Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 34-қисм

Мишаш билан Кепа Авдийни машинадан тортиб туширишди-да, Обер-Кандаловнинг олдига судраб келиб, елкасидан босиб чўккалатишди. Обер-Кандалов бўш яшикнинг устида бужмайиб ғижимланган  плашчининг  этакларини  икки  томонга  ёйиб,  кирза  этикдаги  оёқларини  кериб ўтирарди. Машина кичик чироқларининг ёруғида у ғайритабиий ваҳимали, бадқовоқ ва ҳаддан ташқари мудҳиш кўринарди. Ён томонида тоза кийик гўштидан пиширилган кабобнинг ҳиди кўтарилаётган олов, бу ерда жунжиккан, қурпайишган Гамлет-Галкин билан Абориген-Узуқбой тик  туришибди. Икковининг  ҳам  кайфи  тароқ,  Авдийни  Обер  қандай  тергашини  кутиб, нималарнидир  пичир-пичир  қилишиб,  бемаъниларча  илжайишар,  бир-бирларини  туртиб қўйишар, кўз қисишарди.

—  Ҳа,  нима  дейсан?—  деб  сўради  ниҳоят  Обер  олдида  чўккалаб  турган  Авдийга  еб юборгудай қараб.— Ақлинг кирдими?

—   Қўлимни ечинглар,— деди Авдий.

—  Қўлингними?  Нега  қўлинг  бойланди,  шуни  ўйладингми?  Исёнчилар,  фитначилар, ғаламислар,  тартиб-интизомни  бузувчиларнинг  қўллари  бойланади!  Бузиқиларни, тушундингми? Тартиб бузиқиларни!

Авдий миқ этмади.

— Майли, ечсак, ечайлик қўлингни, ундан кейин нима қилар экансан, кўрамиз,— деб раҳм қилди Обер.— Қани, унинг қўлини ечинглар,— буюрди у,— ҳозир қўли ўзига керак бўлади.

— Онангни… чечиб нима қилади,— тўнғиллади норизо бўлиб Мишаш Авдийнинг қўлини арқондан  бўшатаркан.—  Буларни  дарров  кучук  боладай  сувга  чўктириш  керак.  Бундайларни етти буклаб, ерга қозиқ қилиб қоқиш керак.

Арқон  ечилгандан  кейингина  Авдий  елкалари  ва  қўллари  қанчалар  увишиб  қолганлигини сезди.

— Мана, илтимосингни бажардик,— деди Обер-Кандалов.— Ҳали вақтинг бор. Ҳозирча, ма, манавини ич!— у Авдийга ароқ тўла стакан узатди.

— Йўқ, ичмайман,— қайтарди Авдий.

— Ичмасанг ичма, кон қускур!— Обер стакандаги ароқни Авдийнинг юзига шартта сепиб юборди. Авдий чўчиб тушди, қалқий-қалқий ўрнидан ирғиб туриб кетди. Бироқ Мишаш билан Кепа яна елкасидан босиб, Авдийни ерга қапиштириб қўйишди.

—  Ёлғон  айтяпсан,  онангни…  ичасан!—  ириллади  Мишаш.—  Айтмадимми,  бундайларни чўктириш керак! Қани, Обер, ароқдан қуй. Оғзидан қуймасам, одаммасман. Ичмасин-чи, итдай уриб ўлдираман.

Стакан Мишашнинг қўлида қисирлаб кетди, чети Авдийнинг лаблари, юзларини тилди. Ўз қонига  ҳалқоб  бўлган  ва  ароқ  томоғига  тиқилган  Авдий  бошини  олиб  қочди,  Мишаш  билан Кепага қаршилик кўрсатиб, оёқ-қўлларини тарпитди.

—  Болалар,  қўйсанглар-чи,  Худо  кўтарсин,  ичмаса,  ичмасин,  ўзимиз  ичамиз!—  Гамлет-Галкин  тепкилашиб  ётганларнинг  атрофида  зир  югуриб,  зорланарди.  Абориген-Узуқбой машинанинг орқасига қочди. У ердан нима қилишини билмай қўрқа-писа қараб турди: қочай деса, ҳали шунча ичилмаган ароқ қолиб кетади, қочмай деса, бошига бало орттиради… Фақат Обер-Кандаловгина  тахтда  ўтиргандай  бўш  яшикдан  қимирламай  ўмбалоқ  ошиб

думалашаётганларни томоша қиларди. Гамлет-Галкин Обер олдига югурди.

