ҚУТЛУҒ БЎЛСИН!

8. ҚУТЛУҒ БЎЛСИН!

…Зиё шоҳичининг кулиб айткан сўзларига қутидор сира ҳам тушунмас ва кутилмаган меҳмонларнинг ке-лиш сабабини сўрамоқдан ийманар эди.
— Оловни қўятуриб, қудаларга дастурхон олиб чиқингиз.
Зиё шоҳичининг бу кулгулигидан сўнг қутидор танчага олов қалашни қўйиб дастурхон буюриш учун ичкарига қўзғалди. Унинг кетидан Ҳасанали: «Тақдир биткан бўлсин-да», — деб қўйған эди, шоҳичи қатъий қилиб: «Иншоолоҳ битар, шундоғ йигитни куявликка қабул қилмаған бир кишини биз одамға санамаймиз» — деди.
Қутидор қайтиб чиқди… Зиё ака билан Ҳасанали маънолиқ қилиб бир-бирларига қарашиб олмоқда эдилар. Қутидор, айниқса Зиё аканинг оғзини пойлаб, кўнгли чақирилмаған меҳмонлардан тушунмоғи қийин бўлған бир маънони сезмакда эди. Орадаги сўзсизлик узоққа чўзилабергач, қутидор Ҳасаналидан сўради:
— Бек саломатми?
Зиё ака сўз ўнқови келганини пайқаб Ҳасаналининг жим туришига ишорат қилди ва ўзи жавоб берди:
— Бизнинг сизга чақирилмаған меҳмон бўлишимиз ҳам Отабекнинг соғлиғи учундир.
Қутидор бу жавобдан бир нарса тушунолмади ва шу-нинг учун қайталаб сўради:
— Отабек соғми?
— Бу кунгача Отабек саломат, — деди Зиё ака салмоқлаб, — аммо бекнинг мундан кейинги соғлиғи сизнинг қўлингизда қолғанға ўхшайдир.
Қутидор яна тушунолмай таажжуб билан меҳмон-ларга қараб олди.
— Тушунолмадим…
— Яъни Отабек бу кунгача саломат, — деди Зиё ака яна. — Аммо мундан кейинги соғлиғи сизнинг қўлингизда…
— Меним қўлимда?
— Сизнинг ихтиёрингизда.
— Отабек каби бир йигитнинг соғлиғи ҳар бир ақлли киши учун мақсад бўлса ҳам, — деди таажжуб билан қутидор,— лекин сўзингизнинг шуниси қизиқдирким, бир йигитнинг соғлиғи иккинчи бир кишининг ихтиёрида бўлсин.
Зиё ака бояғи вазиятини бузмади:
— Ажабланмангиз, ўртоқ, — деди, — бекнинг мундан кейинги соғлиғи сизнинг ихтиёрингизда; бу ўйин эмас — тўғри гап.
Қутидор тўсиндан муддаонинг ким ва нима тўғри-сида бўлғанлиғини пайқаб қолди ва ўзида бир турлик ўнгғайсизлик сезди. Зиё ака Тўйбеканинг ёзган дастурхонини тузатиб, кулчаларни синдирди. Ҳасанали билан қутидорни нонға таклиф қилиб ўзи мақсадни очиқроқ онглатмоқчи бўлди:
— Муҳаббат деган нарса жуда оз кишиларга насиб бўладирған бир дурри бебаҳодир, — деди Зиё ака. — Қадрдонингиз Юсуфбек ҳожининг ўғли Отабек — бир неча кунлардан буён пинҳоний бир дард билан оғрир эди. Кўринишда унинг қули, аммо ҳақиқатда Отабекнинг маънавий падари бўлған Ҳасанали ота унинг махфий дардининг асли омилини излайдир, бекнинг ўзи бўлса ўз ҳоли тўғрисида ҳеч нарса сездирмай дардин яширадир. Шундоғ қилиб хўжасига ихлослик Ҳасаналининг тажрибалик кузатишидан бекнинг махфий дарди узоққа қочолмай натижада сир очиладир… Шариъат ишига шарм йўқ, дейдирлар ўртоқ, агарчи сиз билан менга бир мунча оғирроқ бўлса ҳам яна сўзлаб ўтишга ҳожат бор: кунлардан бир кун тақдир шамоли юрадир-да бир кимса-нинг иффат пардаси остида ўлтурган қизининг юзидаги ниқобини кўтариб иккинчи томондан бизнинг Отабекни шу афифага рўбарў қиладир. Шу дақиқадан бошлаб бекда у афифага қарши бир ишқ, ҳам чин бир ишқ туғуладир…
