Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 49-қисм

Лекин  бўриларни  учратмади.  Шундан  сўнг  дунё  кўзига  қоронғу  кўриниб,  уйга  қайтди. Лекин  бари  бир  уйқу  келмади.  Қоронғуда  анчагача  тўлғаниб  ётди,  миясини  нотинч,  дардли ўйлар пармаларди.

Нималарни ўйламайди дейсиз одам уйқу қочганда? Ҳаммасидан ҳам кўпроқ у йилдан йилга виждонан  ишлаш  қийин  бўлиб  бораётгани,  ҳозирги  одамлар  ва  айниқса,  ёшларда  ор-номус қолмаганлиги ҳақида ўйларди. Ҳеч ким ҳозир сўзга ишонмайди. Ҳар бир кимса ҳаммадан бурун ўз  фойдасини  кўзлайди.  Ваҳоланки,  машҳур  Чу  канали  қурилишида  одамлар  мамлакатнинг ҳамма  бурчакларидан  ўз  ихтиёрлари  билан  келиб,  ҳатто  пул-маош  олмай  меҳнат қилмаганмидилар.  Мана  энди  ҳеч  ким  бунга  ишонмайди,  чўпчак  айтяпсизми,  дейди,  шундай бўлиши ҳам мумкинми асти? Ҳозир ҳеч ким бўйнига арқон солсангиз хам, ўламан саттор, чўпон бўлмайман,  дейди.  Ҳаммалари  буни  билишади,  лекин  билмагандек  юришади,  вақтинчалик қийинчиликлар  деб  қўйишади.  Очиғини  айтсанг,  туҳмат  қиляпсиз  деб  юз-кўзингни очиришмайди. Кимнинг ноғорасига ўйнаяпсиз, дейишади! Ахир бу кетишда кейин нима бўлади, ҳеч  кимнинг  жиддийроқ  бош  қотиргиси  келмайди.  Унинг  дилига  таскин,  кўнглига  ором берадиган бирдан-бир нарса бор эди. У ҳам бўлса, Гулимхон ҳеч қачон отда тиним бор, итда тиним  бор,  сизда  тиним  йўқ,  эртаю  кеч  қўй-кўзидан  бўшамайсиз,  деб  таъна  қилмаган,  юзига солмаган  эди.  Ўтарни  бир  зум  ҳам  кўздан  қочириб  бўлмайди,  сурувни  тўхтатиб  кўр-чи,  бу темир дастак эмас сенга керагида кўтариб, кераксизда тушириб қўядиган, сурувгача кеча-кундуз кўз-қулоқ бўлиб турмасанг, иш чиқмайди. Аксига олгандай, қаёққа қарама, қўл кучи етмайди. Ҳолбуки, одамлар йўқ эмас, бор, лекин уларнинг ишлагилари келмайди. Нимага ахир? Ахир, меҳнатсиз  яшаб  бўлмайди-ку.  Меҳнатсиз  ҳаёт-ҳалокат.  Балким,  бутунлай  бошқача  яшаш  ва ишлаш керакдир? Балки, ҳамма гап шундадир? Яна энг оғир масала — сақмончилар. Қўзилатиш бошлангач,  пунктларда  қўзиларга  қарайдиган  сақмончилар  керак.  Хўш,  каердан  оласан сақмончиларни?  Ёшлар  сақмончи  бўлишни  истамайди.  Сақмончи  эртаю  кеч  кўз  юммай қўзиларга қарайди. Бу ишни кўрққанидан эмас, ҳалол, виждонан бажармаса бўлмайди. Шунинг учун  сақмончиликка  ёш-ялангни  зўрлаб  ҳам  кўндиролмайсиз.  Ҳозирги  ёшлар  шиптир  кечиб, овлоқда — бир чеккада кун кечиришни хоҳламайди. Сақмончи қанча ҳам ҳақ оларди дейсиз. Ваҳоланки, шаҳарда завод ё фабрикада саккиз соат ишлаган ҳар бир йигит-қиз бундан кўра анча кўпроқ пул топиши мумкин. «Қандай қилиб биз кўпроқ фойда чиқадиган ерда эмас, бир умр ишчи  кучи  кўпроқ  керак  бўлган  жойда  ишлаган  эканмиз-а?  Мана  энди  ёшлар  ишни  қўлга оладиган пайт келганда, улар ҳеч нарсага ярамай қоляптилар — на ор-номус бор уларда ва на виждон», деб хафа бўлишади қариялар. Авлодлар ўртасида англашилмовчилик ҳамда ётсираш туғдирган мана шу тўқнашув қачонлардан бери одамларнинг юракларини ўртаб келади. Бўстон яна ўша гапини эслади. Ўшанда у тағин ўзини тўхтатолмади ва бекор қилди. Одам худди ўзи учун ишлагандай ишласин, деди у. Мен бошқа йўлни кўрмаётибман. Ишчи қилаётган ишидан шахсан  манфаатдор  бўлиши  сув  ва  ҳаводай  зарур.  Бўстон  иш  ҳақи  иш  натижасига  қараб белгиланиши  керак,  деб  неча-неча  мартабалаб  айтган  эди.  Ҳаммасидан  ҳам  муҳими — чўпоннинг ўз ери бўлсин, чўпон шу ер учун жон куйдирсин, унинг ёрдамчилари ва бутун оила, бола-чақаси ҳам шу ерни деб тер тўксин, акс ҳолда бошқа ҳеч нарсанинг фойдаси йўқ…