— Тўхтат, Обер, барака топкур, ўлдириб қўйишади. Қамалиб кетамиз!

— Қамалармиш!— кибр билан ижирғаниб деди Обер.— Мўйинқумда қамоқ нима қилади, тентак?  Бу  ерда  мен  судман!  Ким  билиб  ўтирибди  нима  бўлганини.  Уни  балки  бўрилар бурдалаб кетгандир. Ким кўрган, ким исботлайди!..

Авдий ҳушдан кетиб, уларнинг оёқлари остига қулади. Икковлашиб уни тепкилай беришди.

Кўзи қоронғилашаркан, Авдий охирги маротаба Ингани ўйлади: унинг ҳоли нима кечади, уни ҳеч қачон ҳеч ким ўзи севган каби севолмайди.

Унинг қулоғи чип битди, кўз ўнгини туман қоплади. Шунда ҳаёл лавҳасида кўкёл бўрини кўргандай бўлди. Иссиқ ёз пайти нашазорда устидан оловдай учиб ўтган бўри…

— Мени қутқар, бўрижон,— бу Авдийнинг бўғзидан чиққан охирги сўз эди.

У  аллақандай  савқи  табиий  билан  Акбара  ва  Тошчайнар  ўз  инларига  яқинлашиб келаётганликларини аниқ ҳис қилди. Лекин уя атрофида одамлар бор эди. Махлуқлар, одамлар энди  жўнаб  кетган  бўлсалар  керак  деб,  умидвор  бўлиб  яна  қадрдон  жойларини  қора  тортиб келган эдилар…

Лекин  юк  машинаси  ҳамон  ўша  ерда  ҳайбатли  қорайиб  кўринар,  у  ердан  бақириқ-чақириқлар, тўполон, урган, сўккан овозлар қулоққа чалинарди…

Бўрилар  яна  чўлга  қайтишга  мажбур  бўлдилар.  Улар  хит,  афтодаҳол,  бошлари  оққан томонга  кетиб  борардилар… Одамлар  туфайли улар  ҳаловатларини  йўқотган,  на  кечаси  ва  на кундузи  тинчимас  эдилар…  Улар  оҳиста  судралишар,  ой  думларини  қисганча  оқсоқланиб бораётган махлуқларга маюс нурини сочарди…

Суд,  тергов  эса  давом  этарди…  Ғирт  маст  қирғинчилар  Авдийни  дўппослаб  ерга қулатишаркан, у энди бутунлай ўрнидан туролмай ётиб қолганига эътибор бермасдилар.

— Қани, ўрнингдан тур-чи, попнинг ўғли,— деб тепкилашарди уни дам Мишаш, дам Кепа ўрнидан  турғизмоқчи  бўлиб.  Лекин  Авдий  тинмай  инграрди,  холос.  Қутуриб  кетган  Обер-Кандалов қопдай бўшашиб қолган Авдийни ердан кўтарди-да, ёқасидан бўғиб олганча, оғзидан кўпик сочиб бўкира бошлади. У бўкирган сари яна баттар хурушга минарди:

— Сен қанжиқ, ҳали бизни Худо билан қўрқитадиган бўлдингми! Кўзимизни худо деб ўйиб олмоқчимисан,  ифлос!  Бизни  Худо  билан  қўрқитолмайсан.  Сен  ўйлаган  одамлар  бошқа, қанжиқ! Ўзинг кимсан! Биз бу ерда давлатнинг топшириғини адо этяпмиз, сен, қанжиқ, планга қаршисан, областга қаршисан. Бундан чиқадики, сен, ифлос, халқ душманисан, халқ ва давлат душманисан. Сенга ўхшаган душманларга, зараркунандаларга, қўпорувчиларга ер юзидан ўрин йўқ!  Сталин  айтган: «Ким  биз  билан  эмас,  демак,  бизга  қарши».  Халқ  душманларини  таг-томири  билан  қуритиб  ташлаймиз!  Аямаймиз!  Агар  душман  таслим  бўлмаса,  уни  мажақлаб онасиникига киргизиб юборадилар. Армияда бундай сўзлар учун оёғингни осмондан қиладилар, вассалом!  Она  заминимизни  сендай  ифлослардан  тозалаймиз.  Ҳей,  черков  каламуши,  сен қилаётган  ишингни  биласанми?  Сен  ҳаммасини  барбод  қилмоқчисан!  Топшириққа  ғов қўйяпсан! Ҳаммамизни юзимизни ерга қаратмоқчисан. Ҳей, мен сени халқ душманидай бўғиб ўлдираман. Менга раҳмат дейдилар. Чунки сен империализмнинг айғоқчисисан, ифлос! Сталин йўқ, хоҳлаган ишимизни қиламиз дейсан-да, а? Сен попнинг газандаси, қани, тиз чўк, ҳозироқ тиз  чўк.  Мана,  мен  сенга  ҳокимман.  Қайт  Худодан!  Танимайман,  билмайман  де!  Воз  кеч! Аксинча, асфаласофилинга жўнайсан, ифлос!

