МEҲРОБДАН ЧАЁН-ОЧИҚ ХАТ

Шом  намозини  ўқуб  қайтқан  махдум  меҳмонхонанинг  эшигини  очиқ  кўрди.  Унинг келганлигини фаҳмлаб, тўғри ичкарига ўтди. Бир оздан кейин товоқда ош кўтариб Нигор ойим чиқди. Йиғидан кипраклари терилиб, чуқур андиша ичида бошини қуйи солған эди. Нигор ойим кирганда  Анвар  чароғпояға  шамъ  ёқар  эди.  Нигор  ойим  дастурхон  ёзиб,  товоқни  Анварнинг олдиға қўяр экан, бирдан пиқ-пиқ йиғлаб юборди. Анвар ҳайрон бўлиб қолмади, йиғи сабабига тушунди.

—  Нега  йиғлайсиз?  Тақдирни  ўзгартиб  бўладими?  Хафа  бўлиш  яхши  эмас,  сиз  шундай бўлсин деганмидингиз…

Нигор  ойим  жавоб  қайтармади,  йиғлаған  кўйи  меҳмонхонадан  чиқишға  ошиқди.  Анвар ошдан бир-икки луқма олиб, қўлини артди, сандал кўрпасини бағриға тортиб, кучли ва узун тин олди.

Чароғпоядаги  шамъ  бедиллар  юрагидек  титраб,  меҳмонхонани  аранг-аранг  ёритар, шамънинг  титроги  билан  кўзини  бир  нуқтаға  тиккан  Анварнинг  ҳозирги  хаелчан  юзи  ҳам қалтирағандек  кўринар  эди.  Меҳмонхона  тип-тинч,  фақат  бу  тинчликни  ташқарида  ёққан ёмғурнинг  кучсиз  шитирлаши,  ўқтин-ўқтин  қўзғалиб  қўйған  шамолнинг  даричага  келиб уруниши  ва  аллақайси  том  бошидағи  бир  мушукнинг  мавлаган  товши  бузар  эди.  Дарича тирқшнидан келиб кирган кейинги шамол чароғпоядаги титроқ шамъни ўчураёзиб, меҳмонхона қоронғиланди ва шу чоқда ичкаридан чиқиб келган оёқ товши билан Анвар хаёлдан кўз очиб, танча  устидаги  товоққа  қўл  узатди  ва  товоқни  ушлаганча  бир  оз  қулоқ  солиб  турди.  Оёқ товшининг  меҳмонхонадан  узоқлашқанини,  махдумнинг  хуфтан  учун  масжидга  ўтканини фаҳмлади ва товоқни ўлтурган жойидан орқасидаги тоқчаға олиб қўйди. Орадан бир пиёла чой ичиш  фурсати  кечкандан  кейин  яна  оёқ  товши  эшитилди.  Буниси  адим  сайин  меҳмонхонаға яқинлашиб келар эди. Меҳмонхона даҳлизида қўлида чойдиш кўтарган Раъно кўринди… Икки кўзи  қип-қизариб,  қовоқлари  олудек  кўпчиган,  юзида  ҳам  зўриқиш  аломати  бор  эди.  Ерга қараған  ҳолда  оқ  чойдишни  Анварнинг  яқиниға  келтириб  қўйди,  тоқчадағи  пиёлани  олиб чойдишдаги  чой  билан  чайқади,  пиёлани  сочиқлағач,  яна  чайиб  иккисини  Анварнинг  ёниға сурди ва бирдан ўкраб юзини танча устига қўйди…

— Раъно, Раъно, — деди шошиб Анвар. — Боламисан, ҳали ҳеч гап бўлғани йўқ-ку.

Раъно  бошини  кўтармай,  пиқ-пиқ  йиғлар  эди.  Анвар  уни  юпатиб,  ялинған  ҳолда  йиғидан тўхтатишқа уринар эди.

— Бекорга йиғлайсан, Раъно. Йиғидан бир фойда чиққанини эшитканмисан ёки мени ҳам йиғлатмоқчимисан?.. Агар ўйлаб кўрсанг, йиғлаш сенинг ҳаққинг эмас, меним ҳаққим, ҳолбуки мен йиғламайман.  Нега?  Негаки,  йиғи энг сўнгғи иш…  Мен  йиғлаған кишини ёқтирмайман…

Тур, жоним, тур.

Анвар Раънонинт сочини силади, икки қўли билан бошини кўтариб, юзидан ўпти.

— Мендан кўнгли қолсин десанг, йиғла. Юзингаи ёш билан ювибсан, Раъно, ўнглан, мен юзингни артиб қўяй. Ўзингта кел, ақлингни йиғ, оғир қиз бўлиб, сўзимга қулоқ сол.

