Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 43-қисм

IV

Ўша  куни  бўрилар  жойларидан  кўчдилар.  Уяларини  ташлаб  кетдилар,  тунда  бу  ерга қайтмадилар  ҳам,  атрофда  дайдиб  юра  бошладилар.  Дам  бирон  жойда  ғамга  ботиб  уззукун чўзилиб  ётишар,  дам  теваракни  чарх  уриб  кезишар,  ўзларини  унчалар  ҳам  яширишмас, одамлардан эҳтиёт бўлишни бас қилгандай, асло тап тормас эдилар. Ўша кунлари атрофдаги кўп  чўпонлар  уларни  ҳеч  кутилмаган  жойларда  кўриб  қолар  эдилар.  Она  бўри  худди  эс-ҳушидан  айрилгандай  доим  олдинда  бошини  қуйи  солинтириб  борар,  эркак  бўри  эса  ундан қолмай эргашган эди. Жуфт бўри худди ўлим истагандай хавф-хатарга парво қилмай қўйганди. Улар бир неча маротаба итларнинг юрагига ваҳима ва харосонлик солиб, уйлар ҳамда қўтонлар яқинидан  ўтдилар.  Итлар  жон  ҳолатда  акиллашар,  қутуриб,  ҳужумга  ташланмоқчи  бўлишар, лекин  бўрилар  уларга  мутлақо  эътибор  беришмас,  ҳатто  орқаларидан  ўқ  узишганда  ҳам, қадамларини тезлатмай, худди милтиқ овозини эшитмагандай йўлларида давом этардилар. Бу таажжуб  бўриларнинг  телбалиги  тилларда  достон  бўлди.  Акбара  билан  Тошчайнар  бўрилар расмини унутиб, одамларга даф қила бошлаганларида ҳаммаёқ шов-шув бўлиб кетди. Бир гал куппа-кундузи  улар  йўлнинг  ўртасида  тракторчи  йигитга  ташланганлар.  У  хашак  олиб кетаётган экан. Руль ишламай қолибди-да, тракторчи йигит нима гап экан деб, пастга тушибди. Тузатаман деб, анча уринибди. Бир маҳал эрий бошлаган қор устидан икки бўри ўзига томон юриб  келаётганларига  кўзи  тушиб  қолибди.  Ҳаммасидан  ҳам  бўриларнинг  кўзлари  уни  лол қилиб қўйибди. Кейин унинг ҳикоя қилиб беришича, бўриларнинг кўзлари қутуриб кетган, бир нуқтага тикилган, она бўрининг эса ёли пастроқ, боши солинган, кўзлари кўм-кўк эмиш. Унинг кўзларига худди ёш тўлиб тургандай, худди шиша каби қотиб қолгандай эмиш. Улар яқинлаб келишаётганда, яхшиямки, йигитча ўзини йўқотиб қўймабди. Кабинага сакраб чиқиб, эшикни ёпиб  олибди.  Мурватини  бураган  экан,  мотор  дарров  ўт  олибди.  Акс  ҳолда  доим  моторни пастдан айлантириб ёндирар экан. Омади юришганини қаранг. Трактор тариллаб юриб кетибди. Бўрилар  ўзларини  четга  олишибди,  лекин  бари-бир,  бутунлай  кетмай,  тракторга  дам  у томондан, дам бу томондан яқинлашмоқчи бўлишаверибди.

Бошқа бир сафар эса бир қўйчивон бола мўъжиза билан омон қолган. Уям кундуз куни рўй берган.  Эсликкина  бола  эшагига  миниб  ўтин-чўп  олиб  келиш  учун  йўлга  чиққан.  Ҳовлидан унчалик ҳам йироқ кетмай, бутазорда қуруқ шох-шаббаларни чопиб йиға бошлаган экан, бир маҳал икки бўри қайдандир пайдо бўлган. Эшак ҳатто овоз чиқаролмай қолган. Уни кўз очиб-юмгунча  тилка-пора  қилиб  ташлаганлар.  Бола  қўлидан  ўткир  ўроғини  қўймай  жон  ҳолатда қочган, қўтонгача чопиб келиб йиқилган ва ғайритабиий овоз чиқариб додлайверган. Одамлар қўрадан  милтиқларини  кўтариб  чиқиб,  бутазорга  бориб  қарасалар,  бўрилар  шошилмай  адир орқасига  ўтиб  кетишаётган  экан.  Улар  ўқ  товушларини  эшитиб  ҳам,  ҳатто  қадамларини тезлатишмаган…

Шундан  сал  кейинроқ  бўрилар  қўтондан  пича  нарига  ўтлатиш  учун  олиб  чиқилган  бўғоз совлиқларни  қийратишган.  Нима  бўлганини  ҳеч  ким  кўрмай  қолган.  Тасодиф  билан  омон қолган қўйлар қўрага тирақайлаб қочиб келганларидагина ишдан воқиф бўлганлар.. Ўтлоқда ўн беш чоғлик бўғоз совлиқ қонига беланиб ётарди. Ҳаммаси бемаъниларча, ваҳшиёна бир тарзда бўғизлаб ташланган эди.