Авдий тиззасида туролмади, йиқилди. Уни кўтариб қўйдилар.

— Гапир, ифлос,— бўкирарди Обер-Кандалов.— Худодан юз ўгир! Айт! Худо йўқ, деб айт!

— Худо бор!— ингранди Авдий.

— Э, ҳали шундоқми!— илон чаққандай ўкирди Мишаш.— Мен сенга айтдим-ку, онангни, тилини бермайди деб!

Обер-Кандалов қаҳридан бўғилиб яна Авдийни ёқасидан бўғиб силкитди.

—  Билиб  қўй,  ҳой,  художўй,  ҳозир  онангни  учқўрғондан  кўрсатиб  қўямиз!  Ҳеч  эсингдан чиқмайди! Қани, уни ҳув анов саксовулга олиб боринглар. Ифлосни осамиз!— деб чинқирарди Обер-Кандалов.— Оёғининг тагидан ўт қўямиз. Ёниб кетсин бу тўнғиз!

Шундан сўнг Авдийни жар тепасида ўсган қари саксовул сари судраб кетдилар.

— Арқон келтир!— буюрди Обер-Кандалов Кепага.

Кепа кабинага югурди.

— Ҳей, менга қаранглар! Узуқбой, мамлакатнинг эгаси, қайдасан, падарингга лаънат! Сен-чи,  ҳой,  бозори  касод  артист,  нега  бир  чеккада  қараб  турибсанлар,  а?  Қани,  келиб  буни  бир босларинг-чи! Бўлмаса, ароқ йўқ сенларга?— қўрқитди Обер-Кандалов ароқхўрларни. Шундан сўнг иккови югургилашиб келиб шўрлик Авдийни оса бошладилар.

Безорилик  бирдан  машъум  тус  олди.  Бемаънилик,  масхарабозликнинг  охири  катл  билан

тугайдиганга ўхшаб қолди.

—  Онангни,  бу  чўлда  мих  билан  тахта  топилмади-да!  Вой,  онангни!—  афсусланарди Мишаш  саксовул  шохларини  қасир-қусур  синдираркан.—  Буни  тахтага  қоқсак,  кўп  зўр  иш бўларди-да, онангни! Қанийди михлаб ташласак!

—  Ҳеч  зиёни  йўқ!  Уни  арқонга  тортамиз!  Михлагандай  бўлиб  туради!—  йўлини  топди Обер-Кандалов.—  Қўли,  оёғидан  тортиб  бақадай  қотириб  қўямиз,  қимир  этолмайди! Эрталабгача  осилиб  турсин-чи,  кўрамиз.  Худо  борми,  йўқми!  Ўйлаб  олсин  эрталабгача!  Мен уни шундай ҳам тарбиялайки, бир умр эсидан чиқармайди, попнинг сарқити! Армияда бундан баттарларини кўп кўрганман! Ётқизиб турғизганман! Қани, кўтарларинг, болалар! Қани, ол, ҳа!

Қўлини бу ёққа торт, оёғини бу ёққа!

