Бобон қўзғолони

Бобон қўзғолони — Зарафшон воҳасида чоризм мустамлакачилик истибдоди ва маҳаллий амалдорлар зулмига қарши кўтарилган деҳқонлар қўзғолони (1869 йил отябрь— 1870 йил сентябрь). Раҳбари — Бобон Алибоев (Бобон Тўқсабо). У Қорақурсоқ қишлоғидан бўлиб, рус подшо чиновниклари, амир ва унинг амалдорлари, жумладан Зиёуддин туман беги Муҳаммад Юсуфбой додхоҳнинг беҳад зулмига қарши бош кўтариб, ўз атрофига камбағал деҳқонларни тўплай бошлайди. 1869 йил декабрга келиб уларнинг сони 500 кишидан ортади. Қўзғолончилар бой ва амалдорларнинг уй-жойларига ўт қўйиш, мол-мулкларини тортиб олиб, камбағалларга бўлиб беришни ўз олдиларига асосий мақсад қилиб оладилар.

Қўзғолон дастлаб ана шу Зиёуддин беклигида бошланиб, Хатирчи беклиги ва Зарафшон округининг Каттақўрғон уездига ёйилади. Бухоро амири қўзғолонни ўз кучи билан бостира олмагач, 1869 йил отябрда Зарафшон округидаги чор маъмуриятидан ҳарбий ёрдам сўрашга мажбур бўлади. Каттақўрғон уезди бошлиғи капитан Борзенков юборган жазо отряди шу уезд чегарасида қўзғолончилар билан бўлган жангда катта талофот кўрсада, бир неча қўзғолончини асир олишга муваффақ бўлади. Улардан бири (Мулло Хусайн) Бухоро зиндонига ташланиб, қолганлари (Умарқул, Абдушукур, Худойберди) қатл этилади. Бобон қўзғолонни давом эттириб, 4 декабрда Хатирчи амлокдори Раҳимбойнинг мол-мулкини камбағал деҳқонларга тақсимлаб беради. Сўнг, қўзғолончилар Зиёуддин туман беги Муҳаммад Юсуфбой додхоҳнинг уйига ўт қўйиб, мол-мулкини халққа улашади. Бобон қўзғолонининг тобора авж олаётганидан чўчиган Туркистон генералгубернатори К. П. Кауфман Каттақўрғонга штабсротмистр М. Д. Скобелев бошчилигида отлиқ-жазо отрядини жўнатади. Каттақўрғондан 25 км узоқликдаги Чоршанба қишлоғида бўлган жангда жазо отряди енгилиб, Скобелев қочади. Бу мағлубиятдан шарманда бўлган Туркистон чор маъмурияти Скобелевни ҳарбий трибуналга беради. Шундан сўнг, Каттақўрғонга полковник Карганов бошчилигида иккинчи жазо отряди юборилади, 1869 йил декабрь охирида бўлган жангда қўзғолончилар енгилиб, улардан 40 таси ҳалок бўлади, 25 киши асир олинади, 100 дан ортиғи яраланади. Бобон эса омон қолган қўзғолончилар билан қочиб қутилади. Асир олинган қўзғолончиларни Зиёуддин туман беги халқ ўртасида осиб ўлдиради. 1870 йил 14 январда Карганов жазо отряди Қорақурсоқ қишлоғида қўзғолончилар билан яна жанг қилади, аммо уларни енга олмайди, 1870 йил сентябрда чор ҳукумати айғоқчиси Саидхон Каримхоновнинг хиёнати туфайли қўзғолончилар Каттақўрғоннинг Тўрткўл қишлоғида тормор қилинадилар. Бобон қўлга олиниб, Самарқандда қатл этилади.

Манба:ЎзМЭ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Иван данилович калита

ИВАН I Калита (? - 1340) - Москва князи (1325 йилдан), Владимирнинг князи (1328 йилдан). Москва князи Даниил Александрович (1261 — 1303) нинг ўғли. Москванинг сиёсий ва ...

Мичиган университети профессори: “чўлпон ёзган ўзбек тилига қайтиш лозим”

Мичиган университети профессори Темур Хўжаўғли Minbar билан суҳбатда ўзбек жамияти, хусусан, адабиёти, маданияти ва илм-фан соҳасига ташхис қўйди, лотин алифбосини ислоҳ ...

Қурбон ҳайити сайилга айланди

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига асосан 2018 йил 21-август Қурбон ҳайити куни ва уч кун 21, 22, 23-август кунлари дам олиш куни деб эълон ...