Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 39-қисм

Сал нарсага бармокдарини нуқиб пеш қилиб туришади тағин: Бўстон Ўркунчиевни кўр, ана, илғор, ана, ўрнак… Башарасига солиб-солиб юборсанг шу илғор тавиянинг! Бўстоннинг омади бор, унинг одамлари ҳам яхши,  бир борган киши ҳеч қайтиб  кетмайди,  битта оиладек бўлиб ишлашади.  Бозорбойга  ўхшаган  чўпонлар  ўчиб  қолган  движоклардан  аллақачон  қўлни  ювиб, қўлтиққа уриб, эскичасига, керосин чироқлару қўл фонарларига ўтиб олишган. Бўстоннинг МИ —1157 деган электр генератор агрегати қўраларнинг орқасида соатдай мунтазам юриб турибди, унинг  гуп-гупи  узоқ-узоқлардан  эшитилади,  чироғи  не-не  жойлардан  кўринади.  Бўриларни орқага  қайтарган  ҳам  аввало  шу  бўлди,  улар  етай-етай  деб  турганларида  чироқларни  кўриб, движок овозини эшитдилару тақа-тақ тўхтаб қолдилар.

Итлар ҳамон бири олиб, бири қўйиб акиллашарди. Бўрилар шу атрофда изғиб юришганга, лекин яқин келишга юрак бетламаётганга ўхшайди…

Ҳа, Бўстоннинг омади чопгани чопган. Ҳаммасини қара, ҳаммаси ораста, ҳамма нарса жой-жойида, уйлари чироқлардан чароғон, гарчи қўй қўрасида турсалар ҳам, лекин ҳаммаёқ озода, супурилган,  сидирилган.  Этик-пайтаваларни  даҳлизда  ечишга,  гилам  пайпоқнинг  ўзида ичкарига ўтишга тўғри келди.

Одамнинг  бир  омади  келса,  ҳамма  нарсада  келади.  Муни  қарангки  Бозорбой  илгари билмаган экан. Довонда нобуд бўлган Эрназарнинг беваси дуркунгина, ўктамгина жувон экан. Мана, энди шу Гулимхонни, Бўстоннинг хотинини олинг. Қанча ғамларни бошидан кечирмади, лекин ҳозир ўйнаб-кулиб бахтиёр бўлиб юрибди. Ёши ҳам ҳойнаҳой ҳали қирққа етмагандир. Унинг Эрназардан қолган икки қизи интернатда ўқишади. Бунинг устига омади чопса шунақа бўлади-да, яқинда Бўстонга ўғил туғиб берди. Олдинги хотинидан Бўстонга икки қиз қолишган эди, улар катта бўлишиб, турмушга чиқишиб, ўзларидан тинчиб кетишди. Гулимхоннинг ўзи ҳам очиқ чеҳраликкина аёл экан, ақли-ҳуши ҳам (ўзига етарлича, фаҳми-фаросати ҳам жойида, Бўстон ва Бозорбой икковлари бир-бириларига тоқат қилолмасликларини аниқ билади, лекин заррача сир бой бермай, уни очиқ юз билан қарши олди, ачинган, тасалли берган бўлди. Келинг, келинг, қўшнимизнинг қўшниси, тўрга ўтинг, ана гилам, ўтиринг, вой, намунча бўрилар сизни қувламаса,  вой,  омон-эсон  қутулибсиз-ей  бир  балодан,  ота-боболаримизнинг  арвоҳлари қўллабди  сизни,  кулфатингиз  аригани  рост  бўлсин.  Лекин,  ўзлари  уйда  йўқ  эдилар.  Районга мажлисга  кетган  эдилар,  тезда  келиб  қолишлари  керак.  Директорнинг «Газиги»да  ташлаб кетишмоқчи  эди,  ўтиринг,  ўтиринг,  ўтиринг,  ҳозир  чой  дамлаб  келаман,  бирпас  шошмай турсангиз, иссиқ овқат ҳам тайёр бўлади.

