Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 31-қисм

Июль охирлаб қолганди. Кунлардан бир кун мен газета редакциясидан кўнглим хира бўлиб чиқдим.  Юрагимга  қил  сиғмасди.  Негаки,  кутилмаганда  менинг  чўл  очеркларимга муҳаррирнинг  муносабати  ўзгарган  эди.  Зарбдор  материал  олиб  келиш  учун  мени илҳомлантирган  редакциядаги  ўртоқлар  ҳам  энди  ўзларини  ғалати,  худди  айб  иш  қилиб қўйгандай тутишарди.

Буларни кўтариш менга оғир эди. Кишилар олдимда ўзларини алланечук гуноҳкор деб ҳис қилсалар,  бундан  шу  қадар  қаттиқ  қийналаманки,  уларни  тезроқ  виждон  азобидан  қутқариш пайига  тушаман,  токи,  мени  кўрганда,  кисилиб-қимтиниб  ўтирмасинлар  дейман.  Акс  ҳолла уларнинг айблари учун ўзимни айбдор ҳисоблай бошлайман…

Редакциядан чиқиб кетарканман, бу ерга бошқа қадам босмайман, нима қиламан кўзларига хунук кўриниб, агар керак бўлсам чақиришар, деб ўйладим. Агар чақиришмаса, яна ўзларига ҳавола.  Жилла  қурса,  бу  ишдан  ҳеч  нарса  чиқмаганлиги  ва  умид  иплари  кесилганлигини биламан-ку.

Россияда ёзнинг энг гўзал чоғлари эди. Мен хиёбонлардан ўтиб борар, ичимга чироқ ёқса ёришмасди.  Чўл  очеркларини  ёзиш  учун  қанча  куч-қувват  сарфладим,  уларда  ўзимнинг гражданлик дардимни баён қилмоқчи бўлдим, изҳори дил ва башорат каби қоғозга туширдим.

Лекин  кутилмаганда,  мамлакатнинг  обрўйи  деган  қандайдир  гаплар  чиқди (бундоқ  ўйлаб кўринг-а, биз ўзимиздан ўзимиз нимани яширамиз?), мана энди, не машаққатлар эвазига қўлга кирган чўл очеркларим шу гап-сўзлар тагида кўмилиб кетмоқчи. Қанчалар хафа бўлганимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Яна энг алам қиладиган жойи шундаки, муҳаррир нима дейди денг:

— Балки буларнинг барини юқори идораларга маълумот тариқасида ёзиб бериш керакдир.

Зарур чоралар кўрилар, ахир.

Ҳа, шундай деди.

Мен эсам, токатим тоқ бўлиб, эътироз билдирдим:

—  Қачонгача  биз  ўзимизни  ҳатто  фалокатларимиз  ҳам  бошқаларникидан  яхши  деб, ишонтирамиз?

— Бунга фалокатнинг нима алоқаси бор?— қовоғини уйди муҳаррир.

— Алоқаси шуки, гиёҳвандлик ҳам ижтимоий фалокат.

Кейин кетдим. Фақат Инганинг хатларигина кўнглимга ёруғлик олиб кирарди. Уни соғиниб, кўргим келса, дарҳол хатларини такрор-такрор ўқирдим. Телепатия бор, мен бунга ишонаман. Акс  ҳолда  мени  тинимсиз  ўйлатган,  қийноққа  солган,  ҳаммадан  кўпроқ  тўлқинлантирган  ва ташвишга  қўйган  нарсалар  ҳақида  аввалроқ  унинг  хатларида  гап  очилганлигини  қандоқ тушунтириш мумкин? Бу хатлар менга умид ва ишонч бағишларди. Йўқ, қисмат мени алдамади, менинг  устимдан  кулмади.  Ахир,  ҳозирги  замоннинг  ёшгина  жувонларига  менга  ўхшаганлар ёқармиди асло? Мен одоб-ахлоқ ҳақида эски тушунчаларда юрган, омади чопмаган, ови юрса-да,  дови  юрмаган,  ўқиб-ўқимаган  бир  лакалов  бўлсам?  Алп  қомат,  алп  тақлид  йигитларга тенглашолмасам?  Бироқ  Инга  хатларида  менга  шунчалар  ишонч  билдирар,  ҳурмат-эътибор кўрсатар ва энг муҳими, қалбнинг майлини очиқ ифодалар эдики, бундан гўё менга қанот битар, кўнглим  кўтариларди.  Уни,  менинг  Ингамни  учратганимдан  қанчалар  шоду  бахтиёр  эдим!

