Абдулла Қодирий:Ўткан кунлар

Ёзғучидан

Модомики, биз янги даврга оёқ қўйдик, бас, биз ҳар бир йўсунда ҳам шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашамиз ва шунга ўхшаш достончилиқ, рўмончилиқ ва ҳикоячилиқларда ҳам янгаришға, халқимизни шу замоннинг «Тоҳир-Зуҳра»лари, «Чор дарвеш»лари, «Фарҳод-Ширин» ва «Баҳромгўр»лари билан танишдиришка ўзимизда мажбурият ҳис этамиз.
Ёзмоққа ниятланганим ушбу — «Ўткан кунлар», янги замон рўмончилиғи билан танишиш йўлида кичкина бир тажриба, яна тўғриси, бир ҳавасдир. Маълумки, ҳар бир ишнинг ҳам янги — ибтидоий даврида талай камчилик-лар билан майдонға чиқиши, аҳлларининг етишмаклари ила секин-секин тузалиб, такомулга юз тутиши табиий бир ҳолдир. Мана шунинг далдасида ҳавасимда жасорат этдим, ҳаваскорлик орқасида кечатурган қусур ва хатолардан чўчиб турмадим.
Мозийға қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар. Шунга кўра мавзуъни мозийдан, яқин ўткан кунлардан, тари-химизнинг энг кирлик, қора кунлари бўлған кейинги «хон замонлари»дан белгуладим.

Абдулла Қодирий (Жулқунбой)


