МEҲРОБДАН ЧАЁН-ҚЎРҚУНЧ БИР ЖАСОРАТ

Қобилбой бу сўзни эшиткучи қулоқлариға ишонмағандек, Анварнинг яқинроғиға сурилди.

— Нима деяпсиз, Анвар, мен яхши онгламадим?

Анвар яна ўша сўзини такрорлади. Қобилбой энди бир оз орқасиға қочиб кўзини катта очди ва бир неча вақт қотиб турди…

—  Сиз  нима  қилмоқчисиз,  ука.  Ўз  оёғингиз  билан…  Йўқ,  бу  бўлмаған  гап.  Балки  бу — хоннинг  унга  пописасидир,  шу  ҳийла  билан  мақсадиға  етмакчидир…  Қўйинг  бу  гапни,  ука, қўйинг…

Анвар  ҳамон  бояғи  вазиятда,  кўзини  бирнуқтаға  тикиб,  сандал  устидаги  қоғозни  оғаси яқинроғиға суриб қўйди…

—  Башарти  пописа  бўлмаса?.. — деди  Анвар. — Хон  пописани  билмайди,  унинг  ҳамма ҳаракати  жиддий.  Шундай,  сиз  бу  хатни  эртага  унинг  қўлиға  берасиз  ва  ундан  ҳар  бир ёрдамингизни аямайсиз.

— Бу ақиллиқ гап эмас, ука…

— Мен энди шунга қарор берганман, — деди Анвар ўзгаришсиз. — Бу азмдан қайтиш йўқ… Фақат, сиз ундан ёрдамингизни аямаслиққа менга сўз берсангиз бўлди.

Қобилбой энтиқди, хатни қўлиға олиб, бир неча фурсат сукутда ўлтурди… Сўнгра бирдан ўрнидан туриб ҳужрадан чиқа бошлади.

— Йўл бўлсин?

— Кетяппан.

— Хайр, кечирингиз.

Қобилбойдан жавоб бўлмади.

 

* * *

 

Кун қиёмға яқинлашқан. Яна бирар соатдан сўнг Султоналини ўлимга олиб чиқар эдилар. Ўрда  ҳеч  бир  ўзгаришсиз,  одатий  такаллуфида  ҳаракатланар,  бахмал  ва  заррин  кийган саркардалар ичкари билан ташқариға тўхтовсиз қатнашиб турар эдилар. Бу кунги девонда бир неча муҳтарамларнинг чақ-чақи билан яна бошқача руҳ, икки кундан бери яна девон хизматини адо  қила  бошлаған  бир  муҳтарам  ёш  олимнинг  мулойим  сиймоси  мирзолар  орасини  яна мунаввар эткан ва юзидан ғолибият маъноси чакиллаб турған икки муфтининг мутоябаларига ёш олимнинг майин нигоҳи ҳар замон илжаяр эди.

— Унинг учун икки йўл, — дер эди Шаҳодат муфти, — ё аммазодасини топиб бериш, ё ўлим, фақат икки йўл.

— Албатта шундай, — деб унинг сўзини тасдиқ қилар эди мулла Абдураҳмон. — Топиб берганда ҳам яна жазо бор, бу тарафи ҳам унутилмасин.

— Яна қандай жазо? — деб ажабланар эди мулла Калоншоҳ.

—  Топиб  беришни  бўйниға  олдими,  бас,  бу  сўз  Анварни  қочирған  ҳам  ўзим,  деган иқрордир.

Бу бийрон жавоб мулла Калоншоҳга ёқинқирамас эди.

—  Топиб  беришни  бўйинга  олмаслиқ,  гуноҳсизлик  деган  сўздир.  Дарҳақиқат,  Анварнинг қаерға кетканини билмаса, қандай қилсин? Бас, бу ҳолда Султонали қатл қилинадир, гуноҳсиз ўлдириладир… Бунга ким сабаб, унинг қони кимни тутадир? Мен шунисига ҳайронман-да.

Бу  сўз  қаршидағи  икки  муҳтарамни  лом  дедирмай  қўйиб,  чақ-чақ  шу  ерда  шарт кесилди. Шаръий  либос  кийдириб,  ўз  менлигини  ишка  оширған  мулла  Калоншоҳ  ғолиб  ва  мағрур, қўлидағи таҳрирга қаради.

