МEҲРОБДАН ЧАЁН-РАМЗ

 

Анвардан бир оз илгарироқ қайтқан Султонали оғилхона айвонида сигир соғиб ётқан хотини устида тўхтади.

— Бордингми, Рузвон?

— Бордим, — деди Рузвон ва эмчакдан “пов-пов” сут соғишда давом этди. — Бордим, олиб келдим.

— Меҳмонхонаға олов қилғандирсан?

Рузвон боши билан қилдим, ишорасини берди.

Султонали мирзо уйга ўтди, салла-чопонини ешиб, яна хотинининг ёниға келди.

—  Бузоқни  ешиб  юборинг-чи,  айланай. — Султонали  мирзо  устунга  боғланған  бузоқни ешиб  юборди.  Бузоқ  онасининг  эмчагига  ёпишди.  Рузвон  хурмадаги  сутни  кўтариб  ҳужрага ўтди, Султонали ҳам хотини орқасидан кирди.

— Хўш, нима гап бўлди, Рузвон?

Рузвон хурмадага сутни товоқларға бўлар эди.

— Бордим, хатни бердим, чой қайнатдилар, талай гапуришиб ўлтургандан кейин, китобни олиб қайтдим.

— Кимлар бор экан?

— Отин хола, қизи.

— Қизи қалай?

Рузвон  афсус  қилгандек,  бошини  икки  елкасига  ирғатди  ва  тилини  тағлайиға  тегизиб “чалоқ” этдириб қўйди.

—  Мен,  мирзобоши  жуда  хафа  кўринади,  деганингиздан  м  шуни  ўйлаған  эдим.  Баайни сурат: киши ҳам бундай жирим бўлар экан.

— Ҳа, Ҳа!

— Чамаси улар ошиқ-маъшуқ, балохўр хон лоақал шунга чўвагини тиқмаса нима қилар эди.

Бечора қиз, шундай хафа, шундай хафа. Дор-дунёси1 қоп-қоронғи.

— Ҳа, ҳа… Отин холаси-чи?

— У бечора ҳам ҳайрон, “болаларимнинг сўйинчи ичига тушти”, дейди.

Султонали афсуслангандек бош чайқаб қўйди.

— Китобни қаерға қўйибсан?

— Меҳмонхонада… Ҳа, айтканча, ичида кичкина хат ҳам бор.

Султонали  мирзо  кечлик  ош  тўғрисида  баъзи  гапларни  айтиб,  ташқариға  чиқди.

Меҳмонхона очиқ эди. Тирсаги билан танчага такя қилған Анвар Саъдий куллиётини варақлар эди. Султонали кириши билан Анвар китобни ёниға олиб қўйди ва кучлангандек илжайди.

— Раҳмат, олиб келган эканлар.

— Китобнинг ичида хат бор эмиш, балки кўргандирсиз?

Анвар хатни кўрмаган эди, китобни қайтадан очиб, муқовадан тўрт букланган бир қоғозни олди.  Хат масаласи  билан Анварнинг бир оз шошиб қолғанини сезган бўлса керак, уйда бир иши борлиғини сўзлаб, Султонали меҳмонхонадан чиқди. Анвар хатни очди.

Ҳурматлик  Анвар  ака,  ассалому  алайкум.  Ҳаммамиз  соғ  ва  саломатмиз.  Келин  ойим орқалиқ бериб юборған хатингизни олдии, соғлиғингизни, тинчлиғингизни ўқуб ва эшитиб жуда хурсанд  бўлдик:  илоҳи,  саломат  бўлсинлар.  Соний,  биздан  аҳвол  сўрасангиз  алҳамдулиллоҳ тинчмиз, хотиржамъ бўлурсиз. Сўратиб юборған китобингизни бериб юбордим. Аямдан сизга  салом, боқий сўзни Шайхи Саъдийдан ўқурсиз деб хатни мухтасар2 қилдим, Раъно”.