Биринчи бўлим

1. ОТАБEК ЮСУФБEК ҲОЖИ ЎҒЛИ

1264-инчи ҳижрий, далв ойининг ўн еттинчиси, қишки кунларнинг бири, қуёш ботқан, теваракдан шом азони эшитиладир…
Дарбозаси шарқи-жанубийга қаратиб қурилған бу донғдор саройни Тошканд, Самарқанд ва Бухоро савдогарлари эгаллаганлар, саройдаги бир-икки ҳужрани истисно қилиш билан бошқалари мусофирлар ила тўла. Сарой аҳли кундузги иш кучларидан бўшаб ҳужраларига қайтқанлар, кўб ҳужралар кечлик ош пишириш ила машғул, шунинг учун кундузгига қарағанда сарой жонлиқ: кишиларнинг шақиллашиб сўзлашишлари, хохолаб кулишишлари саройни кўкка кўтаргудек.
Саройнинг тўрида бошқаларға қарағанда кўркамрак бир ҳужра, анови ҳужраларга кийгиз тўшалгани ҳолда бу ҳужрада қип-қизил гилам, утталарда бўз кўрпалар кўрилган бўлса, мунда ипак ва адрас кўрпалар, наригиларда қора чароғ сасиғанда, бу ҳужрада шамъ ёна-дир, ўзга ҳужраларда енгил табиъатлик, серчақчақ киши-лар бўлғанида бу ҳужранинг эгаси бошқача яратилишда.
Оғир табиъатлик, улуғ ғавдалик, кўркам ва оқ юзлик, келишган, қора кўзлик, мутаносиб қора қошлиқ ва эндигина мурти сабз урган бир йигит. Бас, бу ҳужра бино ва жиҳоз ёғидан, ҳам эга жиҳатидан диққатни ўзига жалб этарлик эди. Қандоғдир бир хаёл ичида ўлтурғучи бу йигит Тошканднинг машҳур аъёнларидан бўлған Юсуфбек ҳожининг ўғли — Отабек.
Сарой дарбозасидан икки киши келиб киргач, улардан бирави дарбоза ёнидағи кимдандир сўради:
— Отабек шу саройга тушканми?
Бизга таниш ҳужра кўрсатилиши билан улар шу томонга қараб юрдилар. Бу икки кишининг биттаси гавдага кичик, юзга тўла, озроққина соқол-муртлик, йигирма беш ёшлар чамалиқ бир
йигит бўлиб, Марғилоннинг бойларидан Зиё шоҳичи деганнинг Раҳмат отлиқ ўғлидир, иккинчиси: узун бўйлик, қора чўтир юзлик, чағир кўзлик, чувоқ соқол, ўттуз беш ёшларда бўлған кўримсиз бир киши эди. Бу йигит яхшиғина давлатманд бўлса ҳам, лекин шуҳрати нима учундир бойлиги билан бўлмай, «Ҳомид хотинбоз» деб шуҳратланган, кишилар Ҳомид орқасидан сўзлашканда унинг отиға тақилған лақабни қўшиб айтмасалар, ёлғиз «Ҳомидбой» дейиш ила уни танита олмайдирлар. Ҳомиднинг Отабек билан танишлиғи бўлмаса ҳам Раҳматка яқин қариндош— Зиё шоҳичининг қайниси, Раҳматнинг тоғаси.
Улар ҳужрага келиб кирдилар. Отабек келгучиларни улуғлаб қаршилади.
— Бизни кечирасиз, бек ака, — деб Раҳмат узр айтди, — вақтсиз келиб сизни тинчсизладик.
Отабек уларга юқоридан жой кўрсатар экан, ёқим-лиқ бир вазиятда:
— Тинчсизламадингизлар, билъакс қувонтирдингиз-лар,— деди, — шаҳрингизга биринчи мартаба келишим бўл-ғани учун танишсизлиқ, ёлғизлиқ мени жуда зериктирган эди.
Шу орада ҳужрага бир чол кириб ул ҳам меҳмонлар билан сўрашиб чиқди. Бу чол Ҳасанали отлиқ бўлиб, олтмиш ёшлар чамасида, чўзиқ юзлик, дўнггироқ пешоналик, сариққа мойил, тўгарак қора кўзлик, оппоқ узун соқоллик эди. Соқолининг оқлиғига қарамасдан унинг қаддида кексалик аломатлари сезилмас ва тусида ҳам унча ўзгариш йўқ эди.
Отабек меҳмонларни танчага ўтқузиб, фотиҳадан сўнг Ҳасаналидан сўради:
— Тузукмисиз, ота?
— Худога шукур, — деди Ҳасанали, — бояғидан бир оз енгилладим. Мазмуни ис теккан экан.
— Баъзи юмушлар буюрсам…
— Буюрингиз, ўғлим.
— Раҳмат, ота, бўлмаса бизга чой қайнатиб берсангиз-чи.
— Хўб, бегим.
Ҳасанали чиқди. Раҳмат Отабек билан яна бир қайтиб соғлиқ сўрашқандан кейин сўради:
— Бу киши кимингиз бўладир, бек ака?
Отабек Раҳматнинг саволига жавоб бермай эшикка қаради. Ҳасаналини ҳужрадан узоқлатиб сўнгра жавоб берди:
— Қулимиз.
Бу сўздан нима учундир Ҳомид ажабланган эди.
— Қулингиз?
— Шундоғ.
Ҳасаналини болалиқ вақтида Эрондан киши ўғирлаб келгучи бир туркман қўлидан Отабекнинг бобоси ўн беш тилло баробарига сотиб олган эди. Ҳасаналининг Отабеклар оиласида қуллиқда бўлғаниға элли йиллар чамаси замон ўтиб, энди Отабеклар оиласининг чин бир аъзоси бўлиб кеткан. Хўжаси Юсуфбек ҳожига, айниқса, хўжазодаси Отабекка итоат ва ихлоси том бўлиб, бунинг эвазига улардан ҳам ишонч ва ҳурмат кўрар эди. Ҳасанали ўттуз ёшлиқ вақтида сотиб олған бир чўрига уйлантирилган бўлса ҳам, аммо ўғил-қизлари бўлмаған, бўлсалар ҳам ёшлиқда ўлиб кетканлар. Шунинг учун бўлса керак, Отабекка ихлос қўйиб, унга ўз боласи каби қарар: «Ўлганимдан кейин руҳимга бир калима қуръон ўқуса, бир вақтлар Ҳасанали ота ҳам бор эди деб ёдласа, менга шуниси кифоя» деб қарор берган ва ҳозирдан бошлаб Отабекка бу тўғрида сипо-ришлар бериб, ундан самимий ваъдалар олиб юрғучи оқ кўнгил бир қул эди.

