ҚАРШИЛАШ

9. ҚАРШИЛАШ
Бу кунги кутилмаган тун Ҳасанали отани гангиткан, унинг кекса кўзлари уйқу билан тамом чаплашиб олған эдилар. Ул бу хабарни эртага эрталаб қайси йўсун билан бекка билдириш йўлларини ўйлар эди. Бу фавқулодда сўйинч хабарни бекнинг қайси йўсунда қаршилашини ўйлар эди. Бу хабарни эшитиш билан Отабекда кўриладирган ўзгаришларни, ҳолларни, ҳаракатларни… барчасини бирма-бир кўнглидан кечирар эди. Бу гапни эшитгач, ҳафталаб ҳужра ичидан чиқмай ётқан бекни кўчаларда, бозорларда, қутидор уйларида шодланиб, руҳланиб юрганини кўрар эди. Бу ўйларни тугаткандан кейин унинг кўзлари уйқу сари юмила бошлаб, қаршисиға Отабек келиб тўхтар эди: «Ота, мен сизнинг бу қилған яхшилиғингизни сира унутмасман» деб миннатдорлик қилғандек бўлар эди. Ҳасанали уйғониб кетар ва қайтадан шу тўғрида ўйлаб бошлар эди: «Бечора. Суйганинг тўғрисида ўйлай-ўйлай бошларинг оғриб, оҳлар тортиб ётадиргандирсан… Ёрдамчинг йўқлиғи-дан умидинг кесилиб, ҳасратингни кимга айтишни билмай-дирғандирсан. Қайғирма бегим. Ҳасанали отанг у тўғрида ҳам сени ёдидан чиқармади… Бу кеча се-нинг қайғулиқ кечаларингнинг энг кейингиси ва ойдинлиқ ҳам шеъриятлик тунларингнинг арафасидир, бегим».
Ҳасаналининг кўзлари тағин уйқуға кетар, қаршисиға Отабек билан кўҳлик, кўркам бир қиз келиб чиқар ва иккиси унга қараб илжайишар эдилар: «Бизнинг чин отамизсиз» дегандек бўлар эдилар. Ҳасаналининг яна уйқуси қочар эди. Ёшим олтмиш тўртка етди, ўғул-қизим бўлмади… Дунёдан чароғчисиз бораман… Дарвоқиъ Отабек менга ўғуллиқ қилмасми, хотини менга қиз бўлмасми, уларнинг болалари мени «бобо» деб кетимдан югурмасмикинлар? Тупроқ остларида унутилиб ётқан кезларимда: «Бир вақт Ҳасанали отамиз ҳам бор эди», деб ёдласалар, яхшилиқ билан эсласалар етар менга шу».

Тунлар узоқ, тонгни отдириб, Отабекни қувонди-ришғача сабр чидамас, кўз юмишға ҳалигидек хаёл-лар монеъ бўлар эдилар. Шу йўсун ярим уйқу ҳолатда тонгни отдириб сўйинтириш соатлари ҳам етди.
Чойдан кейин ҳужрасига чиқиб кеткан Ҳасанали қўлтуғида бир нарса билан кириб бек қаршисиға ўлтурди. Отабекдаги сукут, хаёл, фикр каби ҳолатларни юлиб, юлқиб олиб, улар ўрнига чечак доналари экиб, умид сувлари сепмакчи эди. Ҳасанали:
— Энди муборак бўлсин сизга, — деди.
Отабек тушунолмай Ҳасаналига қаради. Ҳасанали илжайган кўйи қўлтуғидағи заррин чопонни олиб сандал устига қўйди.
— Бу қандай чопон? — деб сўради бек.
— Муборак бўлсин, дедим-ку.
— Нима муборак бўлсин?
— Сизга иффатлик ва севимлик рафиқа билан қутидордек қайин ота, Ҳасаналига келин.
Отабек қизиқ ҳолатда қолди: бир турлик титраб кетди, кўзлари қинидан чиқар даражага етди. Ғайри-ихтиёрий қўзғалиб ўлтургандан кейин сўради:
— Бу нима деган сўзингиз?
— Нима деганимни сўрамангиз ва деганимга ишонаберингиз, — деди кулиб Ҳасанали, — мен сизни қутидорнинг қизига уйландиришка қарор қилиб, қароримни ҳам бу кун кечаси Зиё шоҳичи билан амалга оширдим… яъни қутидорнинг қизиға сизнинг учун унашиб келдик.
Отабек гангиб шошиб сўради:
— Қайси қизиға унашиб келдингиз?
— Қутидорнинг ёлғиз қизиға, — деди Ҳасанали, — бундан хотиржамъ бўлингиз, бек. Зиё шоҳичи эрталабки чойни ичиб борарман деган эди, биз унинг билан ҳали тўй кенгашларини қиламиз.
Отабек тусида хурсанд ва хафалиги мажҳул бир ҳолат бор эди. Унашиш масаласига қарши тушмаганидек, сўйинчини ҳам ошкор қилмади…