Одатдагидай  парторг  Қўчқорбоев  унинг  пўстагини  қоқди.  Қўчқорбоевни  совхозда «газет киши» деб чақиришарди, у директор столининг ўнг томонида Бўстонга ёнлама ўтирарди. Ғаши келаётган бўлса керак, унинг қош-қовоғи уюлган, посонига олиб дам сайин бўйинбоғини ушлаб, тузатиб қўядиган Қўчқорбоев Бўстонга ёвқараш қилиб, қия назар ташларди. Совхоз директори Чўтбоев Қўчқорбоевнинг нима демоқчи бўлиб турганлигини хўп яхши тушунарди. Кўп йиллар бирга  ишлаб,  унинг  букилмас,  ўтда  куймас,  сувда  чўкмас,  бир  марта  бир  умрга  ёд  олинган сафсатасининг  мантиғини  жуда  яхши  ўрганиб  олган  эди:  унинг  сафсатасига  кўра  Бўстон Ўркунчиев янгича нусхадаги қулоқ ва акслинқилобчи, у яна кавагидан чиқиб, ҳаммани йўлдан айнитмоқчи. Ҳаёт уни ўласи қилиб неча марта чўзилтириб қўйди, у эса ҳамон ўз айтганидан колмайди. Қанийди, илгариги замонлар бўлса-ю, уни узоқроқ бир жойларга гумдон қилинса…

Ўша кунги ишлаб чиқариш йиғилишида райкомнинг кўринишдан камтарин янги инстуктори ҳам иштирок этар, «Берик»нинг халқи ҳали уни яхши танимасдилар. У сўзловчиларни диққат билан  эшитар  ва  ҳаммасини  ёндафтарига  қайд  қилиб  борарди.  Чўтбоевнинг  тахминича, Қўчқорбоев райкомнинг янги ходими олдида албатта ўзини кўрсатишга ҳаракат қилади. У ҳақ чиқди. Бўстоннинг сўзидан сўнг Қўчқорбоев икки оғиз сўзим бор эди, деб ижозат сўради. Шу сайраб кетди: у нақ баайни газетада ёзилгандай қилиб сўйлар, асли унинг кучи ҳам мана шунда эди.

—  Қачонгача,  ўртоқ  Ўркунчиев,—  деб  мурожаат  қилди у Бўстонга  қарата  ҳар  доимгидай расмий  равишда «сизлаб»,—  қачонгача  сиз  шубҳали  таклифларингиз  билан  одамларнинг юрагига  васваса  соласиз?  Социалистик  коллектив  ўртасидаги  ишлаб  чиқариш  муносабатлари қандай  бўлишини  тарих  аллақачонлар  белгилаб  берган.  Сиз  эса  чўпонни  хўжайинга айлантирмоқчисиз.  Ким  билан  ишлайди,  ким  билан  ишламайди,  кимга  қанча  ҳақ  тўлайди, ҳаммасини  ўзи  ҳал  қилсин  деяпсиз.  Бу  қандоқ  бўлди?  Бу  бизнинг  тарихимизга,  инқилобий оламшумул зафарларимизга ҳужум, тўғрироғи,  тажовуздан бошқа нарса эмас.  Сиз иқтисодни сиёсатдан юқори қўймоқчисиз. Сиз ўз қўшингизнинг тор манфаатларидан келиб чиқмоқдасиз. Сиз  учун  бу  масалаларнинг  масаласи.  Бироқ,  қўшнинг  ортида  район  турибди,  ахир,  область, мамлакат турибди, ахир! Сиз бизни қаерга элтмоқчисиз — хўжалик юритишнинг социалистик усулларидан воз кечишгами?

 

Зардаси қайнаб кетган Бўстон ўрнидан турди.