Ҳасанали устида бўлған ҳалиги гапдан кейин Раҳмат сўради:
— Тошканддан нималар келтирдингиз, бек ака?
— Арзимаган нарсалар: газмол, қалапой афзали ва бир оз қозон.
— Марғилонда газмол билан қалапой афзалининг бозори чаққон, — деди Ҳомид.
Отабек миқрози билан шамъ сўхтасини кесиб тузатди. Орада ётсирашка ўхшаш бир ҳол бор, нима учундир бир сўзлаб икки тўхтар эдилар. Бу ўнғайсиз ҳолатдан чиқиш ва, сўзға улаб юбориш учун Раҳмат тиришкандек кўринар эди.
— Марғилонни қандай топдингиз, бек ака, хушландингизми, ё?..
Бу саволнинг жавобига Отабек иккилангандек ва ўнғайсизланғандек бўлди.
— Нима десам экан… Марғилонни ҳар ҳолда… хуш кўрдим, Марғилон Туркистонимизнинг тўқуғучилиқ ҳунарида биринчи шаҳридир.
Иккиланиб берилган бу жавобдан Ҳомид билан Раҳмат бир-бирларига қарашиб олдилар.
Отабек бу ҳолатни сезди ва ўзининг сўзини кулгуликка олиб изоҳ берди:
— Келган кунимдан Марғилонинғизни хушламай бошлаған эдим. Чунки танишларим йўқ, мусофирчилик билиниб қолаёзған эди. Энди бу соатдан бошлаб Марғилондан розиман, негаки, йўқлаб келгучи сизнинг каби қадрдонлар ҳам бўлур экан.
— Кечирингиз, бек ака, — деди Раҳмат, — мен сизнинг Марғилон келганингизни бу кун отамдан эшит-дим. Йўқса, албатта сизни зериктирмас эдим.
— Аниқми?
— Тўғри гап, — деди Раҳмат, — отам Тошканд борғанларида тўп-тўғри сизнинг эшикингизга тушсинлар-да, сиз саройга тушинг. Бу тараф билан сиздан ўпкани биз қилсақ арзийдир.
— Ҳаққингиз бор, — деди Отабек, — аммо би-ринчидан, сизнинг ҳавлингизни сўроғлаб топиш менга қийинроқ кўринди, ундан сўнг молимизни ортған туякашлар шу саройға тайинланған эдилар.
— Ҳар ҳолда бу узр эмас.
Ҳасанали дастурхон ёзиб қумғон киргизди. Одатий такаллуфлар билан дастурхон ва чойга қаралди. Ҳомид нонни шиннига булғар экан сўради:
— Ёшингиз нечада, бек?
Отабекнинг лаби қимирламасдан чой қуйиб ўтирган Ҳасанали жавоб берди:
— Бекка худо умр берса, бу йил ҳамдуна бўлса тўппа-тўғри йигирма тўрт ёшга қадам
қўядилар.
— Йигирма тўрт ёшга кирдимми, ота? — деди бек. — Чиндан ҳам неча ёшга кирганимни ўзим билмайман.
— Йигирма тўрт ёшга кирдингиз, бек.
Ҳомид тағин сўради.
— Уйланганмисиз?
— Йўқ.
Ҳасанали Отабекнинг ёлғиз «йўқ» билан тўхташига қаноатланмади ва бу тўғрида ўз томонидан изоҳлар беришни лозим кўрди:
— Бек учун бир неча жойларга қиз айтдирмак исталинган бўлса ҳам, — деди, — аввал тақдир битмаганлик, ундан кейин бекнинг уйланишка бўлған қаршилиқ-ларидан бу кунгача тўй қилолмай келамиз. Улуғ хўжа-мизнинг қатъий ниятлари бу сафардан қайтғач бекни уйландиришдир.
— Манимча, уйланишдек нозик бир иш дунёда йўқдир, — деди Раҳмат ва Отабекка юз ўгирди. — Уйлангач, хотининг табъингга мувофиқ келса бу жуда яхши; йўқса, мунчалик оғир гап дунёда бўлмас.
Отабек Раҳматнинг бу сўзини самимият билан қаршилади.