Раъно юзини четка ўгуриб, бошидағи рўймоли билан юзини артди, узун энтикди.

—  Йиғлаб  бир  натижага  етиб  бўладими?  Ҳеч.  Кўзинг  яна  ёшланди,  сен  йиғлай  бер,  мен сўзламайман, Раъно.

Раъно яна четка қараб кўзини қуритди. Анвар пиёлага чой қуйиб, Раънога узатти:

— Ма, Раъно, ич.

Раъно ичмайман дегандек, бош чайқади. Анвар қистаб чойни олдирди.

— Ҳаммасини ичмасанг ҳам бир-икки ҳўпла.

Раъно  Анвар  айтканча,  икки-уч  ҳўплаб,  пиёлани  олдиға  қўйди.  Анвар  ўрнидан  туриб даҳлизга чиқди, қўлида обдаста, дастшў кўтариб Раънонинг ёниға келди.

— Юв юзингни, Раъно.

Анвар сув қуйиб турди, Раъно юзини ювди. Анвар қозиқдан сочиқ келтириб берди. Раъно артинди.

— Ана тамом… Энди одамшаванда сўзлашайлик, йиғи нима ҳожат.

Раъно  қайғиларини  озайтирғандек  энтикди,  ўзига  ярим  жиддий  тикилиб  турған  йигитка жавобан илжайди.

— Яна бир кул, Раъно.

Раъно бирдан тундлиққа оғишди.

— Кулги соати эмас…

—  Кулги  соати  бўлмаса  йиғи  фурсати  ҳам  эмас, — деди  Анвар  ўлтуриб. — Сенинг мурассаъ1  халтачага  ўхшаш  кичкинагина  юрагинг  бор,  ичини  қийматли  тошлар  билан тўлдирғансан.  Бу  кун  қазо  муншийси2  шу  мурассаъ  халтачадаги  қийматли  тошлар  орасиға қўпол  бир  нарса  келтириб  тиқди…  Табиъий,  сенинг  кичкина  юрагинг  бу  қўполлиқни  кўтара олмади,  қийматли  тошлар  сиқилдилар,  сен  йиғладинг,  сенинг  каби  мен  ҳам  шу  қўполлиқни қабул  қилишда  қаттиғ  энтикдим,  бироқ  йиғламадим.  Нега?  Негаки,  бу  қўполлиқ  меним юрагимдаги  жавоҳирни  сиқиб  чиқара  олмас,  фақат  унга  тангликкина  берар  эди,  сенга  ҳам шундай эмасми, Раъно? Хўш, энди бизнинг фожиъамиз сабабига келайлик. Бу ҳодиса тўғридан-тўғри  хоннинг  ўзидан  келган  гап  эмас.  Хон — ҳазми  ҳар  бир  ифлослиқни  ҳам  кўтарадирган катта  бир  ҳайвон.  Унинг  теварагида  майда  ҳашаротлар  кўб,  булар  ҳам  ўзларига  яраша ҳайвонлиқ  истайдилар.  Бироқ  қўл  қисқа,  шунинг  билан  бирга  ётиб  қолишқа  кўнгил тинчимайдир.  Шундан  кейин  хон — катта  ҳайвонни  қитиқлаб  ишка  соладирлар…  Балки ёдингдадир, мулла Абдураҳмон исмлик бири сенинг харидоринг эди, шоир айтканча:

Мендин ўтиб гулга бўйи етмади,

Умид узиб ўз йўлиға кетмади.

Хабаринг бор, мен отангнинг тазйиқи остида уни ўрда хизматйга олдим, ул ўрдадаги бир неча  ифлослар  билан  биргалашиб,  меним  қаршимға  ишлади…  Мен…  уни  ўрдадан  жўнатдим, натижада  ҳозирғи  ифлосликка  енг  шимардилар.  Бироқ,  улар  бизни  бир-биримиздан  ажрата оладирларми? Йўқ. Мажозий ажралиш — ажралиш эмасдир, чунки биз бир-биримизга мажозий боғланмағанмиз,  ҳақиқий  боғланишни  эса  қатъ3  этиш  ифлослар  уҳдасидан  келмас.  Бас,  шу ҳолда биз икав нега хафа бўлайлиқ, Раъно? Ишқ давоси авом ўйлағанча васл эмас — ҳажрдир.

Зеро, васл ишқ ўтини сўндирғучи, ҳажр эса камолатка эришдиргучидир… Сен шу иккидан қайси бирисини танлайсан, Раъно?

Раъно кўзини тизасига тикиб, қўли билан шолча ипини чирмаб ўлтурар эди. Ҳалиги савол Анвар тарафидан яна такрорланди.

