Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 35-қисм

Мўйинқумнинг интиҳосиз чўлида тун бўйи тўлин ой саксовулга осиб кетилган, энди совуб, қотиб қолган одам танасига кўзни қамаштирадиган ярқироқ шуълаларини тўкиб чиқди. Унинг қиёфаси  осмонга  парвоз  қилиб  интилган,  лекин  баногоҳ  ўқ  тегиб  қулаган  ва  дарахт  устига итқитиб юборилган, қанотлари ёзилган каттакон қушни эслатарди.

Мана  шу  ердан  бир  ярим  чақирим  нарида  эса  ўша  ҳарбий  сиёқли,  усти  брезент  билан ёпилган  юк  машинаси  турар,  унда  сайғоқларнинг  тўшларига  чалқанча  тушиб,  қусиқларига беланган  Обер-Кандаловчилар  ухлаб  ётишарди.  Хирқираган  оғир  хуррак  товушлари эшитиларди. Улар Авдийни кечаси ёлғиз қолдириш учун нарироққа кетдилар, унинг таъзирини бериб қўймоқчи эдилар: қани, бир ўзининг қўлидан нима келаркин, ҳали думини ликиллатиб ялинади, балки Худодан ҳам қайтиб қолар…

Авдийга  бундай  жазо  бериш  йўлини  собиқ  артист  Гамлет-Галкин  қайта-қайта  шиша кўтаргандан  кейин  тўқиб  чиқарган  эди.  Обер-Кандаловга  яхши  кўриниш  учун  шуни  айтди. Художўйни  бир  сазо  қилайлик,  қўрқиб  ўтакаси  ёрилсин,  деди…  Осиб,  ташлаб  кетишди  деб ўйласин. Уларнинг орқаларидан чопай деса аҳвол бундоқ!

Эрталаб,  кун  ғира-шира  ёриша  бошлаган  пайт  бўрилар  оҳиста  ўз  инларига  яқинлашиб келдилар.  Олдин  Акбара  борар,  тунги  қоча-қочдан  қорни  ич-ичига  кириб  кетган,  хўмрайган калладор  Тошчайнар  унинг  орқасидан  оқсоқланиб  қадам  босарди.  Эски  қадрдон  жойлари кимсасиз ҳувиллаб ётар, одамлар кечаси аллақайга ғойиб бўлган эдилар. Лекин жондорлар бу ерда агар таъбир жоиз бўлса, худди мина кўмилгандай, эҳтиёткор, ҳуркак қадам босишарди…

Ҳар  қадамда  улар  ёт-ёвуқ  нарсаларга  дуч  келишарди:  ўчган  гулхан,  бўш  тунука  идишлар, синган, синмаган, қўланса ҳид таратиб ётган шишалар, машина ғилдиракларининг изи ўрнида қолган резинка ва темир ислари. Булғаб ташланган бу ерни бутқул тарк этмоқ ниятида бўрилар жар ёқаси бўйлаб кета бошладилар. Шунда бирдан Акбара ўзини сапчиб четга олди ва турган жойида қотиб қолди — одам! Ундан икки қадам нарида қўлларини ёзиб, бошини солинтирган одам  саксовулга  осилиб  турарди.  Акбара  ўзини  буталар  орасига  отди,  Тошчайнар  унинг ортидан ҳатлади. Дарахтдаги одам қимир этмасди. Шамол шохлар оралаб чийиллар, одамнинг оқ  манглайига  тушган  сочлари  ўйнарди.  Акбара  ерга  қапишди,  ҳамла  қилишга  ҳозирланди.