— Сўзингизнинг тўғрилиғида шубҳа йўқ, — деди,— аммо шуни ҳам қўшмоқ керакки, оладирғон хотинингиз сизга мувофиқ бўлиши баробарида эр ҳам хо-тинға мувофиқуттабъ бўлсин.
— Хотинға мувофиқ бўлиш ва бўлмаслиқни унча кераги йўқ, — деди Ҳомид эътирозланиб, — хотинларга «ер» деган исмнинг ўзи кифоя… аммо жиян айткандек, хотин деган эрга мувофиқ бўлса бас.
Раҳмат кулиб Отабекка қаради. Отабек ҳам истеҳ-золик табассум ораси Ҳомидга кўз қирини ташлади.
— Уйланишдаги ихтиёримиз, — деди Раҳмат, — ота-оналаримизда бўлғанлиқдан, оладирған келинлари ўғиллариға ёқса эмас, балки унинг ота-оналари ўзларига ёқса бас. Бу тўғрида уйлангучи йигит билан эр қилғучи қизнинг лом-мим дейишка ҳақ ва ихтиёрлари бўлмай, бу одатимиз маъқул ва машруъ ишлардан эмасдир. Масалан, мен ота-онамнинг ёқдиришлари билан уйландим… аммо хотиним ота-онамга мувофиқ бўлса ҳам менга мувофиқ эмас, сиз айтгандек, эҳтимол мен ҳам хотинимға мувофиқ эмасдирман… Сўзингиз жуда тўғри, бек ака.
Отабек Раҳматнинг сўзини ихлос билан эшитди ва «сен нима дейсан?» дегандек қилиб Ҳомидга қаради.
— Жиян, — деди Ҳомид Раҳматка қараб, — бошлаб уйланишинг албатта ота-онанг учун бўлиб улардан ранжиб юришингни ўрни йўқ. Хотининг кўнглингга мувофиқ келмас экан, мувофиқини олиб, хотинни икки қил. Буниси ҳам келишмаса учунчисини ол. Хотиним мувофиқ эмас деб зорланиб, ҳасратланиб юриш эр киши-нинг иши эмас.
Раҳмат Отабекка кулимсираб қарадида, тоғасиға жавоб берди.
— Хотин кўпайтириб, улар орасида азобланишнинг нима ҳикмати бўлсин? — деди. — Бир хотин билан муҳаббатлик умр кечирмак, манимча, энг маъқул иш. Масалан, икки хотинлиқнинг биттаси сизми? Уйингизда ҳар куни жанжал, бир дақиқа тинчлиғингиз йўқ.
— Сенингдек йигитлар учун албатта битта хотин ҳам ортиқчалиқ қиладир, — деб кулди Ҳомид. — Кўб хотин орасида азобланиш ўзи нима деган сўз? Қамчингдан қон томса, юзта хотин орасида ҳам роҳатланиб тириклик қиласан. Мен бу кунгача икки хотин ўртасида туриб жанжалға тўйгунимча йўқ, аммо хотинни учта қилишға ҳам ўйим йўқ эмас.
— Сизга тараф йўқ, тоға.
Ҳомид мағрур бир тусда Отабекка қаради. Отабек унинг сўзидан кулимсираган эди.
Ҳасанали паловға урнаш учун ташқарига чиқди. Отабек меҳмонларга чой қуйиб узатди.
Ҳомиднинг ҳалиги сўзидан кейин орадағи баҳс кесилган эди. Учовлари ҳам бир нарсанинг хаёлини сургандек кўринар эдилар. Бир неча вақт шу ҳолда қолишиб Раҳмат тоғасидан сўради:
— Мирзакарим ака қизини эрга бердими, эшитдингизми?
Бу саволдан нима учундир Ҳомиднинг чеҳраси бузилди ва тилар-тиламас жавоб берди:
— Бундан хабарим бўлмади. Гумонимча, бермагандир.
Раҳмат сўздан четда қолдирмас учун Отабекни ҳам ораға олди:
— Бизнинг Марғилонда бир қиз бор, — деди, — шундоғ кўҳликки, бу ўртада унинг ўхшаши бўлмас, деб ўйлайман.
Ҳомид бир турлик вазиятда ер остидан жиянига қаради. Тоғасининг ҳолидан хабарсиз Раҳмат сўзида давом этти:
— Шаҳримизда Мирзакаримбой отлиғ бир савдогар киши бор, бу шунинг қизидир. Балки сиз Мирзакарим акани танирсиз, у бир неча вақт Тошкандда қутидорлиқ қилиб турған экан?
— Йўқ… Танимайман.
Ҳомиднинг юзидаги бояғи ҳолат яна ҳам кучланиб гўё тоқатсизланғандек кўринар эди, Раҳмат давом этти:
— Унинг ҳавлиси пояфзал растасининг бурчагидаги иморатдир. Ўзи давлатманд бир киши; Тошканд ашрофларининг кўблари билан алоқадор бўлғанлиқдан балки отангиз билан таниш чиқар.

