Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 41-қисм

—  Бўлди  қилинг,  отаси,  юрагимни  чиқарманг!  Нима,  мени  бола  фаҳмлаяпсизми? — ишонмай илжайди Гулимхон.— Худди болаликдан улар билан бирга ўсгандай гапирасиз…Ҳеч одамнинг ишонгиси келмайди… Бўстон  хайр  майли,  дегандай  кўнгилчан  кулиб  қўйди,  лекин  ўйланиб  колди,  хотинини тинчлантирмаса бўлмаслигини билди.

—  Бўлар  иш  бўлибди,—  деди  у  бир  оз  жим  ўтиргач,—  ҳаёлингдан  чиқариб  ташла.  Бир димоғингни  чоғ  қилай  дедим-да.  Қани,  тўшакни  сол.  Кеч  бўлиб  кетди.  Эрталаб  барвақтроқ туриш керак. Эрта-индин ялписига қўзилаш бошланади. Баъзи қўйлар кечаси ё эртага эрталаб туғиб қўйиши мумкин. Айниқса, иккита, учталаб қўзилайдиганлари!

Чироқни ўчириб ўринга кирганларидан сўнг одатда дарров ухлаб қоладиган Бўстон районда бўлган  мажлис,  унда  мана  шу  билан  нечанчи  марта  нега  ҳозирги  ёшлар  чорвачиликка қизиқмаётганлиги,  нималар  ва  қандай  қилиш  кераклиги  ҳақида  икки  оғизгина  сўйлаб  берди.

Шунда ташқарида от туёқларининг товуши эшитилди. Гулимхон ўрнидан дик этиб турди, ички кўйлакда елкасига шол рўмолини ташлаб дарча олдига келди. Катта қўтон олдида милтиқ осган икки отлиқ отдан тушаётганларини кўрди.

— Рисқул билан Марат қайтиб келишди,— деди у.— Бозорбойни кузатиб қўйгани кетишган эди.

— Вой, тентаклар-эй! — деб ғўлдиради Бўстон ва шу заҳоти ухлаб қолди.

Гулимхон анчагача ухлолмай ётди. Каравотда ётган ўғилчасининг устини тўғрилади. Боласи тушмагур, доим устидаги кўрпаларини тепиб ташлайди, қорни очилиб қолади. Бола эмас, бало, ҳеч ухлагани бермайди, айниқса, кўзини уйқу тортиб кетаётган маҳалда. Ҳозир Гулимхоннинг уйқуси  қочди.  Хўп  серғалва,  бевош  кун  бўлди-да  бугун.  Ҳаммасига  Бозорбой  сабабчи.

Осмондан  тушгандай  келиб  қолганини  қаранг.  Кўзим  учиб  турувди  сенга.  Айниқса,  Бўстон жини  суймайди.  Бўстон  ўзи  шунақа,  шовқин-суронни,  шошқалоқликни,  Бозорбойга  ўхшаган тамизи  йўқларни  гарчи  шахсан  ҳеч  қандай  ёмонлик  қилмаган  бўлса  ҳам,  ёқтирмайди.

Бозорбойнинг эса Бўстонга бахиллиги келади, иши юришган, ошиғи олчи дейишади… Лекин иш юришсин  деб,  қанча  тер  тўкиш,  ақл  ишлатиш  керак,  Бозорбой  буни  билмайди.  Эртага  тонг қоронғусидан ишга шўнғиб кетади, то кеч говгумгача қўли бўшамайди, ҳаммасига ўзи қарайди, ўзи режа олади, пухталаб кўз солади…

Гулимхон дераза олдига келиб, сутдай оқариб ётган тун бағрига тикилди. Ой тизим-тизим тоғ ўркачлари узра порларди, дурдона юлдузлар бодраб чиққанди. Эрталабга қараб ой ботади, юлдузлар  сўнади,  аммо  шу  кеч  алламаҳалда  туннинг  чеки  йўқдай,  ҳеч  қачон  тонг оқармайдигандай  кўринарди.  Тоғ  этаклари  сукунатида  чекдаги  пат-патнинг  овозигина  ҳоким эди.