— Ҳеч кимни ҳеч ёққа элтмоқчи эмасман. Мен буни гапиравериб чарчадим. Ҳеч кимни ҳеч қаёққа  бошлаётганим  йўқ.  Областда  нима  бўляпти,  ундан  нари  мамлакатда  нима  бўляпти, дунёда нима бўляпти, менинг ишим эмас, мен оддий бир чўпонман. Менсиз ҳам ақллилар кўп. Менинг  ишим — пода  боқиш.  Агар  парторг  менинг  чорва  ҳақидаги  фикримни  билишни истамаса,  унда  бундай  йиғинларга  нима  кераги  бор  мени  чақириб,  ишдан  қолдириб?  Тарақа-туруқ  гапларга  тобим  йўқ.  Балким,  кимгадир  бундай  гаплар  керакдир,  лекин  менинг  уларга ақлим  етмайди.  Ўртоқ  директор,  мени  бошқа  чақирма!  Нима  қиласизлар  мени  ишдан қолдириб?! Кераги йўқ менга бунақа мажлисларни!

—  Э,  нима  деяпсиз,  Бўске?—  Чўтбоев  ўтирган  ўрнида  ўнғайсизланиб  қимирлади.—  Сиз совхознинг энг яхши, илғор чўпони, тажрибали кишисиз, биз сизнинг фикрингизни билишни истаймиз. Шунинг учун чақирамиз.

— Сен мени ҳайрон қилиб қўйдинг, директор.—Азбаройи қони қайнаб деди Бўстон.— Агар мен илғор бўлсам, илғорликни қандай қўлга киритганим ҳаммадан кўра сенга яхши маълум-ку. Шунда,  нега  ахир  миқ  этмайсан?  Бир  нарса  десам,  оғзимни  очмасимдан  Қўчқорбоев  оғзимга уради, худди прокурордай ҳар бир сўзимдан хато қидиради. Директор, сен бўлсанг, буларнинг сенга алоқаси йўқдай, ҳеч нарса бўлмагандай индамай ўтирганинг-ўтирган.

— Шошманг, шошманг,— унинг сўзини бўлди Чўтбоев.

Директор ростдан ҳам ўзини йўқотиб қўйди. У жуда ҳам қийин аҳволда қолди. Бу сафар энди Бўстон билан Қўчқорбоев ўртасида бетараф туриб бўлмайди. Райком ходими қошида директор маълум бир нуқтага келиши керак. Шу «газет киши» Қўчқорбоев билан ҳеч ғиди-биди қилгиси йўқ-да  ўзи.  Бунинг  сафсатаси  не-не  кучларни  ҳаракатга  келтириши  мумкин:  кўр-кўрона қироатхонликни иш услубига айлантириб олганлар ичида Қўчқорбоев ахир ёлғиз эмас-ку. Бу сафар  ҳам  Қўчқорбоев  муҳокамани  атай  алангалатиб  юборди,  ҳе,  йўқ-бе  йўқ,  чўпонни «зафарларимизга тажовуз қилишда» айблади. Хўш, шундан сўнг ким унга қарши чиқа олади? Лекин қандай бўлмасин, вазиятдан чиқиш керак эди.

—Шошманг, шошманг, Бўске, сиз қизишманг,— деди директор ва столдан туриб бу ёққа чиқди.— Ўртоқлар, келинглар, ақллашиб олайлик,— деди мажлисга қарата Чўтбоев томонларни қандай  муросага  келтирсам  экан  деб,  эран-қаран  ўйланаркан.  Албатта,  Бўске  ҳақ.  Лекин Қўчқорбоев  билан  ҳазиллашиб  бўлмайди.  Хўш,  нима  қилиш  керак.  Гапимиз  нима  ҳақда боряпти, дея фикрларди директор,— Менинг тушунишимча, чўпон ёлланиб ишлайдиган кимса эмас,  қўшу-қўра,  яйловларнинг  эгаси  бўлмоқчи.  У  ўз  номидангина  эмас,  шу  билан  бирга бригадаси  ва  чўпон  хонадонлари  номидан  ҳам  гапиряпти,  биз  буни  ҳам  эътибордан қочирмаслигимиз зарур. Менимча, унинг гапида жон бор. Чўпон бригадаси бизнинг энг кичик иқтисодий ячейкамиз бўлади. Ишни шу ердан бошлаш керак. Назаримда, Ўркунчиев ҳаммасини ўз қўлига олмоқчи, жумладан, мол-ҳол, яйлов, ем-хашак, қўтон-қўра дегандек, ишлаб чиқариш учун  нима  зарур — барини  ўз  қўл  остида  бирлаштирмоқчи.  У  бригада  ҳисобини  жорий қиламан, дейди. Шунда ҳар бир одам қўшниси учун мановдан ановгача эмас, балки ўзи учун ишласа, қанча ҳақ олишини билсин. Мен Ўркунчиевнинг таклифини ана шундай тушунаман, биз буни ўйлаб кўрсак, арзийди, Жонтой Эшонович,— деди директор парторгга қарата.

