Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 36-қисм

УЧИНЧИ БЎЛИМ

I

Одамлар — тақдирни,  тақдир — одамларни  излаб  юради…  Ҳаётнинг  азал  айланиши шундай… Тақдир мудом ўз нишонини мўлжаллаб туради, деган гап рост бўлса, бу сафар ҳам у тўғри  чиқди.  Ҳаммаси  ҳаддан  ташқари  оддий  юз  берди,  қазо  камонидан  чиққан  ўқни  орқага қайтаришнинг иложи йўқ…

Келиб-келиб  ўша  куни  Бозорбой  Нўйғутов  геологларга  йўл  бошловчиликка  ёлланиб қолганини қаранг. Бозорбой геологларга йўл кўрсатувчи кераклигини ҳаёлига ҳам келтирмаган эди, геологлар, уни ўзлари қидириб топишди, ўзлари таклиф қилишди.

Таманга улар ем-хашак ташиладиган, трактор юрадиган йўлдан ўтиб келишган эди.

— Нега бу ерни Таман дейишади?—сўради улардан бирови.

— Нима қилди?

— Ўзим, шундай…

—  Таман — Товон  дегани.  Кўряпсанми,  мана  этикнинг  пошнаси.  Ана  шу  товон.  Бу  ер тоғларнинг товони. Шунинг учун Таман дейишади.

— Э, шундайми! Анов Тамань ҳам шу ердан олинган экан-да. Машҳур Тамань дивизияси!

— Билмадим, укам. Буни генераллар билишади. Бизнинг ишимиз жўн. Чўпонлик қиламиз.

Шундай қилиб десангиз, геологлар Таманга етиб келишиб, у ёғига ақлимиз етмайди, фақат картадан  кўрганмиз,  яхшиси,  бизни  шу  ерлик  одамлардан  биронтаси  тоғларга  олиб  чиқиб қўйсин, дейишди. Йўқ, деб бўларканми! Бунинг устига яна ҳақини ҳам тўлашаркан. Бор-йўқ иш —  тўртта  йигитни  юклари  билан  Аччиқ  Тош  дарасига  бошлаб  чиқиш.  Геологлар  ўша  ерда нималарнидир текширишармиш. Нима бўларди — олтиндир-да. Улар фақат олтин қидиришади.

Топсалар, катта-катта мукофот олишади. Майли, бу уларнинг иши. Фақат Бозорбой кечқурун Таманга, қўрага етиб келиши керак. У ўтари билан шу ерда қишлаган. Ҳамма гап шу, холос.

Анов  йигитлар  шаҳарлик  бўлишларига  қарамай,  пулнинг  ҳисоби-ни  билишмас  экан.

Бозорбой озгина оёғини тиради: менинг тоққа чиқишга вақтим йўқ, совхоз раҳбарлари келиб қолади, сизга нима, мендан талаб қилади, қани бу, катта чўпон Бозорбой Нўйғутов, қўй қўзилай деб  турган  пайтда  қайларда  юрибди,  деб  қийин-қистовга  олишади.  Ким  ўшанда  жавоб беради?— шундан сўнг йигитларнинг сахийлиги тутиб, йигирма бешни ваъда қилишди. Вой, тентаклар-эй!  Э,  уларни  аяб,  қисиниб  ўтирармиди,  пул  давлатники,  давлатнинг  ғазнаси  эса камаймайди.  Бу  болаларнинг  ўзлари  ҳам  пулни  хазондек  супуриб  олсалар  керак  пайтини пойлаб.  Тўласинлар-да,  ахир.  Бозорбой  геологларни  ҳаш-паш  дегунча  обориб  қўяди.  Отга ўтирадию ҳайё-ҳуйт деб кетаверади. Унга нима, барибир кунора бўлар-бўлмас ишларга бошини суқиб лақиллаб юргани-юрган. Айниқса, тўй, таъзия, ишқилиб, ароқ иси анқиган жойдан қуруқ қолмайди.  Ойлик  олиб  келгани  оовхоз  идорасига  тушадиган  бўлса-ку,  чўпон-чўлиқлардан тортиб,  тунги  қоровулгача,  хотинидан  тортиб, (у  ҳам  ишчилар  қаторида)  қўзилаш  пайтлари ёрдамчи-сомончиларгача — ҳамма жонини ҳовучлаб ўтиради. Бозорбой кечаси ғирт маст-аласт ҳолда етиб келади, отдан қулаб кетай-кетай дейди, пулга кетган одамнинг аҳволи шу. Ярамас хотини  совхоз  директорига  йиғлаб-сиқтаган  шекилли;  мана  уч  ойчадан  буён  қўрага  кассир Бўронбойнинг  ўзи  маош  олиб  келяпти.  Қонун  бўйича  ҳар  ким  пулни  ўзи  қўл  қўйиб  олиши керак, дейди. Қатнаса-қатнайвермайдими, ҳалокунинг итидай…

