Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 45-қисм

Совхозни ҳам туб ерлик одамлари Берик сув жилғаси номи билан «Берик» деб аташга ўрганган эдилар.  Очиғи,  бунақа  баланд,  хатарли  тоққа  чиқишни  хоҳловчиларнинг  ўзи  топилмас  эди.

Чорвани  бундай  қийин  тоғ  йўлидан  ҳайдаб  бориш  учун  молимни  қандай  бўлмасин, семиртираман  дейдиган  ўктам,  жонига  ачинмайдиган  одам  бўлиши  керак.  Эски  замонларда қирғизлар  бир-бирлари  билан  учрашганларида, «Мол-жон  омонми?» — деб  сўрашганлари бежиз эмас. Ҳа, аввало, чорванинг ҳолини сўрашган. Нима ҳам деймиз, ҳаёт оти билан ҳаёт-да…

Кўнгилларига  шу  фикр  чўғ  солиб,  Бўстон  билан  Эрназар  қўлларига  қалам-қоғоз  олиб, Кичибелдан  келадиган  фойда-зиённи  чўтлаб  чиқишди:  чорванинг  довондан  ўтганда  йўлда ташлайдиган  вазнини  қўшиб  ҳисоблаганда  ҳам,  бу  ишга  бел  боғласа  арзирди.  Катта  фойда олишлари  тайин  эди — бунинг  устига  меҳнатга  тўланадиган  ҳақ  ва  тузга  қилинадиган харажатдан бошқа чиқимнинг ўзи ҳам йўқ эди. Лекин, рост, ҳали булар қоғоздаги хомчўтлар.

Бўстон аввало, бўлим бошлиғига, ундан сўнг совхоз директорига мурожаат қилишга қарор берди. Парторгга ниятини айтиб ўтирмади. Парторгни унчалик хушламасди. Неча марта амин бўлди — гап  деса,  қоп-қоп,  қачон  қарама,  одамнинг  шаҳдини  ўлдиради:  у  мумкин  эмас,  бу мумкин  эмас,  мажлисда  нутқ  сўзлаш  бўлса  унга,  газетада  ёзилган  гапларни  гапириб  бериш бўлса унга, галстук тақиб олифтагарчилик қилиш бўлса унга. Совхоз бошлиғи — директорга Бўстон кўнглидаги ниятини очди: гап шундай-шундай, Ибройим Чўтбоевич, ишнинг фойдасини кўзлаб, Эрназар билан бирга Ола Мўнгу ортидаги эски яйловларни очмоқчи бўлиб турибмиз. Олдин  икковимиз  бориб,  нима  бор,  нима  йўқ  билиб  келамиз.  Кичибелга  қандай  ўтишнинг азмойишини  оламиз,  кейин  қайтиб  келиб,  кўч-кўронни  кўтариб  кўчамиз,  ёз  ичи  Кичибелда бўламиз.  Ҳаммаси  кўнгилдагидай  ўтса,  ўша  Кичибел  яйловини  бизнинг  бригадамизга мустаҳкамлаб  берилса.  Бошқа  чўпонлар  ҳам,  мабодо,  Кичибелга  бораман  дейишса,  бемалол, қаршилик йўқ, унга ҳам жой етади, лекин, энг муҳими, бизга ажратиладиган ўтлоқларни мен аниқ  билишим  ва  мавсум  ичи  овора  бўлиб  қолмаслигим  керак.  Сизга  ана  шуни  айтиб, маслаҳатлашгани келдим. Икки кундан кейин Эрназар билан Ола Мўнгудан ўтамиз. Ишларни ҳозирча хотинлар ва ёрдамчиларимиз юритиб туришади.

—  Ростданам,  Бўске,  уйда  хотинларингиз  нима  дейишяпти  бу  ишингизга? — қизиқди директор.— Ҳазилакам нарса эмас-ку.