Унинг рўпарасида барча махлуқлар ичра энг даҳшатлиси, уларнинг бошига шунча кулфатларни солган қаттол душман турарди. Акбара қаҳр билан ўзини андак орқага олди. У шиддат билан сакрамоқчи, одамнинг бўғзига ўткир тишларини ботирмоқчи эди. Шунда охирги дамда бўри бу одамни таниди. Лекин қачон, қаерда кўрган эди уни? Э, бу ўша ғалати одам-ку, ёзда нашапояга борганларида  дуч  келган,  болалари  билан  эркалаб  ўйнашмоқчи  бўлган,  Акбара  ҳамла  қилиб сакраган ва уни аяб, устидан ошиб нарига ўтган. Ўшанда у қўрқиб кетиб, ерга ўтириб қолган, юзини  қўллари  билан  беркитган  эди.  Акбара  унинг  ҳайрат  ва  қўрқинчда  катта-катта  очилган кўзларини  эслади.  Шилингпоча  бўлиб,  чўлга  тирақайлаб  қочганди  ўшанда…  Мана  энди,  ўша кимса пастак саксовулда қанотлари тарвақайлаган қуш каби ғалати осилиб турибди. У тирикми, ўликми,  бўри  билолмади.  Одам  қимирламас,  ҳеч  қандай  сас  чиқармас,  боши  ён  томонга қийшайиб  тушган,  оғзининг  бир  четидан  қон  сизиб  оқарди.  Тошчайнар  одамга  ташланмоқчи эди,  Акбара  уни  нари  итарди.  У  одамга  яқинлашиб,  унинг  юзига  тикилиб  қаради  ва  оҳиста увлаб юборди: ҳалок бўлган болалари ёдига тушди. Ҳаёт эса Мўйинқумда тўс-тўполон, абгор бўлди. Кимга йиғласин, кимга арз қилсин, ахир? Бу одам унга ҳеч ёрдам беролмайди. Унинг ҳаёт  шами  сўниб  боряпти,  лекин  ҳали  жони  буткул  чиқмаган  эди.  Одам  шишиб  кетган қовоқларини базўр кўтарди ва секин ув тортаётган бўрига қараб пичирлади:

— Келдингми…— сўнг унинг боши шилқ этиб тушди.

Бу унинг охирги сўзи эди.

Шу дам мотор шовқини эшитилди. Чўл бетида юк машинаси кўринди. У тобора яқинлашиб келар,  кабинасининг  ойналари  хира  йилтилларди,  Обер-Кандаловчилар  жиноят  қилган жойларига келмоқда эдилар…

Шунда  бўрилар  бошқа  бир  зум  ҳам  пайсалламай  лўкиллаб,  борган  сари  қадамларини  тезлатиб бу ерлардан бош олиб кетдилар. Улар орқага қарамасдилар. Бўрилар улуғ Мўйинқум чўлларини буткул тарк этмоқда эдилар…

Акбара  ва  Тошчайнар  роса  бир  йил  Алдаш  бўйидаги  қамишзорларда  яшадилар.  Шу  ерда улар ҳаммадан кўп — беш фарзанд кўрдилар. Бўричалар анча катта бўлиб қолишганда, бирдан қамишзорга ўт тушди! Тоғда янги кон очилган, унга йўл шу қамишзордан ўтиши керак эди. Уни ёқишга  тўғри  келди.  Алдаш  кўли  бўйларидаги  юзлаб  чақирим  ерларга  чўзилган  қадим қамишзорларнинг  кули  кўкка  совурилди.  Урушдан  кейин  бу  атрофларда  қимматбаҳо  маъдан топилган, мана энди ўз навбатида чўлда яна бир улкан почта яшиги қад кўтармоқда эди. Бундай пайтда қамишзор экан-у, ҳатто ноёб кўл йўқ бўлиб кетса ҳам, ҳеч ким ҳеч нарса қилолмайди.

Ахир, гап камёб ва қиммат хомашё ҳақида боряпти-да. Уни олиш учун ер куррасини қовоқдек кавлаб ташлаш ҳам чўт эмас.

Аввалига  қамишзорлар  устидан  аллақандай  ёнилғи  сепиб,  самолётлар  пастлаб  учиб юришди. Қамишлар бирдан ўт олсин дейишди шекилли.