Ана муни қаранг энди, аҳмоқ йигирма бешнинг ўзи киссасига тушиб турибди. Тўғри, Аччиқ Тошга чикадиган сўқмоқ тошлоқлар, тик ўр-жарлардан ўтади, юрагинг орқангга тортиб кетади, қулаб кетиш ҳеч гапмас, ўзи оти билан тоғ-да, бу сенга айланиб чопадиган ва бўйнингга нишон тақиб қўядиган стадион эмас. Нимасига ажабланасан бунинг — дунёда адолат азалдан йўқ эди, ҳозир  ҳам  йўқ.  Қишин-ёзин  тоғдан  бошинг  чиқмайди,  на  асфальт  бор,  на  водопровод,  ва  на электр чироқ. Қора кунингни билганингча кўр, йил бўйи сассиқ шилта кечиб қўй боқ. У ёқда эса оппоққина  кийинган  чаққон  йигит  ликиллаб  стадиондан  чопиб  ўтади  ёки  дарвозага  копток тепади — ўзиям  маза  қилади,  томошага  йиғилган  халойиқ  ҳам  хурсанд  бўлганидан  осмонга сакрайди,  чаққонбойга  шараф-шонлар,  ҳамма  газеталар  оғиз  кўпиртириб  кўкларга  кўтарган, эртадан-кечгача  дам  олиш,  якшанба  нима  билмай,  бели  букилиб  пешона  тер  тўкканларнинг топгани  эса  еб-ичишга  базўр  етади.  Аламингдан  ичасан.  Кейин  хотин  дийдиё  қилади,  еган-ичганинг бурнингдан чиқади. Ит ётиш — мирза туриш. Талаб эса катта. Қўзи бер, биттаям қўй қисир  қолмасин,  вазн  бер,  майин  жун  бер.  Жун  ўрнига  сунъий  тола  топамиз,  деб-ку,  тоза айюҳан-нос солишди. Қани, ўша тола? Қирқим бошланганда-ку юзтаси бер-бер деб, калхатдай бостириб келади, қил ҳам қолдирмайди. Ҳаммасини топшир, охиригача бер. Майин жун валюта учун керакмиш… Валюта деса, ўлигини осмондан ташлайди булар… Кейин буларнинг ҳаммаси ўпқонга  тушгандай  бадар  ғойиб  бўлади-кетади.  Э,  ҳаммаси  қуриб  кетмайдими — қўйи  ҳам, одамлар ҳам, шу жонга теккан ҳаёт ҳам…

Йўлда  Бозорбойни  мана  шундай  нохуш  ўйлар  кемирар  эди.  Бора-боргунча  миқ  этмади, фақат  унда-мунда  орқада  келаётган  геологларга  қараб  қўяр,  хатарли  жойлар  учраса, огоҳлантирарди… Кўнглига қил сиғмасди. Ҳаммасига ярамас хотин сабабчи… Вой, алвасти-ей!

Ҳеч  бурнини  тиқмай  туролмайди.  Албатта,  оҳ-воҳ  қилади.  Бегона  кишилар  бор  демай, шанғиллаганини  қаранг!  Вой,  шавақи-ей!  Дод-вой  кўтармаса,  кўнгли  жойига  тушмайди.

Уларнинг бари шундай — барбод бўлди! Қадимгилар бекор айтмаганлар: хотин киши кечаси мушукдай суркала-ди, кундузи — илондай буралади. Ана, кўрдингизми! Ҳа, шанғи-я! Яна қай гўрга  қочяпсиз,  дейди.  Бошингизга  урасизми,  бу  геологларни.  Иш  ошиб-тошиб  ётибди.  Қўй қўзилайман деб турибди. Қўли ёш боладан бўшамасмиш. Катталари интернатда безори бўлиб кетганмиш.  Таътилга  келса,  оғзи  овқатдан  бўшамасмиш.  Пишириб  бер,  куйдириб  бер.

