Маҳмуд Саттор:Ўзбекнинг гапи қизиқ

Арава синса – ялқовга ўтин. Арава — транспорт воситаси. Унга асосан, от, эшак қўшилади ва ҳар хил юклар ташилади. Узоқ яқин қилиниб, йўл таноби тортилади. Ялқов, дангаса, иш ёқмас, танбал араваси синиб қолса, уни тузатиш , таъмирлаб ишга солишга эриниб, ёқиб, ўтин ўрнида ишлатади, дейиляпти. Муқобили : “Танбалга арава синса — ўтин, ҳўкиз ўлса — гўшт!” Танқид воситасида ҳар ишда тадбиркор бўлишга даъват.

Арзоннинг шўрваси татимас. Арзон, ориқ гўштнинг шўрваси татимсиз бўлади. Ота-боболар мол харид қилшида яхши, сифатлисини олиш, арзон экан деб, яроқсиз нарсага пул сарфламаслик лозимлигини уқтириб келганлар. Чунки қиммат нарса сифатига яраша ҳар жиҳатдан яхши бўлади. Кам бўлса ҳам бирқанча арзон, сифатсиз молнинг ўрнини босади. Бу фикрни қуйидаги муқобил мақоллар ҳам қувватлаб, тасдиқлайди: “Арзон — беиллат эмас, қиммат беҳикмат “, “Қимматда бир ҳикмат бор, арзонда бир иллат”, “Асл айнимас, олтин зангламас”, “Ақл қаримас, асл чиримас”, “Айби бор мол арзон юради”, “Арзон алдайди”, “Кераксиз нарса арзон бўлса ҳам — қиммат”, “Арзимаса — арзонга ҳам олма”.

Ариқни кимлар қазийди, сувини кимлар ичади?!

Бу мақол меҳнатни биров қилиб, роҳатини бошқалар кўришганда ишлатилади. Мақол қаҳрамонига нисбатан ачиниш, ҳайрихохдик, меҳр мавжуд. Ҳар жабҳада адолатли иш кўришга чорлов. Муқобили: “Сув келтирган хор-зору кўза синдирган азиз” мазмунида.

Арча хушбўйлигидан мингга киради. Арча кўп йилллк, умри узун дарахт. Кўчма, мажозий маънода ўгит, панд-наси ҳат мазмуни мужассам. “Инсон ҳам хуштабиат, хушмуомала, ширинсухан бўлса, узоқ умр кўради”, дейилмоқчи. Агар арча қўланса ҳид таратувчи бўлганда, ўрмончилар уни дарҳол кесиб, йўқ қилиб ташлаган бўлардилар. Қўпол муомалали одам ҳам шундай. Ёқимсиз гапи, инсонларга номуносиб муносабати билан атрофдагиларни ўзидан бездиради. Оқибат, ўз бошига ўзи, тили етади, деган маънони беради. Муқобили: “Арча минг яшайди, ёнғоқ билан тенг яшайди”. Эзгуликка даъват.

Арғамчига қил қувват. Арғамчи, арқон нуқул жундан тўқилса, мўрт бўлади. Юк тушганда узилиб кетади. Шунинг учун жунга озроқ отнинг ёли ёки думидан қил аралаш тириб эшадилар. Нисбатан кам сонли қил ҳам арғамчига қувват бўлиб, уни пишиқ ва бақувват қилади. Халқимиз бу мақол билан мажозий маънода: “Қийналиб, муҳтож бўлиб турган одамга андак ёрдам ҳам қувват бахш этади. У сенинг шу кичик ҳимматинг билан ўзини, ишини ўнгариб олиши мумкин”, деган маслаҳатни беради. Жўн маъносида, кўпга бир қўшилса, оз бўлса ҳам қуввати ошади, деган мазмун ташийди. “Ит бўл, қуш бўл — кўп бўл” мақоли муқобилликка яқин. Яхшилик, саховат, ёрдам даъвати.

Аталадан суяк чиқибди. Атала — қозонга ёғ, ун солиб, ийлаб, сув қуйиб, қайнатиб пиширилади. Мойли атала туққан аёлларга қувват бўлади. Унга гўшту бошқа масаллиқлар солинмайди. Шундай бўлгач, ундан суяк чиқиши мумкин эмас. Бу мақолни мажозий маънода, зиқна, хасис одамдан фавқулодда бир саховатли иш чиқиб қолса, ёхуд ҳеч вақо билмайдиган оми одамдан бирор маъноли сўз ёки мақбул фикр туғилса, “Қаранг, аталадан суяк чиқибди-я”, дея ҳайрон ва қойил қолиб айтадилар. Муқобиллари : “Кесакдан олов чиқибди”, “Қарқуноқдан булбул чиқибди”. Фавқулоддалик, ҳайрат, хайрихохдик эътирофи.

Аяган кўзга чўп тушар. Муқобиллари: “Аяган кўзгачўптушар, ташландиққа тош тегмас”, “Аяган отнинг оёғи синар”. Баъзи ҳолларда кўз қорачиғидай авайлаб-асраб, папалаб келинаётган нарсага худди ўчакиш гандек бирор шикаст етади. Аямай, ўз ҳолига ташлаб қўйилган нарсага эса бало ҳам урмайди . Мазкур мақолларни шундай ҳоллар рўй берганда ишлатадилар. Мақолда бу ҳолга тушган инсонга нисбатан пушайм онлик, ачиниш , куюнчаклик ҳиссиётлари мужассам.

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Устозим рауф парфи – ора- сира гаплар

Рауф Парфи   Рауф акада туғма ҳозиржавоблик истеъдоди бор эди. Бу фазилатни тарбиялаш қийин бўлса керак. Ҳар қандай қалтис ҳолатда ҳам фавқулодда бир сўз айтардилар – ...

Мeҳробдан чаён-нигорхоним

Нигорхоним  бошда  эрга  ёлчимади.  Аввало  эрининг  фақирлиғи,  бойиғандан  сўнг  бўлса унинг  зарбулмасал  бўларлиқ  хасислиги  бечорани  кўб  йиғлатти. “Хотин  кишининг  ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-12

Унинг шу тахлит эзилиб, маъюс, ёлвориб гапириши Султонмуротни шундай эзиб юбордики, ўзиниям йиғлаб юборишига сал қолди. Қизиққонлик қилган экан, энди эса болакайни урганига ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400