МEҲРОБДАН ЧАЁН-ИККИ ХИЛ САДОҚАТ

Кечаси  ёмғур  савалағандек  ёғиб  турадир…  Қоп-қоронғи,  олти  қаричлиқ  тор  кўчанинг муюшида  турған  бир  кўлага  ёмғурдан  қочқан  каби,  кичкина  эшик  панасига  сиқилған  ва  зўр бериб эшикни қоқадир.

— Ким?

— Мен, очинг.

— Сафармисан?

— Ҳа.

Эшик  занжири “ширқ”этиб  кўтарилди.  Ёмғурда  бўккан  Сафар  ўзини  торғина,  олди  очиқ йўлакка олиб, эшикни занжирлади.

— Тинчликми?

— Тинчлик, — деди эшик очқан кампир. — Нега кеч қолдинг, Сафар?

— Ёмғурни кўрмайсизми…

Сафар  кампирнинг  орқасидан  сўзланиб  саҳнга  чиқди.  Тор  саҳннинг  йўлак  қаторида,  тўрт бўйра эни катталигида ости бир қаричқина ердан кўтарилиб ишланган каталак айвоннинг тўр тоқчасида  қора  чароғ  сасиб  ёнадир.  Сандалнинг  бир  чеккасида  ғўза  сугуриб  ўлтургучи  бир кекса  кўр  киши  қўлидаги  ғўза  пўчоқ  ва  суғурган  пахтаси  билан  бошини  баланд  кўтариб қавлидаги  сўзга  қулоқ  солиб  турадир.  Сандалнинг  иккинчи  тарафида,  юзини  рўймоли  билан яширған,  хотинми,  қизми — ўлтурибди,  сандалнинг  учунчи  томонида,  бир  тўда  чиқарилған пахта орасида чиғириқ кўринадир…

—  Ойим  қизим  бизни  жудаам  уялтирди,  Сафар, — деб  сўзланди  кампир. — Шунча қайтарсақ қам бўлмайди, эрта-кеч отасининг ёнида ғўза суғуришади.

— Синглим зериккандир-да, опа, — деди Сафар.

— Эсон-омон ўлтурибсизми, почча, ассалом алайкум.

Кўр киши бошини яна ҳам баландроқ кўтариб, икки тарафка чайқади.

—  Ваалайкум  салом…  Ҳа,  нега  жим  бўлиб  кетдинг,  Сафар?  Мулланинг  олдиға  кирақо, ёмғурда ивидингми, хўб.

Сафар  танчадаги  юзини  яширғучиға  қарамаслиққа  тиришиб,  даромади  айвондан  бўлған ҳужра эшигига чиқди.

— Эски ҳикояларингизни сўзлаб, опамни зериктирмай ўлтурибсизми, почча?

— Ҳа, ҳа, — деди кўр киши, — қизимнинг ўзиям ҳикояга жуда уста экан-да, дам мен ҳикоя айтаман, дам ойим қизим айтади, асти қўйсанг-чи бизни, Сафар.

— Бали, бали.

Сафар ҳужранинг эшигини очиб, ичкарига кирди. Сандал устига қора чароғ қўйиб, олдиға китоб ёзған Анвар Сафар бўзчининг истиқболиға қўзғалди.

— Ўлтуринг, ўлтуринг, шу ишингиз ёмон-да, мирзам… Саломатмисиз? Зерикмадингларми?

Уч кун кечикдим-а. Мендан хафа бўлған чиқарсиз-ов… Ҳа деганда у ёқдан хабар бўлавермади, унинг устига аёллар навқасланиб1 қолди…

— Зарари йўқ, тоза ивибсиз, Сафар ака. Асли бу кун ҳ,ам чакки овора бўлгансиз.

—  Жаззаси  чопонни  солиб  ташлаш-да,  мирзам, — деди  Сафар  чопонини  ешиб. — Қани ўлтуринг…  Юртда  тинчлик,  ер-дўстдан  сизга  салом,  мирза  оғайнингиз  хотиржамъ миршабошилиқни қилаяпти… Мен бўлсам, сенгаям бали, устозинггаям бали, деб юрибпан.

Анвар илжайди. Сафар бўзчи сандал ёниға ўлтуриб, маҳ.сисининг қўнжидан бир қоғоз олди.