Қўлларини  совуқ  сувга  уришмайди.  Яна  чекканларига  бало  борми?  Ароқ  ичишдан  ҳам қайтмайди булар! Интернатда уларга қарайдиган одам йўқ. Директорнинг ўзи — ароқхўр. Уйда кимдан  ақл  ўрганади  улар?  Сиз  бўлсангиз,  думингизни  тутқизмайсиз,  уззукун  қорангизни кўрсатмайсиз.  Қуриб  кеткур  ичкиликдан  ортмайсиз.  Яхшиям,  от  бор  экан,  жонингизга  ора киради. Аллақачон йўл-пўлда ўлиб-нетиб қолмасмидингиз…

Вой,  бу  шаллақи-ей!  Қанча  урма-сўкма,  барибир  ақл  битмайди.  Доим  кўкариб  юради.

Шунинг учун Кўк Турсун дейдилар-да. Лекин тили узун. Ҳеч тилини тиймайди.

Бу  гал  ҳам  геологлар  бор  демай  тоза  вағиллади,  аҳмоқ.  Бўлмаса,  неча  марталаб  кўзининг ола-куласини чиқариб бўғзидан олган! Қайда! Вой, ўлдим, бошқа гап қайтармайман деб, неча марта сўз берган. Қайда! Лекин барибир Бозорбой яна уни тинчитишнинг эпини топди. Гап бор, бери кел деб, ичкарига чақирди. Уйга киргач, индамай уни деворга босди. Юзини юзига тиради.

Нафас олгани қўймади. Ана шунда у хотинининг моматалоқ бўлиб кетган, сўнган, ажин босган чеҳраси-да,  беҳол  очилиб  қолган  тишсиз  оғзида,  қўрқувдан  хира  тортган  жонсиз  кўзларида ўтган йилларнинг қайғу-ғамлари, ночорлик, омадсизлик, аламзадаликларини ўқиди. Шунда ўзи-ўзига хунук кўриниб кетди-да, вишиллаб заҳрини сочди:

—  Ҳў,  қанжиқ,  яна  оғзингни  вақ  этиб  очсанг,  қурбақадай  босиб  ўлдираман-қўяман!— шундай деб, уни бир чеккага итқитиб юборди.

Хотини миқ этмай челагини кўтарганча эшикни қарсиллатиб ёпиб, ҳовлига чиқиб кетди. Сал ўтмай, ўпкасини босиб олгач, у чиқди, отга ўтирди ва геологларни бошлаб йўлга тушди…

Ҳа, яхшики, от қурғур зотли — унинг бирдан-бир қувончи шу от, барака топсин, от заводдан чиққан.  Аллакимга  унинг  туси  ёқмай,  чиқит  қилган — ростданам,  қора  тўриқми,  қўнғирми, билиб бўлмайди. Лекин ахир бунинг нима аҳамияти бор? Ақлли от, тоғда қаерга қадам қўйишни билади, ҳаммадан ҳам, жуда чидамли, нақ бўрининг ўзи. Доим эгарлоғлиқ, доим кўзи очиқ. Э, нимасини айтади, оти яхши, бу атрофда унга тараф йўқ, фақат Бўстонникини демасанг. Вой, бу совхознинг  илғор  чўпони.  Э,  одам  бўлмай  кет.  Дунёда  бунақа  қурумсоқ  топилмаса  керак.

Негадир  бир-бирларини  жинлари  суймайди.  Ана  унинг  отини — от  деса  бўлади.  Сирти тилладай йилтирайдиган Дон оти, Дўнқўлиқ дейишади. Омади бор экан Бўстоннинг. Эртаю-кеч отини  парвариш  қилади.  Бошқа  иложи  ҳам  йўқ.  Отда  юриб,  ўзини  кўз-кўзламаса  бўлмайди, азамат.  Хотини  ёш,  Эрназарнинг  беваси.  Эрназар  ўч  йилча  бурун  Ола  Мўнгу  довонида  муз ёриғига қулаганча, шу-шу ўлиб кетди, ўлиги ўша ерларда қолди…

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Хаёл

Дунё... дуне... кўп кадим дунё... на туби бор. на чегараси. Сомон йули бузилган зиё — сайёранинг тилло зарраси. Хаёл ўсган ёруғ лаҳзада эҳтиёт бўл фосиқ дунёдан. ...

Қаршилаш

9. ҚАРШИЛАШ Бу кунги кутилмаган тун Ҳасанали отани гангиткан, унинг кекса кўзлари уйқу билан тамом чаплашиб олған эдилар. Ул бу хабарни эртага эрталаб қайси йўсун билан бекка ...

Мeҳробдан чаён-махдумнинг таҳдиди

Анвар  ўртаға  дастурхон  ёзиб,  икки  лаган  манти  чиқариб  қўйди,  уч  киши  қамти  ўлтуриб, манти тановул қилишдилар. Таом асноси Шаҳидбек секин-секин мақсадға ёндашиб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400