Авдий энди зиғирча ҳам қаршилик кўрсатолмас, шунинг учун ҳаммаси кўз очиб-юмгунча рўй берди. Қўл-оёқлари саксовулнинг шохларига тортиб боғланган Авдий худди янги сўйилган қўйдай  осилди-қолди.  Авдий  ҳали  сўкинган  овозларни  элас-элас  эшитиб  турди.  Азоб  кучини қийиб ташлади. Ўнг биқини чидаб бўлмайдиган даражада ачишарди, белида нимадир узилиб кетди. Авдий ҳушидан айрилиб борарди. Уни қийноққа солганлар оёғининг тагида ёқишга зўр бериб уринишарди. Лекин, энди Авдийга бари бир эди. Ўт олдиролмадилар. Куни кеча тушган қор остида қолиб нам тортган шох-шаббани ёндириб бўлмади. Бензин сепиш ҳеч кимнинг эсига келмади.  Шусиз  ҳам  Авдийни  боплаб  жабрлаганларидан  мамнун  эдилар.  Ташқаридан қараганда,  у  худди  осилган  ва  оғочга  тортилгандек  бўлиб  турарди.  Бу  ҳаммаларининг кайфларини  чоғ  қилиб,  баҳри  дилларини  очиб  юборди.  Айниқса,  Обер-Кандаловнинг  димоғи чоғ бўлади. Э, бу ҳали нима бўпти. Осилса, чўлда битта одам осилибди. Унинг кўз ўнгида ақлни лол қиладиган не-не шу каби манзаралар кенг миқёсларда гавдаланарди!

—  Ҳар  ким  билиб  қўйсин!  Доим  ана  шундай  бўлади!—  деб  иддао  қиларди  у  саксовулга тортилган Авдийни томоша қиларкан.— Менга қолса, бизга қўшилмаганларнинг ҳаммасини ана шундай  оёғини  осмондан  келтирардим.  Тилини  осилтириб  ётарди.  Ким  бизга  қарши  бўлса, ҳаммасини осиб чиқардим. Ер шарини шундай сиқиб, исканжага олардим. Ана ўшанда ҳеч ким бизга миқ этиб оғзини очмасди. Ҳамма қуллуқ қилиб турарди… Э, қани, юрларинг, комиссарлар, яна биттадан отайлик, эҳ, биздан нима кетди…

Улар ҳаммалари  Обернинг  гап-сўзларини  маъқуллашиб,  тасанно ўкишиб,  тўпаланг  солиб, машина  томон  кетдилар.  Обер  эса  чамаси,  ёлғиз  ўзигагина  маълум  қўшиқни  хиргойи  қила бошлади:

 

Галифени киямиз,

ёнимизда тўппонча,

Бир-икки, бир-икки…

 

«Комиссар»нинг  кайфи  тароқ  улфатлари  жўр  бўлишди: «бир-икки,  бир-икки».  Кейин  яна иккита яримталикни очишиб, шишанинг ўзидан ичишди.

Бир оздан сўнг машинанинг чироқлари порлади, мотор гуруллади, бурилиб, аста чўл ичига юриб  кетди.  Зимистон  қоронғулик  қуюқлашди.  Атрофга  сув  қуйгандай  жимжитлик  чўкди. Дарахтга  осилган  Авдий  дунёда  ёлғиз  қолди.  Кўкраги  сирқираб  оғрир,  ичи  ағдарилиб,  чидаб бўлмас азоб берарди… Сув босганда чўкаётган орол каби эс-ҳуш уни тарк этмоқда эди.

«Менинг  Окадаги  жазирам…  Энди  сени  ким  халос  этажак,  Мураббий?»—  охирги  фикр учқуни шундай сачраб сўнди.

Хайрул умурнинг сўнгги сувлари оқиб борарди…

Унинг сўнаётган нигоҳларига улуғ уммон, кета-кетгунча чексиз-ҳудудсиз сув кўринди. Сув сассиз  қайнар,  худди  бўм-бўш  далаларда  ер  бағирлаб  югурган  ялатма  изғириндай  сув  узра сассиз оқ тўлқинлар мавж солиб югургилардилар. Уларнинг қаердан пайдо бўлаётгани ва қаёққа бораётгани номаълум эди. Лекин ўша гунг уммоннинг элас-элас илғанган соҳилларида сув узра бир одамнинг қораси ғира-шира кўзга чалинарди. Авдий бу одамни таниди. У ўзининг отаси дьякон Каллистратов эди. Шунда бирдан Авдийнинг қулоғига ўз ўсмир овози чалинди. Худди болалик чоғлари эски пианино олдида туриб қироат қилган каби овоз яна отасига чўкиб кетган кема  ҳақидаги  тиловатни  ўқирди.  Фақат  ҳозир  ораларида  олис-олис  маконлар  ётарди.  Ўсмир овози эса жаҳон мулкатлари узра илҳомкор бир жаранг билан садоланарди:

 

«Осмон оқариб келяпти, ҳали ҳамма уйқуда…»

 

…Сенга, ҳар нарсани Қўрувчи ва ҳар нарсага Раҳм ва Адолат этгувчи, кўнгилдаги зоримни тиловат  қилиб  айтаман.  Худоё,  ўзинг  кечиргайсан,  то  Сени  ёд  этмоқдан  бурун  ўз  додимни эсладим. Лекин то тирик эканман, шу тиловатни тилимдан қўймагайман.

Сен  Раҳими  Раҳмонсан,  Ҳақсан,  Каримсан,  кечир,  сени  ўз  арзим  билан  безовта қилмоқдаман. Мен ўлим учун ҳеч нарса сўрамайман. Менга дунё роҳат-фароғати даркор эмас.Умрим чироғини узайтирмасанг ҳам,  майлига.  Ёлғиз одамзод болаларининг дилларини халос этмоқ  истайман.  Сен  Ғаффори  оламсан,  кўнгилларимизга  муҳр  босма,  жаҳолатда  ёндирма. Токи, яхшилик ва ёмонлик бу оламда бирга мавжуд экан,бизни баҳонаи сабаб занжирларидан халос эт. Одам болаларининг дил кўзларини очгайсан. Ўзим учун сўрамайман, тилим ожиз. Мен ҳар  қандай  ажр-оқибатингга  ҳозирман — хоҳ  жаҳаннам  ўтига  ташла,  хоҳ  ҳудудсиз Салтанатингга қабул эт. Қисматимиз ўз қўлингда, ўзингга аён, ё Халлоқ, ё Маллоҳ!..

Сенга ёлғиз бир арзим бор, ўзга арзим йўқ…

Ёлғиз  шуни  сўрайман:  мўъжизангни  кўрсат:  майлига,  ўша  кема  кечани  кеча,  кундузни кундуз  демай  ўз  йўлида  тўхтовсиз  давом  этсин,  то  само  эврилмоғида  кун  тунга  батамом қуюлгунча, тун кунга батамом қуюлгунча. Майлига, ўша кема, тўп-тўпхоналарни қантарганча, тўхтовсиз уммонлардан уммонларга кезиб юрсин, тўлқинлар уввос солиб тўшларига урилсин, уларнинг тўхтамас қудратли гулдуроси мудом эшитилиб турсин, уммон зарралари унинг устига шувиллаган ёмғир бўлиб ёғилсин, шу нам ва учқур заррот ила нафас олсин. Майлига, у кема деворларининг  қарсиллагани,  машиналарнинг  гурсиллагани,  шамол  эпкинида  кема  кетидан эргашган чорлоқларнинг оҳу зорларини тингласин. Майлига, кема энг узоқ уммонларнинг кўз илғамас соҳилларига ва у ердан оппоқ шаҳарга йўл тутсин, ва лекин ҳеч қачон гарчи у ерга ета олмагай… Омин».

Унинг  товуши  узоқлашиб,  тиниб  борарди…  Авдий  ўзининг  океанлар  узра  ҳўнграб йиғлаганини эшитарди…

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-ёрлиғ бериш маросими

 Ёрлиғнинг  кимнин  исмига  ёзилғанлиғини  эрталабданоқ  ўрдада  ҳар  ким  сезиб  қолди. Девонда эски одатича ўз ишини қилиб ўртурғучи Анварнинг ёниға дам-бадам мирзо ва ...

Юлдузли тунлар-10

3 Қуваликлар тонг ёришгандан кун ёйилгунча бўлиб ўтган бу фалокатни нариги қирғоқдаги девор ва томлардан мўралаб кўриб турар эдилар. Уларнинг баъзиси «ёғий баттар бўлсин», ...

Чингиз айтматов:қиёмат 53-қисм

Ўтган  кечадан  эътиборан  ҳовлилар  бўшаб,  ҳувиллаб  қолган,  на  одамлар  ва  на  итларнинг овозлари эшитилар, ана шунинг учун ҳам Акбара одамлар қароргоҳига бунчалар яқин ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400