МEҲРОБДАН ЧАЁН-ДЎСТЛИҚ “КАРОМАТИ”

Эрталаб  хоннинг  ҳарамдан  чиқиш  вақти  яқинлашқан,  салом  ва  истиқбол  учун  хослардан саккиз-тўққузи йиғилған эдилар. Шу кутиш асноси эшикда ҳовлиқиб Султонали кўринди. Қора бармоғи  билан  хослар  ичидаги  Абдурауф  тунқотарни  ўз  тарафига  имлаб,  орқасиға  қайтди. Абдурауф тунқотар ажабланган ҳолда даҳлизга чиқиб, ўзини четка олиб турған Султоналига, нима гап, деган ишоратни қилди. Султонали лабини тишлаб, қўли билан тунқотарни ўз ёниға чақирди. Тунқотар маҳсичан оёғини ерга босиб Султоналинннг ёниға келди.

— Хўш?

Султонали бошини икки елкасига ирғатиб, лабини тишлаб олди.

— Мирзобошимизнинг миси чиқиб қолди-ку.

— Хўш, хўш?

Султонали тунқотарнинг қулоғи остиға энггашти ва ярим товуш ичида деди:

— Мирзо Анвардан онҳазратка номуссизона бир хиёнат содир бўлди.

Тунқотар бошини қуйироқ тушуриб, Султоналининг афтига эгри қаради:

— Масалан?

— Мирзо Анвар уч-тўрт кундан бери меним ҳавлимда қўниб юрар эди, — деди Султонали ва сўз ораси уёқ-буёққа қараб қўйди. — Чамаси устозига бир хиёнат қилғандан кейин меним ҳавлимда ётиб юрған экан… Ўз устозини билмаган бу бепадар, олампаноҳнинг ҳам бетларига оёқ  қўйишдан  тоймай,  мазкур  устозининг  қиблагоҳ  учун  мувофиқ  кўрилган  қизини  йўлдан оздириб,  бу  кун  кечаси  уни  қочириб  меним  ҳавлимга  олиб  келди…  Гарчи  ўз  ҳавлимда  ётқан меҳмоним  ва  дўсти  қадрдоним  бўлса  ҳам,  валинеъматимнинг  ҳаққи  намакларини  унуткан  бу беҳаёнинг андишасизлигидан ҳар мўйим бир ништардек кийимимдан тешиб чиқаёзди. Унинг йигитлигига  тилда  таҳсин  ўқуб,  ичдан  лаънат  айтиб,  жанобни  хабардор  қилиш  учун  югуриб келаётқаним-да, бек ака.

Тунқотарнинг кўзи қинидан чиқаёзиб, бир-икки қайта соқолини қўли билан букиб ямлади.

—  Падар  лаънат.  Ўзи  ҳозир  сизнинг  уйингизда? — Ҳа,  ҳа…  Қиз  ҳам  шунда.  Жанобнинг раъйлариии билиш қийин-ку, бироқ менга қолса, вақт қочирмай уни ҳозироқ қўлға олиш керак-да.

— Бўлмаса-чи, — деди тунқотар елкасини қисиб, — мен ҳозир арз қилай. Раҳмат сизга.

Тунқотар  ҳузури  хоска  кириш  учун  шошилди.  Султонали  хоннинг “ҳаққи  намагини”  бенуқсон  адо  қилиб,  хотиржамъ  девонға  қайтди.  Анварнинг  энг  содиқ  кишисининг  охирғи “каромати” ниҳоят шу бўлди.

Кўб фурсат ўтмади. Девоннинг даричаси ёниға келган тунқотар Султоналига чиқ ишоратини қилиб,  ўзи  нарироққа  кетди.  Ҳовлиққан,  энтиккан  Султонали  оёғини  онда-сонда  ташлаб, девонхонадан чиқиб келди.

— Марҳамат?

— Ушлашка буюрдилар.

— Айни каромат, — деди Султонали.

— Иккисини ҳам албатта?

— Албатта.