—  Мен  эса,  сиз  билан  бирга  раҳбарлик  қилаётган  совхознинг  парторги  сифатида,  ўртоқ Чўтбоев,  буни  бошқача  тушунаман.  Социалистик  ишлаб  чиқаришда  хусусий  мулкчилик психологиясини  рағбатлантириш  кимлигидан  қатъий  назар,  ҳеч  кимга  ярашмайдиган  иш  ва айниқса,  хўжалик  раҳбарига,—  овозига  тантанавор  тус  бериб,  директорга  писанда  қилди Қўчкорбоев.

—  Лекин  ишонинг  ахир,  ишимизнинг  манфаати  шуни  талаб  қиляпти,—  ўзини  оқлай бошлади директор.— Ахир, ёшлар чўпон бригадаларида ишлашни хоҳламаяптилар…

— Демак, бизда ташвиқот-тарғибот ишлари ёмон олиб бориляпти, ёшларга Павлик Морозов ва унинг қирғиз биродари Кичан Жақипов ҳақида эслатишимиз керак.

— Буниси энди сизнинг ишингиз, ўртоқ Қўчқорбоев,— қистирди директор.— Ҳаммаси ўз қўлингизда. Эслатинг, ташвиқ қилинг. Сизга ҳеч ким халал бермайди.

—  Албатта  ташвиқот  олиб  борамиз,  сиз  ташвишланманг,—  деди  иддао  билан  парторг.—Бутун  бошли  чора-тадбирлар  ишлаб  қўйганмиз.  Лекин  ҳар  қандай  ниқобдаги  хусусий мулкчилик  хатти-ҳаракатларига  ўз  вақтида  зарба  бериш  жуда  ҳам  зарур.  Биз  социализм асосларини қўпоришга йўл қўймаймиз.

Ҳаддан  ташқари  жиддийлашиб  кетган  бу  тортишувга  қулоқ  солиб  ўтираркан,  Бўстон Ўркунчиевнинг  шахди  қайтди,  томоғига  аллақандай  қўрқинч  беихтиёр  тиқилиб  қолгандай бўлди. Ахир, у нима деди? Бор-йўғи ерда ниҳоят бировнинг ташқаридан бўладиган кўрсатмаси билан эмас, ўз ақлим билан ишлашни хоҳлайман, деб истак билдирди, холос.

—  Ҳеч  кимга  ҳеч  қандай  қулайлик  ва  ёнбосишлар  қилинмайди,—  давом  этарди Қўчқорбоев,—  Ишлаб  чиқаришнинг  социалистик  шакллари  барча  учун  мажбурий.  Мен  буни аввало, ўртоқ Ўркунчиевга қарата айтган бўлардим. У доим ўзи учун қандайдир алоҳида шарт-шароитлар талаб қилгани қилган.

— Менгагина эмас,— унинг сўзини кесди Бўстон.— Бундай шарт-шароитлар ҳаммага керак, ана ўшанда ишларимиз юришиб кетади.

— Ишонмайман! Умуман, бу қандай гап ўзи — шарт қўйиб ишлайман дейиш? Уни қилинг, муни қилинг. Сиз, ўртоқ Ўркунчиев, ўз мол-ҳолингиз учун шахсий яйловнинг ортидан қувиб, Ола Мўнгу довонида одам нобуд қилганингиз етмайдими? Ё сизга бу ҳали камми?

— Гапир-а, гапир!— азбаройи фиғони чиқиб қўл силтади Бўстон.

Эрназарнинг  ҳалок  бўлгани  ҳакида  мана  шундай  йўл-йўлакай  ва  беписандлик  билан  сўз юритилгани унинг ҳамиятига теккан, дилини оғритган эди.

— Нима гапир, гапир? Нима, нотўғрими, гапим?— чақиб олди Қўчқорбоев.

— Ҳа, нотўғри.

— Нега нотўғри бўларкан? Эрназарнинг ўлиги ҳалигача довонда музлаб ётмаяптими? Балки яна минг йил ўша ерда ётар.

Бўстон индамади. Мажлисда шу ҳақда гап очилганидан унинг кўнгли қаттиқ оғриди. Лекин Қўчқорбоев бас қилай демасди.

— Нимага индамай қолдингиз, ўртоқ Ўркунчиев?— деб оловга мой қуйди у.— Сиз эмасми, ахир, ўзингизга шахсан яйлов очаман деб, довонга йўл олган?