Шундай қилиб, Акбара билан Тошчайнар қутургандан қутуришди. Улар ҳақида бир-биридан қўрқинчли гаплар тарқалди. Лекин, одамлар фақат сиртдан қараб фикр юритишар, бу қасоснинг асл сабабларини билишмас — она бўри индан ўғирлаб кетилган бола-ларини соғиниб бўзлаб, алам ўтида қовурилаётганидан бехабар эдилар…

Бозорбой эса айшини сурар, оғзини кўпиртириб мақтанар — қўлига пул тушиб, ичкиликка муккасидан  кетган,  ўша  кунлари  мавсум  тугаб  бўм-бўш  ҳувиллаб  ётган  соҳил  бўйидаги ресторанларда  санғиб  юрарди.  Ароқ  ҳар  қадамда  қалашиб  ётарди.  Бозорбой  тепакалигача қизариб  кетгунча  ичиб,  сўнг  оғзига  кучи  етганча  Бўстоннинг  ғийбатини  қиларди.  Жуда димоғидан қурт ёғадиган бўлиб кетган экан, босар-тусарини билмай қолибди бу илоннинг ёғини ялаган  қурумсоқ,  тоза  адабини  бердим.  Илгари  замонлар  бўлганда-ку,  сиртига  сув  юқтирмас қулоқвачча  совет  ҳукуматининг  синфий  душмани  сифатида  шартта  отиб  ташланарди-я,  оҳ-воҳига қарамай. Аттангга, у пайтлар ўтиб кетди-да. Бунақа турқи совуқларни гумдон қилсанг, фақат савобига қоласан! Рост-да! Йигирманчи, ўттизинчи йилларда хоҳлаган милиса қулоқми, бойми,  вассалом,  ҳовлисининг  ўзида  шартта  отиб  ташлайверарди.  Китобларда  ёзилган  бу гаплар,  ҳа.  Тунов  куни  радиодан  эшитдим.  Бир  қулоқ  батрак  шўрликни  эзиб,  ҳақини  уриб қолган экан, куппа-кундуз куни ҳамманинг кўз олдида суробини тўғрилаб қўйишибди иккинчи маротаба  камбағал  бечоранинг  юрак-бағрини  эзмасин  деб.  Лекин  Бозорбой  ҳаммасидан  ҳам, Таманга келиб қолган Бўстонни эшикдан қувиб солгани, отаси қолмай, онаси қолмай сўккани, Бўстон эса миқ этиб оғиз очолмагани ҳақида бичиб-тўқиб сўйлашни яхши кўрар, ўз сўзларидан ўзи  ҳузур  қиларди.  Бозорбойнинг  қиш  мавсуми  бекорчиликдан  булак  иши  йўқ  домотдихчи улфатлари  совуқ,  тамаки  ва  ичкиликнинг  сассиқ  ҳидига  тўлган  ошхоналарнинг  деразаларини зириллатиб қаҳ-қаҳ уришар, Бозорбойнинг қитиқ патига тегиб, унинг қўлтиғига сув пуркашар, бунга сари маст Бозорбойнинг хуружи авжга минарди. Бу майнавозчиликлар Бўстоннинг ҳам қулоғига етган эди. Мана шу боис бўлиб, совхоз директори чақирган мажлисда қаттиқ жанжал кўтарилди.

Шундан сал бурунроқ Бўстон ёпирилиб келган нохуш ўйлардан уйқуси қочиб кечаси билан тўлғаниб чиқди. Ҳаммасига сабаб шу эдики, қишлоқ атрофида яна бўрилар изғиб қолишди, яна юракни  ўртаб  юборадиган,  одамнинг  асаблари  дош  бермайдиган  нолишларини  бошлаб юборишди, яна Гулимхон қўрққанидан дағ-дағ қалтираб эрининг пинжига тиқилди, яна тоқати етмай  ухлаб  ётган  Кенжашни  ўз  тўшагига  олиб  келди,  худди  унинг  жонига  бир  нарса  хавф солаётгандай уни гавдаси билан тўсиб, тинмай силаб-сийпалаб ётди. Буларни кўриб Бўстоннинг юраги сиқилар, аёл киши-да, қоронғудан, турли ваҳимали товушлардан қўрқади, деб ўзига-ўзи далда бериб қўярди.