— Мен кейингисини… Бироқ, хоннинг ифлос тўшагида ётмайман.

Анвар бир неча вақт сукутда ўлтурди. Раънонинг жавоби унга оғир таъсир қилған эди…

— Буни мен ҳам хоҳламас эдим… Бироқ, ифлослар меним чора йўлларимнинг хаммасини кесдилар,  Раъно…  Яна  ўйлашмоқ  учун  фурсат  бор,  айниқса,  сен  бирар  тадбирни  мувофиқ кўрсанг мен бош эгаман… Сени йиғлатиб ҳайвон чангалига бермасман… Шундай, сен йиғлама, ақлли қизларча қаракат қил, мен…

Анвар сўзини тугата олмади, меҳмонхона эшигида махдум кўринди:

— Ичкарига кир, Раъно, бевақт бу ерда нима қилиб ўлтурибсан?

Анварнинг вужуди ғизз этиб кетди: қаршисида бояғича ўлтурган Раънога “тур, жўна” деган каби ишорат қилди, лекин Раъно қимирламади. Махдум бошқа сўз айтмай, даҳлиздан орқасиға қайтди.

Анвар  жуда  ҳам  оғир  тортқан  эди.  Ҳақиқатан  ҳам  махдумнинг  бу  ҳаракати  ақлсизча, аҳмоқларча  эди.  Анварга  оғир  келишини  ўйламай  бу “буйруқ”  билан  Раънонинг  кундалик одатини  манъ  қилар,  ҳар  кечаси  ўз  вақтида  ўлтурган  Раъно  гўё  бу  кун “бевақт”  ўлтурар  эди.

Бундан  бошқа,  унинг  Анварга  учрашмай  намойишкор  чиқиб  кетиши,  қандайдир  яна  бир маънони онглатқандек ҳам бўлар эди.

Раънонинг юзидаги қайғи белгилари йўқолиб, унинг ўрнини ғазаб, нафрат аломатлари олди.

— Андишасиз!

— Зарари йўқ, аччиғланма, — деди Анвар. — Энди бошқа сўзимиз ҳам йўққа ўхшайдир…

Раъно  яна  бир  оз  қўзғалмай  ўлтуриб  қолди,  сўнгра  кўзига  жиқ  ёш  олиб,  меҳмонхонадан чиқди.

Эрта билан Нигор ойим чой олиб чиққанда, меҳмонхонада Анвар йўқ, сандал устида очиқ бир хат ётар эди:

“Меҳрибон хола.

Ёшлиқдан  сизнинг  тарбиянгизда  ўсдим,  сизга  ва  тақсиримға  кўб  заҳматлар  бердим.  Бу заҳмат  бадалига  тегишлик  ҳақ  қайтаролмаған,  хизмат  қилолмаған  ҳолда  маълум  сабаблар тазйиқи остида сизнинг шафқатли тарбиянгиздан кетишка мажбур бўлдим.

Сўнгра уйдаги менга алоқадор барча нарсалар, шу жумладан, ўзингиздаги амонат олтинлар ҳам  оилангизга  мендан  ҳадядир.  Мен  олтинларни  қизингизнинг  тўйиға  атаб  йиғған  эдим, мундан  сўнг  ҳам  шу  оқчани  Раънонинг  тўйиға  сарф  қилсангиз,  деб  сўрайман.  Мени  йўқлаб келгучиларга  ўрда  дарагини  айтилса  эди.  Шафқат  ва  марҳаматингиз  билан  гуноҳимни кечирарсиз умидида:

Анвар”.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1 Мурассаъ — қимматбаҳо тошлар билан безалган.

2 Қазо муншийси — оллоҳнинг иродаси, тақдир.

3 Қатъ этмоқ — узмоқ.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 39-қисм

Сал нарсага бармокдарини нуқиб пеш қилиб туришади тағин: Бўстон Ўркунчиевни кўр, ана, илғор, ана, ўрнак... Башарасига солиб-солиб юборсанг шу илғор тавиянинг! Бўстоннинг ...

Юлдузли тунлар-7

3 Қўрғон ичидан дарвозахонанинг томига чиқиб олган япасқи бир навкар девор кунгураси орасидан уларни кузатиб турган эди. Қосимбек Мирзо дарвозасидан шитоб билан кираётганда ...

Тожикистон: ёзувчини «бўсалар» сабаб иттифоқдан хайдашди

Ёзувчилар иттифоқи яна бир ёзувчи асарларида “ахлоқсиз ишқ ва кўп хотинлилик”ни тарғиб этгани учун иттифоқ сафидан чиқарди. Охирги бир йил ичида Тожикистон Ёзувчилар ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400