Шундай: шу соат ичида Султоналини ўлим жазосига олиб чиқар эдилар. Ўрдадан ҳар ким унинг нажот топишиға ишонмас; хоннинг олдиға чақирилди — ўлди, башарти гуноҳи бўлиб, иқрор қилса, яна жазога қолди, вассалом. Аммо Анвар хон ҳузурига келиб ўзини унинг ҳукмига топширадир, чин йигитлик йўли билан дўстини қутқарадир, деган хаёлға ким ишонсин? Кеча жарчи кўй-гузарларни айланиб, Анварни инсофга чақирди, киши қониға қолмаслиқ фазилатини тараннум  эттирди.  Бироқ,  Анварнинг  бундай “ҳамоқати”ға  ахлоқан  сукут  этиб,  виждонан музлаган ўрда арбоби ва бошқалар ишонсинми?

Шундай: ўрда арбоби бу кун пешиндан бир оз илгарироқ мужассам бир виждон, тоғюрак бир йигит ва ўлим сари кулиб келгучи бир арслонни ўз тарихида биринчи мартаба кўрди ва тонг ажабда қрлди. Бу улуғ жасорат бир неча дақиқаларғача зулм итларини сукутка солди, уларни ишдан  тўхтатди.  Урда  арбобларининг  маҳкамада  ўлтурганлари  эшик  ёниға  чиқиб,  йўлда борғанлари ҳаракатсиз қолиб, парвосиз ҳар ким ёнидан садомлашиб ўткучи арслонни тамоша қилдилар.

Анвар  девонхона  қаршисиға  етканда,  нима  мақсад  биландир  даричалар  ва  эшик  ёнидан мўралашқучи мирзоларга умумий бир таъзим ифода қилди ва собит қадам зиналарга оёқ қўйиб, юқориға, хон ҳузурига чиқиб кетди. Пойтахт бўсағасидаги доимий ясовуллардан ўтиб, даҳлизда тўхтади.  Чунки  бундан  нарига  ўтиш  учун  ҳудайчи  воситасида  хондан  рухсат  олдириш лозимдир. Биринчи эшик ёнида қўл қовуштириб турғучи Дарвеш ҳудайчи таажжуб ва ҳайрат ичида Анварни қаршилаб, иккинчи хонадаги “жаноб” ҳузурига кетди.

Тахтига  такя  қилған  Худоёр  икки  кўзи  тўғрисиға  икки  жаллодни  қўйиб,  ёнидағи  домла шоғовул, Турсун оталиқ ва ғайри бир неча аъёнлар билан суҳбатлашар эди.

—  Пушти  паноҳо! — деди  ҳудайчи, — хиёнаткор  ўз  ихтиёри  билан  келиб,  доми адолатингизга таслим бўлмоқчи!

— Хиянаткаринғ ким?

— Мирзо Анвар!

Хон сесканиб кетди, ҳамнишинлар ҳам алонғ-жалонғ бўлдилар.

— Келтир!

Ҳудайчи  қуллиқ  қилиб,  орқасиға  қайтди.  Даҳлиздаги  Анвар  биринчи  хонадаги  аъённи ҳайратка солиб, иккинчи танобийнинг бўсағасида, жаллодлар ўртасида тўхтади ва хонға таъзим адо қилди.

Рақибни  бу  қадар  жасоратда  кўрган  Худоёрнинг  кипрак  остлари  учиб,  соқол  туклари сиякинди ва бир оз сўз тополмағандек тамшаниб турди.

— Сен бизга хиянат қилдинғ, ит увли!

Анвар бош ирғатди.

— Иқрорман.

— Тузимни унутдинғ!

— Тонмайман.

—  Иқрорсен,  тонмайсен,  ўбдан  иш! — деди  заҳарханда  қилиб  хон, — ўлувдан  ҳам қайтмайсен!

— Мен сиздан марҳамат сўраб келган эмасман, — деди илжайиб Анвар. — Ўзимни ўлимга бериб, бир гуноҳсизни қутқазиш учун келганман.