—  Ҳа,  яйлов  очаман  дедим,—  кескин  жавоб  берди  Бўстон.—  Лекин  фақат  ўзим  бўлай деганим йўқ, ҳамма учун, жумладан, сен учун ҳам Қўчқорбоев, очмоқчи эдим. Чунки мен сени еб-ичираман, сен эмас. Ҳозир эса, сен сув ичиб турган қудуғингга тупуряпсан!

—  Бу  нима  деганингиз?—  дарғазаб  бўлди  Қўчқорбоев,  унинг  юзига  қон  тепди.—  Мен ҳаммаси учун партия олдида карздорман!

— Партия қаердан олиб сени боқяпти, биласанми ўзинг?— ўшқирди Бўстон.— Осмондан деб ўйлайсанми?

—  Нима  бўляпти  ўзи,  оғзига  нима  келса  валдирайверадими  киши!—  чинқириб  юборди Қўчқорбоев қўллари қалтираб бўйинбоғини тўғрилаганча.

Катта  жанжал  чиқадиган  эди.  Қўчқорбоев  ҳам,  Бўстон  ҳам,  худди  ўлимга  ҳукм  қилинган одамлардай бири стол орқасида, иккинчиси девор олдида туришар,— ўтирганлар назарида яна озгина  вақт  ўтса,  улардан  бири  ерга  гурс  этиб  қулайдигандай  эди.  Райкомнинг  ёш  ходими вазиятни бирмунча енгиллатгандай бўлди.

— Ўзингизни босинг, ўртоқлар,— деб овоз берди у кутилмаганда чеккада дафтарига ёзиб ўтирган  жойидан.—  Назаримда,  чўпон  Ўркунчиев  умуман  ҳақ.  Меҳнаткаш  одам,  биз  уни кўпинча моддий бойликлар яратувчи, деб атаймиз, ўз сўзини айтишга ҳақли. Лекин бунчалар ошириб юбориш ўринлимикин?

— Э, сиз буни билмайсиз ҳали, ўртоқ Мамаетов,— шоша-пиша унинг сўзини илиб кетди Қўчқорбоев.— Ўркунчиев қилаётган даъволарнинг боши-кети йўқ. Мана, мисол учун, Нўйғутов деган бир чўпон, ҳа, худди мана шу Нўйғутов Бозорбой тоғда бўри инига дуч келган. У бўри тўдасини  тугатиш  учун  уларнинг  тўртта  боласини  инидан  олиб  чиққан,  тўғрироғи,  тортиб олган, илдиз-пилдизи билан қуритган. Эр йигитнинг ишини қилган. Шундан кейин нима бўлган денг? Мана шу Ўркунчиев Нўйғутовни тўхтовсиз таъқиб қила бошлаган. Олдин сотиб олмоқчи бўлиб уринган, лекин бу ҳунари ўтмагандан сўнг, Нўйғутов, биласизми, жуда бир сўзлик одам, Ўркунчиев дўқ-пўписа йўлига ўтган, Нўйғутовдан бўри болаларини жойига қайтар деб, оёғини бир  этикка  тиқиб  туриб  олган.  Йиртқичларни  кўпайтирмоқчи  бўлган  шекилли.  Ўзи  нима бўляпти, ўртоқлар? Буни нима деб тушунишимиз керак? Балки, сиз, ўртоқ Ўркунчиев, бошқа ҳаммаси  бўлиб,  бунинг  устига  ўз  шахсий  бўриларингизни  ҳам  боқиб  кўпайтирмоқчидирсиз? Хусусан ва шахсан сизга тегишли бўрилар дейлик. Балки, совхоз ҳали сизни бўрилар билан ҳам таъминлаши лозимдир? Ўзимнинг ерим дейсиз, ўзимнинг чорвам дейсиз, ана энди, ўзимнинг бўриларим  ҳам  дерсиз!  Шундайми?  Ёки  сизни  қандай  тушунайлик — бўрилар  урчиб кўпаяверсин,  қўй-қўзини  бўғизлайверсин,  умумхалқ  мулки  ҳисобига  кун  кечираверсинлар деганингизми бу?

Бўстон бу орада ўзини қўлга олди, хийла вазминлик билан жавоб қайтарди:

— Бўрилар ҳақидаги ҳамма гаплар тўғри, фақат битта ёмон жойи шуки, бўрилар умумхалқ мулкига чанг солаётганларига ақллари етмайди-да.

