Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 27-қисм

* * *

Ярим кеча челаклаб қуйган ёмгир аста тина бошлади. Яна аллақайларга жала бўлиб ёққани йўл олди. Сўнг алоҳа тинди, фақат онда-сонда кечиккан томчиларини ташларди. Субҳи козиб палласи  эди.  Тип-тиниқ  осмонда  юлдузлар  чарақлаб  кўринди.  Лекин,  осмоннинг  туби  ҳали қоронғу, фақат ёмғирдан сўнг уфқ четлари оқармоқда эди. Нам ерлардан, тун бўйи ёмғир тагида бўй чўзган ўт-ўланлардан салқин уфурарди.

Лекин чўл жониворларидан ҳеч қайсиси ҳаёт нашъасини ушбу соат Авдий Каллистратовдай ўткир ҳис қилолмасди. Гарчи унинг таъби очилмаган, лекин тирик ҳаётга чин дилдан шукрона ўқирди.

Бироқ  Авдийнинг  омади  бор  экан:  куни  кеча  ҳаво  қаттиқ  исиган,  шунинг  учун  тунда унчалик  салқин  тушмаган,  Авдий  совқотмаган  эди.  Гарчи  у  бошдан-оёқ  ёмғирга  бўккан,  лат еган, жароҳатланган жойлари ачишиб, лўқиллаб турган бўлса ҳам, оғриқни енгиб, ҳаёлини бир ерга  тўплади,  равшан  фикр  йўриғи  билан  ўзини  айни  вақтнинг  ичида  ҳам  узоқ  ўтмиш,  ҳам ҳозирги дамларида тасаввур эта олди. Энди ҳаёт унинг кўзларига тамомила бошқача кўринар, уни  қисматнинг  туҳфаси  деб  қабул  қилар,  шу  боис  яшаш  ва  фикрлаш  имкониятини  янада кўпроқ қадрларди. Ёмғир тинган чоқда Авдий темир йўл кўприги остида ўтирар, бу ерга сўнгги кучларини сарфлаб қоронғуда базўр судралиб келганди…

Кўприк  ости  бир  оз  бўлса  ҳам  қуруқ  эди.  У  худди  санғилардай  шу  ерга  кириб  ўтирди. Бошини  пана  қилгудай  жой  топилганидан;  бемалол  ҳаёл  суриш  имконияти  туғилганидан хурсанд эди. Кўприк таги гулдуросга тўла, одам худди ўрта аср жомесининг юксак равоқлари остида ўтиргандай бўларди. Тепадан поездлар ўтганда узоқлардан замбараклар бирваракай ўқ ёғдираётгандай  ва  сўнг  мўлжални  аста  бошқа  ёқларга  олгандай  кўринарди.  Ўша  кеча Авдийнинг  ҳаёли  эркин  қуш  мисоли  парвоз  қилди.  Фикр  туғиларкан,  руҳни  ўз-ўзидан  ҳеч қандай тўсиқ билмай вақт ва макон чексизликлари сари озод эргаштириб кетарди. Авдий дам Исо ва Понтий Пилат ҳақида ўйлар, ҳаёлан ўша замонларда сайр қилар, боши тепасидан ўтиб бораётган  поездларнинг  гулдурос  шовқин-суронлари  ўзини  қадим  Яҳудода  Ғулқоф  тоғидаги сершиква  оломон  ичра  тасаввур  қилишига  халал  бермас  ва  ўша  ерда  бўлаётган  барча

воқеаларни ўз кўзлари била кўраётгандай бўларди. Гоҳ Москвани, Пушкин музейига борганини, болгар  кўшиқчиларини  тинглаганини  эсларди.  Кўз  ўнгига  ўзига  икки  томчи  сувдай  ўхшаш болгар  йигитни  келтирар,  ҳаёлида  унинг  юзи,  қўшиқ  айтаётганда  катта  очилган  оғзи жонланарди. Не олий оҳангларни яратарди болгар қўшиқчиларининг овозлари, унинг ҳаёли ва дилини не юксак парвозларга чоғларди улар! Отаси Дьякон Каллистратов черков қўшиқларини жону дили билан яхши кўрар, эшитганда йиғлаб кўнглини бўшатарди. Бир куни кимдир отасига замонавий  роҳиба  ўқиган  ғаройиб  дуони  берган  эди.  Ўша  ёшгина  жувон  болалар  уйида тарбияланган,  сўнг  шу  ерда  мураббия  бўлиб  қолган,  бир  ярим  ойгина  бирга  яшашган  севган йигити  уруш  йиллари  немис  сувости  кемаси  чўктириб  юборган  ҳарбий  кемада  ҳалок  бўлгач, роҳибалик удумини қабул қилган эди. Дьякон Каллистратов надомат ва салавот қўшилиб кетган ўша «кўнгил ҳужжати»ни ҳар сафар ўқиркан, кўзёшларини тиёлмасди. У, сабий Авдий уйнинг қизил пучмоғида эски пианино ёнида тик туриб, ўсмирларга хос жарангдор тоза овози билан чўкиб  кетган  кема  ҳақидаги  салавотни  қироат  қилиб  ўқишини  беҳад  яхши  кўрарди.  Авдий болалар уйидан чиққан қизнинг тиловатини ёдлаб олганди:

 

«Осмон  оқариб  келяпти,  ҳали  қуёш  чиқмаган,  ҳали  ҳамма  уйқуда.  Сенга,  ҳар  нарсани Кўргувчи  ва  ҳар  нарсага  Раҳм  қилгувчи  кўнгилдаги  зоримни  тиловат  қилиб  айтаман.  Худоё, ўзинг кечиргайсан, то Сени ёд этмоқдан бурун ўз арз-додимни эсладим. Лекин мен то тирик эканман, шу тиловат билан яшагайман.

 

Сен Раҳими Раҳмонсан, Ҳақсан, Ҳаллоқсан, кечир, Сени ўз арзим ила безовта қилмоқдаман. Мен  ўзим  учун  сўрамайман,  менга  дунё  роҳат-фароғати  даркор  эмас,  умрим  чироғини узайтирмасанг  ҳам  майлига.  Ёлғиз  одамзод  болаларининг  дилларини  халос  этмоқликни тилайман.  Сен  Ғаффори  Оламсан,  кўнгилларимизга  муҳр  босма,  жаҳолатда  қолдирма,  токи яхшилик ва ёмонлик ёруғ оламда бирга мавжуд экан, бизни баҳонаи сабаб занжирларидан халос эт. Одамларнинг дил кўзларини очгайсан. Ўзим учун сўрамайман, тилим ожиз. Мен ҳар қандай ажр-оқибатингга ҳозирман — хоҳ жаҳаннам ўтига ташла ва хоҳ чек-чегараси йўқ Салтанатингга ол. Қисматимиз ўз қўлингда, ё Ҳаллоқ, ё Маллоҳ!

 

Сенинг  Роҳибаи  қулингман,  ҳабий  каломинг  сомесиман,  сенга  якка-ёлғиз  бир  арзим  бор, ўзга арзим йўқ. Дилимни ҳаёт ва дунё роҳатидан, қайғу-надоматидан, ўткинчи неъматларидан поку табар этдим. Сенинг пок Руҳингга етишмоқ илтижоси билан шундай қилдим, Худоё.

Ёлғиз шуни сўрайман, мўъжизангни кўрсат: майли, ўша кема кечани кеча демай, кундузни кундуз демай, ўша йўлида ҳеч тўхтамай давом этсин, то само эврилмоғида кун тунга батамом қуюлгунча,  тун  кунга  батамом  қуюлгунча.  Майли,  ўша  кема  тўп-тўпхоналарни  оғизларини боғлаганча  ҳеч  тўхтамай  уммонлардан  уммонларга  сузиб  юрсин,  денгиз  тўлқинлари  уввос солиб,  шалдираб  унинг  тўшларига  урилсин.  Уммоннинг  аччиқ  сувлари  унга  шовуллаб тўкилсин, зарралар сочилсин, заррачалар зариллаб унга нафас  берсин. У кема деворларининг қарсиллагани,  машиналарнинг  гурсиллагани,  шамол  билан  кемага  эргашган  чорлоқларнинг ғайқиллаганини эшитсин. Майли, кема энг узоқ уммонларнинг энг узоқ соҳилларидаги. оппоқ шаҳарга йўл тутсин, лекин бари бир у ерга энди ҳеч қачон етолмагай…

 

Сендан  тилагим  ана  шу,  холос.  Тун-кун  тиловат  қилиб,  фақат  шуни  сўрайман.  Ё  Раҳими Раҳмон,  мағфиратингга  бегона  қилмагайсан,  кечир,  чўккан  кемани  тиловатимга  қўшдим, арзимас  дема.  Сен  умидлар  даргоҳисан.  Оҳимиз  даргоҳингга  етиб  борсин.  Сен  Қодирсан, Қаҳҳорсан, Раҳмонсан. Ҳар нарсанинг боши сенда, охири ҳам сенда. Сенга елвориб борамиз. Сендан нажот сўраймиз ҳар качон, ҳар қайда. Мен оламдан ўтганда, сендан ким илтижо қилади, ким  ёлворади  Худоё,  майли  ўша  кема  уммонларингда,  мангу-мангу  уммонларингда чексизликлардан ҳам нарида сузиб юраверсин. Омин!»