Ҳамнишинлар лабларини тишлашдилар. Худоёр истеҳзолик кулди.

— Пусулмончилиқ қиғансан-да?

—  Албатта, — деди  Анвар, — бошқалар  киши  гуноҳи  учун  гуноҳсизни  тутиб пусулмончилиқдан чиққач, мен пусулмонлиқ билан ўлишни ўбдан билдим.

Бу жавоб Худоёрни қип-қизил  туска  қўйиб,  манглайида  терлар  кўринди,  ғазаб ўти  аланга олди.

— Сенинг қиған ишинг пусулмончилиқда борми, ит увли?

—  Мусулмончилиқда  юзлаб  хотин  устига,  бир  камбағал  уйланмакчи  бўлған  қизға  ҳам ўрлиқ қилиш борми, қиблаи олам.

— Чиқар буни, жаллод!

Жаллодлар ҳаракатландилар.

— Ханжаримиз қонсираған!

Анвар бош чайқаб кулди.

— Гуноҳсизни меним кўз ўнгимда банддан озод қилинмас экан, Анварни бу ердан чиқара олмаслар, қиблаи олам, — деди ва ўзини ташқариға торта бошлаған жаллодларни арслонларча силтаб юборди, — сизда адолат борми, жаноб?!

Қўрқунч  бу  ҳайқириқ  Худоёрни  инсофка  келтирди.  Жаллодларни  тўхташқа  ва  ҳудайчини Султоналини  ҳозирлашга  буюрди.  Кўзи  қонланған  Анвар  икки  қўлини  ёниға  ташлаб  Худоёр қаршисида  туриб  қолди.  Ҳамма  сукутда…  Шундай  фурсатларда  гуноҳкорни  адабсиз  сўзлар билан  сўкиб  турғучи  Худоёр  ҳам  жим.  Чунки,  аъён  назарида  ҳар  бир  адабсизлигига  Анвар тарафидан кучлик бир ҳақорат олиш эҳтимоли бор. Шайхи Саъдий айтканча, дунёда ҳаётидан қўл ювғучидек тили узун киши бўлмас. Дарҳақиқат, инсонни разолатка солғучи унинг манфаати тақозаси,  қола  берса  ўлимдир.  Бу  иккисидан  кечгучига  эса  на  подшоҳнинг  қаҳри  ва  на жаҳаннамнинг қаъри фарқсиздир.

Кўб фурсат ўтмай ҳудайчининг орқасида Султонали кирди, хонға қарши тургучини таниб, титради… Титрар экан, Анварддн бир оз кейинда туриб хонға таъзим қилди.

— Сиз озод бўлдингиз, — деди хон, — девонға чиқиб ўз ишингизға қаранғ!

Султонали  ихтиёрсизча  хон  томонға  букулиб  олди…  Анвар “истеҳзоли”  вазиятда Султоналига ён қаради:

—  Меним  қаршимға  ишлаб,  жанобга  неқадар  содиқ  қолсангиз  ҳам,  садоқатингиз  сизни нажотка чиқара олмади, билъакс, сиз ўйлағанча мен — инсофсиз сизни қутқардим… Сиз шуни унутмасангиз  бўлди,  Султонали  ака, — деди  Анвар  ва  хонға  ишорат  қилди. — Қўлимни боғласинлар, чиқариб ўлдирсинлар.

Султонали  орқасиға  қайтди,  қайтар  экан,  кўзидан  бир  неча  томчи  ёши  оқиб  тушди.

Жаллодлардан  бири  келиб,  Анварнинг  қўлини  орқасиға  боғлади,  Анварнинг  қўли  боғланар экан, Муҳаммад Ниёз домла ўрнидан туриб, хонға қуллиқ қилди.

— Шу адабсизнинг гуноҳини меним учун кечсинлар.

Хон юзини четка ўгирди:

— Растаға чиқаринғ!

Анвар  хонни  ва  ҳамнишинларини  масхаралагандек  таъзим  адо  қилди.  Жаллод  олдинға тушди,  унинг  орқасидан  Анвар  юрди  ва  орқадан  икки  нафар  қуроллиқ  ясавул  эргаштилар.

