаси олдидан бошланган жанг шовқини бирпасда бутун шаҳарни қамраб олди.
Шаҳар доруғаси Жонвафо Шайхзода дарвозаси томонда — Хўжа Яҳёдан тортиб олинган ҳашаматли ҳовлида ухлаб ётган эди. Тўполондан чўчиб уйғониб, бор навкарлари билан ҳовлидан отланиб чиққунича, Қосимбекнинг йигитлари Фозил Тархоннинг одамларини қувиб келди. Чорраҳа дарвозасидан қувилган Кўпакбийнинг навкарлари ҳам доруға ётган жойга қочиб келмоқда эдилар. Қоронғида ёв қайсию ўзининг одамлари қайси, доруға ажратолмай қолди. Унинг кўзига ҳамма чопиб келаётган ёв бўлиб кўринди. Назарида, Самарқандга бир неча минг кишилик ёв бостириб кирганга ўхшади.
Доруға «беҳисоб ёвга бас келолмайман», деб ўйлаб, отини Шайхзода дарвозаси томонга бурди.
Бобурнинг одамлари ҳали бу дарвозага етиб келмаган эдилар. Доруға ўз навкарларига буюриб, дарвозани очтирди-ю, юзтача одами билан хон қароргоҳига томон от чоптириб кетди.
Саҳар палла маст уйқудан қўрқиб уйғонган кўпчилик самарқандликлар хон навкарларини Бобурнинг одамлари қувиб юрганини тонг ёришганда фаҳмладилар, Шайбонийхондан норози кишилар жуда кўп эди. Косиблар таланган, деҳқонларнинг экинларини кўчманчи қўшиннинг беҳисоб моллари топтаб ташлаган. Ҳаж йўлида икки бегуноҳ ўғли билан ваҳшийларча ўлдирилган Хўжа Яҳёнинг тарафдорлари қотиллардан қасд олиш учун косиб ва деҳқонларни қўзғатдилар. Ҳокимият ўзгаргандан кейин амалидан ажралган илгариги амалдорлар:
«Шайбонийхоннинг одамлари Султон Али мирзони ҳам номардларча ўлдирдилар», деб хун талаб қилиб чиқдилар. Бобурнинг икки юзу қирқ кишиси ёнига беш-олти минг кишилик қасоскор оломон қўшилди. Селдай даҳшатли оломон хоннинг одамларини яширинган жойларидан топиб чиқар, кўчада қочиб бораётганларнинг олдини тўсиб қуршаб олар, пичоқми, болтами, таёқми, тошми, ғиштми, қўлларига нимаики тушса, ҳаммаси билан золимларни ура-ура ўлдириб, янчиб ташларди. Оломон орасида аввалги мирзалар ва беклардан жабр кўрган одамлар ҳам кўп эди, улар беш-ўн йил олдинги қасосларини ҳам энди мана бу золимлардан олмоқда эдилар.
Кун чиқаётганда шаҳар ташқарисида бир қисм қўшини билан Шайбонийхон пайдо бўлди, аммо
сув тўла чоҳдан берига ўтолмади. Барча дарвозалар Бобурнинг одамлари томонидан бекитиб
олинган, чоҳларнинг кўприклари кўтарилган, ичкарида интиқом давом этмоқда эди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

____________
* Ч а қ а р д и з а — кейинчалик «Шакаржиза» деб айтиладиган бўлган.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-жиловхонада бир жанжал

Аср  намози  учун  масжид  жиловхонасиға  энди  уч  киши  йиғилған  эди.  Жиловхонанинг тўрида  ўлтурган  қора  тўнлик,  ўттуз  ёшлар  чамасида  рангсиз  ва  ёшлиғига  ...

Эврил турон: кичик ҳикоялар

                                                                   Дўлана                  Ёш дўстим Паҳлавон Содиққа   Музликларга  ошиён тоғлар. Улар табиатнинг узоқ, ...

Кумушнинг сўз ўюни

11. КУМУШНИНГ СЎЗ ЎЮНИ Шомга яқин меҳмонлар тарқалишдилар. Меҳмон-хонада ҳожи, қутидор, Ҳасанали ва Отабек қолған эдилар. Ичкарида Ўзбек ойим меҳмонларни кузатиб бўлиб, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400