Гулимхон  узоқ  ухладими,  айтиш  қийин,  балки  кўзи  уйқуга  эндигина  илингандир,  лекин шунда  уйқу  аралаш  қулоғига  итларнинг  акил-лашгани  ва  қандайдир  увлаган  овоз  чалинди. Гулимхон уйқудан базўр кўзини очди, энди бўрининг чўзиб-чўзиб, нола қилиб улиганини аниқ эшитди. Ув солган овоз кўкка ўрлар ва юракка оғир ваҳима соларди. Гулимхонни титроқ босди, у эрига яқинроқ сурилиб ётди, унинг бағрига тиқилди. Сал ўтмай бўри улиши аччиқ, аламли йиғига айланди. Азоб-уқубатда қолган махлуқ ғамини ҳеч қаёққа сиғдиролмай фарёд кўтарарди.

— Акбара-ку! — уйқу аралаш хириллаган овоз билан деди Бўстон ёстиқдан шаҳд бошини кўтариб.

— Қанақа Акбара? — сўради Гулимхон гап нима ҳақида бораётганлигини англамай.

— Она бўри! — деди Бўстон бўри овозига қулоқ тутиб, сўнг қўшиб қўйди: — Тошчайнар ҳам қўшилишиб увлаяпти. Эшитяпсанми, қассобхонадаги буқадай бўкиряпти.

Улар нафасларини ичларига ютиб қотиб қолдилар.

— Ув-ув-ув-в-ва-ув-В-ва-а-а-у! — андуҳ тўла фарёд тараларди чексиз тун қўйнида.

— Нима, нимага увлаяпти? — қўрқиб пичирлади Гулимхон.

— Нима бўларди? Аламидан йиғлаяпти!

Улар индамай қолдилар.

—  Вой  қисталоқ! — жаҳли  чиқиб  сўкинди  Бўстон.—  Сен  ёта  тур,  болага  қара,  уйғониб кетмасин.  Э,  қўрқма,  нимадан  қўрқасан,  нодон!  Бўри  хўп  увлаяпти  яқин  ўртада,  боласини соғиниб довлаяпти, хўп, нима қилиш керак? Мен қўтонлардан хабар олай-чи, нима гап экан?

У  шундан  сўнг  апил-тапил  кийинди,  даҳлизга  ўтиб  этигини  оёғига  тортди,  сўнг  хонага қайтиб  кириб,  чироқни  ўчирди-да,  эшик-ни  маҳкам  ёпиб  ташқарига  чиқди.  Гулимхон  унинг дераза  ёнидан  ўтгани,  алланималар  деб,  сўкингани, «Жайсон!  Жайсон!  Маҳ!»—  деб  итни чақиргани  ва  қадамлари  аста  узоқлашиб  кетганини  тинглаб  ётди.  Шунда  яна  она  бўрининг чўзиб ув  тортгани,  эркагининг  дўриллаб  унга  жўр  бўлгани  эшитилди.  Улар  тортаётган  уввос сасида қаҳру-ғазаб кўпириб тошар, дўқ йиғи билан алмашар, кейин яна телба васваса шиддатли хуружга минар, сўнг умидсиз ёлвормоққа ўтарди…

Одамнинг юрагини эзиб, буйдалаб юбормоқдайди бўриларнинг уввоси. Гулимхон қулоғини чиппа беркитди, сўнг бориб, худди қашқирлар уйга бостириб кирадигандай эшикнинг илгагини солди, қалтираб, шол рўмолига ўраниб, нима қилишини билмай гарангсиб ўрин тепасига келди. Ишқилиб, бола уйғониб, қўрқиб кетмасин-да, деди у. Ичи шундай алағ-чалағ эди.

Бўрилар  эса  ҳамон  ув  тортишар,  улар  худди  шу  яқин  орада  айланишиб,  у  ердан  бу  ерга ўтишиб, дайдишаётгандек эди. Итлар уларга жавобан қутуриб вовуллашар, лекин ҳовлилардан ташқари  чиқишга  ботинмасдилар.  Шунда  бирдан  варанглаб  милтиқ  овози  келди,  яна  бир отилди.  Бўстон  билан  қоровул  Қудурмат  бўриларни  қўрқитиш  учун  ўқ  чиқарганларини Гулимхон тушунди.

Сўнг  ҳаммаёқ  жим  бўлиб  қолди.  Итлар  акиллаши  босилди.  Бўриларнинг  ҳам  уни  ўчди., «Худога шукр, кетишди, одамнинг ўтакасини ёриб юборай дейишди-ей!»— ўйлади Гулимхон енгил  тин  олиб.  Лекин  барибир  дили  хавотирда  эди.  У  ухлаётган  Кенжашни  каравотдан ўзларининг тўшакларига олиб ўтиб, ўртага ётқизди. Бу орада Бўстон қайтиб келди.