Бўстон бир неча бор ўрнидан туриб милтиқ отмоқчи бўлди, лекин хотини ёнидан қўймади, у ҳозир бир зум ҳам ёлғиз қолишни истамасди, кейин у барибир,  хавотирли қуш уйқусига чўмди. Лекин,  Бўстон  мижжа  қоқмади.  Миясида  турли-туман  ҳаёллар  ғужғон  ўйнарди.  Дунё  экан,  у оламда  қанча  узоқ  умр  кечиргани  сайин,  яшаш  ҳам  шунча  қийин  ва  мушкул  бўлиб  борарди. Яшашнинг ўзигина эмас, ҳаётнинг асл маъносини тушуниш оғирлашиб борарди. Илгари ҳаёлга келмаган ёки келган бўлса ҳам, кўнгилнинг қоронғу тубидагина хира тортиб кўринган нарсалар энди жиддий безовта қилар, жавоб сўрарди.

Болалигидан суяги меҳнатда қотди. Кўп машаққатлар тортди: у иккинчи синфда ўқиб юрган пайтда  отаси  фронтда  ҳалок  бўлди,  кейин  она  ўлди,  катта  акалари  ва  опалари  ўз  кунларини ўзлари кўришар, баъзилари эса оламдан эрта ўтган, Бўстоннинг ўзидан ўзга таянчи, ишонган тоғи қолмаган эди. У бир нарсага қаттиқ аҳд қилди, сўнг бу аҳдидан ҳеч қачон, ҳатто бир зумга бўлсин  четга  тоймади,  қўли  ишдан  бўшамади,  меҳнатдан  сира  қочмади,  ҳаётнинг  маъноси, қизиғини фақат мана шунда деб билди. У қўл остида ишлайдиганларни ҳам қаро терга тушиб меҳнат  қилишга  ўргатди.  У  кўпларни  одам  қилди,  йўл  кўрсатди,  уларга  ҳаёт  меҳнат  билан қадрли  эканлигини  уқтирди.  Ўз  олдига  мана  шундай  мақсад  қўймаганларни  Бўстон  очикдан-очиқ  ёқтирмас,  уларни  тушунмасди.  Бундай  одамларни  нобакор  деб  ҳисобларди.  Уларга қуруққина,  хушламай  муомала  қиларди.  Кўплар  худди  мана  шунинг  учун  ҳам  орқасидан ёмонлаб, қурумсоқ, қулоқ деб лақаб қўйиб юришларини биларди. Афсус, сал кечикиброқ дунёга келган-да, бўлмаса суяклари аллақачон Сибирь томонларда чириб ётарди, дейишарди надомат чекиб.  Бўстон  одатан,  бундай  ғийбатларга  жавоб  бериб  ўтирмас,  зотан,  ҳақ  ўзи  томонда эканлигига  заррача  шубҳа  қилмас,  бошқача  бўлиши  мумкин  ҳам  эмас,  бошқачаси  дунёнинг остин-устун  бўлиши  билан  баробар  эди.  Кун  чиқишига  қандай  ишонса,  у  бунга  ҳам  худди шундай  ишонарди.  Фақат  бир  маротабагина  сўқир  қисмат  уни  тиз  чўкишга  мажбур  қилди, пушаймонлик  ўтида  қовурди,  ва  шундан  бошлаб  у  шубҳаларнинг  зил,  аламли  юки  нима эканлигини билди…

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ҳожи этак силккан

9. ҲОЖИ ЭТАК СИЛККАН Тўрда қутидор, унинг ёнида маҳалланинг имоми Юнус Муҳаммад охунд, юрт оғаси Пирназар жаллод ва Сотиболди оталиғ яна бир кекса ўлтурар эдилар. Пирназар ...

Эврил турон: мустақиллик қаҳрамони (давоми)

ТАХТИ ҚОРАЧИ ДОВОНИ (иккинчи қисм) Шуни алоҳида урғу билан айтаман. Чингизхон ва унинг бола-чақалари, қисқаси, авлодлари мўғилчани билмаганлар. Хат-саводларини ҳам эски турк ...

Юлдузли тунлар-5

АНДИЖОН ГУЛ ВА ҚУЮН 1 Чопарлар ҳали йўлда. Уруш тўполони Андижонга етиб келганича йўқ. Шаҳарнинг шимолидаги кўркам чорбоғ баланд девор билан ўралган, дарвозаларга ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400