МEҲРОБДАН ЧАЁН-ЖАСУР ҚИЗ

Қулоғи остидағина айтилган бу сўз Анварни чўчитди ва ўз ёнида қўлида бир нарса кўтариб турған Раънони кўрди.

— Уларни ухлатмай чиқолмадим… Уйга кирайлик, Анвар ака.

Юраги  арзиққан  Анвар  Раънонинг  орқасидан  машқхонаға  кирди.  Иккиси  кўрпача  устига ёнма-ён ўлтуришдилар.

—  Китоб  ичидаги  хатни  пайқамайсизми,  деб  қўрққан  эдим, — деди  ярим  товуш  билан Раъно. — Пайқамасангиз…

— Ўзинг ҳамма гапка тушуна туриб, яна бунчалик аччиғ ёзғанинг нимадир, Раъно?

—  Чунки  шунчалик  аччиғ  ёзмасам, — деди  Раъно  товшида  титроқ  оҳанг  билан, — сиз келмас эдингиз… Сиз… сиз мирзобошилиқни яхши кўрасиз-а?

Анвар бу муносабатсиз саволдан бир оз ҳайрон бўлиб турди.

— Тушунмадим… Нима демакчисан?

— Сиз мирзобошилиқни яхши кўрасизми, деяпман?

— Яқинда мирзолиқни ташламоқчиман, Раъно?

— Мирзолиқни ташлагандан сўнг нима иш қиласиз?

— Қўқондан кетаман, саёҳат қиламан.

— Мени… мени ҳам ўзингиз билан олиб кетмайсизми?

Анвар яна тушунмади. Раънонинг юзига анча қараб турди:

— Сен… сенга мумкинми, Раъно?

—  Мумкин, — деб  қалтиранди  Раъно. — Мирзобошилиқни  ҳозирдан  эътиборан ташласангиз мумкин…

Бу сўз Анварни ҳам қалтиратиб юборди.

— Нима деяпсан, Раъно?

Раъно  бир  неча  вақт  жавоб  бералмай  турди.  Ўзини  тўхтатиб  олиш,  ҳаяжонини тиндириш оғир эди.

— Ҳалиги… ҳалиги сўзингиз чин бўлса, мен ҳам сиз билан кетишни хоҳлайман… Башарти сизга оғир ошмасам…

Анвар жим бўлиб қолди, тушига ҳам кирмаган бу таклифка нима дейишини билмай энтикди…

— Башарти сизга оғир ошмасам, — деди такрор Раъно.

“Жасур  қиз”  деб  ўйлади  Анвар.  Чиндан  ҳам  бу  жасурона  исён  хотин-қизлар  томонидан Худоёрнинг  ҳайвоний  истагига  қарши  биринчи  кўтарилиш  эди.  Анвар  истиқболда  қанчалиқ мушкилот  ва  хатар  кўрмасин,  бу  жасоратни  хуш қабул  қилишға  мажбур,  чунки  муҳаббатдан ҳам илгари йигитлик тақозоси шу эди.

Ул ўз яқинида турған қора тугунни ушлаб қаради.

— Бу нима, Раъно?

— Бу… бу сизнинг эски кийимларингиз.

— Нима учун бу?

— Башарти сиз хоҳласангиз.

Анвар паранжими, деб чамалаған эди. Мантиқсиз бу жавоб уни шоширди.

—  Хўб,  сенинг  ризолиғинг  йўлида… — деди  Анвар  ярим  товушда. — Меним  эски кийимларим сенга нима даркор?

Раъно жавоб бериш ўрниға узун сўлиш олиб ёнидағи тугунни еша бошлади.

— Паранжи олмадингми, ахир?

— Ҳозир… — деди Раъно ва қоронғида бир нарсалар қила берди.

Паранжиси  ҳам  бордир,  деб  ўйлаған  Анвар  уни  ўз  олига  қўйиб  турди.  Бирар  дақиқадан кейин Раъно ердан ир нарсани тутиб қўзғалди, паранжи. каби узайған нарса ичидан “чоқ” эткан бир нарса ерга тушти.

— Топиб олинг шуни.

Анвар ерни тимискилади.

— Нима эди?

— Аямга берган амонатингиз.

Анвар тушкан нарса олтинлар эканини пайқади, узоқни ўйлаған Раънога қарши юрагида яна ҳароратлироқ муҳаббат сезди.

— Топдингизми?

— Топдим.

— Туринг энди.

Анвар Раъно билан бошлашиб ҳужрадан чиқди ва ўз ёнида паранжи ёпинған қизни эмас, телпак ва тўн кийган ёш, ўспурин бир йигитни кўрди…

— Бу нимаси, Раъно?

Раъно  жавоб  бериш  ўрниға  йўлакка  қараб,  юра  берди.  Дарбозани  очиб  кўчага  чиққандан сўнг,  Анвар  Раънонинг  олдиға  тушиб  йўл  бошлади  ва  ўзида  енгиллик  ҳис  этди.  Чунки Раънонинг йигит суратига кириши андозасиз маъқул; бемаҳалда паранжилик хотинни бошлаб юриш  миршаб  ва  қоровулларда  ҳам  турли  шубҳа  туғдирғани  каби,  Анварнинг  ўзи  учун  ҳам ўштайсиз  бўлар  эди.  Гўё  бир  ўртоғи  билан  кетиб  борғандек  парвосиз  кўринган  Анвар, бурилишка  етканда  ўзидан  ўн  қадам  орқадағи  ҳамроҳини  кутиб  турди.  Ғуруби1  яқинлашқан қип-қизил ой Анвар тўхтаған муюшка кўлага каби заиф нур сочар эди. Раъно Анвар ёниға етиб “қаёққа юрамиз”, деган каби бир йўлға ва бир ҳамроҳига қаради. Соч ўрумларини телпак остиға босиб, тўни тўпуғи устига тушаёзған “ёш йигит” Анварнинг кўзига яна ҳам дўндуқроқ кўринди.