— Уйқуни ҳам ҳаром қилди, қисталоқлар,— деб норози тўнғил-ади у афтидан бўрилар ва итларни назарда тутиб.— Ҳайвон, қип-қизил ҳайвон экан, бу Бозорбой! — дерди у куфр бўлиб, қайта ўринга чўзиларкан.

Гулимхон  эридан  сўраб-суриштириб  ўтирмади.  Шусиз  ҳам  уйқуси  чала  бўлди.  Эрталаб азонлаб яна қўтонларни айланиши керак. У мириқиб уйқуни уриб ётадиган чўпонлардан эмас.

Эрининг кўнгли ниҳоят жойига тушганлиги, ўғилчасини бағрига босиб, ширин сўзлар айтиб,эркалаганларини  кўриб,  Гулимхон  ниҳоят  енгил  тортди.  Бўстон  ўзи  кенжасини  қаттиқ  суяр, шунинг учун ҳам унга Кенжабек — наслнинг кенжа беги деб ном қўйганди. Чўпонлар ҳамма вақт  бек  бўлишликни  орзу  қилганлар,  лекин  тақдирнинг  кулгисини  кўрингни,  ҳамма  вақт чўпонлар — чўпон бўлиб қолаверганлар. Бўстон ҳам бундан мустасно эмасди.

Улар  ўғилчани  ўрталарига  олиб  ётганча  ухлаб  қолдилар.  Лекин,  ҳаял  ўтмай  яна  мунглиқ бўри улисидан чўчиб уйғондилар. Итлар яна безовта вовуллаша бошладилар.

— Вой, яна нима бўлди? Қуриб кетсин шу турмуш! — уйқу азобидан норози бўлиб деди Гулимхон  ва  шу  заҳоти  айтган  сўзи  учун  афсусланди.  Бўстон  индамай  ўрнидан  туриб, қоронғуда  тимирскиланиб  кийимини  устига  ила  бошлади.—  Кетманг,—  илтижо  қилди хотини.— Увласа увлайверсин…Мен қўрқаман, Керакмас, кетманг!

Бўстон кўна қолди. Шундай қилиб, улар қоп-қоронғу тунда, зимистон қопланган тоғларда, қоронғу  уйда  бўриларнинг  нолакор  улиганига  қулоқ  тутиб  ётардилар.  Тун  ярмидан  оғган, ҳализамотда тонг оқаради, бўрилар эса ҳамон қайғули, аламангиз ув тортганлари тортган эди.

— Одамнинг жонини суғуриб олай дейди-я. Уларга нима керак экан ўзи? — ўзини тутолмай деди Гулимхон.

— Нима керак буларди? Болам қани, деб сўрашяпти-да, жавоб берди Бўстон.

— Болалари бу ерда эмас-ку, ахир. Олиб кетдилар-ку аллақачон.

—  Улар  не  билсин  буни? — деди  Бўстон.—  Булар — Худонинг  махлуқи.  Фақат  битта нарсани билишади: излар уларни шу ергача олиб келган. Шу ерда улар учун ҳамма нарса тамом бўлган — дунё охир бўлган. Қани, бориб уларга шуни тушунтириб кўр-чи. Аттанг, ўшанда уйда ўзим бўлмабман-да! Бозорбой аблаҳнинг шу иши учун бўйнини қайириб ташлардим. Ўлжани олган у — ўлпонини биз тўлаймиз…

Худди  унинг  сўзларини  тасдиқлагандай  қўтонлар  ва  қўй  қўралари  узра  бўриларнинг  дам мунгли ва оғир, дам дарғазаб ва қаҳрли уввослари таралар — аламидан ўзларини қўярга жой топмаган бўрилар атрофда тинмай изғиганлари изғиган эди.

Айниқса,  Акбара  ўртаниб  ёнарди.  У худди  мозорга  борган хотиндек  нола  чекарди.  Шуни Гулимхон Эрназар довонда нобуд бўлганда, бошини деворга уриб йиғлаганларини эслади. Шу тобда аламидан дод деб юборай деди. Бўстонни уйғотиб унга ҳамма-ҳаммасини бир чеккадан сўйлаб беришига оз қолди, бундан ўзини базўр тўхтатди.