— Ҳозирча индашгани йўқ. Худонинг қаҳри келмасину, хотиним Орзигулнинг ақли-хуши жойида. Эрназарнинг оиласи Гулимхол ёшроқ бўлса ҳам, ақли ўзига етарли. Бир-бирлари билан жуда  аҳил,  чиқишиб  кетишган  кўринади.  Ана  шунисига  хурсандман  бир  чеккаси.  Хотинлар чиқишолмаса,  шундан  ёмони  йўқ.  Уй  жаҳаннамга  айланади-қўяди.  Илгари  бўлган  бундай гаплар…

Директор билан бошқа баъзи гапларни ҳам сўйлашиб олишди. Кузда Москвага, ҳалиги оти бирам  қийин — ВДНХами,  ВДНХими  ўшанда  бўладиган  кўргазмага  район  илғорларининг бориши мўлжалланаётган экан, Бўстон рўйхатда биринчилар қаторида кўрсатилибди.

— Мен хотиним билан борсам бўлармикин, Ибройим Чўтбоевич? Орзигулим қачондан бери Москвани кўрсатасиз, деб ҳиқиллайди,— ростига кўчиб қўя қолди Бўстон.

— Сени тушуниб турибман, Бўске,— кулди директор.— Майли, бир гап бўлар. Борса нима қипти? Фақат парторгнинг розилигини олиш керак. У билан ўзим гаплашаман.

— Парторг билан денг? — ўйланиб қолди Бўстон.

—  Э,  хотиржам  бўл,  Бўске.  Нима,  бекордан-бекор  қаршилик  қилиб  ўтиради  дейсанми? Эркак одамнинг иши эмас бу.

—  Йўқ,  гап  бунда  эмас.  Борсак — борармиз,  бормасак — йўқ.  Шунга  ҳам  ота  гўри қозихонами?  Мен  сизга  бошқа  нарсани  айтмоқчи  бўлиб  юрувдим.  Шунақа  парторг  бўлмаса, хўжаликнинг куни ўтмайдими? Сизга жуда керакми шу? Усиз қўл-оёғингиз ишламайдими?

— Нима қилди?

— Мен шуни билгим келади. Мана, қаранг, араванинг тўртта оёғи бор. Ҳаммаси ўз ўрнида. Агар унга бешинчи оёқ ўрнатсангиз, ўзи ҳам айланмайди, бошқаларни ҳам юришга қўймайди. Хўш ана энди айтинг, керакми, шу бешинчи ғилдирак?

— Биласанми…— йирик, басавлат, эркакча катта юзидаги кўзлари қийиқ директор бирдан жиддий тортди, олдидаги қоғозларни олиб қўя бошлади, кўзларини ҳорғин юмди. «Уйқуси йўқ. Тинмайди», деб ўйлади Бўстон.— Очиғини айганда, бамаъни парторг керак,— деди у бир оз жимликдан сўнг.

— Манов-чи?

Директор унга ялт этиб бир қараб қўйди.

— Нима қиламиз буни гаплашиб ўтириб? Уни район юборган, қўлимиздан нима келади?

—  Райком.  Ана,  кўрдингизми,—  оғзидан  чиқиб  кетди  Бўстоннинг.—  Менга  нимагадир  у ўзини  атай  шундай  тутаётганга  ўхшаб  кўринади.  Доим  одамларни  қўрқитиб  юришнинг  унга нима  кераги  бор,  гўё  мен  социализмни  қўпориб  ташлайдигандай?  Ахир,  тўғри  эмас-ку,  бу. Ахир, мен бир нимани талаб қилсам, иш учун талаб қиламан. Мен бу ерни сотмайман, бировга бериб  юбормайман,  совхознинг  ери,  бундан  кейин  ҳам  шундай  бўлиб  қолади.  Барибир  мен тирик эканман, ишга қурбим келаркан, ўз ақлим билан яшайвераман.

—  Нега  ҳадеб  менга  ёлғиз  шу  гапни  такрорлайверасан,  Бўске.  Сен  айтган  нарсани  қилиб бўлмайди.

— Нега бўлмайди?

— Чунки бўлмайди.

— Жавоб шунақа бўладими?

— Яна нима дей бўлмаса?

— Сизга ҳам тушунаман, Ибройим Чўтбоевич. Бир марта оғзингиз куйган. Ҳаммаси яхши бўлсин  дегансиз.  Сизни  эса  бўйнингизга  боплаб  бир  уриб,  вазифангизни  пасайтиришган. Райкомдан совхозга ўтказиб қўйишган.

— Рост. Яна бўйнимга уришларини хоҳламайман. Ақлим кирди.