Кўргилик экан, ҳамон мундоқ меҳмоннавозликлар борлигини билди, Бозорбой ҳар қалай уй бекасини  бир  синаб  кўрай-чи,  чақирилмаган  қўноққа  меҳрибончиликлари  ростмикан,  деди. Бунинг  устига  қоча-қоча  бўларича  бўлган,  сал  ўзимга  келволай  деб,  ичкиси  қистаб,  ароқ сўрагани жазм қилди. У бетини сидириб ташлади:

—  Чойни  хотинлар  ичади,—  деди  у  дабдурустдан.—  Гапимдан  хафа  бўлма.  Лекин Бўстондай  давлатманд  одамнинг  уйидан  ўткиррок  бир  нарса  топилмайдими?  Довруқ  солиб юрган одам-ку, Бўстон!

Бозорбойнинг ўзи асли шундай итфеъл эди. Мабодо, ичкилик олиб келмаганларида ҳам, у Бўстоннинг  хотини  туси  қочганлигини  кўриб,  ич-ичидан  мамнун  бўлди.  Бозорбойнинг бетгачопарлиги  Гулимхонга  ёқмади.  Нима,  оҳанжама  қилиб  ўтирадими,  хон  бўлмаса,  бек бўлмаса, бор-йўғи жўнгина бир чўпон — кўйбоқар бўлса?

—  Вой,  гапингизни  қаранг,—  деди  Гулимхон  сал  ранги  ўчиб.—  Бўстонингизни  ҳеч  шу қуриб кеткурга ҳуши йўқ, шунинг учун…

—  Биламан,  биламан,  Бўстонинг  ичмайди!—  унинг  гапини  писанд  қилмай  бўлди Бозорбой.—  Бир  айтдим-қўйдим-да.  Чойингга  раҳмат.  Ўйловдимки,  ўзи  ичмайдию,  лекин меҳмонларга…

— Вой, у нима деганингиз,— қисинди Гулимхон ва Бозорбойнинг ёнида ўтирган Рисқулга қаради. Рисқулнинг тиззалари бўри болалари солинган ўша қурмағур хуржунга тегиб турарди.

Рисқул  ароққа  чиқмоқчи  бўлиб,  ўрнидан  қўзғалган  эди,  шу  пайт  эшикда  Бўстоннинг иккинчи  ёрдамчиси  пединститутни  чала  ташлаб  кетган,  оёқ-қўли  чаққон  ва  чапдаст  йигитча Марат  кўринди.  Унинг  областда  кўрмаган  жойи,  қилмаган  иши  йўқ,  мана  энди  эси  кириб, Бўстоннинг олдида маҳкам ўрнашиб қўя қолган эди.

— Менга қара, Марат,— деди унга Рисқул.— Беркитиб қўйган яримтанг бор эди шекилли. Биламан  сени.  Қўрқма,  агар  Бўстон  сўраса,  мен  жавобини  бераман.  Обке,  тезроқ  ўша яримтангни. Бозорбойнинг ўлжасини ювамиз.

— Ювамизми? Мен бирпасда!— мамнун бўлиб ҳа-холади Марат.  Ярим  стакандан  кейин  Бозорбойнинг  хафагарчилиги  ёзилди.  Қўрқув  кетиб,  яна  ўша-ўша қашшанг  ва  бетамиз  Бозорбой  бўлди-қолди.  Худди  ўз  уйидай  гиламга  ёнбошлаб,  бошидан кечирганларини ҳикоя қилди, бўри болаларини хуржундан чиқариб кўрсатди. Шунда ўзи ҳам уларни  яхшилаб  кўриб  олди.  Олдин  бўричалар  қимирлагилари  келмай  турди,  ҳеч  нарсага қарашмади,  худди  ҳимоя  истагандай  қайгадир  яширинмоқчи  бўлишарди,  кейин  иссиқ  таъсир қилди  шекилли,  жонланиб,  ғимирлаб  қолишди,  уй  ичида  ҳар  ёққа  думалаб,  ингиллаб, тумшуқчаларини  ўтирганларнинг  тиззаларига  уришди.  Улар  ҳеч  нарсани  кўрмаган,  билмаган кўзчаларини  мўлтиллатишиб,  оналарини, унинг  эмчакларини  қидиришарди.  Уй бекаси  юраги ачиб, бошини сарак-сарак қилди:

—  Вой,  шўрликкиналар-ей,  очкаб  кетишибди-ку!  Бўри  боласи  бўлса-да,  барибир  бола-да. Нима, буларни очдан ўлдирмоқчимисиз? Нима қиласиз?