Севгининг фасонаси ҳам шунда, бир-бирига тинимсиз талпинишда эмасми…

Ҳозирча  ҳеч  қандай  турмуш  икир-чикирларига  дуч  келмаган  эдик.  Шунга  қарамасдан, бундай ташвишлар борлиги ва уларни ечиш зарурлигидан хурсанд эдим. Мен муқим даромади бўлган  тайинли  бир  ишнинг  бошини  тутишим  керак  эди.  Шу  кунгача  отамнинг  эски китобларини сотиб тирикчилик ўтказиб турар ва бундан ҳаддан ортиқ эзилардим. Мен Осиёга, Инганинг олдига бориш ҳаёлида юрардим. Ўша ерда ишга жойлашсам, илдиз отсам, доим унинг ёнида бўлсам, дердим. Унинг экспедициясига ёрдамчи ишчи бўлиб киришга, тадқиқотларини муваффаққиятли  олиб  боришлари  учун  кўмаклашишга  тайёр  эдим.  Бир  чеккаси,  бу тадқиқотларга ҳам энди бефарқ қарай олмасдим. Икковимизнинг умумий манфаатларимиз шу ерда бирлашар эди: мен гиёҳвандликни аҳлоқий-маънавий йўл билан йўқотишни кўзлар, у эса шу  вазифани  илмий  жиҳатдан  ҳал  қилиш  устида  ишларди.  Унинг  ўз  ишига  берилганлигини кўриб,  завқим  келарди.  Ваҳоланки,  унинг  иши  унчалик  эътиборни  ҳам  тортмас,  обрў,  шон-шуҳрат ҳам ваъда қилмас, тез кўтарилиш учун пиллапоя ҳам бўлолмасди. Очиғини айтганда, Инга ёввойи ҳолда ўсадиган нашапояни йўқотишдек илмий муаммо устида жиддий текшириш олиб бораётган бирдан-бир киши эди. Унинг ўзи шу ердан, жамбуллик эди. Тошкентда ўқиган эди.  Илмий  ишининг  худди  мана  шу  соҳасини  танлашида  албатта,  буларнинг  бари  маълум даражада ўз таъ-сирини ўтказганди.

Инга ҳаётининг ўзига яраша ишкалликлари ҳам йўқ эмасди. Олдинги эри — ҳарбий учувчи билан  уч  йилдан  бери  бирга  туришмасди.  Инга  ўғил  кўргач,  ажралишган  эди.  Ҳозир  учувчи бошқага  уйланмоқчи  бўлиб  юрарди.  Шунинг  учун  Инга  билан  охирги  марта  учрашиб, ҳаммасини ва айниқса, ўғилча такдирини бир йўла ҳал қилишлари керак эди. Кичкина Игорь Жамбулда бобоси ҳамда момоси қўлида, докторлар хонадонида тарбияланар, лекин Инга ўғли доимо  ўзи  билан  бирга  туришини  истарди.  Инга  хатларидан  бирида  ўғлимни  кузда  Жалпоқ-Созга олиб келмоқчиман, темирйўлчилар богғчасидан жой ваъда қилишяпти, деб ёзганида, мен бундан  чандон  хурсанд  бўлдим  ва  унга  мендан  нима  лозим  эса,  ҳаммасини  бажонидил  адо этажагимни билдириб, жавоб ёзиб юбордим.

Шундан кейин у кузда дам олгани чиқаман, бирга Жамбулга борсак, ўғилчани ва ота-онамни кўриб  келсак,  деб  хат  ёзди.  Биргаликда  сафар  қилишимиз  ҳақидаги  гапдан  ниҳоятда тўлқинланиб  кетдим.  Унга  истаган  пайтда  боришга  тайёр  эканлигим,  ундан  жонимни  ҳам аямаслигим, умуман олганда, доимо ҳар икковимизнинг, ва энг аввало, унинг манфаатларини кўзлаб иш тутмоқчилигимни ёзиб юбордим. Сенга фойдам тегса ва сенга керак бўлсам, менинг бахтим шу, дедим.

Кузда  турмушимизни  ҳал  қилишимиз  керак  эди.  Ўй-ҳаёлим  фақат  шу  билан  банд  эди.

Жамбулга  Инганинг  ота-онаси  ва  кичкина  Игорни  кўргани  боришимизни  ўйлаб,  ўзимни қўйгани жой тополмасдим. Кўп нарсалар шунга боғлиқ эди. Сафарнинг ўзи бўлмайди, маблағ керак  эди.  Боришнинг  ўзига  қанча  пул  кетади.  Мўйинқум  очеркларининг  чиқишига  умид боғлаган эдим. Лекин, афсуски, бу ҳам чиппакка чикди. Шундан сўнг область босмахонасига вақтинча тунги корректор бўлиб ишга кирдим. Шу билан бир куним ўтиб турди…

Ниҳоят, яна Ингадан хат олдим. У хатида Жалпоқ-Созга октябрь ойининг охирларида кела оласанми, агар кела олсанг, ноябрь байрамига бирга Жамбулга борар эдик, деб ёзарди…

Мен  бошимдан  ҳушим  учиб,  ўша  заҳоти  телеграмма  жўнатай  деб  шаҳар  телеграфига югурдим… Китобларни тезроқ сотиб, йўлга тушиш керак эди.

 

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Устозим рауф парфи – ўртакаш излаб

Рауф  ака билан юз берган ҳаддан кўп воқеаларнинг гувоҳи бўлганман. Агар уларни ёзаверсам, бир неча китоб бўлса керак. Бир йилда 10 тасини ёдга олсам ҳам жами 250 та воқеа ...

От кишнаган оқшом (қисса) 71-қисм

71 Ғўнғир-ғўнғир овоз эшитдим. Кўзимни очиб, осмонранг оламни кўрдим. Яхшилаб қарадим, кўраётганим осмоннинг ўзи бўлди. Ҳайрон бўлиб, теварагимга алангладим. Теварагимда ...

Мeҳробдан чаён-раъно

Исм  билан  жисм  аксар  бир-бирисига  мувофиқ  тушмайдир.  Меним  ёш  вақтим,  айниқса, гўзаллик  қидирған  мағрур  чоғларим  эди.  Оиламиздами,  бошқа  ердами  баҳарҳол  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400