Анвар ўзини ўрдаға киришида қандай тетик туткан бўлса, ўлим сари чиқишида ҳам ўшандоғ парвосиз эди. Кўзи тушкан таниш ҳар кимса билан “Хайр, хўш” деган каби имлашиб олар эди.

Ранги  қув  ўчиб  ҳушсиз  каби  ташқи  дарбоза  ёнида  турған  Султонали  билан  хам  алоҳида видоълашди. Анварнинг қарашидағи маънога тушунган Султоналининг юраги сув бўлиб оқди ва ҳушсиз, ҳиссиз, Анвар кўздан йўқолғунча қараб қолди…

Янги  растада  халқ  қайнашар  эди.  Қўлида  яланғоч  ханжарини  ушлаб,  белига  ойболтасини қистирған  манфур  жаллод  орқасида  келгучи  маҳкумга  кўзи  тушкан  халқдан  баъзиси  жазо майдониға қараб оғилди ва баъзиси нафратланган кўйи ўзини четка тортди. Жазо майдони янги раста  билан  ўрда  боғининг  муюшида  бир  дор  ва  остиға  қон  оқизиш учун  қазилған  чуқурдан иборат,  эди.  Дор  остиға  келиб  етдилар.  Бир  онда  дор  атофига  юзлаб  йиғилған  томошабин халқни ясовуллар четланишка буюрдилар. Халқ орқаға силжиган бўлиб, яна сиқилиша берди.

Дор  остида  Анварнинг  қўли  ешилиб,  таҳорат  олиш  учун  унга  сув  берилди.  Чунки  бу маҳкумнинг  қонуний  ҳаққи  эди.  Анвар  таҳорат  олар  экан,  жаллод  ва  ясовуллар  ханжар яланғочлаб  унинг  теварагини  қуршаб  турдилар.  Анвар  таҳоратланиб,  устидаги  тўнини  ерга ёзди. Жаллодлар доирани бир оз кенгайтиб, Анвар икки ракаъат намоз ўқуди.

Дуодан  сўнг  Анвар  ўрнидан  турди,  қўлини  боғлашқа  бериб,  атрофига  бесаранжом аланғлади.  Теваракни  сириб  олған  халқ  олдида  манфур  кўзини  мойландириб  ўз  устига  тўп-тўғри қараб турған мулла Абдураҳмонни кўрди. Анвар титради. Абдураҳмон илжайди…

— Кулишка ҳаққингиз бор, домла, чунки ўч оласиз, — деди Анвар. Бирдан ҳамманинг кўзи Абдураҳмонга  тушди. — Фақат  сиз  ифлослиқ  натижасида  куласиз,  мен…  мен  тўғрилиқ самарасини  ўраман,  сиз  ифлос  виждон  билан  ғолибсиз,  мен  соф  виждон  билан  мағлубман… Мени дор остиға ким келтирди? Виждон эмасми, тақсир?! Сизни бу ерда ким томошабин қилди. Ифлослиқ эмасми, тақсир?!

Халқ чуқур сукутда, ўз орасида турған “пешво”га киналик кўз билан тикилган эди… Жаллод қўли боғланған Анварни дор томонға олиб борди. Анвар ўз ихтиёрича чуқур ёниға ўлтурди ва ханжарини яниб келган жаллодга қўли билан “озғина тўхтанг” ишоратини қилиб, Абдураҳмон  томонға кулди:

—  Меним  ҳолимни  кўрингиз,  домла, — деди  Анвар  кулган  юзда, — қўлим  боғланған, устимда  ханжар  ялтирайди.  Лекин  мен  куламан…  Нима  учун  бундай,  тақсир?  Чунки  виждон роҳатда,  жон  тинч,  юракда  ишқ…  Дуруст,  мен  кўмилгач,  қабрим  устида  кўкси  доғлиқ  қизил лолалар кўкарар… Нимадан бу? Бу — сизнинг каби тубанлар солған из…

Томошабинлар  тоқатсизланғандек  кўриндилар,  Анвар  узаниб  ётди…  Жаллод  ханжарини енггига яниб Анвар устига энггашти.

