Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 30-қисм

Авдий  Каллистратов  Инга  Фёдоровна  билан  ўрталарида  туғилган  муносабатларни «тақдиримда  янги  давр»  деб  атар  ва  бунда  ростдан  ҳам,  ҳеч  қандай  муболаға  йўқ  эди.  Она шаҳрига қайтиб келганининг нақ эртасигаёқ қизга узундан-узоқ хат ёзди. Бу-ку, майли. Лекин йўлда поезд беш дақиқадан кўп тўхтаган ҳар бир бекатдан откриткалар ёзиб жўнатганлигини айтмайсизми.  Бу  оддий  ошиқ-маъшуқликка  ўхшамасди.  Авдий  ўз  ҳаёт  йўлида  Инга Фёдоровнани учратгандан бери шунчалар ҳаяжон ҳамда изтироблар ичида яшар эдики, буларни асло ақлга сиғдириб бўлмасди.

У қизга ёзарди: «Менга нима бўляпти — ҳеч ақлим етмайди! Ўзимни вазмин, босиқ одам, деб ҳисоблардим. Ақлим ҳам, туйғуларим ҳам, бир-бирларига равон, уйғун эди. Энди эса, ҳатто нима  қилаётганимни  ўзим  билмайман.  Дарвоқе,  ҳеч  нарсани  билишни,  таҳлил  этишни истамайман.  Нега  шундай,  ҳайронман.  Бошимга  худди  тоғ  кўчкисидай  бахт  ёғилди.  Мен  шу кўчкининг  тагида  қолдим.  Бир  ҳужжатли  фильмда  кўрган  эдим — оппоқ  қор  тоғ  кўчкиси йўлида  учраган  жамийки  нарсаларни  совуриб,  эргаштириб  кетади.  Шундай  кўчки  менинг устимга ҳам ёғилди. Дунёда бошқа бундай бахтиёр одам йўқ, бўлмаган ҳам; омадим бор экан, мен  худди  ноғорасини  чертиб  ўйинга  тушаётган  ёввойи  одамга  ўхшайман.  Шу  ёз  бошимга ёғдирган  барча  нағмалари  учун  тақдиримдан  розиман:  ахир,  у  мени  тирик  қолдирди,  ҳаёт қийновларию гирдобларини кўриш имконини берди; бошқа яна қайда кўриш мумкин буларнинг барини. Бир шахс доирасидаги муҳаббат — бу чинакам руҳий инқилоб, дердим! Шундай экан, унда яшасин руҳий инқилоб! Совургувчи ва қайта яратгувчи!

Бошолмон сўзларим учун кечир, Инга. Лекин мен сени севаман! Мен учун қанчалар азиз эканлигингни ифодалай олмайман, бунга сўзим ҳам, кучим ҳам етмайди…

Ижозат  эт,  нафасимни  ростлаб  олай.  Редакцияга  бордим.  Ҳаммасини  мухтасар  гапириб бердим.  Очеркни  тезлатишни  айтишяпти,  очеркни  кутишяпти.  Балки  бу  муҳим  мавзуда  бир туркум очерклар ёзарман. Агар ниятим йўлдошим бўлса, шояд доимий ишлаш учун шу газетада қолдиришар. Лекин, бу ҳақда гапиришга вақт эрта. Муҳими, эртага ёзишга ўтираман. Сафарда атай ҳеч нарса ёзиб бормадим. Ҳаммасини бир чеккадан хотирада тиклашга тўғри келади.

Нима қилганда ҳам, оғу тарқатганлиги учун оғир ва адолатли, қонуний жазосини кутаётган чопарларнинг  тақдирларига  мен  бепарво  қараёлмайман.  Уларни  қисмати  аччиқ  ва  ўнгмаган тирик одамлар деб биламан. Айниқса, Лёнькага ачинаман. Болакай хароб бўляпти. Бу ерда яна ўша ахлоқий масала кўндаланг бўлиб туради. Бу ҳақда сен билан кўп гаплашганмиз, Инга. Сен мутлақо ҳақсан, Инга, Ер куррасининг ҳар қандай нуқтасида рўй берган ҳар қандай инсоннинг ҳар  қандай  жинояти,  ҳар  қандай  ёвузлиги,  гарчи  биз  бундан  бехабар  бўлсак-да,  ва  гарчи  биз бундан  жуда  йироқда  турсак-да,  ва  бу  ҳақда  ҳеч  нарса  билишни  истамасак-да,  бари  бир барчамизга  тааллуқлидир.  Яшириб  ўтирадиган  жойи  йўқ,  гоҳо  масхара  қилиб  кулиб  қўямиз:

қаранглар-а,  бизнинг  рақибларимиз  қандай  аҳволга  тушишибди,  деймиз.  Лекин,  газеталар мамлакатимиздан ташқарида бўлаётган жиноятлар ҳақида ёзиб тўғри килишади, бунинг ўзига яраша  чуқур  маъноси  бор.  Зотан,  дунёда  инсон  елкасига  тушган  барча  оғирчиликларнинг  ўз мувозанати мавжуд, коинотда бирдан-бир фикрловчи хилқат — бу одам ва уларнинг мана шу хислатлари,—  биз  буни  истаймизми,  истамаймизми,  уларни  бир-бирларидан  ўзаро  айириб турган барча нарсалардан кўра афзалроқдир. Барча қарама-қаршиликларимизга қарамасдан, биз охир-оқибат ана шунга келамиз. Ер юзида ақл-идрок тантанаси шу бўлади. Инга, шундан ғоятда хурсандманки,  мени  ҳаяжон  ва  ташвишга  солаётган  нарсалар  ҳақида  сенга  бемалол  ёзишим мумкин,  чунки,  мени  тушунасан,  мен  бунга  аминман.  Тўхтовсиз  хатлар  ёзавериб,  жонингга тегиб  кетаманми  деб,  қўрқаман.  Нима  қилай,  ёзмай  туролмайман,  иложи  йўқ,  акс  ҳолда чидаёлмайман.  Фикру  ҳаёлим  сенда,  доим  сен  билан  бўлишни  истайман,  Гоҳо  қанийди,  яна Мўйинқумга бориб қолсам, мотоциклда Учқудуққа келганингни кўрсам, мен шўрлик художўй фикри  жадидни  бир  қарашда  асиру  мубтало  этганингни  ҳис  қилсам,  дейман.  Ўшанда  сени кўриб,  шу  қадар  лол  қолган  эдимки,  ҳали-ҳанузгача  эсласам, юрагим  гурсиллаб уриб  кетади, ўзимни қўйгани жой тополмай қоламан. Одам буни айтишга ҳам ҳатто, хижолат чекади. Сен замонавий либосларда мисоли ойдан тушган илоҳадай бўлдинг…

Мана шуларни эслаб ўтирарканман, ўшанда, чопарлар билан тўқнашганларимда инсон азоб-уқубатлари тошу-тарозусида майли, зиғирча бўлса-да, ёмонлик камайиб, яхшиликнинг ҳиссаси андаккина  кўпайишига  хизмат  қилолмаганимдан  ўкинаман.  Улар  Худодан  қўрқадилар,  деб ўйловдим.  Лекин  уларнинг  худоси  пул  экан.  Мана  ҳозир  ўша  чопар  болаларга  қандай  ёрдам беришим мумкин, деган фикр мени қийнайди. Такдир экан, уларга дуч келдим, улар ўртасида бўлдим. Мен аввало тавба-тазарруни назарда тутяпман. Мен уларга тавба йўлини кўрсатмоқчи эдим.  Тавба — инсоният  руҳияти  тарихининг  энг  улуғ  неъматларидандир.  Бизнинг  кунларда унинг сариқ чақачалик эътибори қолмади.

Ҳозирги замон кишисининг маънавий дунёсидан у тамомила бадарға қилинди. Лекин одам тавба-тазаррусиз одам бўлиши мумкинми? Хоҳ хатти-харакатда, хоҳ, ўй-фикрларда, хоҳ ўзини қийнаб  ўртанишларда,  хоҳ  изтироб,  пушаймонликларда  айби,  хатосини  тан  олиб,  ларзага тушмоғи  ва  кўзи  очилмоғисиз  инсон — инсон  бўлармиди?..  Ҳақиқатнинг  йўли — камолотга эришмоқликнинг кундалик йўлидир…

О,  Худойим,  яна  ўша  эски  гапга  тушиб  кетибман-ку!  Мени  кечир,  Инга.  Юрагим  тошиб кетяпти, чунки фақат сени ўйлайман. Назаримда, сенга айтишим керак бўлган гапларнинг юз мингдан бирини ҳам айтиб улгуролмаётгандайман…

Қанийди, сени тезроқ, тезроқ кўра қолсам, ахир мундоқ ўйлаб қарасам, кўришмаганимизга бир ҳафта бўлибди…

Жуда, жуда соғиндим. Дилим тинмасдан ўртанади. Бошқа ҳамма ҳаёт ташвишлари мен учун ўз қимматини йўқотди, ҳеч нарсага арзимайдиган нарса бўлиб қолди, ажойиб…»

 

* * *

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-14

4 Кечки пайт ҳужрада Бобурнинг ёлғиз ўзи қолди. Қосимбек керакли одамларга: «Ҳужра — мирзо ҳазратларининг хилватгоҳлари бўлди, кечаси ҳам ўша жойда тунамоқлари мумкин», деб ...

Мeҳробдан чаён-икки хил садоқат

Кечаси  ёмғур  савалағандек  ёғиб  турадир...  Қоп-қоронғи,  олти  қаричлиқ  тор  кўчанинг муюшида  турған  бир  кўлага  ёмғурдан  қочқан  каби,  кичкина  эшик  панасига  ...

От кишнаган оқшом (қисса) 12-қисм

12 Биродарлар, от билмайдиган нима йўқ! От қор-ёмғирни, довулни олдиндан билади. Айниқса, тўй-маъракани дарров билади. Боиси, тўйда кўпкари бўлади-да! Бизнинг Тарлон кечаси ...