— Нега энди ўларкан?— хафа бўлди Бозорбой.— Буларнинг жони тошдан ҳам қаттиқ. Икки кун боқиб тураману кейин районга топшираман. Ҳайвонот базасида билишади уларни қандай боқишни. Хўжайинларнинг қўлидан ҳар нарса келади — хоҳласа,  бўрини ҳам кўлга ўргатиб, циркда ўйнатади, чипта сотиб, пул йиғади. Балки буларни ҳам циркка олишар.

Бекач  билан  бирга  ачинишиб  турган  одамлар  бу  гапга  илжайиб  қўйишди.  Лекин,  бўри болаларини томоша қилгани келган хотинлар бир-бирларига пичирлаша бошлашди.

— Бозорбой,— деди Гулимхон,— бу ерда сут бериб боқилаётган қўзилар бор. Қўзиларнинг сутидан бўричаларга ичирсак, бўлмасмикин?

—  Бўлади!—  кулиб  юборди  Бозорбой.—  Қўйлар  бўриларни  боқсин.  Қойил!  Қани,  олиб келинглар!

Уларнинг  ҳар  бири  кейин  мана  шу  соатни  эслаб,  қўрқиб  ёқасини  ушлайди.  Йиртқич болаларини қўй сути билан боқишаётгани ҳам, бўричаларнинг эркаланиб, алпонг-талпонг қадам ташлашлари ҳам, улардан бирининг кўзи кўк эканлиги ҳам йиғилганларга қизиқ эрмак бўлиб туюларди.  Ахир,  қиз  бўрининг  кўзи  кўк  бўлади  деб,  ким  эшитган?  Бунақасини  фақат чўпчаклардагина  учратиш  мумкин.  Бўстоннинг  кичкинтойи  Кенжашнинг  ҳурсанд  бўлганини айтмайсизми?  Бирдан  тўртта  ширин  думалашиб  юрган  бўричаларни  кўриб  кичкинтойнинг кўзлари ўйнаб кетди. Бир ярим яшар Кенжаш фақат ўзи тушунадиган тилда алланарсалар деб чулдирар,  бўривойлар  билан  ачомлашиб  ўйнашар,  буни  кўриб,  катталарнинг  завқи  келарди. Тўртала бўрича ҳам худди бу ердаги энг яқин ва ишончли кимсаларидай негадир тинмай унга суйкалишарди.  Катталар:  қаранг,  бола  болани  билади-да,  деб  бир-бирларига  сўз  қотишар, Гулимхон,  ўғлингиз  асти  нималар  деяпти,  деб  сўрашарди.  Гулимхон  эса  очилиб-сочилиб, ўғилчасини бағрига босар, эркаларди:

—  Вой,  кучук,  кучугим,  вой  сени  қара!  Кўрдингми  бўричаларни.  Қара,  қандай  юмшоқ, чиройли.  Сен  улар  билан  ўрток  бўласанми,  а?  Шунда  Бозорбой  бир  сўз  деди.  Унинг  бу сўзларини кейин эслаб юришди:

— Уйдаги битта бўри бешта бўлди. Бўри бўлишни хоҳлайсанми? Вой,  Бўстоннинг тўрва қоқдиси-ей, сени булар билан бўри инига обориб қўяйми, бирга катта бўласан…