* * *
Кумушбиби уйқудан туриб, фавқулодда бир ҳолга учрайдир:
— Бир кечада ҳамманинг тушига «тўй» кириб чиқған.
Тўй учун янги кўрпалар қопламоқчи бўладилар, пар тўшаклар олмоқчи бўладилар, куяв учун қандай кийим ярашмоғи ҳам баҳс қилинадир. Офтоб ойим эрига олтин камар олмоққа буюрадир… Тавба, демак чора йўқ: Офтоб ойимларнинг куявлари ким, қайси қизларини эрга берадирлар, уларнинг Кумушдан ҳам бошқа қизлари борми? — Уларнинг қизлари ёлғиз, демак Кумуш эрга бериладир… Тушунарлик гап эмас:
— Эрга ким тегадир?
— Кумуш.
— Кумушбиби куявни ёқтирадирми, йўқми? Бу тўғрида унинг фикрини билиш керак эмасми?
— Сўзлаш ҳам керак эмас, билдириш ҳам.
— Нега?
— Чунки одат шул! Кумуш ота-она ёқтирған кишига рози бўлиш учун мажбур!
Кумушбиби куявнинг ким бўлғанлиғини Тўйбе-канинг шу сўзларидан сўнг пайқаб олди:
— Мана, бекачим, — деди кулиб Тўйбека. — Тўйбека опангни сен ҳеч нарсага санамайсан. Бироқ унинг нафсиламрда каромати бор. Опанг бир нарсани тилига ва ё кўнглига олдими, даррав фаришталар «омин!» дейдирлар. Анови кунги ёш меҳмонни сенга махтасам аччиғландинг, аммо келиб-келиб бу кун сени ўшанга бердилар… Энди мундан кейин Тўйбека опангға ихлос қўй, бекачим!