Ёниға тўрт нафар ясовул олиб, Султонали йўлға тушти. Ташқи дарбоза ёниға қантарилған отлардан  бирисига  миниб,  тунқотар  ҳам  уларнинг  изига  кирди.  Озғина  юрғандан  кейин, тунқотар  яёвлардан  ўзди.  Унга  етиб  юриш  учун  Султонали  ва  ясовуллар  елиб  бордилар.  От билан баробар югуришар, озғина кейинда қолсалар, отлиқ тунқотар тез юришға қистар эди. Шу йўсун ҳаллослашиб узоқ чоптилар… Бурулишқа етканда Султонали бир оз сустланиб, ўзидан ўн от  адими  йироқда  борған  тунқотарни  чақириб  тўхтатди  ва  қўлини  ўнгга  силтади.  Тор  кўчага кириб  кетдилар.  Уч  дақиқа  чамаси  елгандан  сўнг,  Султоналининг  дарбозаси  кўринди.

Султонали тўхтади…

—  Ўша  кўриниб  турған  дарбоза…  Озғина  таҳаммул  қилинсин-чи,  бек  почча,  меним киришим яхши бўлмас, дейман?..

Тўрт адимча олдинда борған тунқотар отнинг жилавини тортди.

— Нима учун?

— Меним дўстлиқ отим бор… Мен четроқда турсам маъқул бўлмасми?

— Маъқул, маъқул.

— Раҳмат… Дарбозадан кирсангиз меҳмонхона бор; ул шунда бўлса керак, қиз эса ичкарида эди.

Султонали  шу  сўзни  айтиб,  ўзини  қаршидағи  дарбоза  йўлагига  олди.  Тунқотар  йигитлар билан дарбозага қараб кетди. Дарбозанинг ҳар икки табақаси ҳам лангталлаб очилған, ичкари тарафдан  хотин  ва  эр  кишининг  сўзлашкан  товушлари  эшитилар  эди.  Тунқотар  отдан  тушиб жилавини ясовуллардан бирининг қўлиға берди:

— Сен от билан шу ерда турасан, дарбозадан на хотин ва на эркак кишини чиқармайсан, — деди тунқотар. — Сиз йигитлар, мени орқамдан кирингиз, Анварни кўрганингиз он ҳеч нарсага қарамай, қўлини боғлангиз.

Ясовуллар  садоқат  нишони  кўрсатдилар.  Тунқотар  уч-тўрт  қадам  ичкари  юрди  ва  йўлак даромадида тўхтаб ичкарига қулоқ солди. Ичкаридан эр ва хотин сўзларини эшитди.

— Шарманда бўлдим, расво бўлдим!..

— Шарманда бўлиш ҳеч гап эмас, — деди ичдан тунқотар.

— Вой шўрим қурсин!..

— Албатта шўринг қуруйди, моча!.. — деди тунқотар.

Тунқотар,  йигитларга “орқамдан”  ишоратини  қилиб,  бирдан  саҳнга  чиқди…  Саҳннинг ўртасида қўлида бир қоғоз ушлаб, бошини қуйи солған Солиҳ махдум турар эди. Махдумнинг ёнида  икки  киши,  улардан  берироқда  паранжилик  уч  хотин  қадалған  эдилар.  Тунқотар  ва ясовулларнинг шапраси билан ҳамма чўчиб кетди. Махдум қўлини бир-бирига уриб, оҳ чекти:

— Шарманда бўлдим, расво бўлдим!

Тунқртар шошиб, олпонғ-толпонғ махдумнинг ёниға келиб етди.

— Нима гап?

Махдум шарт этиб, пешонасига уриб, йиғлади:

—  Сўзлагали  тил  йўқ…  Жанобнинг  олдиларида  шармисор,  ғазабка  сазовор  бўлдим…

Эрталаб  уйғонсақ,  бепадар  ожизамиз  йўқ…  Саросима  уён-буён  югуриб  турғанимизда,  мирзо Султоналиникидан,  қизингиз  бизникида,  деган  хабар  борди.  Биз  аёллар  билан  югуришиб келсак, бир онда…

— Хўш, хўш?

— Ҳаромзода Анвар уни йўлдан оздириб, бу ердан ҳам олиб қочибдир… Ҳарчанд ичкари ва ташқарини излаб, ушбу хатдан ғайри асар топмадиқ… Эвоҳ!..

Хотинларнинг  биридан  йиғи  товши  эшитилди.  Тунқотар  махдумнинг  қўлидағи  хатни юлққандек ўз қўлиға олди.