— Ана, кўрдингизми? Ҳар ким ўзини ўйлайди. Мен қарши эмасман. Одам ўзини ўйласин. Фақат,  ақл  билан  ўйласин.  Янгилик  қилганни  эмас,  янгилик  қилиши  мумкин  бўла  туриб,қилмаган одамни жазолаш керак. Бизда ҳаммаси тескариси.

— Гапириш осон,— илжайди директор.

—  Ҳамма  шундай  дейди.  Меҳмонга  келгандай  яшаш  жонимга  тегди.  Меҳмон  нима  иш қилиб  берарди?  Ўзингиз  биласиз-ку.  Олдинига  бир-икки  кун  жон  койитади,  кейин  бор-э, дейди…Бизда  ахир,  шундай  бўлмаяптими,  ишлайверасан,  ишлайверасан,  Қўчқорбоев  эса, тўхтовсиз бурнингга чертиб туради сен меҳмонсан, сен хўжайин эмассан, деб…

— Гап бундоқ, Бўске. Келишиб олайлик. Сен мени рўкач қилмагину ўзинг қандай маъқул топсанг, шундай иш тутавер…

Улар хайрлашдилар…

Уч  кундан  сўнг  улар  тонг  қоронғусида  Эрназар  билан  Кичибелга  отландилар.  Улар  отга ўтирганларида ҳали ҳамма ухлаб ётарди. Бўстон оқ-сарғиш ахта саманни минди. Дўнкўлик у пайтлар энди икки ёшга кирган той эди. Тоғларга вазмин от билан чиққан тузук, довонга чопиб кўтарилмайдилар. Эрназар ҳам яхши от минган эди. Йилнинг бу фаслида отлар кучга тўлган бўлади.  Улар  жадал  йўл  босдилар.  Ҳар  икковлари  хуржунларини  тўлдириб  сули  олган — қорлиқларда тунашга тўғри келса, асқотади. Ҳар эҳтимолга қарши қалин почапўстинларни ҳам эгарга ташлаб қўйишди.

 

Шундай  бўладики,  баъзан  йўлнинг  ўзи  кишига  роҳат  бағишлайди.  Айниқса,  ҳамроҳинг дилтортар одам бўлса ва суҳбат содда, самимий кечса. Ўша куни ҳаво мусаффо, кун чарақлаб турар — олдинда қор босган тоғ тизмалари бир-бирларига мингашиб кетган, ичкарилаб борган сари тоғлар ҳам юксакроқ, қори қалинроқ бўлиб борар, орқага ўгирилиб қаралса, пастликда кўз илғамас  улуғ  кўл  ёйилиб  ётарди.  Ҳар  сафар  одамнинг  орқага,  таги  қорайиб  кўринган  кўл ойнасига қарагиси келаверарди.

—  Иссиқкўлнинг  ойнасидан  бир  парчасини  хуржунга  солиб  олиб  кетсакмикин,  а? — деб ҳазиллашди Эрназар.

— Отни сулининг ўрнига ойна билан боқармидинг кейин,— босиқ жавоб берди Бўстон.

Кулишди.  Чўпоннинг  нимаси  кўп — кундалик  ташвиши  кўп.  Улар  сурувларни  довондан қандай олиб ўтишни аниқлаш учун боришар, ҳали олдинда жуда қийин ва мушкулписанд иш турар,  шунга  қарамасдан,  икковларининг  вақтлари  чоғ,  ота-боболарнинг  сўқмоқ  йўллари улардан  ўз  меҳру  шафқатини  дариғ  тутмасди.  Эрназарнинг  кўнгли  кўтарилган — ахир,  ҳар қалай, унинг айтгани юзага чиқяпти-ку. Урушдан кейин чамаси қирқ йил бу йўлдан ҳеч ким ўтмаган, улар Бўстон билан юрак ютиб шу ишга жазм этишган эди.