Улар шу тариқа мижжа қокмай ётишар, ёлғиз маъсум гўдак Кенжашгина мириқиб ухларди.

Она бўрининг болаларидан айрилиб тинмай ув тортаётганини тингларкан, она Гулимхон гарчи ҳеч қандай хавфу хатар бўлмаса ҳам, ўз фарзандидан ташвишланарди.

Тоғларнинг боши оқарди. Қоронғулик кўк тоқларида эриб бормоқда. Тунги посбонлигини ўтаган юлдузлар бирин-бирин ўчмоқда. Олис-яқин чўққилар равшан тортди. Ер — ерга ўхшай бошлади.

Мана шу соатда Акбара билан Тошчайнар тоғларга, Бошат дараси томон кетиб борардилар.

Уларнинг  соялари  дам  адир-тепаликларга  тушар,  дам  қоронғулик  ичра  йўқоларди.  Бўрилар бошларини хам қилганча кадам ташлар — болаларидан айрилиш осон бўлмаганидек, тун бўйи улиб чиқиш ҳам осон эмасди. Улар йўл-йўлакай ўлжа қўтос тўши қолган ялангликка ўтишлари ҳам мумкин эди. Одатда улар тўйиб-тўйиб эт ейишдан ўзларини тийиб ўтирмасдилар. Лекин Акбаранинг  кўнгли  шу  тобда  эт  тусамади  ва  Тошчайнар  ҳам,  унга  буни  эслатишга  юраги бетламади.

Қуёш чиқай деб қолганди. Акбара инга яқинлашаркан, бирдан худди уни болакайлари кутиб тургандек,  югургилаб  чопиб  кетди.  Ушбу  ғалати  ҳолат — ўз-ўзини  алдаш  Тошчайнарга  ҳам юқди. Энди улар икковлан дара ичидан ҳалака отиб югуриб боришар, бултуруқларни яна тезроқ кўрмоқ умиди юракларини ҳаприқтирарди.

Яна  бари  такрор  бўлди.  Акбара  чангалзор  оралаб  шўнғиди,  камарга  кирди,  ўзини  қоя тагидаги инига урди, яна ҳамма ёқни искаб чиқди, совуган ўрнини тимдалади, яна бултуруклар ғойиб бўлганига ишонди, фарёд чекиб, ўзини индан ташқарига отди, кўзига аламидан ҳеч нарса кўринмай, ғор оғзида дуч келган ўнғайсиз Тошчайнарни яна тишлаб-тишлаб олди, яна жилға бўйига бориб, ҳар томонни искай кетди. Бу ерда ҳамма нарса кўзига хунук ва аламшўр бўлиб кўринди.  Айниқса,  тошга  суяб  қўйилган  шишадан  таралаётган  ҳидга  сира  тоқат  қилолмасди.

Аччиқ, димоқни ёрадиган ҳид Акбаранинг қаҳру-ғазабини ошириб-тошириб юборди. У ваҳшат билан ириллади, ўзини тишлаб ташлади, ерни, тошни  тишлаб тирнади. Охири чидолмай фарёд кўтарди,  унинг  фиғону  ошуби  кўкдан  ошди.  Акбаранинг  ўхшаши  йўқ  кўк  кўзларидан  олам қонли жала бўлиб ёғилди..

Оламда  унга  тасалли  бергувчи  ҳеч  ким  йўқ  эди,  ҳеч  ким  унга  қўшилиб  йиғламасди.

Сарбаланд тоғлар совуқ эдилар…

 

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

 

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-36

7 Тепаликка учиб чиқаётган чопқир отнинг туёғи ердан бош кўтариб, бугун-ерта очилай деб турган лола ғунчасини эзиб-янчиб ўтди. Бу от устида ўтирган Шайбонийхоннинг кўзлари ...

От кишнаган оқшом (қисса) 64-қисм

64 Эртаси эрталаб Назир жувозкаш келди. Девордан бўйлаб овоз берди. — Зиёдулла чавандоз, берман бир қаранг! — деди. Бир-бир босиб бордим. Девордан қўл узатдим. ...

Абашидзе григол григорьевич

АБАШИДЗЕ Григол Григорьевич -грузин ёзувчиси. Грузия ФА академияси (1979). Дастлабки шеърлари 1938 йилда матбуотда эълон қилинган. Илк поэмаси «Қора шаҳарда баҳор» 1938 йил, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400