Ҳаммалари  ҳазил-ҳазил  қилиб  кулишар,  чой  ичишарди.  Бозорбой  билан  Марат  яримтани тугатишган,  юзлари  қип-қизариб,  бўғриқиб  кетган,  қовурилган  гўшт-ёғ  ейишар,  ичган  сайин ўзлари ҳам, тиллари ҳам ечилиб борарди. Ҳовли жим-жит бўлиб қолди — итлар вовуллашдан тўхташди, жунлари қалин каттакон Жайсон деган малла ит эса бирдан ярим очиқ қолган эшик остонасида пайдо бўлди. У эшик олдида туриб думини ликиллатар, ичкарига киришга юраги бетламасди.  Унга  бир  бурда  нон  ташлашди,  ит  нонни  ҳавода  илиб  олди,  тишлари  шақиллаб кетди. Шунда кайфи чоғ Марат ҳаммани қулдириш учун бўричалардан бирини ушлаб кўтарди-да уни итга рўпара қилди.

— Қани, Жайсон, ол, ол буни! Ол дейман!— у қалтираб турган мурғак бўричани ит олдига ташлади.

Ҳаммани  ҳайрон  қилиб,  Жайсон  жаҳли  чиқиб  ириллади,  думини  қисди,  бўйнини  ичига тортиб  тирақайлаб  қочиб  кетди.  Кейин  ҳовлига,  деразанинг  тагига  етгач,  ночор  ва  қулинч вовуллади. Ҳаммалари ха-холаб кулиб юборишди. Айниқса, Бозорбой қаттиқ кулди:

—  Қўй,  бекорга  уринма,  Марат!  Ит  деганинг  бўрининг  ҳидигаёқ  ўтириб  қўяди!  Нима, Жайсонингни йўлбарс деб юрувдингми? Бунақасини ҳеч ким кўрмаган!

Кичкинтой  Кенжаш  бўри  боласи  учун  қўрқиб  йиғлаб  юборди.  Ҳамма  кулишдан  тўхтади. Катталарнинг  зил  ҳазилларидан  бўричани  ҳимоя  қилмоқчи  бўлгандай,  унинг  олдига  эмаклаб борди.

Кўп ўтмай Бозорбой хуржунга бўри болаларини солди-да, жўнаб кетди. Бу орада оти ҳам анча дам олган, унга бошқатдан згар-жабдуқ уришган, у шундан сўнг Бўстон қўрасидан шаҳдам йўлга  тушган  эди.  Марат  ва  Рисқул  отга  миниб,  елкаларига  милтиқ  осиб  Бозорбойнинг  икки ёнида кузатиб боришди. Уларнинг икковлари ҳам ичишган, лекин Маратнинг кайфи ошиброқ қолган,  шунинг  учун  оғзи  гапдан  бўшамасди.  Чақирилмаган  меҳмон  Бўстоннинг  уйидан хайрлашиб чиқаркан, орада андак кўнгилхиралик ҳам бўлиб ўтди. Ана шуни сипоришлаш учун бу бақувват йигитлар Бозорбойни кузатгани чиққан эдилар.

Бозорбой  уйдан  чиқмоқчи  бўлиб,  қўлидаги  бўричалар  солинган  хуржунни  эгарга  ташлаб қўярсан,  дегандай  қилиб  Маратга  берди.  У  Бўстоннинг  қўрасида  иззати  жойига  қўйилгандан хурсанд эди.  Бозорбой деворда каттакон бўри териси ёнида осиғлиқ турган милтиқни қўлига олди.  У  милтиқни  диққат  билан  кўздан  кечирди.  Қорамтир  пўлати  ярақлаб  турган,  кўп ўқланадиган, йирик ўлжа уришга мўлжалланган сойли милтиқ кўзни қувонтирар, у Бозорбойга ростданам  ёқди.  Деворга  осилган  бўри  терисини  Бўстон  шу  милтиқдан  аниқ  нишонга  уриб қўлга киритган эди. Буни шу атрофда билмаган одам йўқ.