Зиё шоҳичи ўз томонидан ҳам яна бир мунча гапларни қўшиб чатиб, сўзини тугатди. Қутидор яхшиғина ўнғайсизланган эди. Қутидоргина эмас, совчилар ҳам ўнғайсизланган эдилар. Масаланинг нозиклиғига учавлари ҳам тушунарлар ва шунинг учун иттифоқ қилгандек чуқур бир сукутка кетган эдилар.
Гарчи муддао кун каби ошкора бўлган бўлса ҳам нима учундир қутидор яна ўзини тағофилга солиб сўради:
— У кимнинг қизи эмиш?
Зиё шоҳичи қутидор тарафидан ўзига бериладирган шу саволни кутиб турған эди.
— Сизнинг каримангиз, — деди.
Қутидор ўзининг жойсиз саволидан ўкиниб ерга қаради. Ўртада тағин сўзсизлик, ўнгғайсизлик бошланди. Бир неча фурсат шу йўсун жимгина ўлтуришкандан кейин яна Зиё шоҳичининг ўзига гапиришка тўғри келди:
— Биз, ўзимизнинг бу келишимизда сизнинг учун дунёга орзуғулиқ бир ўғул ҳадия этканимиздек, иншооллоҳ, қайтишимизда ҳам Отабек учун мужассамаи иффат бўлған бир рафиқа туҳфа қилармиз.
Бу сўздан кейин Ҳасаналининг юраги безиллай бошлади. Чунки шу дақиқада қутидор оғзидан ё рад ва ё қабул жавоби эшитар эди. Иккинчи томонда, кутилмаган бу совчилиққа ишонишнида, ишонмаснида билмай шошиб ўлтурган қутидор ҳам ўзининг оғзиға тикилиб турғучи икки кишига қандай жавоб айтиш учун гарангсиган эди.
— Отабек каби бир йигитни ўғул қилиш шарафига ноил бўла олсам ўзимни энг бахтлик оталардан санар эдим, — деди ниҳоят қутидор, — аммо бу тўғридаги ҳамма их-тиёр ўз қўлимда бўлмай орада кўкрак сути бериб ўсдирған хотин ҳам бор… Бу иш учун ёлғиз ўзим қабул жавоби берсам-да, онаси бир чеккада қолдирилса, эҳтимол, пухта иш қилмаған бўлармиз. Агар маслаҳат кўрсаларингиз бу тўғрида унинг билан кенгашиб кўрар эдим…
Қутидорнинг жавобидан самимият ва ихлос маънолари томиб турар эди. Жавобни эшиткан совчиларнинг томирига умид қонлари югуриб кетди.
— Бу от савдоси эмас, умр савдоси, биродар, — деди Зиё ака, — янгамиз билан кенгашингиз, Отабек ва отаси тўғриларида билганларингизни сўзлангиз, шундан кейин хўб ўйлашиб бизга жавоб берингиз.
Шу гапдан кейин қутидор меҳмонларни қолдириб ичкарига кирди. Кумушбиби ухлашқа ётқан эди. Тўйбека бўлса ўзининг ўчоқ боши ёнидағи уйчасини титратиб ҳуррак отар эди.
Қутидор уй эшигини очар экан айвонда ўзини кутиб ўлтурган Офтоб ойимға деди:
— Шамъни олиб кир-чи олдимга.
Уй жиҳозга ғоятда бой, гўё музахона тусини берар эди. Тахмонда турлик рангда атлас ва шоҳилардан қопланған кўрпалар, тахмон тоқчалариға уйилган пар ёстиқлар, қатор-қатор хитойи жононлар: косалар, кўзалар, чинни чойдишлар, лаганлар, кумуш қинлик ханжар ва қиличлар, қалқон ва сипарлар, дорга солинған турлик-турлик эр ва хотин кийимлари: пўстин, чакмон ва бошқалар, қип-қизил гилам ва шоҳи кўрпачалар киши кўзини қамашдирар даражада эдилар.
Ошиқиб оғзини пойлаған Офтоб ойимға қутидор бир илжайиб қўйди-да:
— Хотин, сен ҳали эшикдаги совчилардан хабарсиздирсан? — деди.
Офтоб ойим эрининг «совчи» хабарини оддийгина қаршилади, чунки энди икки-уч йилдан бери уйларига кун сайин совчилар жамоаси ёғилиб ётқанлиқдан бу совчилар ҳам ўшаларнинг бирисидир, деб ўйлаған эди:

— Хайрлик бўлсин, кимлар совчи?
Қутидор яна бир кулиб қўйди:
— Зиё шоҳичи, тағин сенга номаълум бир киши.
Офтоб ойим бу кунги совчиларнинг қутидорға бошқачароқ ўзгариш берганларини пайқади ва буни эрининг самимият ҳам ошиқишидан сезди:
— Ким учун келганлар?
— Бундан ўн беш кунлар илгари биз бир тошкандлик савдогар йигитни меҳмон қилған эдик, балки эсингдадир?
— Эсимда бор, Тўйбекка махтаб кирган йигит.
— Ўлма, хотин, — деди қутидор, — ана шу йигит учун келганлар.
Бу сўздан Офтоб ойим безонғлаб тушти ва эрига қарши ризосизлик вазиятини олди:
— Мусофир-ку?
Офтоб ойимнинг бу сўзи билан қутидор бош қашиб олди ва умидсиз бир товушда:
— Мен ҳам шунисига ҳайрон бўлиб қолдим, — деди.— Йўқса ўзи айни биз қидирған, ҳар тўғрида ҳам етук бир йигит эди.
Офтоб ойим бошқа хотинларимиздек эрининг раъйи ва хоҳишини, умуман бутун шахсини эҳтиром қилғучи бир хотиндир. Шунинг учун эрининг ҳозирғи раъйини гарчи ўз тилагига бус-бутун зид топса ҳам ёлғиз «мусофирлик» масаласи билангина гапка хотима бермай, бошқа тараф-лардан ҳам камчиликлар топиб асослик суратда қутидор-нинг Отабекка томон ҳароратланаёзған юрагига совуқ сув сепмакчи бўлди:
— Ўзи қандай кишининг ўғли, отаси сизга танишми?
Офтоб ойимнинг бу саволи ўзи учун зарарлик бўлиб чиқди. Чунки қутидор, Юсуфбек ҳожининг қандай киши бўлғанлиғини, бу кунда қайси ишда эканлигини ва ўзига бўлған муносабатини майда-чуйда тафсилотлари билан сўзлаб чиқиб, сўзи охирида: «Йигитнинг наслини айб-ситиб бўлмайдир, тўғрисига кўчканда бу йигит наслан биздан аллақанча юқорида турадир», деб қўйди.
Офтоб ойим энди иккинчи турлик йўл билан кетди:
— Уйланганми, йўқми?
— Уйланмаган. Буни қайсидир бир мажлисда унинг қу-лидан эшиткан эдим.
— Ёши нечаларда бор?
— Кўб бўлса йигирма беш ёшларда бўлур, бўлмаса йигирма икки-йигирма учлардан ошқан эмас.
— Нима мажбуриятда бизга куяв бўлмоқчи, Тошканддан қиз топилмағанми?
— Топилса ҳам ёқтирмас экан, — деди қутидор ва ўнгғайсиз ҳолатда воқиъани шипшитиб чиқди. Масаланинг бу янглиғ бошланишига ва бунинг устига эрининг мойилланишига Офтоб ойим нима дейишни билмай қолди. Тузик, эрининг майлини анчагина далил ва сабабларга суяниб бўлган бир майл эканини онглаған, куяв бўладирған йигитни ўзлариға ўғуллиққа лойиқ бир кимса эканини ҳам яхши тушунган эди, аммо ҳозир бу гаплардан ҳам илгарироқда «мусофирлик» масаласи турар; бир неча йиллардан бери мувофиқ куяв излай-излай ниҳоят Тошкандлик бир мусофирга бериш хўрлиғи Офтоб ойим учун оғир эди.
— Энди қандай кенгаш берасан, хотин?
Офтоб ойим ўз фикрини очиқ айтишка юраксина олмас, эрининг кўнгли олинишидан қўрқар, аммо — «мусофир» масаласига жону дилдан қарши эди.
