ИВАН IV Грозний (1530.25.8, Коломенское қишлоғи — 1584.18.3, Москва) — «Бутун Руснинг улуғ князи» (1533 йилдан), 1-рус подшоси (1547 йилдан). Василий III нинг ўғли. Мустабид ҳоким сифатида халқ уни «Грозний» («Даҳшатли») лақаби билан атаган. Иван IV 40-йилларнинг охиридан Танланган рада иштирокида давлатни бошқарган. Унинг даврида Земский соборлар чақирилган;
1550 йил Судебники тузилган; бошкарув ва суд ислоҳотлари ўтказилган; 1565 йилда опричнина жорий этилган; Англия билан савдо алоқалари ўрнатилган (1553);
Москвада 1-босмахона қурилган; Қозон (1552) ва Астрахон (1556) хонликлари бўйсундирилган; Болтиқ бўйига чиқиш мақсадида Ливон уруши олиб борилган (1558—83); Сибирни босиб олиш бошланган (1581). Иван IV нинг ички сиёсати оммавий қатл этишлар, деҳқонларни асоратга солишни кучайиши билан ажралиб туради.
Манба:ЎзМЭ