АЛБАНЛАР (ўзларини шкиптар деб атайдилар) — Албания Республикасининг асосий халқи. Умумий сони 6,1 млн. (1992). Албанияда 3,250 млн. киши, Югославияда (1,985 млн. киши), Ма-кедонияда (500 минг киши), Италияда, Грецияда, РФ ва бошқа давлатларда яшайди.
Тили ҳинд-европа тиллари оиласига киради. Албанлар қадимги даврларда Болқон ярим оролининг ғарбий қисмида яшаган иллирий, қисман фракийлар авлодидир. «Албанлар» этноними дастлаб милоддан аввалги 2-асрга оид манбаларда тилга олиниб, 11-асрдан ҳозирги Албаниянинг бутун аҳолисига нисбатан қўлланилган. Албанлар европеоид ирқига мансуб. Албанларнинг кўпчилик қисми ислом динини қабул қилган, бир қисми православ ва католик. Деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланадилар. Саноатда ҳам ишлайдилар.
Манба:ЎзМЭ