Тўғрисини  айтганда,  Эрназар  фикрлашни,  сўраб-суриштиришни  яхши  кўрадиган  одамлар сирасидан эди. Ўзи ҳам кўркам, бўлаликкина, урушдан кейин охирги отлиқ қисмларда хизмат ўтаб келган эди. Орадан шунча йиллар ўтган бўлишига қарамай, ҳали ҳам азамат, чингилинг йигит эди. Гулимхон эрим кинода ўйнайдиган артист бўлиб кетишига сал қолди, деб кула-кула сўйлаб  юрарди.  Бир  кинорежиссёр  бу  томонларга  келиб  қолиб,  Эрназарни  кинода  ўйнашга кўндираман  деб,  тоза  уринибди.  Агар  эринг  Америкада  яшаганда,  кинода  ковбой  бўлиб ўйнарди, дебди. Гулимхон эса, унга: «Биламан, сизларнинг киноларингизни, бир йилқибоқарни кинога  тушасан  деб,  олиб  кетишувди,  шу  кетганча  ҳалигача  қорасини  кўрсатмайди.  Бир артистка бошини айлантириб қўйган экан. Мен Эрназаримга жавоб бериб бўпман». Куласизми, қоласизми!

Бўстон  эса  кузда  Кичибелдан  қайтиб  келсак,  Эрназарнинг  қўлига  бирон  бригадани топширишни  чамаларди.  Майли,  ўзи  мустақил  ишлаб  кўрсин.  Энди  асл  чорвадор  бўлди. Қачонгача ёрдамчилик қилади. Агар совхозга директор бўлганимда, ўзим билар эдим, қандай одамларни  қаерга  қўйишни.  Лекин  халқ  айтмоқчи, «бири  кам  дунё»—  одам  боласига  доим нимадир етмайди.

Тоғлар сари борар эканлар, энди йўлларида тракторлар ва от-улов минган кишилар учрамас, қишлов  ҳамда  қўтонлар  онда-сонда  кўзга  чалиниб  қолар,  бу  ерларда  табиатнинг  ҳам  турқи бошқача  эди:  худди  бегона  жойларга  ўхшар,  теварак  тумтайган  ва  совуқ  эди.  Бўстон  билан Эрназар кечга томон, ҳали қуёш ботмасдан тошлоқ дара ичидан йўл босиб, Ола Мўнгу ёқасига етиб  келдилар.  Қош  қораймай  яна  бир  оз  юрсалар  ҳам  бўлаверарди,  лекин  подани  тонг қоронғилаб, ҳали юлдузлар ўчмай ҳайдаб келганда ҳам, кун бўйи юриб тоғларда бундан ортиқ масофа  босиб  бўлмаслигини  ҳисоблаб  чиқдилар-да,  даранинг  довон  бошланадиган  шу  ерида тунашга  қарор  қилдилар.  Чорвадорлар  довонга  чиқиш  олдидан  тунаб  қолинадиган  бундай кечани  шикама  дейдилар.  Шикамага  танлаган  жойлари  ҳам  жуда  қулай  эди.  Музликлардан жилға шалдираб тушар ва пастга қараб шу ердан йўл олар, агар тоғ ёнасидан жой танласалар, музликлардан  эсувчи  совуқ  изғириндан  сақланар  эдилар.  Музликлардан  эсадиган,  одамнинг суяк-суягидан ўтиб кетадиган совуқ изғирин ярим кечада бошланиб, қуёш эрталаб кўтарилгунча давом этишини чўпонлар билардилар. Сон-саноқсиз чорвани музликларнинг тунги аёзидан ас-раш ва эрталаб янги куч билан довон сари кўтарилиш — шикаманинг асл маъноси мана шунда эди.

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-55

4 Ниҳоят, барча режалар гаплашилган тарзда амалга ошди-ю, Бобурнинг мўғуллар билан биргаликда йигирма беш мингдан ошадиган қўшини ёз кунларида Амударёнинг Панж деб аталадиган ...

Ўзгалар дарди…

Қушчалар, сайроқи қушчалар қафасда бўғилиб сайрашар, бетоқат потирлаб симларга ўралган оламга карашар... Қушчалар, озодруҳ қушчалар оламдан кўзларин узмайди, чирқираб ўзларин ...

Қудаларни кутиб олиш

7. ҚУДАЛАРНИ КУТИБ ОЛИШ Кечаги кирган савдогарлардан қудаларнинг бу кун аниқ кириш хабарларини билган эдилар. Нарироқдан кузатиб кириш учун Ҳасанали йўл устига кеткан, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400