Абдулла Қодирий:Ўткан кунлар-3

3. БEК ОШИҚ


Сарой тинч уйқуда, тун ярим. Ҳасанали ҳужранинг узун бурама қулуфини очиб ичкарига шамъ ёқди ва бекнинг тўшагини ёзиб унинг кириб ётишини кутиб турди. Аммо Отабек нима учундир тез кира бермади. Ҳужра эшигини очилғанидан, шамъ ёқилиб, ўрин ёзил-ғанидан гўё хабарсиз каби устунға суялғанча қотиб турар эди.
— Ўрнингизни ёздим, бек.
Отабек бу сўз билан ҳужрага кирди ва бориб тўшаги ёниға ўлтурди. Ҳасанали бекнинг ешиниб ётишини кутиб турар, чунки уни ётқузиб ёқилған шамъни ўзи билан нариги ҳужрага олиб чиқмоқчи эди. Бироқ Отабек тўшаги ёниға ўлтурдида, яна ўйлаб қолди… Отабек бир неча кунлардан бери Ҳасаналининг кўзига бошқача кўринар эди.
Ҳасанали Отабекда шу кунгача кўрилмаган қизиқ бир ҳолатка беш-олти кундан бери ажабсиниб юрар эди. Ҳасаналини ажабсиндирган ҳолат ҳам бекнинг шунинг сингари хаёл ичида барчани унутиб қўйиши ва бошқа ишларга эътибор ва парвосизлиги эди. Ҳасанали бекнинг ҳозирғи ипидан-нинасигача бўл-ған қизиқ ҳолини узоқ кузатиб турди.
Лекин Отабек хаёл суришдан зерикмаса ҳам Ҳасанали кузатишидан зерикди.

— Менда юмушингиз йўқми?

Отабек бу гапни онгламади шекиллик, Ҳасаналининг юзига кўтарилиб қаради-да, яна кўзини бир нуқтаға тикиб қолди. Бу ҳолатдан Ҳасаналининг андишаси ортиб, бекнинг бунчалик ангравланишиға қандай маъно беришини ҳам билмас эди. Отабек шу ҳолда тағин қанчағачадир ўлтурди, ниҳоят уйқудан уйғонған кишидек сўчиб ўзини кузаткучига қаради:
— Чиқиб ётмайсизми?
— Менда юмушингиз йўқми?
— Нима юмушим бўлсин, шамъни ҳам олиб кетинг.
Ҳасанали шамъни олиб, ўз ҳужрасига чиқди. Унинг ҳужраси Отабекнинг билан бир қаторда бўлиб, газмол, пояфзал ва шунинг сингари моллар ила тўлған ва Отабекдан бошқа, алоҳида ҳужрада туриши ҳам шу молларни сақлаб ётиш учун эди. Ҳасанали ўрнини ёзар экан «тавба» деб қўйди.
Юқорида сўзланғанидек, Отабекдаги бу ҳолатни бирор ҳафталардан бери пайқаса ҳам ҳозиргидек андишага тушмаган ва бунчалик диққат этмаган эди. Хўжа-зодасидаги бу ҳолат уни ҳар турлик мулоҳазаларга олиб кета бошлади. Тўшаги устига ўлтуриб, оқ соқолини ўнг қўли билан тутамлаб ўйлар эди: савдо тўғрисида бирор хато қилдими, Зиё шоҳичиникида таомдан тузукроқ то-тинмади, бирор оғриғи бормикан… Мусофирчилиқда оғриса… Аммо бу мулоҳазаларининг биттасига ҳам ўзи қаноатланмади. Зеро савдо тўғрилари ундан яширин эмас, оғриғанда ҳам албатта шикоят эшитар эди.
Ўйлаб-ўйлаб бир нарсага ҳам ақли еталмагач, ўрнидан туриб тоқчада ёниб турган шамъни ўчирди. Ҳужра орқа-ўнгни ажратиб бўлмаслиқ қоронғиланди. Қо-ронғида туртиниб ҳужра эшигига келди-да, авайлаб ғижирлатмай эшикни очди ва секингина ташқариға бош чи-қариб саройни кузатди. Киши йўқлиққа қаноат ҳосил этиб, маҳсичан оёғини оҳиста қўйиб Отабек ҳужрасининг ёнида тўхтади, саройни яна қараб чиқди. Сарой қоп-қоронғи, тинч уйқуда, аммо бу тинчликни сарой от-хонасидаги отларнинг карт-курт хашак чайнашлари ва атрофдаги хўрозларнинг қичқиришлариғина бузар эдилар. Ҳасанали секингина дарича остиға ётиб ҳужра ичига қулоқ солди. Ҳужра ичи тинч эди. Орадан уч-тўрт дақиқа фурсат ўтиб ҳужрадан шип эткан товуш эшитмади. Тағин бир неча дақиқа қулоқ узмай туриб, сўнгра ўрнидан қўзғалмоқчи бўлған эди, ичкаридан «уффф» деган ихраш эшитди. Ҳасаналининг қулоқлари тиккайиб ўрнидан турди, кўзи олаланған эди.
— Бек оғриқ, — деди кўнгилдан ва жазмланиб ҳужра эшигига юриб келди. Эшикни очиб
Отабек ёниға кирмоқчи эди. Эшикни итаришка борған қўлини қолдириб «балки оғриқ эмасдир» деб тўхталди. Яна кирайми, йўқми, деб иккиланиб турғандан кейин юриб, ўзининг ҳужрасига келди. Аммо Отабек тўғрисидаги ташвиши бояғидан ўн қайта ортқан эди. Ешиниб ухларға ётқан бўлса ҳам бекнинг хусуси уни кўз юмғали қўймади. Бек тўғрисида ҳар турлик хаёлларга бормоқда эди. Юсуфбек ҳожининг «Ўғлим ёш, сен дунёнинг иссиқ-совуғини татиған ва маним ишонган кишимсан. Ўғлимнинг ҳар бир ҳолидан хабар олиб туриш сенинг вази-фангдир», деб таъкидлаши, Отабекнинг онаси — Ўзбек ойимнинг ёшлиқ кўз билан: «Сени худога, Отамни сенга топширдим!» — деб ёлборишлари, зориллашлари унинг қулоқлари остида такрорланғандек бўлар эдилар. Ухлаб кеталмади. Кўйнакчан эгнига чопонини ёпиниб ўрнидан турди, ҳужрадан чиқиб Отабек даричаси остиға яна келиб ўлтурди.
Тун аёз, изғириқ ел тўрт тарафка югуриб жон ачитмакчи бўлар эди. Ҳасанали ярим яланғоч ҳолда жунжайиб дарича остида, изғириқ қучоғида ўлтурар эрди. Ул еган совуғиға илтифот этмас, вужудини изғириққа топшириб, фикрини ҳужра ичига юборған эди. Ҳужра ичига бир мунча қулоқ солиб ўлтургандан кейин, узун тин олиб бошини тирқишдан узди, Отабекнинг пишиллаб ухлаған товшини эшитиб бир даражада тинчланди. Васвасадан ариёзған бўлса ҳам ўрнидан қўзғалмади, нима учундир тағин ҳам совуққа жунжиб ўлтира берди. Орадан яна бир неча дақиқа фурсат ўтиб, Ҳасанали тамом тинчланди, ҳам туриб кетмакчи бўлди ва шу ҳолатда ичкаридан уйқусираш эшитди:
— «Қора кўзлари, камон қошлари…»