Одамлар беихтиёр кулиб юборишди, Бўстон ўртадаги вақтдан фойдаланиб, давом этди:

— Бу ер бўрилар ҳақида гап сотишнинг ўрни эмас эди. Лекин ҳамон улар ҳақида гап чикди, мен  ҳам  ўзимнинг  сўзимни  айтай.  Ҳар  қандай  ишни  ақл-фаросат  билан  қилса  тузук,  шунинг учун ақл билан туғилганмиз. Баъзи бировларимизда фаросат етишмайди, мақтанчоқлик эса қоп-қоп.  Мисол  учун  ўша  бўри  болалари  воқеасини  олинг.  Бу  ерда  айтилгандай,  Бозорбой  бўри болаларини  инидан  кўтариб  чиққан,  яна  ҳам  тўғрироғи,  қароқчилардай  ўғирлаб  олиб  кетган, энди  атрофдаги  шовқин-суронни  кўринг,  сал  бўлмаса  уни  қаҳрамонга  чиқариб  қўйяпмиз. Қаҳрамон эса, аввало катта бўриларни йўқотишни ўйлаши, ундан кейин болаларини тинчитиши керак эди. У бўлса бўричаларни тезроқ пул қилишга қизиқиб кетди. Мана энди ичиб юрибди. Бозорбойдан бўри болаларини менга беришини ё бўлмаса, сотишини сўрадим. Болаларни тузоқ қилиб, катталарини қўлга туширмоқчийдим. Чунки, болаларини йўқотгач, катта бўрилар ҳаддан ортиқ қутуриб кетишди. Уларни энди шундай қолдириб бўлмасди. Қутурган битта бўри ўнта бўридан  ёмонроқ,  буни  сал  тушуниш  керак  эди.  Қутурган  бўри  ўч  олмагунча  тинчимайди. Болалари  тортиб  олинган  Акбара  билан  Тошчайнар  деган  бўрилар  атрофда  қанчалар йиртқичлик қилишаётганини ҳамма чўпонлар билишади. Энди улар ҳеч қўймайди, одамларга ҳам ташланаверишади, тап тортишмайди. Баъзи бемаъни одамларни иғвогар деб аташар экан, буни  газета  ва  китобларда  ўқиган  эдим.  Бозорбой  деганимиз  бўрилар  ўртасида  шундай  иғво чиқарди, уларни қутуртирди. Ҳаммамизнинг бошимизни ғавғога қўйди. Мен унинг юзига тикка айтдим, яна айтаман: у қуёнмижоз иғвогарнинг ишини қилди. Сенинг ҳам, па-торг, тик юзингга айтаман:  мен  тушунмайман  сенинг  қандай  одамлигингни.  Мана,  неча  йилдирки,  бизнинг совхоздасан,  лекин  шунча  вақтдан  бери  газет  ўқишу  менга  ўхшаган  чўпон-чўлиқни қўрқитишдан  бошқасини  билмайсан,  бизни  инқилобга,  совет  ҳокимиятига  қарши  деб  нах урасан,  ўзинг  эса  хўжалик  ишида  ҳеч  вақони  тушунмайсан,  маънисига  етмайсан,  акс  ҳолда чўпон  кишини  бўрини  кўпайтирмоқчи  деб,  айблаб  ўтирармидинг.  Э  падарига  қусур,  ўша ўриларнинг.  Куракда  турмайдиган  кулгили  айбларни  қўясан  одамнинг  гарданига.  Лекин  бу майли.  Аммо,  бошқа  бир  айб  ҳам  қўйдингки,  ўртоқ  Қўчқорбоев,  мен  буни  жавобсиз қолдиролмайман.  Тўғри,  Эрназар  довонда  ҳалок  бўлди.  Лекин  бизни  довонга  боришга  нима мажбур  қилди?  Яхши  кун  кечираётган  бўлсак,  шундай  қилармидик?  Бошқа  жой  қуриб кетибдими бизга? Парторг, сен ҳеч ўйлаб кўрдингми, нега биз у ёққа чиқдик, яйловлар етарли бўлса, жонимизни хавф-хатарга қўйиб ўтирармидик асти? Сен буни ҳеч ўйладингми, парторг? Яйлов  йўқлиги  жонимизга  бир  бало  бўлди.  Кун-кундан  бадтарроқ.  Мана,  директорнинг  ўзи ўтирибди. Айтсин ўзи. У директорликни энди бошлаган кезлар қандай ўтлоқ, яйловлар бор эди, белдан уриб ётарди ўт-ўлан у ерларда! Энди-чи? Ҳаммаёқ қуриган, ернинг тупроғи ётибди. Ҳар бир қиёқ, ўт-ҳисобда. Барининг сабаби шундаки, бундай майдонларда илгаригидан ўн баробар кўп мол боқиляпти, шунча қўй туёғи ўтгандан кейин ўт ўсмаяпти. Ўлганнинг кунидан Эрназар билан Кичибелга йўл олган эдик. Яхши бўлармикин девдик, лекин фалокат оёқ остидан чиқди. Сафаримиз  яхшилик  билан  тугамади.  Шундан  кейин  мен  бу  мақсадимдан  қайтдим,  оғзимни очмай  қўйдим,  кулфат  оғзимни  очирмади,  кўнглимга  сиғмади  бу  иш.  Ҳаммаси  бошқача бўлганда, ўтган йил Москвага борардим кўргазмага, энг катта раҳбарларимизнинг олдига кириб, сен ҳақингда гапириб берардим, Қўчқорбоев. Сен ўзингни фақат партия ҳақида ўйлаётгандек қилиб  кўрсатасан,  кўкрагингга  урасан.  Ҳолбуки,  партияга  сенга  ўхшаган  ўзи  ҳеч  иш қилмайдиган, бошқаларнинг ҳам қўлини боғлайдиган текинтомоқлар керакмикин?