Анвар  қоғозни  ундан  олиб  сандал  устига  қўйди.  Қозиқда  осилган  чопонини  келтириб, Сафарнинг яхтакчан елкасига ёпти.

— Шамоллайсиз, Сафар ака, ўраниб ўлтуринг.

—  Ҳамма  вақт  кайиб  қоғансиз-да,  мирзам, — деди  Сафар  ва  устига  ёпилған  беқасам чоионининг астар-аврасини текширди. — Тоза яхтак киймаган эдим, бунингиз менга увал-да, ука.

Анвар ўлтурар экан, эътиборсиз қўл силкди ва сандал устидан хатни олиб очди:

“Баланд мааом, лойиии ээтиром, буродарим мирзо Анвар.

Дўстлар  шод,  душманлар  ғамгин,  явми  саодат2  яқиндир.  Фалак  кажравлиги  ақли  салоҳ3 устига ҳар рўз ҳар ранг4 жавр туғдирса ҳам, ба ҳамаҳол5 лайли залиманинг6 явми навираси7, риёзати  қавиянинг8,  ажри  азимаси9  бордир.  Жаноби  сарвари  коинот,  мушриклар  шарридин10  сақланмоқ  учун  ўзларини  ғор  панноҳига  олған  эрдиларким11,  бу  амсолингиз12  каби  уммати ҳақиқийларға13  суннат  бўлди.  Баъда,  камина  дўсти  хосдин  арзи  ихлос14  шудирким,  барча тадбирларимиз  шоҳи  мажнунга15  ва  ғайри  ашқиёға16  баайни  афсун  каби  таъсир  қилиб,  ўткан хатда  ёзған  мулоҳазаларим  ҳаёлдин  ҳақиқатка  ошмоқда.  Каминага  хоннинг  эътимоди ёндошмоқда ва ул андишаларимиз ээтимоли биздин узоолашмоодадир.  Можаро бир неча кун сир бўлиб кечса ҳам, алҳол ўрдадин баъзилар бу сирга воқиф бўлғанға ўхшайдирлар, маъаҳозо17 очиқ сўзлашка ҳеч кимда ҳад йўқ. Аммо, иккинчи тарафдин, сизни излашка махфий буйруқлар берилди, дарбоза беклари ёниға хуфиялар юборилди, бинобарин, сиздин илтимос, ушбу хавфлар кўтарилгунча  бениҳоят  эҳтиётда  бўлиш,  Тошканд  ниятини  бир  неча  ҳафтага  мавқуф18   қўйишдир.  Хизматингизга  Сафарбой  билан  ушбу  хатни  озғина  кечиктириб  юборишим  боиси ҳам,  мазкур  хавфлар  борлиғидин  бўлиб,  маълумингиздир,  Сафарбойнинг  табиъатида  андак бебоклик19  ва  лоқайдлии  бор.  Бинобарин,  мухобароти  дигаримизни20  унинг  аёли  воситасида қилсамми,  деган  андишадаман.  Зеро,  аёл  киши,  ба  ҳарҳол,  мардум  назарига  яхши  ва  кундуз кунлари борса ҳам хавфсиз. Аммо бошқа эҳтиёт ўзингизга мунҳасир21. Зинҳор ба садди22 зинҳор, ҳамсоялардин хотиржамъ бўлинмасин. Соний — сизга тегишлик ғариба23 хабар шудирким, кеча ўрдадин  қайтиб  келсам,  меҳмонхона  саҳнида  уч  нафар  йигит  ўлтурибдир.  Ҳар  учави  ҳам бизнинг  Фарғона  кийимида  бўлмаған  бу  йигитларни  ариза  ёздирғали  келганми,  деб  ўйладим.