— А-а-а, — деди Ҳасанали ва қайтадан қулоғини тирқишға олиб борди. Энди унинг бутун борлиғи қулоқ бўлиб айланган, ўзини унутиб барча диққати ҳужра ичига оқған эди. Ўртадан кўб фурсат ўтмади, бояғи уйқусираш яна такрорланди:
— «Ой каби юзлар, кулиб боқишлар, чўчиб қочишлар… Уфф».
Ҳасанали учун биринчида онглашилмай қолған маънолар бу кейинги гап билан ешилди. Ҳасанали эндиги ўлтуришни ортиқча топиб ўрнидан турди, ҳужрасига кирар экан, бошини чайқаб ўзича сўзланди:
— Бек ошиқ!
Ўрни устига чопонини ёпди-да, кўрпаси ичига кириб ўлтурди ва «чиндан ошиқми?» деган саволни кўнглидан кечирди. Таниш бўлмаған бир шаҳарда кимнинг бўлса ҳам қизиға учрашсин, беш-олти кун ичида бу янглиғ уйқуда ҳам… масалага бу жиҳат билан қараб бекнинг ишқиға ишонгуси келмас эди. Аммо иккинчи томондан қулоғи остида бекнинг ўз оғзидан эшитилган— «кулиб боқишлар, чўчиб қочишлар…» жумлалари такрорланғандек бўлиб хўжазодасидаги бир неча кунлик ўзгаришка муҳаббатдан бошқа ҳодиса, деб маъно бералмас эди. Бу икки турлик масалаларнинг ўнг-терсини айландириб муҳокама қилди ва ўлчади. Ҳасаналининг ўзи тарозунинг ишонмаслиқ палласида бўлса ҳам — «кулиб боқишлар, чўчиб қочишлар» ҳамон қулоқлари остида такрорланар эдилар. Тун тонг отарға яқинлашған, унинг уйқулиқ мияси ҳеч бир турлик бу муаммони еша билмас эди. Кўб ўйласа ҳам бир қарорға кела олмади. Аммо эртага бекнинг ўзини синаб кўрмакчи бўлиб кўзи уйқуға кетди.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-қизиқлар

Зокир-гов хонға қуллиқ қилди ва икки-уч қадам бордон томонға юриб, бутун товши билан чақирди: — Баҳромбой! Ҳов, Баҳромбой!!! Бордон  ичидан  бир  оёғида  кафш,  иккинчиси  ...

Чингиз айтматов:қиёмат 27-қисм

* * * Ярим кеча челаклаб қуйган ёмгир аста тина бошлади. Яна аллақайларга жала бўлиб ёққани йўл олди. Сўнг алоҳа тинди, фақат онда-сонда кечиккан томчиларини ташларди. Субҳи ...

От кишнаган оқшом (қисса) 21-қисм

21 Бойсунга тўйга жўнадим. Ер билч-билч лойлигидан, от думини тугиб қўйдим. Биродарлар, бойсунликлар қитмир эл, бахил эл, ичиқора эл! Бировга бир нима қиймайди! Ўзлари ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400