—  Сиз  жуда  ҳаддингиздан  ошиб  кетдингиз!—  чидолмади  Қўчқорбоев.—  Бу  туҳмат!  Сиз, ўртоқ Ўркунчиев, партия йўли билан ўз сўзларингиз учун жиддий жавоб берасиз.

—  Мен  ўзим  ҳам  истайман  ҳаммасига  партия  мажлисида  жавоб  беришни.  Агар  мен ростданам  нотўғри  иш  қилаётган,  нобоп  ўйлаётган  бўлсам,  майли,  мени  бўйнимга  бир  уриб, ҳайданглар. Партияга арзимас эканман, мени сира аяб ўтирманглар. Лекин сен ҳам, Қўчқорбоев, буни ўйлаб қўйишинг керак.

—  Менинг  ўйлайдиган  жойим  йўқ,  ўртоқ  Ўркунчиев.  Менинг  виждоним  тоза.  Мен  доим партия билан биргаман.

Бўстон  худди  тоғ  устига  чопиб  чиққан  одамдек  нафасини  ростлади  ва  райком  ходимига қараб туриб, деди:

— Сиздан, ўртоқ инструктор, ўтиниб сўрайман, ана шулар ҳақида райкомга айтинг. Бизнинг ишимизни мажлисда кўришсин. Бошқа бундай яшолмайман.

Кўп  ўтмай  Бўстон  Ўркунчиев  ўзининг  Қўчқорбоев  билан  бўлган  тўқнашуви  атрофида ғалати-ғалати воқеалар рўй бераётганига амин бўлди. Ўша куни у ўзининг ишлари билан кўл бўйига тушган эди.

Иссиқкўл ёнларида боғлар гулга кирай деб қолганди. Баҳор ўтиб борар, у эса ҳамон боғдаги олма дарахтларини дорилаб улгурмаган, Эрназарнинг боғи ҳам қаровсиз ётарди. Бўстон билан Гулимхоннинг энди икки боғлари, икки ҳовлилари бор, икковиям қаровга, парваришга муҳтож эди.  Ҳамма  гап  шундаки,  чўпоннинг  умри  тоғларда  ўтар,  хўжаликка  қарай  деса,  доим  қўл тегмасди. Эрта дейсан, индин дейсан, қарабсанки, вақт ўтиб кетган, энди кечиктиришнинг ҳам иложи  қолмаган.  Лекин,  барибир,  қандай  бўлмасин,  боғни  дорилаш  керак,  акс  ҳолда зараркунандалар  шу  қадар  кўпайишиб  кетадики,  ҳамма  куртакларни  тўкиб,  ҳосилни  барбод қиладилар.  Бу  гал  Гулимхоннинг  сабр-тоқати  тугаб,  ўзини  тўхтатолмай  Бўстонга  қаттиқроқ гапириб юборди: мунча орқага чўзасиз, вақтлироқ бориб, бирон қўшни-пўшни билан келишиб келмайсизми,  ўзингиз  қилолмаганингизга  яраша.  Ҳақини  гаплашинг,  қўшнилар  қилиб беришади.

—  Ҳеч  уйга  қарамайсиз,—  жаҳли  чиқиб  уришди  Гулимхон.—  Эртаю  кеч  мол  кетидан юрасиз,  мажлисдан  бери  келмайсиз.  Агар  боғ-роғга  қарашга  қўлингиз  тегмаса,  уйда  бир  кун Қенжаш  билан  ўтиринг,  бу  тентагингизни  сал  қаровсиз  қолдириб  бўлмайди,—  ўзим  соҳилга тушиб чиқаман, бир эркакнинг ишини қиларман, ахир.

Нима ҳам дейиш мумкин, Гулимхон ҳақ эди, унинг таъналарини индамай туриб эшитди.