Ўша  кеча  роҳибанинг  тиловати  нима  боисдан  яна  эсига  тушганлигини  унинг  ўзи  ҳам билмасди. Агар Учқудуққа мотоцикл миниб келган жувон учраб қолса, унга ҳам шу тиловатни ўқиб берардим, деган ўй ҳаёлидан лип этиб ўтди ва кулгиси қистади.  Авдий беихтиёр кулиб юборди-да,  э,  бевош  тентак,  деди  ўзига  ўзи  ва  ҳолига  маймунлар  йиғлаб,  шўрига  шўрва тўкилиб, худди бесар, беватан ўғри-қароқчилардай кўприк тагида шумшайиб ўлтирганимни у кўриб қолса, нима бўларди, деб тасаввур қилди. Ким деб ўйларди мени, тағин шу аҳволда унга кема  ҳақидаги  тиловатни  ўқиб  бермоқчиман.  Қип-қизил  девона-ку,  дерди  у  ва  албатта,  ҳақ чиқарди.  Бу  алфозда  унинг  кўзига  кўринишдан  номус  қилса  ҳам,  лекин  барибир  уни  жуда кўргиси келди…

 

Авдий  тонг  оқаргунча  кўприк  остида  ўтирди,  унинг  боши  устидан  қалдираб  чўлнинг поездлари ўтарди. Лекин, ҳаммадан кўпроқ хумор чопарларни ўйларди. Қаерда экан улар? Нима қилишаётган  экан  ҳозир?  Жалпоқ-Создан  ўтиб  олишгандир,  йўлда  кетишаётгандир.  Қаерда ҳозир Петруха, Лёнька ва бошқалар? Худди алвастидай тутқич бермайдиган Гришан-чи? Авдий қўпол хатога йўл қўйганлиги, янглишганлиги учун ҳозир қаттиқ ачинди. Гришан ютди, унинг қора иши тантана қилди, ҳаммаси жуда ёмон натижа билан тугади. Аттанг! Шундай бўлса-да, Авдий мана шу кунлар бошига тушган синоқлар бежиз кетмаганлигини тушунарди. Буларнинг барини кўриши керак эди. У чопарларни хатарли йўлдан қайтаролмади, лекин газетада чиқиши учун қизиқарли материал тўплади, бу материални ўз пешона тери билан топди.

Шу  каби  мулоҳазалар  Авдийга  андак  тасалли  берар,  лекин  жони  айниқса,  Лёнькага ачишарди. Уни тўғри йўлга солиш мумкин эди, бироқ улгурмади.

Авдий  Мўйинқум  чўлларида  барча  кўрган-кечирганларини  бирма-бир  ҳаёлидан  ўтказди. Бўриларни  учратгани,  кўкёл  бўри  ўқдай  учиб  бошидан  ошиб  ўтгани,  аммо  унга  зиён еткизмагани эсига тушди. Бу бир синоат, жуда ғалати ҳодиса. Бўрининг ўт чақнаган, ақлли кўк кўзлари бир умр унинг эсидан чиқмайди.

 

Аммо қаранглар-а, темир йўл узра яна қуёш чиқди ва ҳаёт ўзининг янги даврасига кирди. Тунги жаладан сўнг чўл гуркираб кетган эди. Ҳали ҳаво салқин, кўз илғаганча чўл мусаффо, кўк осмонда  тўрғайлар  сайрарди.  Чўл  ҳофизлари  ер  билан  осмон  ўртасида  пирпираб  ўрлашар  ва беҳудуд қўшиқ тўқишарди. Бу ерлардан олис-олисларда қайнаб ётган ҳаёт ҳақида дарак бериб поездлар чўлнинг у уфқидан бу уфкига шошилишарди.

 

Кечаси кўкдан ёққан оби раҳмат туфайли ўша чўл тонготарида ажиб тароват ва уйғунлик ҳоким эди.