Салом-аликдин сўнг уларни меҳмонхонаға олиб кирдим. Истифҳоми24 сабаби ташрифдин сўнг, йигитлардин  бири  меним  ким  эканлигимни  аниқлаб  олди,  баъда,  афсус  чекиб,  сизнинг можаронгизни сўзлади. Мен тамом ҳайратда қолиб, хуфияларми, деган андишага тушдим. Бу ҳодисани  кимдин  эшитдингиз,  мирзо  Анварга  қандай  алоқангиз  бор,  деб  сўрадим.  Опамдин эшитдим,  ўзим  мирзо  Анварнинг  оғаси  бўламан,  деган  жавобни  берди.  Мен  таажжубда қолдим;  зеро,  оғангиз  борлиғини  сиздин  эшитмаган  эдим.  Ўткан  хатимда  ёзғанимча,  бу йигитка ҳам опангизға берган жавобни айтдим, яъни, ўзимни оқлаш учун ҳодисага бирмунча ёлғон аралаштириб сўзладим. Йигит-оғангиз бўлмиш афсус чекти, ўн йиллардин бери Қўқонда бўлмағанлиғини, бухоролиқ бир саркарда эшигида хизмат қилғанлиғини, қариндошларини кўриш учун  Бухородан  Самарқандга  келиб,  у  ердаги  катта  оғасини  тополмағанини,  ундан  Қўқонға ўтиб,  бунда  ҳам  сизга  йўлиқолмай  қолғанини  сўзлади.  Баъдаз  унинг  устидаги  шубҳам  бир  оз зойил25 бўлиб, кўнгил кўтардим. Оғангиз бўлмишнинг ёнидағи йигитлар бизнинг бу тарафнинг кишисига  ўхшамайдирлар.  Булар  оғангиз  бўлмишнинг  ҳамроолари,  Қўқонни  томоша  қилғали келган эмишлар. Сизга оғалиқ даъво қилғучининг исми Қобилбой, туси сизга ўхшаб келса ҳам, ўзи  тўла,  паҳлавон  йигит  ва  ҳар  учави  ҳам  забардаст  кўриндилар.  ҳарчанд  қистасам  ҳам, уларни  овқатқа  тўхтатиб  бўлмади.  Сиз  кечаги  мактубингизда  меним  сармунший тайинланишимдан  ташвишланиб,  орада  муфтилар,  Абдураҳмонлар  бор,  сизга  бирар  заҳмат етарми, деган андишани ёзибсиз. Воқиъан, меним учун бу хавф бор, бундан кўз юмиб бўлмас.

Модомики, “садоқатим  он  ҳазратка  офтобдин  равшанроқ  бўлди,  девонда  мендин  ғайри Мавсуқроқ26  киши  топилмади,  баъдаз  сармуншийлик  менга  ҳавола  қилинди,  халос”.  Ўткан хатимда ёзғанимдек, бу “марҳамат”дан бош тортишқа ҳеч бир йўл топмадим, агар узр баён қилсам,  сизни  тутиб  беришка  бўлған  ҳаракатимнинг  сохиталиги  очилиш  эҳтимоли  бор  эди.

Чунки хонға садоқат бизнинг “одамлар” фикрича, бирар манфаат тақозосидир. Агар мен хонға “садоқатлик қул”  эканман,  бу “садооат”  замирида  бир  манфаатим  бўлмоғи  лозимдирким,  ул ҳам  ўз  дўстимни  қолоғи “садоқатимға”  қурбон  қилиб,  эвазига  сармуншийлик  маснадини олишимдир. Башарти шу маснаддин бош тортсам, менга ишончсизлик туғулиши шубҳасиз эди.

Бас,  шу  мажбуриятда  мен  бу  вазифани  қабул  қилдим.  Менга  заҳмат  етиши  тўғрисида  сиз ташвиш  чека  кўрмангиз,  модомики,  тақдирим  шу  экан,  тағйири27  мумкин  эмасдир.  Бу  йўлда қанчалиқ заҳмат чекмайин ва ҳатто бошим ҳам кетмасин, меним учун қийматлироғи инсонга садоқат  ва  шу  садоқатни  то  ўлгунча  қўлдин  бермасликдир.  Синглимиз  Раънобибига  салом айтурсиз. Ота-оналарига ҳеч бир зарар бўлмади, фақат ” ҳадя” ларнигина қайтариб олдилар.

Охирғи сўзим яна эҳтиётлик устида: зинҳор-зинҳор ҳар эҳтимолга қарши ҳозир турилсин.

Аддои мирзо Султонали”.

Анвар мактубни тугатиб, олдида ёниб турған қора ча-роққа тутиб, куйдирди.