Бўстон  боққа  қарайман  деб,  эрталаб  барвақт  соҳилга  тушиб  кетди.  Дўнкўликни  минди. Қадимдан қолган ҳикмат бор, баҳор келса, ўт ҳам, от ҳам кучга киради. Дўнкўлик жониворнинг айни  кучга  тўлган  пайти  эди.  У  ўт  сочган  кўзларини  ўйнатиб,  ёлларини  яшиндай  ёйиб,  куч-қудратини  ичига  сиғдиролмай  сўлиғини  чайнаб  учаман  дерди.  Лекин,  ҳозир  от  чоптиргали Бўстоннинг рағбати йўқ эди. У ўйноқлаб турган отнинг шаштини босар, йўлда у-бу нарсаларни хўп пишитиб ўйлаб олмоқчи эди. Ўтган кеча яхши ухлолмади. Анчагача у ёғидан-бу ёғига ағнаб ётди, парторгнинг Эрназарни сен ўлдирдинг, дегани, юрагини тўхтовсиз ўртарди. Йиғилишдан қайтгач, хотинига нима гаплар бўлганини наридан-бери айтиб берди-ю, лекин Эрназар ҳақидаги гапдан оғиз очмади. Гулимхонга аввалги эрини эслатиб нима қилади, орадан ахир шунча йиллар ўтиб  кетди,  қанча  сувлар  оқиб  ўтди.  Эслатса,  Гулимхоннинг  эски  яраси  қайта  янги  бўлади, ўртага совуқчилик тушиши ҳам мумкин, ахир, Эрназар қўрқинчли Ола Мўнгуда мангу муз чоҳ қаърида кўмилмасдан тўнғиб ётибди ҳалигача. Шундай экан, яхшиси, бу гапни унга эслатмаган маъқул.  Кейин  Бўстоннинг  кўзи  эндигина  илинган  эди,  яна  бўрилар  саси  келди.  Яна  катта қўрадан наридаги тепалик томонда Акбара йиғлаб болалари ҳажрида дил тиғлаб фарёд кўтарди. Унга  дўриллаган  овоз  билан  Тошчайнар  жўр  бўлди.  Илгари  бўриларнинг  ув  тортганини эшитганда,  Бўстон  уларга  ачиниб,  раҳми  келса,  ҳозир  ич-ичдан  ғазаби  тошди,  ўжар йиртқичларни ўлдириб ташлашни истади, ишқилиб, шуларнинг овозини эшитмасам, бас, деди, назаримда,  улар  худди  менга  ҳам  лаънат  ўқиб,  қарғиш  ёғдираётгандай,  лекин  менинг  айбим нима? Ўтган кеча қандай бўлмасин, бўриларни ўлдиришга ахд қилди, ҳатто буни қандай амалга оширишни  ҳам  ўйлаб  қўйди.  Дард  устига  чипқон  дегандай,  у  йиғинда  Қўчқорбоев  билан тортишиб  ўтирган  маҳалда  Акбара  билан  Тошчайнар  унинг  ўтаридан  учта  қўйни  бўғизлаб кетган  эдилар.  Чўпон  боланинг  ҳикоя  қилишича,  у  қанча  қичқирмасин,  таёғини  кўтариб ҳайдамасин, бўрилар сира ҳайиқмай учта қўйни ўлдириб, яна индамай ғойиб бўлибдилар. Бу воқеа  Бўстоннинг  сабр  косасини  тўлдириб  юборди.  Агар  шундай  давом  этадиган  бўлса,  деб ўйлади у, бу ерларни ташлаб кетишга, бўрилардан шармандаларча қочишга тўғри келади. Ўша соатда тинмай ув солаётган Акбара билан Тошчайнар ўзларига ўлим ҳукми ўқиётганликларини англамас  эдилар.  Бўстон  энди  нима  қилиш  кераклигини  биларди.  Мабодо  эртасига  хўжалик ишлари  билан  соҳилга  тушиши  лозим  бўлмасайди,  у  ҳозироқ  ўйлаган  режасини  амалга оширишга тайёр эди. Лекин у бундай қарорга келди: хотинидан яна дашном эшитмаслик учун аввал боғдаги ишларни битиради, ундан кейин бўриларнинг додини беради. Йўлда Бўстон ана шуларни ўйлаб борарди…

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Устозим рауф парфи – “лайло”ни  куйлаб”

   (Хотира китоби) Болаликда санъаткор бўлишни, қўшиқ куйлаб одамларга маърифат тарқатишни, дилларга қувонч бахш этишни орзу қилганман. Бунда менга Даврон акам устоз эдилар. ...

Шуям эркак бўлдими?

Ўйламай, фикр қилмай, Кулса ҳеч тўхтов билмай, Шуям эркак бўлдими? Куни ўтса туйғусиз, Бутун умри қайғусиз, Шуям эркак бўлдими? Ҳаттоки тилак чоғи, Очилмаса қовоғи, Шуям ...