—  Менга  қара,  Гулимхон,—  бамайлихотир  деди  Бозорбой  мастона  кўзларини  милтиқдан узиб бекага тикиларкан. Бу Гулимхон дегани чеккароқ ерда қўлимга тушса борми… Ҳаёлининг бир  четидан  ўтди  унинг.  У  хотинларга  дуч  келган  жойда,  даладами,  йўлдами  шартта  чангал солишга  ўрганиб  қолган,  ниятига  етгач,  бундан  заррача  ачиниб  ўтирмас,  мана,  ҳозир Гулимхонни ўз хотини Кўк Турсун билан қиёслаб кўраркан, Гулимхон эмас, шу жонга теккан, совуқ  ошдай  бўлиб  қолган  хотин  ўз  чекига  тушганлигидан  фиғони  ошди.  Мабодо  шу  тобда хотини кўзига тушса, унга тарсиллатиб шапалоқ тортиб юборишдан ҳам тоймасди бу бадбахт.

Бозорбой ўзини базўр қўлга олиб деди:— Яхши яшар экансизлар. Сен яхши бекасан. Мен нима демоқчи эдим? Биласанми, Гулимхон, бўрилар яна кетимдан тушадими деб, қўрқаяпман. Мен шу милтиқни ола кетсам бўлармикин, эртага бировдан жўнатиб юборардим…

—  Худо  ҳақи,  жойига  илиб  қўйинг,—  қатъий  деди  Гулимхон.—  Бўстон  милтиғига  ҳеч кимнинг қўлини теккизмайди. Милтиғини биров ушласа, ёмон кўради.

— Нима, битта милтиққа кучинг етмайдими?— тумтайиб иршайди Бозорбой. У қулай пайт топса, бу жувонни қандоқ қучоқлашини ярқ этиб кўз ўнгига келтирди.

—  Э,  нима  деяпсиз?  Бўстон  келиб,  милтиқ  жойида  йўқлигини  кўрса,  нима,  бу  менга… Ўқлари  қаердалигини  ҳам  билмайман.  Бўстон  уларни  яшириб  қўяди.  Бировга  бир  донасини бермайди.

Бозорбой  ичида  Бўстонни  бўралаб  сўкди.  Ўзидан  ҳам  хафа  бўлиб  кетди:  Бўстоннинг бунчалар қурумсоқлигини у билмасмиди, мана, хотини ҳам эридан бир тук қолишмас экан; сал бўлмаса,  у  жувонга  милтиғинг  бошингдан  қолсин,  деб  юборай  деди.  Лекин  шу  пайт  Рисқул жонга оро кирди, уни ноқулай аҳволдан қутқарди.

— Бекор ташвиш чекяпсиз, Бозаке. Марат билан сизни отлиқ кузатиб қўямиз, хоҳласангиз уйингизгача борамиз,— деб ишонтирди у кула-кула.— Вақтимиз эса бор, тун ўзимизники. Бу милтиққа эса сиз, яхшиси, тегманг. Жойига осиб қўйинг. Билмайсизми, уни ўз оти билан Бўстон деб қўйибдилар. Жуда тартибли одам!

Улар энди чиқмоқчи бўлиб турганларида Рисқул яна бирпас ушланиб қолди. У Бўстоннинг ўғилчасини  алдаб  юпатишга  тушди.  Болакай  амаки  бўричаларни  хуржунга  солганини  кўриб, ариллаб  йиғлаб  берди.  Қаёққа  олиб  кетяпти  деб.  Кичкинтой  ўзини  ерга  урар,  онасининг бағридан юлқиниб чиқмоқчи бўлар, бўричаларни қайтариб беришни талаб қиларди…

Қўрадан чиққанларидан кейин ўқишни чала ташлаб кетган Марат ҳамроҳларини зериктириб қўймаслик учун ўзига қизиқ бўлиб кўринган бир ҳангомани бошлаб юборди.

— Яқинда районимизда бир антиқа воқеа рўй берди. Кулавериб ичакларинг узилиб кетади! Эшитмовдингизми, Бозаке?

— Эшитганим йўқ,— деди Бозорбой.

— Э, тоза ғовға бўлиб кетди. Чин сўзим!