— Эҳтимол, — деди Отабек ва нима учундир ғайри-ихтиёрий бир тебранди. Унинг юзида бир ўзгариш ва вужудида бир чайқалиш бор эди. Ундаги бу ўзгаришдан Раҳмат хабарсиз бўлса ҳам, аммо Ҳомид уни ер остидан таъқиб этар эди. Бу таъқиб Отабекдаги ҳалиги ўзга-ришни пайқабми ёки тасодифийми эди, бу тўғрида бир мулоҳаза айтиш, албатта мумкин эмас. Яна бир неча вақт жим қолдилар.
— Энди бизникига қачон меҳмон бўласиз, бек ака?
Раҳматнинг бу сўзи билан Отабек хаёлидан бош кўтарди:
— Худо хоҳлаған вақтда бўлармиз…
— Йўқ, бек ака, — деди Раҳмат, — сиз аниқлаб бир кунни тайин қилингиз, биз бу ерга сизни таклиф қилғали келганмиз.
— Овора бўлмоқнинг нима зарурати бор?
— Бунда овора бўлиш деган нарса йўқ. Иложи бўлса сизни бу саройдан ҳавлиға кўчирамиз.
Ҳозирга бир кунни тайин қилиб бизга меҳмон бўлинг-чи… Отам сизнинг билан ўлтуришиб Тошканд аҳволотини сўзлаш-макка муштоқдирлар.
— Бу саройдан сизларникига кўчишим оғир, — деди Отабек, — аммо отангизнинг зиёратларига боришға ҳар қачон ҳозирман.
— Соғ бўлинг, бек ака, борадирған кунингизни та-йин қила оласизми?
— Маълумингиз, кечалари бўш бўламан, шунинг билан бирга отангиз қайси вақтни ихтиёр қилсалар ижобат этишдан ўзга чорам бўлмас.
— Саломат бўлингиз, — деди Раҳмат, — шуни ҳам сиздан сўрайин: ўлтуришка бегона кишилар ҳам айтилса мумкинми, озор чекмасмисиз? Чақирилғанда ҳам ўзимизга яқин ва аҳл кишилар бўлур, масалан, Мирзакарим қутидор каби.
Бу вақт Отабекнинг тусига ҳам ҳалигидек ўзгариш чиқди эрсада, лекин сездирмасликка тиришиб жавоб берди:
— Маним учун фарқсиз.
Ошдан сўнг меҳмонлар билан хайрлашиб чиқдилар.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-50

3 Хадича бегим кириб бекинган Ихтиёриддин қалъаси Убайдулла Султонни ўн етти кун овора қилди. Ниҳоят, қалъа деворининг отбозорига туташган ночорроқ бир жойини тагидан кавлаб, ...

Чингиз айтматов:қиёмат 35-қисм

Мўйинқумнинг интиҳосиз чўлида тун бўйи тўлин ой саксовулга осиб кетилган, энди совуб, қотиб қолган одам танасига кўзни қамаштирадиган ярқироқ шуълаларини тўкиб чиқди. ...

Ўзгалар дарди…

Қушчалар, сайроқи қушчалар қафасда бўғилиб сайрашар, бетоқат потирлаб симларга ўралган оламга карашар... Қушчалар, озодруҳ қушчалар оламдан кўзларин узмайди, чирқираб ўзларин ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400