Ўт кечаси қўйилди. Ёнилғи сепилган қамиш бирдан гув этиб аланга олди ва худди қалин ўрмон каби ваҳшат билан ёна кетди. Аланга кўк тоқига кўтарилди. Қиш туманидай ерни қалин қора дуд чулғади.

Бўрилар  олов  тафтини  сезганлари  ҳамон,  қамиш  ҳар  томондан  ёнаётганини  кўриб, бўричаларни қутқариш учун ўзларини у ёқдан-бу ёққа ура бошладилар. Уларни тишларида дам у ерга, дам бу ерга кўтариб ўтишарди. Алдашбўйи қамишзорларида қиёмат қўпди. Қушлар кўл узра  булутдай  учишар,  тўхтовсиз  зорланиб,  чағиллар  эдилар.  Асрлар  бўйи  қамишзорда  кун кечирган қобонлардан тортиб илонларгача қўрқинч саросимага тушдилар, ўзларини жонҳолатда тўрт томонга урдилар. Бўрилар бошига ҳам шу кун тушди. Олов ҳар ёқдан ўраб, ўрлаб келар, фақат  кўлга  ташлабгина  қутулиш  мумкин  эди.  Акбара  билан  Тошчайнар  учта  бўричани қолдириб, иккитасини тишларида тишлаб кўлда сузиб кетишди. Ниҳоят, нариги қирғоққа етиб борганларида,  шу  нарса  маълум  бўлдики,  қанча  юқорироқ  кўтаришга  уринмасинлар,  бўри болалари сувга бўкиб ўлган эдилар.

* * *

Акбара билан Тошчайнар яна бошқа юртларга бош олиб кетдилар. Энди улар тоғ сари йўл олган  эдилар.  Бўрилар  савқи  табиий  билан  эндиликда  фақат  тоғлардагина  жон  сақлаш мумкинлигини англаган эдилар.

Бўрилар  ёнган  кулхоналарни  ортда  қолдириб,  узоқ  йўл  босдилар.  Қурдай  тоғликларидан бордилар. Бир неча маротаба кечаси чироқлари кўзни оладиган қўрқинчли машиналар тинмай ғизиллаган  катта  йўлларни  кесиб  ўтдилар.  Уларнинг  назарида  шу  югурик  чироқлардан  кўра даҳшатли нарса дунёда йўқ эди. Қурдайдан сўнг бўрилар Оқ туз тоғларига кўчдилар. Лекин, бу ерлар  ҳам  кўзларига  хатарли  кўриниб,  яна  ичкарилаб  кетдилар.  Оқ  туз  довонидан  ошиб, бўрилар Иссиқкўл ўйиғидан чиқдилар. Йўл тугади. Нарёғи денгиз…

Акбара билан Тошчайнар шу ерда ҳаётни яна қайтадан бошладилар…

Бола кўрдилар. Бу сафар улар тўртта эди.

Насл  қолдириш учун бу сўнгги қаттиқ уриниш эди.

Шу ерда, Иссиқкўлда бўрилар қиссаси кўз кўриб, қулоқ эшитмаган фожиа билан тугади…

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-китоб сўзи

Асрдан бироз илгарироқ эди. Махдум дарбоза ёнида муборакбодчи мударрислардан бирини икки  букланиб  таъзим  қилған  ҳолда  узатар  эди.  Ҳазрати  мударрис  хайрлашқан  ...

Юлдузли тунлар-6

2  Кун қиёмига келиб, пешин намози ўқилгандан кейин кўшкнинг ич-таши жимжит бўлиб қолди. Рўзанинг азоби энди билина бошлаган, ёз кунида чанқаб ҳолсизланган одамлар кунни ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-1

  Ўғлим Асқарга Оқсой, Кўксой, Сариқсой — кезмаган ер қолмади, Лекин ҳеч бир ўлкадан ўхшашинг топилмади... Қирғиз халқ қўшиғи * * * Иовга элтди чопар шумхабар: ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400