“Иззатлик мирзо Султонали оғамизға! Маълум бўлсинким, синглингиз билан маслаҳатлашиб ўз ҳаётимиз учун сизникида туришни хавфлик, деб ўйладиқ. Гарчи дўст кўринсангиз ҳам, баъзи нолойиқ  ҳаракатларингиз  бизни  шубҳага  солди.  Айниқса  хотинингизнинг  Раънога  бузуқ  қиз билан  қилған  каби  муомаласи  яна  бизни  хавотирға  туширди.  Шуларга  мабни1  алдаған  каби сизни  ўрдаға  жўнатишқа,  сиздан  сўнг  уйингиздан  кетишка  мажбур  бўлдиқ.  Дунёда  дўсти содиқни  топиш  қийин  экан.  Сизга  ҳарчанд: “Мен  ошиқман,  қиз  маъшуқамдир,  олампаноҳка қилған бу хиёнатим ёлғиз ўз тарафимдан содир бўлған жиноят эмас”, десам ҳам, сиз “Ёшлиқ қилибсан, марҳаматлик подшоҳинг ҳақини унутибсан, дейсиз. Лекин сиз шу қиз йўлида ҳатто бош муншийликдан ҳам кечиб турғанимни ўйламайсиз. Бунинг учун мен сиздан ранжимайман.

Аммо  сизни  инсон  фаҳмлаб,  уйингизга  дўст  олиб  келганда  бу  қадар  тундлиқ,  бу  қадар риоясизлиғингиз  кишига  қаттиғ  таъсир  қиладир.  Ичкарида  ҳатто  қиз  бечоранинг  бошиға ёстии ҳам бермаганлар. Баракалла сизга, баракалла янгамизга, баракалла одамгарчиликка!..

Аддои дўстингиз АНВАР”.

— Одамгарчиликни ҳам билади, бу туз кўр қиғур! — деди заҳарханда ичида тунқотар ва хатни буклаб ёниға солди. — Ичкаридан мирзо Султоналининг хотинини чақириб беринглар-чи!

Хотинлардан бири ичкарига қўзғалди. Рузвон йўлакда турған бўлса керак, хотин ички эшик ёнида тўхтаб, йўлак билан сўзлашди. Тунқотар эшик ёниға келди.

— Сиз шундамисиз, янга?

— Ҳа, айланай.

— Сиз бу гаплардан нима биласиз?

Рузвон эшик панасига яшириниб, бир оз жавобсиз турди ва бир-икки томоқ қириб қўйди:

—  Уч  кундан  бери  мирзо  Анвар  отлиғ  йигит  бизнинг  меҳмонхонада  ётиб  турар  эди, айланай…  Шу  йигит  бу  кун  ярим  кечада  бир  қизни  бошлаб  келди,  мен  ҳайрон  бўлиб мирзонгаздан сўрасам, шундай-шундай гап… Жуда хафа бўлиб кетдик-да, айланай. Кет дегали юз  чидамайди,  киши  чақирғали  яна  вақт  эмас;  мирзонгиз  билан  кенгашиб,  эмди  ҳарчи эрталабгача  жой  берайлик,  тонг  отса,  буларнинг  татиғини  бергучилар  топилар-ку,  ахир дейишдик. Тонг отди, мирзо Анвар у кишига: “Мен бунда яна бир кун тураман, шунгача бизни эҳтиёт қилсангиз бўлади”, деган эмиш. Мирзонгиз шошиб ўрдаға кетди, у кишидан кейин мен ҳам тинч ўлтуралмадим, айланай. Қўшнимизнинг боласини қизнинг уйига чоптирдим. Бир вақт мен билан сандалда ўлтурган қиз уйдан чиқди, мен ташқариға чиққуси келдими, деб бепарво ўлтурабериппан,  айланай…  Шу  чиққани  билан  қайтиб  кирмади-қўйди.  Кўнглим  ғаш  тортиб, ҳавлига  чиқиб  қарадим.  Йўқ,  ташқаридамикин  деб  шу  турған  жойимға  келган  эдим,  уёқдан булар келишиб қолди… Бўған гап шу, айланай!

Тунқотар афсус чекиб махдумнинг ёнида турған кишиларга яқин келди.

— Сизлар нима қилиб юрасиз бу ерда?

— Биз… биз мирзо Султоналининг қўшнилари бўламиз.

— Жуда яхши, хизмат?!

Тунқотарнинг кариҳ2 бу муқобаласидан кишилар сиқилиб қолдилар.

—  Мен  кўчада  эдим, — деди  бириси  қўрқа-писа, — уёқдан  домла  билан  аёллар  келиша берди… Аёллар йиғлашқанға мирзонинг уйида бир гап бўлғанми, деб.