—  Қани,  қани,  эшитайлик  студентдан,—  деди  унинг  қитиқ  патига  тегиб  Рисқул  отини йўрттириб бораркан.

—  Областимизнинг  раҳбарларидан  бири  район  газетамизнинг  редакторига  қўнғироқ қилибди.  Нима  учун  сизларнинг «Социализм  тонги»  газетангизда  капиталистик  Американи тарғиб этишяпти?— Редактор билан бир пайт бирга ўқиганман, жуда ҳам қўрқоқ ва лаганбардор одам,  раҳбарнинг  сўзларидан  тили  калимага  келмай  қолибди. «Б-биз  А-Американи  ё-ёзга-анимиз йў-ўқ! К-кечири-инг, қ-қана-ақа та-арғи-бот?» Раҳбар айтармиш: «Ҳали ёзмаганларинг шуми? Манови нима, оқ қоғозга қоп-қора қилиб ёзгансизлар?— «Бўстонга эргашайлик?»

—«Э, бу илғор чўпонимиз Бўстон Ўркунчиев ҳақида ёзилган».— «Мен ҳам биламан у ҳақда ёзилганини. Аммо кўплар фақат сарлавҳанинг ўзини ўқишади». Ҳа-ҳа-ҳа! Ана, кўрдингизми? Зўрми? «Хўп,  унда  нима  қилайлик?»—  деб  сўрабди  редактор.  Раҳбар  айтармиш: «Илғорга тайинланг, номини ўзгартирсин».

— Тўхта!— деди Бозорбой,— нима Америкада ҳам Бўстон борми?

— Э, йўқ,— деди кулиб Марат.— Бўстон — Американинг катта шаҳарларидан бири, Нью-Йоркдан қолишмайди. Бизда эса Бўстон — бўз тўн дегани, яъни кулранг чопон. Тушундингми?

— Туф-эй, ана, қурғурни қара, рост, рост!— деб тасдиқлади Бозорбой, бу гапларнинг бари икки пулга қимматлиги, Бўстоннинг обрўйига заррача ҳам путур етказолмаслигидан ачиниб.— Худди ўзи. Бўстон деб чопонни айтамиз…

Кечанинг серюлдуз фалаги — сарбаланд тоғлар қоронғуликда қуд-ратли яғрини элас-элас кўзга чалиниб турган кўл узра ёйилди. Уч отлиқ ҳазил-ҳузул қилишиб Таманга кетиб боришар, шу кеча бир қанча одамларнинг тақдир калавалари ечиб бўлмайдиган даражада оғир чувалашиб кетганлигини ҳаёлларига ҳам келтирмас эдилар… Мана, уларнинг гап-сўзлари, от тақаларининг тошларга  урилган  овозлари  борган  сари  секинлаб,  сўнг  бутунлай  эшитилмай  қолди…  Бўстон движогининг пат-пати ҳам орқада сўнди, унинг чироқлари тоғларга чўккан қоронғулик ичидан чўпонларнинг бир неча қўралари-ю ҳовлиларига оқ шуълалар таратарди.

Қаердадир узоқ кетмай қашқирлар изғишарди…

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чол ва денгиз (1)

Чол қайиқда ёлғиз ўзи Гольфстримда балиқ овларди. Денгизга чиқаётганига мана саксон тўрт кун ҳам тўлди, аммо ҳали биронта балиқ тутганича йўқ. У билан қирқ кун бола бирга ...

Мeҳробдан чаён- хайрихоҳ бир одам

Раъно ичкарига қайрилмасдан боқчаға махдум кирди ва ташқарини чақирди: — Марҳамат Шаҳидбек, марҳамат! Раъно ичкарига кишири билан домланинг орқасидан ҳарсиллаган, гурсиллаган ...

Юлдузли тунлар-17

7 Бекларнинг машваратида Самарқанд юришини рамазон ойида бошлашга, тайёрлик ишларининг асосий қисмини Ўшнинг ўзидаёқ битириб кетишга қарор қилинди. Бобур онасининг сўзини ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400