Бу хабарни эшиткучи Кумушбибининг қора кўзлари жиқ ёшға тўлиб, кипраклари ёш билан беландилар.
— Йиғлама бекачим, — деди Тўйбека, — биз би-ламиз сизнинг кўз ёшларингизнинг нимага эканин: эрлар сўйинганда кулсалар, сизга ўхшаш қизлар йиғлайдирлар; сизнинг йиғлағанингиз — қувонғанингиз… Мени эрга берганларида сенга ўхшаш мен ҳам йиғлаған эдим, аммо ичимдан никоҳ кунининг тезроқ келишини кута-кута ўлган эдим.
— Тоқатим тугади, опа, — деди Кумуш, — ортиқ сўзламангиз.
— Сўзламайман, — деди Тўйбека, — лекин сирасини сўзлайман… Оҳ, кўрсанг эди бир куявни. Қандай чиройлик, қандай ақллик эканини билар эдинг, бекачим. Юлдузингиз нах бир-бирингизга тўғри тушкан экан, ик-кингизнинг ҳам бир-биравингиздан камлигингиз йўқ.
Кумушбиби ортиқ чидалмади, қўрқунч бир товуш билан ҳайқирди:
— Оҳ, ўламан, кўб сўзлама!
Кумушнинг бу товшига Офтоб ойим билан Ойша кампир уйдан югуришиб чиқдилар:
— Нима бўлди, нима бўлди?
Кумушбиби онаси билан бибисининг уйдан чиқишлари ила бошини сандалнинг кўрпасига буркаб, ётиб олди. Тўйбека жуда қўрққан эди:
— Қаллиғи тўғрисида сўз очқан эдим, мен билан уришди.
Офтоб ойим Тўйбекани қарғаб берди:
— Сен ақлсиз ўлгур, Кумушни уялтирғансан! Тинч юрсанг сени бирав бир нима қиладими? Бор, ишингга бор!
Оналар Кумушнинг бу ҳайқириғини уялғанга йўйдилар-да, яна уйга кириб бисот кавлашка,
тўй ҳозирлигини кўришка машғул бўлдилар.
Кумушбиби бир неча фурсаткача шу кўйи бурканиб ётди. Сўнгра ўрнидан туриб ташқари ҳавлига қараб кетди. Кўб йиғлағанлиқдан кўзлари қизарған, қовоқ-лари шишкан, юзлар бўрткан эди. Аммо бу ўзгаришлар унинг ҳуснини, латофатини бир зарра ҳам камитмай балки, ўн қайта оширған эдилар. Ташқариға чиқғандан кейин айвоннинг тумшуғига келиб ўлтурди ва ўнг қўлининг кафтига юзини олиб фикрга толди. Шу ҳолда узоқ қолди. Шундан кейин ул қўлини юзидан бўшатди-да, энтикиб дам олди ва кимнидир излагандек, кимнидир кутгандек теварагига қараб қўйди…
— Ариқ бўйи, сирлик ариқ бўйи.
Ёшлиқ кўзлар ариқ бўйиға тушиб, нозик оёқлар ариқ бўйи томонға ҳаракатландилар. Ул ариқ бўйиға еткач, маълум ўринга сакраб ўтди-да, чўнқайди. Бир ҳовуч сув олиб юзидан тўкиб туширди ва оҳистагина йўлак томонға қараб олғандан кейин сувнинг оқишиға кўзини тикди. Кумушнинг дардини ҳеч ким билмас, унинг хаёлига ҳеч ким тушунмас, магар шу ариқ бўйи тушунгандек, билгандек… Сирлик ариқ бўйи унга нималарнидир сўзлар, ундан нималарнидир тинглар, бунга четдан ҳеч ким воқиф бўла олмайдир-да, бўлмоғи ҳам мумкин эмас.
Кўзларидан оққан марварид томчиларини шу сирлик ариқ суви билан ювди, бир мартабагина ювди эмас — қайталаб-қайталаб ювди. Бояғи аччиғидан бир мунча тинчланиб, кўз қизиллиқлари кеткан ҳолда битта-битта босиб ичкарига қайтди.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тожикистон: ёзувчини «бўсалар» сабаб иттифоқдан хайдашди

Ёзувчилар иттифоқи яна бир ёзувчи асарларида “ахлоқсиз ишқ ва кўп хотинлилик”ни тарғиб этгани учун иттифоқ сафидан чиқарди. Охирги бир йил ичида Тожикистон Ёзувчилар ...

Кумушнинг сўз ўюни

11. КУМУШНИНГ СЎЗ ЎЮНИ Шомга яқин меҳмонлар тарқалишдилар. Меҳмон-хонада ҳожи, қутидор, Ҳасанали ва Отабек қолған эдилар. Ичкарида Ўзбек ойим меҳмонларни кузатиб бўлиб, ...

Чингиз айтматов:қиёмат 16-қисм

Учқудуқ деганлари дунёнинг бир тупкасидаги гадой топмас қўналға экан. Улар бу ерда ўзларига дарров иш топиб олдилар. Бир чўпоннинг чала ётган иморатини битириб берадиган ...