— Эҳтиёт керак-а, Сафар ака?

— Албатта, мирзам, албатта.

— Бу кеч қоласизми, кетасизми?

— Кетмасам бўлмайди, Султоналингиз хафа қилади, ука.

Анвар кулди.

—  Кетсангиз,  хат  ёзиб  туришим  керак  экан, — деди  ва  тоқчадан  сиёқ-қалам  олди. — Исидингизми, Сафар ака?

— Ҳа, ҳа… Жон кириб қолди, мирзам.

 

* * *

 

…  Биз  ўткан 51-нчи  фаслда  Анвар  билан  Раънони  Султоналининг  дарбозасида  қўйиб, 52-нчи-фаслга  сакраган  эдик.  Шунда  чала  қолған  бир  неча  аҳволни  ҳозир  айтиб  кечмасак, муҳтарам ўқуғучиға Султонали масаласи бир оз онглашилмай қоладирған кўринди. Шундоғки, Анварнинг  мажбурият  остида  Раъно  билан  келиши  Султоналини  жуда  ҳам  шошириб  қўйди.

Икки  орада  кучлик  муҳаббат  борлиғиға  яна  бир  карра  амалда  қаноат  ҳосил  қилғанидек, уларнинг истиқболини қоронгилиқда кўрди. Яна шу ҳолда матонатини йўқотмай, “дўстинг учун қон ют” мақолидаги каби, уларни қаҳрамонлиқда табрик этди. Анвар эса фақат ўз истиқболи устидагина қайғириб қолмай — чунки Раъно ва ўзининг истиқболлари мундан кейин ё чик, ё пук  эди — аммо  икки  ўртада  бу  ботқоққа  тойиб  кетиши  аниқ  бўлған  Султонали  масаласида жиддийроқ  ўйлади.  Зеро,  мулла  Абдураҳмонга  илҳом  бўлғанидек,  Анвар  тинчкина  Раънони ёниға  олиб  қочса  албатта  Султонали  ушланар  эди.  Мулла  Абдураҳмоннинг  фикрларидан ташқари, Султоналининг ўз хотини Рузвонбиби орқалиқ махдумнинг уйи билан қилинған китоб алоқаси ҳам бор, энг охирда муфти ва Абдураҳмонларнинг Султоналига кучлик адоватлари…

Шу мулоҳазаларини Султоналига баён қилиб, фикр сўрағанида, ундан аҳамиятсиз жавоб олди.

Чунки дўстлиқ тақозоси ҳар қандай оғирлиқ қаршисида матонат, кўкрак керишдир, бошингға тоғ йиқилиш эҳтимоли бўлғанда ҳам турған жойингдан силжимасликдир — Султонали шу эски қонун тобиъларидан ягона вакил эди. Лекин Анвар ўз дўстини балоға қўйишни хоҳламади. Ҳар эҳтимолга қарши чора кўришни лозим топиб, ўқуғучига маълум йўлларни, Султоналига таклиф қилди. Табиъий, ул кўнди. Шу йўсун эртага ўйналатурған томошаға Султоналининг хотини ҳам ўргатилди, ҳатто ярим кечада қўшни Каримбой ҳам уйқудан уйғотилиб, бир тилло баробарига ёлғон  гувоҳ  тикланди  ва  шу  ондан  бошлаб  Анвар  билан  Раъно  Каримбойнинг  уйига  чиқиб яшириндилар.

Маълумдирким, эртаси кун ҳар ким ўз рўлини яхши адо қилиб, иш жуда силлиқ ўтди, ҳатто бу ўртада Солиҳ махдум ҳам оқланиб қолди. Султонали шу кун кечқурун Тойир акани Сафар бўзчиға юборди. Чунки бу ишда сирдон бўлиш ва Султоналига кўмаклашиш учун энг мувофиқ, ҳам ишончлик киши бирдан-бир Сафар бўзчи эди. Хуфтан асносида Сафар бўзчи етиб келди, воқиъани  эшитиб,  дафьатан  мирзони  яшириш  учун  шаҳарнинг  четроғида  бўлған  язнасининг уйини жўплади. Дарҳол язнаси, яъни опасиюют уйига югуриб жой ҳозирлатди ва шу кечасидаёқ Анвар  билан  Раънони  элтиб  жойлаштирдиким,  қолғани  ўқуғичимизға  маълумдир.  Аммо

Анварнинг ҳийласи хон ва яқинлариға шундай яхши таъсир қилдиким, биз буни Султоналининг сармунший белгиланишидан онглаймиз.

