МАЖБУРИЯТ

7. МАЖБУРИЯТ

Қўқондан ҳар кун деярлик хабарлар келиб турар эди. «Қўқон сипоҳи томонидан Тошканд ўралди» деган хабарга энди ўн беш кунлаб вақт ўтган эди. Аммо ҳануз — «Тошканд олинди» деган гап йўқ эди.
Кечадан бери кишилар оғзида: «Нормуҳаммад қушбеги яраланган, Қўқон йигитидан бир ярим минги қирилган» деган хабар юриб кетди. Чамаси, Азизбек осонлиқ билан жон берадиган кўринмайдир.
Анови ярасининг устига Тошканд фожиъаси келиб қўшилғач, Отабек тағин ҳам хаёлчанланган, тағин ҳам хомушлигини ортдирган эди. Ҳатто баъзи кунлар ҳужрасидан ташқариға чиқмас, кишилар билан сўзлашмас, бошқача айтканда кундан-кунга гўшанишинликка яқинлашиб борар эди.
Бу кун эрталабки чойдан сўнг Ҳасанали кечаги фикрини чинлаб амалга оширмоқчи бўлди. Чунки Отабекдаги ўзгариш — кундан-кунга рангининг синиқиб бориши, ҳужрадан четка чиқмаслиги, хомушлиги ва бошқалар Ҳасаналини яхшиғина қўрқувға солған, ўзининг фақат томошачиғина бўлиб юришидан ризосиз-ланган эди. Дуруст, ул Отабекнинг муҳаббатига воқиф бўлғанидан бери бир дақиқа ҳам уни ўзининг кўз ўнгидан узоқ тутмаған: маҳбубаси ким, кимнинг қизи, бирар эбини қилса мумкинми? — Мана шунингдек масалаларни текшириб, билиб ҳам ўйлаб келган эди. Аммо бу тўғрида Отабекнинг кўмагига чинлаб бел боғлашдан уни баъзи эҳтимоллар тўхтатиб: «Отабек ёш, ёшлар муҳаббати учар қуш, балки, бу кун-ерта унутиб ҳам юборар» каби мулоҳазаларда бўлинған эди. Ниҳоят, Отабекдаги ўйчанлиқ ва ўзгача ҳолларнинг кундан-кунга кучайиб бориши Ҳасанали ҳалиги мулоҳазадан воз кечдириб, бошқа йўсунларни қаратмоққа мажбур этди.
Гарчи унинг қарори бир нуқта устида тўхтаған бўлса ҳам шу ҳолда тиниб турмади, яна юз турлик бошқача йўсунларни ўйлади, минг турлик хаёлларга бориб қайтди, аммо уларнинг биттасини ҳам Отабек оғриғиға эм деб топмади ва ниҳоят:
— Кўрай-чи, қадамим муборак бўлармикин, — деб қўйди.
Кечлик ошни ўтказгач, Ҳасанали ўз ҳужрасидан кийиниб чиқди-да Отабек ёниға кирди.
Отабек «Бобурнома» мутолааси билан машғул эди. Баъзи бир эҳтимолларга қарши ўзининг ниятини билдирмай:
— Менда юмишингиз йўқми, бек? — деб сўради Ҳасанали. — Ҳаммомга бормоқчи эдим…
Отабек кўзини китобдан узмай жавоб берди:
— Юмишим йўқ, бораверингиз.
Ҳасанали чиқди. Қош қорайиб, қоронғу тушаёз-ған эди. Ҳаво булут, аччиғ, совуқ ел тўрт томонға югурар, онда-сонда қор учқунларини қувлаб зириқтирар эди. Эрув вақтида ярим белдан лой кечишка тўғри келадиган кўчаларнинг лойи қатқалоқланған, шунинг учун юргучи қийналмас, аксинча ола-чалпоқ қор пағаларини босишдан вужудга келган оёқ остидағи «ғарч-ғурч» товушлари кишига бир турлик кайф, мусиқавий енгиллик берар эдилар. Дўконлар ёпиқ бўлсалар ҳам чойхоналар очиқ, кишилар ўртага гулхан солиб, чойхоначининг баччасини гоҳи ўзларига хон кўтариб ва гоҳи «хон қизи» деб ҳам қўядирлар. Хон сайлағучилар орасида ёш йигитлар бор бўлғанидек, катта саллалик мулланамолар, етмиш ёшлиқ кексалар ҳам кўринадирлар… Қиш кечалари жуда узун, шунинг учун чойхоналар обод; халқ лаззатланиб баччанинг табаррукланган чойини ичадир, ҳуснига тамошо қилиб худонинг қудратига ҳайрон қоладилар…
Ҳасанали Зиё шоҳичининг ташқарисиға келиб кирди-да, меҳмонхона даричасига қаради.
Дарича тирқишидан кўрилган ёруғлиқ меҳмонхонада киши борлиқни билдирар эди. Ҳасанали тузатиниб олди ва ичкарига кирди. Зиё шоҳичи намоз ўқумоқда бўлиб, меҳмонхона чет кишидан холи эди. Бу тасодуфдан Ҳасанали сўйинди ва Зиё аканинг намозни битиришини кутиб ўлтурди. Зиё шоҳичи ёниға салом бериб жойнамоздан орқасига қараб қўйди. Фотиҳага қўл кўтарди. Фотиҳадан сўнг келиб Ҳасанали билан сўрашди:
— Келинг ота, тинчликми?
— Шукур, тинчлик.
Танча теварагига ултуришдилар. Бир мунча вақт сўзсиз эдилар. Зиё шоҳичи бу вақтсиз ташрифка тушуна олмай «нима қилиб юрасан?» дегандек этиб, бир неча қайта Ҳасаналига қараб олди.
— Ажабланмангиз, бой ака, келишимда бир мажбу-рият бор.
— Сизни Отабек юбордими?
— Йўқ, ўзим келдим, бой ака.
Зиё шоҳичи яна тушуна олмади. Тўғриси ҳам Ҳасаналининг бу келиши Зиё ака учун ёт бир иш эди. Чунки, Ҳасанали Отабекнинг қули. Қуллар билан жиддий муомалада бўлинмоқ, айниқса Зиё шоҳичилардек одамларға фавқулодда бир иш. Бунинг устига мажбурият остида ўзича келиши…
Зиё аканинг боши қотиб охирда сўради:

— Мажбуриятингиз?
Ҳасанали кулимсираб олди:
— Мажбуриятимни эшитсангиз, балки ишонмассиз.
— Хўш.
— Ўзингизга маълумки, — деди тузукланиб Ҳасан-али, — Марғилон келганимизга йигирма беш кун, бир ойлар чамаси фурсат ўтди. Шундан бери Отабек дард-манд.
Зиё ака ажабланган эди:
— Қандай дардмандлик, Отабек соғ-ку?
— Тўғри айтасиз, — деди Ҳасанали, — аммо мен ҳам унинг дардига бир неча кунлаб тушунмай юрган эдим.
— Хўш, дарди?
— Муҳаббат.
— Муҳаббат?
— Муҳаббат! — деб такрорлади Ҳасанали. — Шу йигирма беш кунлик бир муддатнинг ичида ул бутунлай одамгарчиликдан чиқаёзди. Бу ўртада қандай ташвишларга тушмадим, сўрасангиз.
— Кимга муҳаббат қўйған, хабарингиз бўлдими?
— Бўлди. Қутидорнинг қизиға.
— Ҳа, ҳа-а! — деб юборди Зиё ака ва бир оз ўйланғадан кейин сўради, — буни сиз аниқ биласизми?
— Аниқ биламан.
— Ўзи айтдими?
— Ўзи айтмаса ҳам шунга яқинлаштирди.
— Отабек қизни қаерда кўрган?
— Афсуски, буни била олмадим.
Ҳасаналининг келиш мажбурияти ва нима учун келганлиги Зиё акага яхши онглашилди эрса-да, яна шундай бўлса ҳам сўради:
— Энди нима қилмоқчисиз?
— Ҳузурингизга келишимнинг бош сабаби ҳам шундандир, — деди Ҳасанали. — Бу тўғриға сиз қандай йўллар кўрсатасиз ва нима кенгашлар берасиз, албатта шунга қараб бир иш қиламиз, деб хизматингизга келдим.
Зиё ака ўйлаб қолди. Қизиқ гап, деб бир-икки қайта нос отиб олди. Бу орада Ҳасанали бошдан-оёқ ҳикояни сўзлаб чиқди.
— Нозик гап, — деди охирда Зиё ака, — агар биз Отабекни бу ердан уйландириб қўйсак, ҳожи биздан хафа бўлмасмикин?
— Кўб яшанг, бой ака. Қулингиз ҳам бу тўғрида кўб ўйладим. Хафа бўлса нима чораким, биз шу ишка мажбур бўлған бўлсақ. Шунинг билан бирга Юсуфбек ҳожи ҳам унчалик ақлсиз кишилардан эмаски, бу гапка хафа бўлса. Аммо мен қутидор кўнадими, йўқми, деб бу томонни ўйлаб турибман?
Зиё ака яна ўйланиб бош қашинди:
— Айтканингиздек масаланинг бу тарафи ҳам нозик,— деди, — аммо қутидорнинг Отабекка қарашини яхши билсам ҳам ўртада йироғлиқ масаласи бор… Қизимни мусофирга бермайман, деб қўярмикин, билмадим…
— Менимча қутидорнинг олдидан бир йўли ўтилсин,— деди Ҳасанали, — агарда кўниб хўб десаку хайр, кўнмаган тақдирда бу хабарни Отабекка еткузсак, зора, шунинг билан кўнгли совиб тушса.
Ҳасаналининг бу сўзи Зиё акага ҳам маъқул бўлиб тушди:
— Бўлмаса, қутидорникига қачон борилсин, дейсиз?
— Бундаги ихтиёр сиздадир.
Зиё ака ўйлаб турди-да, юзига кулги чиқарди:

— Ҳозир борамиз, — деди, — биз ҳам умрда бир совчилиқ қилайлиқ.
Зиё ака кийиниш учун қўзғалган эди. Ҳасанали ундан сўради:
— Маним ҳам бирга борғаним маъқулми ёки ёлғиз ўзингиз?
Зиё ака қўл силкиб:
— Сизнинг боришингиздан зарар йўқ, — деди.

 

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Душанба кун кeчаси

15. ДУШАНБА КУН КEЧАСИ Бу кунги кеч Отабек билан Ҳомиднинг ҳаёт ва мамот масалаларини ўзининг қора қучоғиға олған қоронғи бир тун эди ва булардан қайси бирларининг сўнг ...

Абдулла қодирий:ўткан кунлар-4

4. МАРҒИЛОН ҲАВОСИ ЁҚМАДИ Эрталабки чой ҳозирланған. Отабек хомуш ўлтуруб, Ҳасанали эрса унинг ҳолини таъқиб этмакда эди. Орадағи сўзсизлик бир пиёладан чой ичкунча ...

Юлдузли тунлар-64

2 Кобул дарёсининг бўйида Бобур эгачиси Хонзода бегим учун қурдирган Боғи Дилкушонинг кўк мармар кўшкида мавлоно Фазлиддин чўкка тушиб ўлтирибди. Ундан пастроқда мавлононинг ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400