Бош прокуратура берган маълумотларга кўра, 3 май куни 1988 йилда туғилган, Ё.М. ўз хонадони ёнида жойлашган оғилхонанинг ёғоч шифтига арқон билан ўзини осиб, жонига қасд қилган.

Мазкур хабарга асосан воқеа жойи туман прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи томонидан кўздан кечирилиб, ёғоч болордан ечиб олинган арқон ашёвий далил тариқасида олинган.

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Ё.М.нинг ўлими бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан сиқилиши оқибатида механик асфиксия натижасида содир бўлган ва унинг танасида бошқа тан жароҳатлари аниқланмаган.

Ушбу ҳолат юзасидан Фориш туман прокуратураси томонидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасига кўра, 20 май Жиноят кодексининг 83-моддаси 2-банди (унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса)га асосан жиноят иши қўзғатиш рад қилинган.

Шу йил 23 ноябрь куни 1983 йилда туғилган, Э.М. ўзи яшаш ҳовлисидаги пичан ғарамлари сақланадиган айвон ёғоч шифтига арқон билан ўзини осиб, жонига қасд қилганлиги ҳақида хабар келиб тушган.

Мазкур хабарга асосан воқеа жойи туман прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи томонидан кўздан кечирилиб, ёғоч болордан ечиб олинган арқон ашёвий далил тариқасида олинган.

Суд-тиббий экспертизасининг 23 ноябрда олинган дастлабки хулосасида Э.М.нинг ўлими юқори нафас йўлларининг механик асфиксия натижасида содир бўлгани ва унинг танасида бошқа тан жароҳатлари аниқланмагани кўрсатилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Фориш туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

3 декабрда 1977 йилда туғилган М.А. марҳум укаси Ё.М. билан бирга истиқомат қилган уйида тўсатдан вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан марҳум М.А.нинг яқин қариндошларидан олинган маълумотга кўра, унинг ўлими юрак соҳасидаги касаллик оқибатида содир бўлган.