—  Текин  томошачиман,  дегин…  Хўб,  сен-чи? — Мен  ҳам  мирзо  Султоналига  қўшни бўламан, — деди иккинчи киши: буниси ўзига бир оз тетикроқ эди. — Бироқ мен сизларнинг гапларингни эшитиб, бир нарсага ҳайрон бўлиб туриппан-да.

— Нимага ҳайрон бўласан?

—  Мен  шунга  ҳайрон  бўляпманки,  янгамнинг  сўзига  қарағанда,  мирзо  Анвар  ўз  ёнида паранжилик  хотин  билан  чиқиб  кетса  керак  эди…  Боя  мен  уни  дарбозадан  чиқиб  борғанида кўрдим, ёнида хотин-потин деган гап йўқ эди.

— Ёлғизмиди?

— Ёлғиз-ку эмас эди, бироқ ёнидағиси аёл эмас, дўндиққина бир бесақал эди.

Тунқотар қўшнининг сўзига тушунмади, елкасини қисиб қўйди.

— Сиз аниқ кўрибсиз, Карим ака, — деди у ёқдан Рузвон. — Қиз кечаси келганида ҳам эркак  кийимида  эди. — Ўб,  падар  лаънат! — деб  юборди  тунқотар.  Устиға  тоғ  ағдарилған махдум бошини яна қуйироққа солиб, ҳўнгир-ҳўнгир йиғлади.

— Бўлар иш бўлған… — деди тунқотар атрофига хитобан, — улар-ку, албатта, қўлға тушиб жазосини топар, бироқ жанобнинг шаънларига жуда оғир гап. Биноан алайҳ, шу ердаги сирга воқиф  бўлғанларнинг  вазифаси  бу  ҳодисанинг  кишига  сўзламаслик,  кўрган-кечирганини  шу ерда қолдириб кетишлик!

Кишилардан: “Албатта,  албатта!”  деган  жавоб  бўлди.  Сўнгра  тунқотар  махдумнинг  ёниға келди.

— Сизда гуноҳ йўқ, бироқ қиз ўсдиришни билмас экансиз. — Бандамиз, бандамиз, — деб йиғлади махдум. — Илоҳи жувонмарг бўлсин, мени ерга қаратди.

Паранжидаги хотинларнинг бири бўлған Нигор ойим пиқ-пиқ йиғлади. Тарбузи қўлтуғидан тушкан тунқотар ясовулларнинг олдиға тушиб, тарс-турс кўчага чиқди, йигитлардан бирининг кўмагида  отқа  миниб,  жилавини  қўйди.  Султонали  яширинған  дарбозага  етканда  йўлакай чақириб ўтди:

—  Мирзо  Султонали,  чиқинг.  Қочқан,  падар  лаънатлар!  Султонали  кўзини  катта  очиб, дарбозадан чиқди.

— А, чинми?

—  Қочқан, — деди  тунқотар  хатни  Султоналига  узатиб, — ўқуб,  яна  менга  қайтаринг, жанобга ҳам кўрсатишимиз керак…

…Султонали  шу  ҳодисанинг  иккинчи  куни  хонға  қилған  садоқатининг  самарасини  ҳам кўрди, яъни бош мунший бўлиб белгиланди.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1  Мабни — биноан.

2 Кариҳ — ёқимсиз, хунук.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-махдумнинг бахти

Шу  кундан  бошлаб  Анварнинг  ҳаётида  янги  саҳифа  очиладир.  Яъни  махдум  Анварга илгаригича – истиқболи қоронғу бир ятим, деб қарамай, балки Анвар каби ўз ўғли ...

Чингиз айтматов:қиёмат 22-қисм

Ҳукмдор  қошларини  чимирди,  кўк  тоқига  қирғийқараш  билан  боқди:  э-ҳе,  айланишини қаранглар-а,  тинмайди  қурмағур,  ҳеч  нарса  билан  иши  йўқ.  Бу  қуш  худди  ...

Чингиз айтматов:қиёмат 7-қисм

Бунинг  маъноси  шу.  Гўшт  етиштириш  муҳим  эмас.  Муҳими  гўшт  топшириш.  Халқ  олдида, талабчан  юқори  ташкилотлар  олдида  юзни  ёруғ  этишнинг  бирдан-бир  йўли  шу.  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400