Анвар ёзувни қўлида ушлаган ҳодда қараб қолди. Бир оз ўйланиб турғандан кейин, хатни яна ўқуб ҳар бир жумла устида тўхталиб ўтди. “Соғлиғингазни, тинчлиғингизни эшитиб жуда хурсанд  бўлдиқ”  жумласи  билан “сиз  тинчиб  кетдингиз”  демакчи  эди.  Чунки,  шу  жумладан кейинга — “илоҳи,  саломат  бўлсинлар”  кинояси  буни  таъкид  қилар, “соний,  биздан  аҳвол сўрасангиз,  алҳамдулиллоҳ  тинчмиз,  хотиржамъ  бўлурсиз”,  яна  киноя,  аммо  энг  кейинги — “боқий сўзни Шайхи Саъдийдан ўҳурсиз деб хатни мухтасар ҳилдим” жумласи бир оз ўрунсиз каби  эди.  Анвар  бу  жумлани “мундан  сўнг  ёнингизда  Раъно  йўҳ,  бўш  вақтингизни  Шайхи Саъдий ўқуб кечирингиз” маъносида тушунди.

Анвар  қоғозни  буклаб  китобнинг  муқовасига  солди  ва  хатнинг  оғир  маъноси  таъсирида энтикиб сукутка борди. Унинг бу кунларда кечириб турған ҳоли жуда оғир, бу оғирлиқ устига Раънонинг мазлумона ердам сўраб киноялар ёзиши яна аламлик эди. Чора нима? Бу фожиъани дафъ қилиш учун бирар йўл, бирар хил тадбир? Фақат бир йўл, энг сўнгғи чора: Худоёр олдида сирни очиш, Раънога ва Раънонинг эса ўзига қарши муҳаббатларини фош қилиб, хоннинг оёғиға бош уриш — ялиниш, ёлбориш… Ҳайҳот, бу разолатни Анварнинг нафси ҳазм қилолмағанидек, “адолатпаноҳ”нинг  ҳам  бу  тўғрида “марҳамат”лари  шубҳалик.  Башарти  Анвар  Шу  разолатка иртикоб  этса,  адабсизлик,  уятсизлиқда  айбланиб,  бирар  жазога  йўлиқиши  ҳам  яқин эҳтимолдир…

Маънан  ва  жисман  эзилган,  айниқса,  ҳозирги  аҳвол  ичида  кўз  ўнги  қоронғиланған  Анвар меҳмонхонаға  кириб  келгучи  Султоналидан  ҳам  ибо  қилмай,  гўё  ҳушсиз  каби  бошини  икки қўли орасиға олиб, сандал устига энггашти… Масала билан бирмунча таниш Султонали мирзо бу ҳолни дафъатан бояғи хат мазмунидан деб ўйлади. Уялмасин, деган каби бир нарса излаган бўлиб, тоқчаларни айланди… Анвар қаддини ростлаб, узун нафас олди ва Султоналига ўлтуринг ишоратини қилди. Султонали ўлтурди.

— Нега ундайсиз, Анвар?

Анвар кучланиб илжайди.

— Ҳалиги хат мени хафа қилди, — деди ва бир оз тўхталиб турди. — Сиздан яширар сир йўқ,  хат  ёзғучи  билан  орамизда  анчадан  бери  яқинлиқ  каби  бир  гап бор  эди. Маълум  гаплар туғилғач, мен ўзимни четка олишни, қатъий алоқа қилишни мувофиқ кўриб, сизнинг устингизга келдим.  Воситангиз  билан  бу  кун  хат  ёзиб,  мендан  ранжийдир,  тинчиб  кетдингиз  деб,  киноя қиладир. Ёш, ақлсизға нима ҳам деб бўлсин, фақат диққатлик… Мана, ўқуб кўрингиз, сартопо киноя.

Султонали  кулимсиди,  аммо  ўзида  ўнгғайсизлиқ,  тусида  қизариниш  бор  эди.  Хатни мирзонинг  қўлидан  олиб  ўқуди.  Ўқуб  чиққач,  ёзувнинг  яна  аллақайси  жумласига  иккинчи мартаба қаради.

— Қизиқ, “боқий сўзни Шайхи Саъдийдан ўқурсиз, деб хатни мухтасар қилдим…” Бу жумла билан нима демак-чи?

— Бу ҳам киноя, — деди Анвар, — бундан сўнг меним тўғримда ўйламай, бўш вақтингизни Шайхи Саъдий ўқуб кечирингиз, демакчи бўлса керак.

Султонали мажҳул ҳаракат ясади.

— Балки…

Бу муҳмал тасдиқ ва мажҳул вазият Анварни шубҳага туширди.

— Хўш, сизнинг фикрингизча?

— Мен… Мен ҳам сизнинг фикрингизга келиб қолдим, мен бошқачароқ тушунган эканман.