Анвар Раънонинг тўнини бир оз кўтариброқ ушлатди, онда-сонда телпакдан чиқиб қолған соч толаларини  яшир-ди  ва “ўнгга”  деган  ишоратни  қилди.  Раъно  олдинда,  ундан  икки-уч  қадам орқада Анвар йўлға тушдилар. Енгил бедона маҳсиси билан қала кафши кичкина оёғиға жуда ҳам  келишкан  Раъно,  гўё  учкандек  тез  юриб  борар,  орқада  келган  Анвар  ғояи  омолға2 ошиққандек ундан қолишмасқа тиришар эди. Узоқ юрдилар. Элли қадам чамаси нарида гулхан ва гулхан теварагида уч-тўрт нафар кишилар кўриниб, Раъно тўхталди.

—  Тўхтама,  Раъно, — деди орқадан Анвар, — сен писанд  қилмағандек,  парвосиз гулхан ёнидан  ўта  бер,  мен  улар  билан  сўзлашиб  қолсам,  нарироқда  кутиб  тур. — Миршаблар бемаҳалда  қўймас  эмиш-ку. — Мен  билан  сени  қўяр…  Қўрқмай  боравур.  Раъно иккилангансумон йўлға тушти, гулхангача ўн қадам қолғанда миршаблардан бири ҳайқирди: — Тўхта!

Раъно  Анварга  қараб  тараддудланди,  Анвар  юра  беришка  ишорат  қилиб,  тезлик  билан гулхан  ёниға  етди.  Ан-варни  таниған  миршаб  ва  қоровуллар  таъзиман  ўрунларидан қўзғалдилар.

— Қўзғалманглар, — деди Анвар гулханда исиниб, — даҳбоши ҳам шу ерда эканлар…

Анвар “даҳбоши”  деб  атаған  юм-юмалоқ  киши  Қорунбой  исмлик  бўлиб,  миршабларнинг қизиқроғи, шунинг учун ундан “даҳбоши” деб истеҳзо қилар эдилар:

—  Ёнингизда бесақал билан  бемаҳалда нима қилиб юрибсиз,  тақсир?  Одамзодга ишониб бўлмас экан-да…

Анвар, “даҳбоши”нинг  кўзи  Раънога  тушиб  қолганини  онглади.  Гулхандан  ўттуз  қадамча нарига бориб тўхтаған “бесақал”га кўз қирини ташлади.

— Зиёфатда эдик, даҳбоши.

— Ҳа-а-а-а-а, менам айтдим… Уй бу ёқда қолиб, энди қаёққа кетапсиз, тақсир?

Анвар қўлини яқиндан иситмакчи бўлиб гулхан тарафка бир қадам бости.

— Эшитмадингизми, ҳали?.. Мен Раис кўчадан… янги ҳавли олдим.

— Муборак, муборак.

Анвар қутлуғ айтиб, улар билан хайрлашди. Миршаблар унинг ҳурмати учун қўзғалишиб қолдилар.

Гулханчилардан элли қадамлаб узоқлашқач, Раъно Анварнинг етиб келиши учун йўл устида тўхтади.

— Нима деяпти у гўрсўхта?

Анвар ҳиринглаб кулди ва Раънонинг елкасига қоқди:

— Юр, юр, йигитча. Гўрсўхта тўғри айтяпти.

— Етаёздиқми, қаерға борамиз?

— Яқин қолди, кечаги хотиннинг уйига…

Раъно оддинға тушиб кетди, узоққина сўзсиз борғандан кейин орқасиға қайрилиб сўради:

— Ўзлари яхши одамларми?

—  Яхши,  яхши, — деди  Анвар  ва  ўн  қадам  чамаси  индамай  борди. — Сен  уй  эгасидан қочиб ўлтурма, ўзи меним оғам… Тузукми, Раъно?

— Хўб.

Яна бир оз юриб торроқ бир кўчага бурилдилар. Султоналининг дарбозасига еткунча иккиси ҳам оғиз очиб гапиришмадилар.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1 Ғуруб — ойнинг ботиши.

2 Ғояи омол — умид-мақсад.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-ҳарам

Янги ўрда юқорида ёзғанимиздек, ҳақиқатан шукуҳлик, хушманзара бино қилинған эдиким, унинг ҳозирги харобасидан ҳам кўрса бўлур.  Ўрда  қўрғонининг  ташқари  айланаси (тўрт  ...

Юлдузли тунлар-49

2 Убайдулла Султоннинг бир ярим минг навкари ўн кундан бери Ихтиёриддин қалъасининг атрофида ғивирлар, аммо ўқ ҳам, оти ҳам етмайдиган баландликдаги қалъани олишнинг ҳеч ...

Эврил турон: кимнинг “ўзи” ўзида? (ҳикоялар)

   Саҳро - Қорақум саҳроми? - Саҳро. - Қизилқум саҳроми? - Саҳро - Йўқ, саҳро менинг бошим...  1985, Қизилқум. (more…)


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400