— Сиз мувофиқ кўрган бир ишқа қарши тушиб, раъйингизни қайтараолмайман, — деди кўб ўйлағандан кейин Офтоб ойим, — чунки нима бўлғанда ҳам сиз-нинг оталиқ исмингиз бор, ҳам кўброқ ихтиёр сизнинг қўлингиздадир. Мен албатта кўзингизнинг оқу қораси бўлған ёлғиз қизингизни ярамас, бўлмағур кишига тутиб берарсиз, деб билмайман. Бу жиҳат билан бу ишка ризолиғим билинса ҳам бироқ қаршилиғим шундадирки, куяв тошкандлик бўлғандан сўнг қизингизни ўзи билан бирга олиб кетар ва сиз билан мени ёлғиз боламиздан айирар… Бунга қолғанда сизни билмасам-да, аммо менинг бундай жудолиққа сира тоқатим йўқдир… Мана шу та-рафни енгилроқ ўйлағанга ўхшадингиз, жоним.
— Сўзларинг тўғри, хотин, — деди ўйлаб қутидор, — лекин тақдир битканданми, нимадан бўлса ҳам бу йигитка қарши кўнглим жизиллаб турадир. Бу фикрим сенга маъқул тушадими, йўқми, ҳар ҳолда биз энди узоқ ўйлашиб ўлтурмайлиқ-да, ўз хоҳишимизча қилиб жавоб берайлик: масалан, совчиларға ризолиғимизни билдириб, аммо Кумушни Марғилондан олиб кетмасликни шарт қилайлик. Агар шартимизни қабул қилсалар ёлғиз боламиз икки бўлиб — айни бизнинг муддаомиз; йўқ, қабул қилмасалар ул вақтда киналари ўзларидан бўлсин, мана бу маслаҳатка нима дейсан, хотин?
— Мусофирлиғи?
— Биз таънани куяв қилмаймиз, — деди қутидор, — бизга чин йигит керак, халқ «мусофирга берди» деб сўз қилса — қилсин.
Офтоб ойим эридаги майлни бошдаёқ пайқаган эди, шунинг учун тилар-тиламас «ўзингиз биласиз» жавобини берди. Жавобни олиб қутидор совчилар олдиға чиқди ва маълум шартни уларга эълон қилди. Бу шартни Отабек исмидан Зиё шоҳичи қабул этиб қутидорни Отабекдек бир йигитни куяв қилиши билан табриклади ва шу такаллуфсиз совчилик ила умр савдоси биткан ҳисобланди. Икки ёш-нинг муҳаббатлик, увалик-жувалик бўлишлариға дуо қи-линғач совчиларға заррин тўнлар кийдирилди. Ҳасанали қутидорга ўзининг миннатдорчилигини айтиб тугата олмас, сўз ораларида уни дуолар билан ғарқ этмакда эди.
— Тўнлар муборак бўлсин!
— Сизга куяв ўғул муборак бўлсин!
Қутидор ихлос ва самимият билан:
— Қутлуғ бўлсин! — деди.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 81-қисм

81 Жиловни эгар қошига қистирдим. Тарлонни бўш қолдирдим. Кейин, улар олдига бордим. — Ўзи кимсизлар? Кимнинг боласи бўласизлар? Ўзларингни танитинглар-да ахир, биродарлар, ...

Юлдузли тунлар-50

3 Хадича бегим кириб бекинган Ихтиёриддин қалъаси Убайдулла Султонни ўн етти кун овора қилди. Ниҳоят, қалъа деворининг отбозорига туташган ночорроқ бир жойини тагидан кавлаб, ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-21

Ўн тўртинчи боб — Қувишяпти! — қўрқув аралаш қичқирди яқин-лашиб келаётган от дупурини эшитган ўғрилардан бири. Сўнг улар жиловни бўш қўйишиб, аввалига отларни йўрғалатиб, ...