…Энггашти,  бироқ  орқадан  берилган  кучлик  бир  зарб  билан  Анварнинг  устидан  ошиб, мукканча  чуқурға  йиқилди.  Жаллоддан  беш  қадам  нарида  турған  ясовуллар  ҳам  кўкдаги ханжарлик қўлларини остға букалмай, кимлар биландир олишиб ётар эдилар ва шу онда кучлик шапалоқ  товши  эшитилиб,  салласи  чувалган  бир  ёш  мулла  ерга  ўлтуриб  қолди.  Халқ тартибсизланди… Қобилбой Анварнинг дастбандини кесди ва иккиси тартибсизлик ичига кириб йўқолдилар.  Қуролсизландирилған  ясовуллар  гурр  этиб  турли  томонға  сочилған  халқ  ичидан дўст-душманни  ажратолмай  гарангсидилар.  Шу  вақт  бутун  аъзоси  эски  қонларға  беланган жаллод чуқурдан чиқишқа интилар эди…

 

* * *

 

Шу  воқиъадан  икки  кун  сўнг  ярим  кеча  вақти,  Беш  ариқ  билан  Хўжанд  дарбозалари ўртасидағи қургон девори остиға тўрт нафар кўлага келиб тўхтади… Йигирма икки-йигирма уч кунлик ой ҳали унча кўтарила олмаған, айниқса ой нуриға қўрғон девори тўсқун эди. Кўлагалар бирин-бирин қўрғон девориға тирмаша бошладилар. Биринчи мартаба кунгира ёниға чиққучи эмаклаб юриб атрофни текширди, текширгучининг бстига ой нури сепилиб, таниш бир юз — Сафар бўзчи зоҳир бўлди. Қурғон ташқариси кснг дарахтсиз қир, туманлик — хира ойдин ва узоқдан бир неча туп ялангоч дарахтлар кўлагаси кўринар эди. Сафар бўзчи ўзидан бир зина қуйида турған ҳамроҳларини бирин-бирин ўз ёниға чиқара бошлади. Анвар, паранжилик Раъно, энг охирда қўлида арқон кўтарган Султонали юқориға чиқдилар. Султонали аста-секин кунгира ёниға келиб, остға қаради.

— Саккиз газ бор, — деди шивирлаб Султонали. — Келинг, Анвар…

Анварнинг  қўлтуғи  остидан  арқон  солиниб  боғланди.  Султонали  ва  Сафар  бўзчи  Анвар билан  қучоқлашиб  кўришдилар…  Сўнгра  Анвар  кунгира  ёниға  келиб,  қуйиға  осилди.  Сафар билан Султонали арқонни секин-секин юбориб турдилар.

—  Етдим, — деган  товуш  келди  қуйидан  ва  бир  оздан  сўнг  арқон  ҳам  бўшалди. — Тортинг…

Арқон тортилиб олинди. Паранжиси аралаш Раъно ҳам арқонға боғланди.

— Арқонни қаттиғ ушлаб, оёғингизни деворға тираб тушасиз, Раъно… Энди омон бўлинг, синглим…

— Келин ойимларға салом айтинг, сиз ҳам, амаки.

Раъно  гоҳ  чалғиб,  гоҳ  тўхтаб,  қуйиға  силжиди:  Ерга  тушишка  бир  газ  чамаси  масофа қолғанда девор остида кутиб турған Анвар уни кўтариб олди.

— Қўйинг, ўзим тушаман.

— Тегимиз ариқ, лойға ботасан.

Анвар  шу  сўзни  айтиб,  уч-тўрт  қадам  босди,  Раънони “Туя  тойди”  ариғининг  нариги чеккасига  чиқариб  қўйди.  Раъно  қўлтуғи  остидағи  арқонни  ешди,  арқон  девор  устига  томон соғилиб олди. Анвар яна қўрғон дсвори остига юриб чиқди ва секин юқорини чақирди.

— Султонали ака!

Қўрғон кунгирасидан Султоналининг кўлагаси қуйиға энггашти.

— Эҳтиёт бўлингиз, Султонали ака, — деди Анвар. — Сиз ҳам шу ҳафтадан кечикманг. Такрор айтаман: зинҳор кўриниш фикрига туша кўрманг.

— Хотиржамъ, хотиржамъ.