— Масалан?

— Мен: “Китобнинг ичида яна бир хат бор, қолған сўзни шундан ўқурсиз” деб.

—  Эҳтимол  сизники  тўғридир, — деб  аланғлади  Анвар. — Бу  ҳам  бир  эринмаганлик бўлсин, китоб ичини ахтариб кўрайми?

Султонали кулди: — Майли… Мен уйга кириб, таом етилган бўлса, олиб чиқай.

Султонали  кетди.  Анвар  китобнинг  ўнг-терсини  очиб,  ахтара  бошлади.  Ҳеч  нарса  кўрина бермагандан  кейин  бирма-бир  саҳифа  очиб  боришдан  ҳам  эринмади.  Бош  тарафдан  ўттузлаб саҳифа текширилган эдиким Султоналининг фоли ҳақиқатка ошиб, саҳифа орасиға буклавсиз қўйилған бир хат китоб четига қоқилиб чиқди. Анвар шошди.

“Андиша ва ээтиёт юзасидан бу хатни алоҳида ёзиб, китоб ичига яширдим: Анвар ака, оғир соатларда  ёнингизда  турғучи  дўстдир;  қочқучи  эсаким — буни  сизнинг  ҳукмингизга  ҳавола қиламан.  Ваъда  бериш  осон,  лекин  уҳдаси  машаққат;  бундан  сўнг  шуни  ҳам  хотирда  яхши тутингиз.  Оғир  дақиқаларда  арзимас  гапни  кўнгилга  олиш  сизнинг  каби  олижаноблар  иши бўлур, деб ким ўйласин. Бахтсиз бир қизнинг нажоти учун тебранмадингиз, деб сизни айблаб бўлмас;  бироқ,  бахтсиз  Раъно  таҳлика  остида  қолғанда,  уни  бу  кун-эрта  бир  фожиъа кутканда  вафолиқ,  деб  билган  бир  кишисидан  бу  янглиғ  жафо  кўриши  нақлларда  ўқулғанми, афсоналарда  тўқулғанми?  Шу  қадар  гуноҳим  бор  эмиш,  деб  хафа  бўлмангиз,  Анвар  ака.

Башарти  шу  гуноҳларнинг  ювилиб  кетишини  тиласангиз,  сизга  бир  хизмат  бор,  ҳам  сизнинг учун энг осон хизмат: эртага чаҳоршанба кечқурун, тиласангиз — очиқча, тиламасангиз — яширинча бўлса ҳам бизникига келингиз, мен билан охирғи мартаба видоълашингиз. Чунки сиз нашъу намо қилған жойда Раънони ҳалокат кутадир”.

Анвар  ёзувни  онда-сонда  ўқуб  тезлик  билан  китобка  қайтариб  солди,  саҳифалар  орасида қолдириб, устига янги саҳифалар уя борди. Чунки лаганда манти кўтарган Султонали даҳлизга қараб ўткан эди.

— Борми? — деди Султонали лаганни сандал устига қўйиб. — Валлоҳи аълам, маъно сиз тушунганчадир. Мен янглишқан чиқарман.

Анвар унинг сўзини тасдиқ қилған каби бош ирғатиб, китобни ёпди, қўл ювғали даҳлизга чиқди.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1 Дор-дунё — кўнгил, ич.

2  Мухтасар — қисқа.

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мусулмонқул истибдодига хотима

Учинчи бўлим 1. МУСУЛМОНҚУЛ ИСТИБДОДИГА ХОТИМА Мусулмонқулнинг аҳоли устига бўлған жабру зулми ҳаддан ташқари кетди. Унинг истибдоди ўзга шаҳар-ларга унча сезилмаса ҳам, ...

Чингиз айтматов:қиёмат 19-қисм

ИККИНЧИ БЎЛИМ I   —  Ярадорга  саломлар,—  деди  Авдий  иложи  борича  одмигина  қилиб,  шу  билан  у  қаттиқ дукирлаб ураётган юрагини босмоқчи эди. Худди  ...

Расул ҳамзатов:она тилим

Ажабо! Туш деган нарса қизиқ-да, Ўлиб қолганмишман тушда ногаҳон. Кўксимда қўрғошин, қуёш тиғида, Тоғлар орасида ётибман бежон. Узокда шарқираб сойлар оқмоқда, Борлиқда бир ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400