 

* * *

 

“Қир-қир” хат ёзиб борған Анвар, савоғич қалам учини сочиға суйкаб, қаламга ёпишқан лос қилчиғини тушурар экан, Сафар бўзчиға юз ўгирди:

— Мундан сўнгғи келишингизда мирзо Султонали ёнингизға бир киши қўшса керак. Сиз шу йигитни бу ерга олиб келасиз, ўзи меним оғам бўладир, хўбми?

” — Хўб, мирзам, хўб. Мирза оғайнингизға шуни таъйинлаб битсангиз бўлди-да.

— Шундай, мен битяпман.

Анвар  яна  ёзувға  қаради,  Сафар  бўзчи  сандал  кўрпасига  ўраниброқ  ўлтурди.  Ташқарида ёмғур тинаёзиб, кучлик шамол қўзғалған, ёмғур томчиларни гоҳо том устига тўпиллатиб қаттиғ тушурар,  дарича  тирқишидан  кирган  шамол  билан  қбра  чароғ  чайқалиб-чайқалиб  ёнар, айвондаги  кампирнинг  чиғириғидан  ғижиллаб  чиққан  товуш  мушук  бола  мавлаган  каби ҳужрага эшитилиб турар эди.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1  Наввасланиш — ҳолсизланиш, дармонсизланиш, касалга чалиниш.

2 Явми саодат — саодатли кунлар.

3 Аҳли салоҳ — тўғри кишилар.

4 Ранг — турли.

5 Ба Ҳамаҳол — ҳамиша.

6 Лайли залима — қора тун.

7 Явми навира — нурли кун.

8 Риёзати қавия — катта машаққат.

9 Ажри азима — улуғ мукофот.

10 Шарр — ёмонлик, гуноҳ иш.

11 Муҳаммад пайгамбар исломни ошкора тарғиб этаёган даврида Макка мушрикларининг таъқибидан Мадина шаҳрига

қочиб, Абу Бакр ва бошқа саҳобалар билан бирга йўлда ғорга яшириниб жон сақлайдилар. Султонали шунга мисол қиляпти.

12 Амсол — мисол.

13 Уммати Ⅰҳақиқий — пайғамбар йўлидан борганлар.

14 Арзи ихлос — самимий арз.

15 Шоҳи мажнун — ошиқ хон.

16 Ғайри ашқиё — ўзга золимлар.

17 Маъҳозо — шу билан бирга.

18 Мавқуф — тўхтатиш.

19 Бебоклик — 1. Ҳайиқмаслик; 2. Мулоҳазасизлик.

20 Мухобароти дигар — бундан кейинги ёзишма, алоқа.

21 Мунҳасир — боғлиқ.

22 Сад — юз.

23Ғариба — ажаб, таажжубли.

24 Истифҳом — сўраб билиш.

25 Зойил — йўқолмоқ, аримоқ.

26 Мавсуу — ишончли.

27 Тағйир — ўзгартиш.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

28 июнь – гўзал ва бетакрор шоира гулчеҳра нуруллаева туғилган кун

Гулчеҳра Нуруллаева 1938 йилда Тошкент вилоятининг Тошкент қишлоқ тумани Чоштепа қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни 1956 йили олтин медал билан битирган. Унинг илк шеърлари ...

Юлдузли тунлар-33

4 Сувларнинг юзи хазонларга тўлиб оқадиган сершамол куз кунлари бошланди. Самарқанддан ўттиз чақиримча шарқ-жануб томонда, Панжакентдан қуйида Зарафшон дарёсини кечиб ўтган ...

От кишнаган оқшом (қисса) 82-қисм

82 Шунда... шунда, от кишнади. Умрим от билан ўтди. Ҳай бир отларни кўрдим, ҳай бир кишнашларни эшитдим. От сувсаб кишнади, от очқаб кишнади. Шунда от кўнглини сув бериб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400