Чунки Анварнинг қутилған кунидан бошлаб Султонали ҳам яширинған эди. Гарчи, хон уни қайтадан  йўқламаса  ҳам,  яна  шу  эҳтиётни  мувофиқ  кўрган  эдилар.  Султонали  уй  ишларини саранжомлаш учун улардан бир ҳафта кейинроқ йўлға чиқмоқчи эди.

Анвар “Туя тойди” ариғидан Раъно ёниға ўтиб, охирғи мартаба хайрлашдилар.

— Хайр, Султонали ака, хайр, Сафар ака!

— Хайр, амакилар!

— Оллонинг паноҳига, Анвар!

— Сафаринглар бехатар бўлсин!

Қўрғон устидагилардан кимдир бири пиқ-пиқ йиғлади. Анвар Раънони олдиға солиб, узоқда кўринган дарахт кўлагасига қараб юрди. Ер жуда ботқоқ, ҳар бир қадамни аранг ердан узилар эди.  Йигирма  қадам  чамаси  борғач,  Раънонинг  кафши  лойға  тишлашиб  оёғ узолмай  тўхтади.

Икки қадам орқада келган Анвар Раънони кўтариб олди.

— Меним этигим бор, чимга чиққунча жим тур, — деди Анвар.

— Қўрғон устида… Қўйинг, уяламан…

Анвар  жавоб  бермади.  Ўттуз  қадам  чамаси  бориб  Раънони  ерга  қўйди  ва  қўргон  устидан ҳануз мўралашиб турғучи кўлагаларга “кетинг” деган каби қўл чайқади. Иккиси яна бошлашиб кетдилар. Улар ўн беш қадам босар-босмас дарахт кўлагаси остидан икки отлиқ югуриб чиқди ва бир онда Раънолар ёниға келиб, отлиқдан бириси “тўп” этиб ерга тушти ва жилавни Анварга тўғрилаб турди.

— Акун, сувор бўлинг.

Анвар Раҳим кўмагида отқа минди. Узангидан оёғини чиқариб Раънони чақирди. Раъно — Анвар билан, Раҳим — Шариф билан мингашиб олдилар. Анвар яна қўрғон кунгирасига қаради. Ҳануз  икки  кўлага  кўринар  эди.  Қамчисини  уларга  тўғрилаб  силкитди,  отни  йўлға  солди. Дарахт  кўлагаси  остида  соябонлиқ  араванинг  шотисиға  такя  қилған  Қобилбой  уларни қаршилади. Раъно от орқасидан аравага ўтди. Анвар ҳам отдан қўниб, аравага — Раъно ёниға чиқди.  Раҳим  ўз  отиға  миниб,  Қобилбой  аравани  йўлға  солди.  Икки  отлиқ  араванинг  икки шотиси  ёниға  кириб  қўзғалдилар.  Тўғун1  темири  ердаги  майда  тошларға  уруниб,  шақ-шуқ товуш чиқара бошлади. Арава ва отлиқлар кўлагаси дақиқа сайин кичиклаша борди, бора-бора кенг қирнинг бағрида кўзга кўринмас бўлиб кетди. Фақат, яна бир оз тўғуннинг кучсиз-кучсиз тошқа уриниши эшитилиб турди…

 

Битди.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Оҳирини ўқинг)


1 Тўғун — ғилдиракнинг ташқи гардиши.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-35

6 Кечаси ёққан қалин қор ҳар бир томни, деворни, ҳар бир дарахт ва гумбазни майин оқ ҳошия билан безаб чиққан. Бобур Бўстонсаройнинг юқориги қаватидан шаҳарга қараб турибди. ...

Рақиб изидан

14. РАҚИБ ИЗИДАН Ўн олти-ўн етти кунлик ой оқ булут ичидан қўтосланиб кўринар эди. Ҳамма хуфтан намозига кириб кеткан, кўчалар сув қуйғандек тинч эди. Кўчанинг бу тинч ...

От кишнаган оқшом (қисса) 17-қисм

17 Кўзларимни очдим. Ё, тавба, Тарлон ҳамон чопиб бораяпти. Энди сойда чопиб бораяпти. Тарлон бир-бир босиб, оёқ илди. Бошини эгди. Пишиллаб нафас олди. Мен қаддимни ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400