 

Куёш юқори кўтарилиб, қиздира бошлаши билан Авдий кийимларини қуритмоқчи бўлди. Уст-бошларини  ечаркан,  даҳшатга  тушди.  Улар  далва-далва  йиртилиб  кетган,  бу  аҳволда одамлар  кўзига  кўрингандан  ўлган  маъқул  эди.  Баданига  эса  қараб  бўлмас,  соғ  ери  йўқ, ҳаммаёғи  ғурра,  шиш,  моматалоқ  эди.  Яхшиямки,  ойнаси  йўқ  экан.  Акс  ҳолда  ўзига  қараб қўрқиб кетарди, лекин ойнасиз ҳам ҳаммаси унга равшан эди: юзига қўл теккизса безилларди.

Бундан ҳам бадтар бўлиши мумкин эди, деб тасалли берарди у ўзига ўзи. Ҳар қалай, тирик қолди-ку, шунинг ўзи тенги йўқ бахт эмасми, ахир.

 

Кўприк тагида ечинаркан, яна бир нарса кўнглини хира қилди. Паспорти билан озроқ пули бутунлай  яроқсиз  ҳолга  келган  эди.  Йиқилганда  паспорт  ғижим-ғижим  букланган,  ёмғирдан сўнг эса таниб бўлмайдиган ҳолга келганди. Пулидан эса йигирма беш сўмлик билан битта ўн сўмликкина яроқли эди. Шу пул билан Авдий Москвага ва ундай Приокс шаҳрига етиб олиши керак эди.

 

Авдий  Каллистратовни  нохуш  ўйлар  чулғаб  олди.  Семинариядан  ҳайдалгандан  сўнг Авдийга  тангроқ  аҳволда  яшашга  тўғри  келди.  Опаси  Варваранинг  розилигини  олиб,  эски пианинони сотди. Варвара болалик чоғларида унда пианино чалишни ўрганган эди. Комиссион магазинда пианинони ярим пулга баҳолашди. Ҳозир бунақа музика асбобига қизиқиш йўқ, улар ҳамма жойда тўлиб ётибди. Ҳатто, эски магнитофонларни қўйишга жой топилмайди, пианинони қаерга сиғдирамиз, деб баҳоналар қилишди. Илож йўқ эди, шунга рози бўлишга тўғри келди. Мана энди ҳеч вақоси қолмади. Бундан ортиқ яна нима керак!

 

Янги кун туғди. Яшаш керак эди. Яна турмуш уринишлари ҳаёлпараст Каллистратовнинг ҳиқилдоғидан олди.

 

Кечаси  билан  кўприк  тагида  ўтириб  ўйлаб  чиқди.  Энди  бу  ердан  қандай  қутулишнинг чорасини излаш керак эди, бундан ташқари қориннинг ғамини ҳам ейиш керак.

Шунда Авдийнинг омади кулиб боқди. Кун ёришгач, у беркиниб ўтирган кўприк тагидан от-улов йўли ўтганини кўрди. Рост, бу йўлдан машиналар жуда сийрак қатнаса ажабмас. Йўловчи машинани кутса, Худо билади, яна қанча ўтиришга тўғри келади. Авдий энг яқин разъездгача пиёда  юриб  боришга  қарор  қилди.  У  ердан  бир  амаллаб  Жалпоқ-Созгача  етиб  олар.  Йўлга тушиш тадоригида Авдий нигоҳи билан атрофни тимирскилади: бир таёқ топилса, йўлда унга анча  мадади  тегарди.  Поезддан  қулаганда  ўнг  тиззаси  лат  еб,  шишиб  чиққан,  энди  қаттиқ оғримоқда эди. Атрофига олазарак назар ташлаб, Авдий кулиб юборди: «Петруха мени боплаб урган  таёқни  Гришан  ташлаб  юборган  бўлса-чи?  Энди  таёқни  бошига  урадими?»  Таёқ топилмади.  Лекин,  шу  асно  чўл  ичидан  кўприк  томонга  қандайдир  машина  келаётганлигини кўрди.

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эврил турон: эртами, кечми адолат тикланади

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасини  ўлик ҳолга келтирган, ўнлаб адибларни қатоғон этган (ўттизинчи йиллардаги каби) Муҳаммад Али ағдарилди. Буни асл адиблар байрам қилишияпти. ...

Чингиз айтматов:қиёмат 11-қисм

Мен Москвага келдим. Бу ердан, Қозон вокзалидан наша ўсадиган чўлларга жўнашим керак эди. Гап шундаки, худди мана шу Қозон вокзалида ўсмирларнинг нашага борадиган чопарлари,— ...

Юлдузли тунлар-57

Самарқанд қўрғонининг Оҳанин дарвозаси яқинидаги улкан мармар масжиднинг текис тош тўшалган саҳнига йигирма минг намозхон тўпланган. Бугунги жума намозида хутба қандай ...